АҚШда илк Ўзбек рақс дастасини тузган Лоурель Виктория Грей

Image caption Лоурель Виктория Грей тузган ўзбек рақс гуруҳидаги америкалик шогирдлари

Доктор Лоурель Виктория Грей - Ўзбек рақсини АҚШда ёйган илк санъаткорлардан. У ҳали 1980 йиллари Сиетл шаҳрида ўзбек рақси дастасини тузганди.

Лоурель Грей-хоним Ўзбекистоннинг машҳур раққосаси Қизлархон Дўстмуҳаммедовадан оҳиста, аммо пурмаъно ўзбек мумтоз рақси сир-синоатини ўрганади.

Қарийб йигирма йилдан бери ҳар сана АҚШда Марказий Осиё рақсини ўрганиш тўгарагини юритади.

АҚШда илк ўзбек рақс дастасини тузган ва бошқаларга ҳам ўргатаётган доктор Лоурель Виктория Грей-хоним Би-би-си Ўзбек Хизмати радиотингловчилари ва вебсаҳифаси ўқувчилари саволларига жавоб берди:

Би-би-си: Шимолий Америкадан Акмал исмли тингловчимиз илк бор Ўзбекистонда катта саҳнада рақс тушганингизни эслайсизми, деб савол сўрайди. Ҳофиз Шерали Жўраев ашуласи остида рақс ижро этганингизни эслайди.

Лоурель Виктория Грей: Албатта бу саволга жавоб беришим керак. Мен Вашингтон университетини тугатиш арафасида эдим. Ўшанда рус тилидан таржима қилишни ҳам ўрганардим. Бир куни менга биродарлашган Тошкент шаҳридан ҳайъат келмоқда, дейишди. Биласизми, АҚШдаги шаҳар билан биродарлашган илк Совет шаҳри бу Тошкент эди. Мен тошкентлик раққосалар турган жойга бордим. Улар "Баҳор" рақс ансамбли қизлари экан. Ўшанда гулларга ошуфта бўлиб турган гўзал ва ёш ўзбек аёлига кўзим тушди. Мен ҳаётимда илк бора учратган ўзбек - машҳур раққоса Қизлархон Дўстмуҳаммедова экан. Ана шунда илк бора ўзбек рақсларини кўрдим ва уларга мафтун бўлиб қолдим. Айниқса, Қизлархон-хоним ижросидаги "Муножот" рақси мени сеҳрлаб қўйди. Тошкент ва мен яшаган Сиетл шаҳарлари биродар бўлишгани боис, Ўзбекистондан ҳайъатлар келиб турарди. Бир куни шаҳар расмийлари кимни таклиф қилсак бўларкин, деб сўрашганида, мен иккиланмай, Қизлархон Дўстмуҳаммедовани, деб айтдим. Кейин мен "Тановар" номли ўзбек рақс дастасини туздим ва Қизлархон Дўстмуҳаммедова бизга рақс сирларини ўргата бошлади. Бу АҚШдаги илк ўзбек рақс дастаси эди. Бир куни эса Шерали Жўраева ҳам Сиетлга келди. Биз бирга ашула ва рақс ижро этдик.

Image caption Лоурель Грей-хоним Фарғона, Хоразм ва Бухоро рақсларини алоҳида ўрганган

Би-би-си: Ўктам Ризаев исмли ўқувчимиз бир неча саволлар йўллаган. Улардан бири Танго ва Тановар рақслари борасида. Балки муқоясаси борми, деб билмоқчи бўлгандир тингловчимиз?

