BBC navigation

Қози қонунни бузса, додингни кимга айтасан?

Сўнгги янгиланиш 28 ноябр 2012 - 12:53 GMT

Мана бу отахон маҳаллий амалдор ерини тортиб олганини айтади

"Мана бу қоғозлар ҳаммаси ҳужжат. Улар менинг ер-заминим борлигини тасдиқлайди" - дейди 80 яшар отахон қалтироқ қўлларида бир тутам қоғозни тутганча.

"Лекин 35 йил олдин еримни қуролли зўравонлар тортиб олишганича, ҳамон қайтариб беришмайди".

"Одамлардан қарз кўтариб Кобулгача бордим. Мана маҳкама қарорлари. Лекин ҳеч ким бу ерда Кобулдан келган қарорларга итоат этмайди".

Паштун отахон форсчада амал-тақал қилиб менга аҳволини тушунтиради.

Бундан 35 йил бурун бир қўмондон унинг ерини тортиб олган. Бугун ердан ана ўша қўмондоннинг ўғли фойдаланмоқда. Отахон эса маҳкама қарорлари ва ажримлар билан ҳам ўз ерини қайтариб ололмайди.

"Улар бой одамлар, қуролли қўмондонлар билан алоқалари яхши" - дейди отахон хўрсиниб - "Мана Кобулдан қарорни олиб келгандим, ўзимни калтаклашди, ёлғиз ўғлимни ўлдирмоқчи бўлишди. Болам ваҳимада Эронга қочиб кетган".

Оёқда амаллаб турадиган рамақижон суҳбатдошим ёлғиз қолган эса-да, отамерос ерини қайтариб олишдан умид узмаган.

Аммо бу амримаҳол. Қўлидаги ўнлаб эски-янги ҳужжатлар унинг заминдорлигини тасдиқласа-да, ҳужжатларнинг қандайдир кучга эга бўлиши учун ҳақиқий ҳукумат ва қонун лозим.

Айнан ана шу қонун ва ҳукумат эса Афғонистонда ҳозир етишмайди.

Чорак асрдан ошган зўравонлик

Ўтган 35 йил давомида зўравонлар қўлидан ўз ерини қайтариб ололмаётган отахоннинг ҳолати Афғонистонда яккам-дуккам эмас.

Ўнлаб, балки юзлаб одамлар қуролли қўмондонлар ва ё давлатга ишлаётган мулозимлар ўз ерларини тортиб олишаётганини айтадилар.

Деҳқонларнинг унумдор ерларига кўз олайтирадиган қўмондонлар оз эмас

"Ҳалигача биронта бу каби шикоят ижобий ҳал бўлганини ва шикоятманд одам ўз мулкини қайтариб олганини эслай олмайман" - дейди Тахорда мен гаплашган Вилоят Кенгаши раиси Нажибулло Холиқёр.

"Кобулда чиқарилган ажримлар чекка вилоятларда қимматга эга эмас, ҳеч ким уларга қулоқ солмайди".

Тахордаги кам сонли сайланган мулозимлардан бўлган Нажибулло Холиқёр мамлакат бўйлаб юзлаб бу каби ҳоллар борлигини айтади.

Худди шу суҳбат пайти Талоқанга яқин қишлоқлик заминдор деҳқон бир тахлам ҳужжат кўтариб келади.

"Ота-бобомдан қолган ер-заминимизни давлатга тегишли, деб ҳоким жаноблари тортиб олди" - шикоят қилади у.

"Бу ер бизнинг хонадонга қарашли эканини тасдиқловчи ҳужжатларим бор. Лекин ҳокимнинг одамлари аллақачон еримда тикланган биноларни бузишмоқда".

Суҳбатдошим ҳужжатларини санашга, уларни тушунтиришга тушади. Айтишича, бу ер бир тарафи дарё, иккинчи томони гавжум йўлга туташган.

"Билмасам, балки ўзлари ё ўғиллари учун бирон тижорат тиклашни истагандирлар. Давлатники, деган баҳонада олиб қўгандирлар" - дейди суҳбатдошим.

Бу заминдор деҳқон ўз ерини қайтариб олиши даргумон. Чунки унинг заминини қайтариб олиши йўлида фақат ҳоким ёрдам бериши мумкин. Суҳбатдошим эса айнан "ҳоким бобо" унинг ерини олиб қўйганини айтади.

Айтилаётган ҳоким эса собиқ жиҳодий қўмондонлардан. Унинг яқин маслакдош ва сафдошлари бугун Афғонистон ҳукуматида катта лаовзимларни эгаллашган.

Бу қадар кучли гуруҳга қарши боришга эса мамлакатда ҳеч ким ботинолмаса керак.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.