BBC navigation

Муҳаббат ва шеърият сўзлари...

Сўнгги янгиланиш 18 феврал 2013 - 16:01 GMT

Бухоро Амирлари овозига маҳлиё бўлган Леви Бобохон

Эрта саҳар. Қуюқ туман туфайли поезд деразасидан бир неча метр узоқликдаги нарса кўринмайди.

Ва ниҳоят қуёш булутларни ёриб чиқди. Куз шуъласида яшил, сариқ ва қизил рангдаги барглар товлана бошлади.

Мен Олмония шарқидаги Лейпциг шаҳрига кетмоқдаман, Ўзбекистонлик мусиқа устаси билан учрашиш учун.

Манзилга етиб келиб, бетон ғиштлардан паст қилиб қурилган уйлардан ўтаман.

Кўчадаги манзарани кузатаман: икки ўсмир скейтбоардда учмоқда, тўхтаб турган машинадан баланд панк мусиқаси янграйди.

Ушбу кўчадаги уйлардан бирида мени қарши олган 80 ёшли ўзбек миллий мусиқаси устаси Али Бобохонов бу ерликлардан фарқ қилади.

Ўзбек уйига кираверишда ёмон назардан сақловчи рамзларга дуч келиш оддий ҳолат. Бобохонов уйи эшигининг кесагига эса яҳудийларнинг тумори - мезуза осилган.

Мен бу ерга Бобохоновнинг Бухоро Амири саройида мусиқачи бўлган бобоси ҳақида суҳбатлашиш учун келганман.

1873 йили туғилган Леви Бобохонов ёшлик йилларини ҳозирги Туркманистоннинг шарқида жойлашган Керки шаҳрида ўтказган. Ўша йиллари қўшиқ айтишга муҳаббат шаклланган.

Тўйларда хонандалик қилиб пул ишлаш учун Бухорога кўчиб келади ва профессионал қўшиқчи сифатида тан олиниши учун маҳаллий синагогада рўйхатдан ўтади.

Бухоро Амири саройининг етакчи қўшиқчиси Ота Жалол яҳудийлар мавзесидан ўта туриб, Левининг овозини эшитиб қолгани тақдирмиди ё тасодиф?

Леви овозининг оҳанграбоси Ота Жалолни синагогага етаклаб келди. Эшик очилиб, остонада пайдо бўлган саллали кишига ҳамманинг назари қадалди. Лекин у фақатгина Левини изларди. 20 ёшли йигитдан яна бир бор бирон нарса ижро этиб беришни сўради.

Леви синагога деразаларини титратар тарзда куйлади. Ота жалол саройга қайтиб, Амир Аҳад Хонга "топилмаси" ҳақида айтди. Уни қўшиқчи қилиб тарбиялаб, Шашмақомдан дарс бераман, деди.

Али Бобохонов бобосидан мерос қолган шашмақом анъаналарини сақлаб қолиш йўлида ишламоқда.

Ёши бир жойга бориб қолган сарой қўшиқчиси ўзига муносиб ўринбосар топганидан хурсанд эди. Балким Левининг яҳудий эканлиги уни қувонтирганди, чунки Ота Жалолнинг ўзи чалалардан бўлган дейишади...(Чала - исломни қабул қилган яҳудийлар)

Бухори Амири саройида хизматда бўлган яҳудийлардан ўз эътиқодларидан воз кечишлари кутиларди. Бу талаб саройдаги мусиқачи ва хонандаларга ҳам тегишли эди.

Лекин Леви Бобохон ўз эътиқодини сақлаб қолиш учун қаттиқ турди.

Бағри кенг Аҳад Хон бунга рози бўлди. Лекин унинг ўғли Олим Хон тахтга ўтириши билан Левини мусулмон қилишини айтди.

"Майли, бўлмаса мен қўшиқ айтишни тўхтатаман, чунки ҳақиқий мусулмон қўшиқ айтмайди", дея жавоб берди Леви.

Левининг сўзлари Олим Хонни сўзидан қайтарди. Ўз отаси сингари у ҳам Левининг овозига маҳлиё эди.

Устознинг сабоқлари туфайли Левининг овози кундан кунга кучайиб, тез орада узоқ-узоқларга қадар эшитила оладиган даражага етди.

Айтишларича, қишки саройда куйлаётган Левининг овозини ёзги саройдагилар бемалол эшитишган.

Бухори Амири қўшиқчисини шу қадар ҳурмат қилганки, улар тез-тез бирга ўтириб овқатланишган. Али Бобохоновга кўра, Амир билан яҳудий ўртасида бу каби яқин муносабат аввал ҳеч қачон бўлмаган.

Лекин 1920 йилга келиб, Қизил Аримия ишғоли ортидан Бухоро Амири ватанни тарк этиб Кобулга ҳижрат қилди.

Шўролар даврида, эндиликда Левича, дея атала бошлаган қўшиқчи ижодини давом эттирди. Фақатгина боши балога қолмаслиги учун қўшиқларидаги диний рамзларни ўзгартириб айтарди.

Ўз қўшиқларидаги суфи ғояларига чин дилдан содиқ бўлган Леви учун атеизм оғир синов эди.

1926 йили тўрт мучали соппа-соғ Леви тўсатдан оламдан ўтган вақти унинг яқинлари НКВД томонидан заҳарланган, дея шубҳа қилишди.

10 йил аввал Олмонияга кўчиб келган Али Бобохонов эса бобосидан мерос қолган шашмақом анъаналарини сақлаб қолиш йўлида ишламоқда.

Мусиқашунос Анжелика Жанг ёрдамида бобосининг репертуарини тиклашга қодир бўлди.

Баъзи куй ва мисраларни у ёддан биларди. Бошқаларини эса тушида аён бўлган устозлар айтиб беришди...

Бобохонов қўлида эшилаётган рубоб садосига қулоқ тутар эканман, унинг бобосининг Амир саройида янграётган овози бир дам қулоғимга чалингандек бўлади...

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.