Лоурель Виктория Грей: Бу жуда қизиқ савол. Мен Жорж Вашингтон универстиетида дунё рақсини ўргатаман. Мутахассис сифатида Танго ва Тановар рақслари ўртасида боғлиқлик кўрмайман. Аргентинанинг машҳур Танго рақсини эркак ва аёл биргаликда ижро этишади. Рақс давомида қўллари, бадани бир-бирига тегади. Тановар рақси эса яккахон аёл раққоса тарафидан ижро этилади. Бу қадим рақснинг 12-13 хили бор. Тановар аёл қалбини очиб берадиган рақс. Менимча, Танго ва Тановар бир-бирига бутунлай зид рақслардир. Биттасида аёл-эркак эҳтирос билан рақс тушса, иккинчисида гуё илоҳий ҳаракатлар орқали аёл қалби очиб берилади.

Би-би-си: Ўктам Ризаев исмли ўқувчимиз ўзбек рақсининг жозибаси нимада деб сўраган?

Лоурель Виктория Грей: Бу савол учун раҳмат. Ростдан ҳам ўзбек рақси жуда шарқона, мўътадил ва аёлни улуғловчидир. Ўзбек раққосалари ҳам ҳисларини рақс орқали ифодалайдилар, бироқ ўз шаънини асраган ҳолатда қалбидаги ҳисларини ифода этишади. Ғарб рақслари каби очиқ, тажовузкор ва шаҳвоний ҳаракатларни кўрмайсиз. Ўзбек рақсига қараб, рақс пок бўлиши мумкин экан, муҳаббатни руҳий тарзда ифодалаш имкони бор экан, деган фикрга келасан. Ўзбек рақси аёлнинг шаънини ерга урмайди, балки унинг қадр-қиммати ва улуғворлигини намоён этади. Инсон ана шунга ошуфта бўлади. Мана, куни-кеча Низомийнинг "Етти Гўзал"ини рақс орқали намойиш этгандик, америкаликлар сеҳрланиб қолишди. Чунки улар кўниккан дунёдаги зўравонлик ва очиқлик йўқ эди бу рақсларда. Хуллас, ўзбек аёллари рақси биз учун бошпана бўлмоқда.

Би-би-си: Ўзбекча рақс тушаётганда бирон хато қилган ва ё эсингиздан чиққан пайтлари ҳам бўлганми, деб сўрамоқда бу ўқувчимиз.

Лоурель Виктория Грей: Бу саволми? (Кулади). Бошида мен кўп хато қилганман. Америка катта мамлакат ва биз ҳамма нарсани катта-катта тасаввур қиламиз. Менинг ҳаракатларим ҳам шунга мос бўлган. Жаҳд билан қўлимни қимирлатганман, баъзида ошириб юборганман. Кейин Қизлархон менга кичик-кичик ҳаракатлар ҳам чуқур маъно ифодалаши мумкинлигини, маъно қўлда эмас, кўзда ҳам бўлишини ўргатди. Секин ҳаракат қилиб улкан ва чуқур ҳиссиётларни англата оласан. Хуллас, ўзбек рақсининг ана шу сирларини ўрганиш мен учун қийин кечган.

Би-би-си: АҚШда ўзбек рақсига қизиқиш ва қандай миллат вакиллари бу рақсларни ўрганишаётгани ҳақида ҳам саволлар бор.

Лоурель Виктория Грей: Мен одамларга ўзбек рақсини ўргатиш учун, уларни қизиқтириш учун бир неча ўн йилларни сарфладим. Ҳозир нафақат АҚШда, балки Оврўпо, Австралия ва Канадада ҳам ўзбек рақсларини ўрганган талабаларим бор. Ҳаваскорлар ичида кекса аёллар, бувижонлар ҳам бор. Аёлларга, айниқса, ўзбек раққосалари кийимлари ёқади. Профессионал дастамда эса турли миллатга мансуб ёш раққосалар бор. Улар орасида нафақат ўзбек, балки Америкада яшовчи эронлик, армани, рус, ирланд ҳамда африкалик қизлар бор. Хуллас, Хитойдан токи Ўрта Ер денгизига қадар ёйилган ҳудудларни қамраб олган Буюк Ипак Йўли бўйлаб яшовчи халқ вакиллари бор. Рақс ҳам худди тил ўрганишдек гап ва унинг ҳадисини олиш учун узоқ йиллар керак бўлади.

