BBC navigation

Россияда ёнғиндан 4 кишини қутқарган Шаҳрисабзлик Ҳаким Очилов маҳаллий қаҳрамонга айланди

Сўнгги янгиланиш 28 ноябр 2012 - 13:03 GMT

Хаким Очилов ўзи яшайдиган Потанино поселкасида маҳаллий қаҳрамонга айланди.

Асли шаҳрисабзлик 29 ёшли меҳнат муҳожири Ҳаким Очилов Россияда тўрт одамни ёнғиндан олиб чиқиб қаҳрамонга айланган.

Челябинск вилояти ёнғинга қарши кураш хизмати ўзбекистонлик йигитнинг ҳаракатларини профессионал, дея баҳолади.

Ҳаким 3 ёш бола ва уларнинг бемор отасини ёнаётган уйдан олиб чиққан ва ўт ўчирувчиларга хабар берган.

10 йилдан ортиқ вақт давомида Россияда яшаётган Ҳаким Очиловга қаҳрамонлиги учун медал беришмоқчи бўлган, аммо унинг бошқа давлат фуқаролиги маълум бўлгач ушбу ғоядан воз кечилган.

Маҳаллий қизлардан бирига уйланиб, оила қурган Ҳаким бир кун келиб ватани Ўзбекистонга қайтиш ниятида эканлигини айтади.

Ҳайдовчилик билан шуғулланувчи Ҳакимни топиш осон бўлгани йўқ.

Бир неча кунлик уринишлардан кейин унга машинасида юк олиб кетаётганда боғландик ва ўша тунги ҳодиса ҳақида батафсил сўзлаб беришини сўрадик.

"Эрталаб соат 4 атрофи эди. Машинамнинг сигнализацияси ишлаб кетди. Шамол, шиферлар учишни бошлади. Нима гап экан, деб кўчага чиқдим. Биринчи, қоп қора тутун кўринди. Менинг уйимдан иккита кейинги уйдан келаётган экан. Бир ёш бола билан аёл киши "пожар" деб бақирди. Қарасам уй ёнаётган экан", - дейди Ҳаким Очилов.

У аёлдан уйда ким борлигини сўраган, аёл киши 3 та боласи қолиб кетганини айтади.

Эшикдан кирган жойдаги беланчакда, 8 ойлик бола ётган экан. Уни олиб чиқдим. Ҳаммаёқ қоп қора тутун эди. Яна 3 ёшли бола бор деди. Кириб, уни ҳам топиб чиқдим. Яна учинчи киришимда каттароғини топдим, 13-14 ёшлар атрофида экан.

Аммо кейинчалик маълум бўлишича, уй ичида 5 бола ва бир бемор эркак киши қолиб кетган экан. Ҳаким улардан уч нафари ва уларнинг отасини бирма бир уйга кириб олиб чиқади.

- Отасини олиб чиққанимдан кейин, у яна 2 та болам бор, деди. Қайтиб кирдим, аммо қайси хонада эканлигини тополмадим. Чунки уй ёниб тугаётган эди. Пойдеворлари ёнишни бошлаган эди. Иложсизликдан қочиб чиқдим, - деб ҳикоя қилади қаҳрамонимиз.

Ҳаким Очилов Потанино поселкасига яқинда кўчиб келганини ва ёниб турган уйга йиғлаётган онани кўриб раҳми келганидан кириб кетганини айтади.

"Раҳм билан қўрқиш нималигини билмаган бўлсам керак. Болаларим бор дегани учун раҳмим келди. Ўзимнинг ҳам 2 та болам бор. Ёнғинда қолган болаларнинг биттаси оламдан ўтган ўғлим билан доим ўйнаб юрарди, яхши танирдим".

Ҳаким ошхонада турган газ баллонини портлаб кетмаслиги учун ташқарига отиб юборади ва воқеа жойига ўт ўчирувчиларни чақиради.

Ўзининг айтишича, балки ҳарбий хизматга боргани учун бундай ҳолатда ўзини йўқотиб қўймаган бўлиши мумкин.

Очиловнинг жасорати учун орден билан тақдирлаш масаласи кўтарилади. Аммо унинг Россия фуқароси эмаслиги учун ушбу маросим тўхтатилади.

"Мен бу ерда вақтинчалик прописка билан юрибман. Фуқаролигини олмаганман, шунинг учун бўлса керак. Бу ердагилар билан муносабатим олдин ҳам яхши эди. Ушбу воқеадан кейин яна ҳам яхши бўлди. Кўрган жойда салом беришади. Газеталарга расмга тушириб, телевизорларда кўрсатишди. Интернетга ҳам чиқиб кетибман, аммо ўзим кўрганим йўқ", - дейди Ҳаким Очилов.

Россия матбуотида меҳнат муҳожирларини ижобий қаҳрамон сифатида ёзиш ҳоллари деярли учрамайди. Аксинча, маҳаллий ва марказий матбуотда меҳнат муҳожирларининг кўп жиноят содир этаётгани ҳақидаги хабарлар тўлиб кетгани айтилади.

Ҳакимнинг айтишича, у яшайдиган Копейск туманида маҳаллий ахолининг Ўзбекистоник меҳнат муҳожирларига муносабати яхши эканлигини ва аксинча, ўзбеклар орасида бир бирини алдаш ҳоллари кўп учрашини айтади.

"Бу ерда ўзбекнинг ишлаб пулини ололмаганини ҳали эшитганим йўқ. Меҳнат қилиш керак, алдамаслик керак. Ўзимиздан келиб алдашади, бир бирини сотишади. Нечтаси хор бўлиб юрибди. Кўп ўзбекларни уйига қайтариб юбордим, билетини олиб бердим".

Копейск туманида айниқса, 2010 йили Ўш қирғинидан сўнг ўзбекларнинг кўпайиб кетгани айтилади. Меҳнат муҳожирлари асосан ҳаммоллик, савдо, қурилиш ва ҳайдовчилик билан шуғулланади.

Ҳаким Очилов Россияга 17 ёшида келган. 2001 йили маҳаллий рус қизига уйланди ва ҳозир 2 фарзанднинг отаси. У оиласини юк машинада музлатилган товуқ гўшти ташиш орқали боқади. Кунига 6 соат ишлайди. Бир кун келиб Ўзбекистонга қайтиб кетиш истаги борлигини айтади.

"Хотиним 5 маҳал намоз ўқийди. 40 ларга кирганда Ўзбекистонга қайтиб кетмоқчиман. Оилам ҳам қаерга борсам ўша ерга кетишга рози".

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.