Би-би-си: Навоий шаҳридан ўзини муаллим, деб таништирган тингловчимиз рақсларингизни кўрганда, ажнабий аёл эканлигингизни киши унутиб қўяди. Сиз бошқа шарқ халқлари рақсларини ҳам ижро этасизми, деган мазмунда савол йўллаган.

Лоурель Виктория Грей: Савол учун раҳмат. Мен яна форс рақсларини ижро этаман. Форс рақси ўзбек рақсига жуда ўхшаш. Бундан ташқари тожик, озари, гуржи рақсларини ҳам севиб ижро этаман. Аммо инсон юраги тубидаги энг чуқур ҳиссиётларни очиб берадиган рақс мен учун бу "Муножот" ва зикр тушишдир. Мен ҳар якшанба тонгда "Муножот" рақсини ижро этаман ва зикр тушаман. Бу юрагингни, кўнглингни тозалайди, сендаги тажовузкорликни бартараф этади. Соғлик ва кўнгил учун, юрагинг ва миянгдаги ғуборларни тозалаш учун бу жуда муҳим. Хуллас, Шарқ маданияти ҳозирги зўравон Ғарб маданиятига бутунлай зид. Менга Шарқнинг ана шу жиҳатлари ёқади.

Би-би-си: Мумтоз ўзбек рақслари устаси Қизлархон Дўстмуҳаммедовани эслатдингиз. Тингловчиларимиз Хоразм рақси ва бу рақс мактаби устаси Гавҳар Матёқубова ҳақида ҳам саволлар сўрашган.

Лоурель Виктория Грей: Биз ҳаммамиз Хоразм рақсини севамиз. Буюк Ипак Йўли рақс гуруҳи вакиллари энг севадиган рақслардан бири ҳам шу - Хоразм рақси. У жуда жонли ва шодон рақс. Кайфиятинг тушкун пайти Хоразм рақсини ижро этсанг бас, шодликка тўласан. Мен 1993 йили Хивага бориш бахтига муяссар бўлганман. Биласизми, ёш қизалоқлардан тортиб, кекса отахонлар ҳам рақс тушишади. Бу ғарбликлар унутиб қўйган соғлом инсоний санъатдир. Биласизми, кўплаб америкаликларга Хоразм рақслари жуда ёқади. Чунки ҳамма ҳам мумтоз ва оҳиста ўзбек рақслари маъносини чақолмайди ва мусиқа ҳамда сўзларини тушуна олмайди. Шўх-шандон Хоразм рақсларини эса барча бирдек хуш кўради. Мен Хоразм рақси устаси Гавҳар Матёқубова рақсларини видео тасвирлардан томоша қилганман. Афсус, ўзи билан шахсат учрашмаганман.

Би-би-си: Полвон Жумми лақабли тингловчимиз тарихда аёллар омма олдида рақс тушмаган, балки эркаклар аёл кийимида рақс ижро этганлар. Сиз бу анъанага қандай қарайсиз, деб сўраган.

Image caption Доктор Грей ўзбек мумтоз рақси бўйича устози Қизлархон Дўстмуҳаммедова эканлигини айтади

Лоурель Виктория Грей: Тўғри, аёллар фақат ичкари ҳовлида, номаҳрам кўзидан панада рақс тушганлар. Биринчи бўлиб Тамарахоним омма олдига чиқиб, рақс тушган. Мен бу афсонавий аёл билан ҳам бир неча маротаба учрашиб, гаплашганман. Тарихда ўғил болалар аёллар кийимида рақс тушишгани рост. Бу худди Шескпир давридаги Англияга ўхшайди. Ўшанда инглиз аёллари ҳам саҳнага чиқишлари мумкин бўлмаган. Шу асно театрдаги хотин-қизлар образини аёл кийимидаги ёш йигитлар ижро этишган. Бача рақсларига қайтсак, унинг ўзи эмас, балки бунга боғлиқ, мен ёқламайдиган бошқа жиҳати бор. Яъни кўп ўғил болалар фақат рақс тушмасдан, уларни жинсий таҳқирлашган ҳам. Гап фақат санъат ҳақида кетса, айтишим керакки, биз инсонлар ранг-барангмиз. Баъзи эркакларда аёллар ҳис-туйғуларини ифодалаш иқтидори бўлади. Яъни эркак танасида туғилган билан, аёлларга хос назокатга эга бўлган эркаклар ҳам бор. Эркак ва аёл жинсига оид масала инсон яралганидан бери мавжуд. Турли халқлар бу масалага турлича ёндашганлар. Ёш раққос ўғил болалар эса фақат санъат билан шуғулланишлари керак ва уларни жинсий йўлда таҳқирлаш асло мумкин эмас. Чунки бу ҳаром қилинган амалдир.

Би-би-си: Сиздан олдин ҳам ўзбек рақсига қизиққан америкаликлар бўлганми, нима сизни бизнинг санъатни ўрганишга туртки берди, деган саволлар кўп келган.

Лоурель Виктория Грей: Менимча, Ўзбекистонга бориб, ўзбек рақсини ўрганган илк америкалик аёл ўзим бўлсам керак. Кейинчалик, бошқа талабаларим ҳам Ўзбекистонга бориб, рақс ўрганишди. Биласизми, 1979 йили "Баҳор" ансамбли Сиетлга келиб, ўзбек рақсларини ижро этишгани ҳамон ёдимда. Ўшанда ўзбек рақсларига мафтун бўлиб қолганман. Назаримда, Шарққа мойиллик менинг зуваламда бор. Болалагимдан рус мусиқасига қизиқардим. Кейинчалик Марказий Осиё мусиқаси билан танишдим. Эсимда, мен 11 ёшлик қизалоқ эдим. Ўшанда расм чизиш тўгарагига борардим. Бир куни яшил кийимдаги эркаклар, минора, масжид ва гумбазлар чизилган расмни кўриб қолдим. Бирданига юрагимда қандайдир ўзгариш кечганди, Бу расмнинг маъносини англамасам ҳам унга маҳлиё бўлиб қолгандим. Кейин билсам, яшил - Ислом дини ранги экан. Хуллас, юрагимда Шарққа бўлган севги ва мойилликни тушунтириб бера олмайман. Мен Шарқ ҳаёти ичида ўзимни бемалол ва эркин ҳис қиламан. Уйимга келинг, атрофда сўзоналар, ўзбек пиёласида чой ичамиз, деворларим тўла шарқона безаклар.

Би-би-си: Доктор Грей, ҳозир ҳам Ўзбекистонга тез-тез борасизми, ўзбек рақслари бўйича бирон янги дастур устида ишлаяпсизми?

Лоурель Виктория Грей: Ҳар йили биз Вашингтонда Марказий Осиё рақс тўгараги ташкил этамиз. Истаган одам келиб, ўзбек ва бошқа шарқ рақсларини ўрганиши мумкин. Одатда Қизлархон Дўстмуҳаммедова келиб, рақс ўргатади. Иншоллоҳ, тез орада Ўзбекистон бориш ниятидаман. Бу замин мен учун бир чашмадир. Чашма бошига бориб, ундан чиқаётган зилол сувдан ичсанг, руҳинг тетик бўлади. Биз ҳозир Ўзбекистоннинг яқинлашаётган мустақиллик байрамини нишонлаш учун махсус концерт дастури устида ишлаяпмиз.

Би-би-си: Суҳбатингиз учун катта раҳмат.

Лоурель Виктория Грей: (Ўзбек тилида) Сизга ҳам катта раҳмат. Мен тинчлик учун рақс тушаман.

Бу мавзуда батафсилроқ