Ҳикикомори ўзи нима?

Японияда миллионга яқин ёшлар ўз ётоқларидан чиқмай, жамиятдан мутлақо иҳоталанган тарзда, йиллар мобайнида яшайдилар.

Улар ташқи дунёдаги ҳеч ким билан ҳеч қандай йўлда, ҳаттоки ўз ота-оналари билан ҳам мулоқот қилмайдилар.

Уларни Японияда ҳикикоморилар дея аташади. Япония ҳукумати бу руҳий ҳолатни муаммо сифатида тан олган ва унга қарши кураш марказлари тузилган.

Ҳикикоморига аксар ҳолларда ўсмирлар, асосан оиланинг тўнғич ўғиллари мубтало бўлишлари айтилади.

Ҳикикомори руҳий касалликми?

Токиода шанба кунги баскетбол мусобақасини бир гуруҳ ёшлар мириқиб тамоша қилмоқдалар. Бу ҳолатниннг ажабланарнли ери йўқдек. Лекин ёшларнинг айни шу гуруҳи уйдан чиқиб спорт стадионига кела олганларининг ўзи улар учун ғайри одатий ҳолат. Чунки улар ўта ғаройиб, хиккикомори синдромига чалингалар. Улар йиллаб бир хонадан чиқмайдилар.

Японияда бу синдромга чалинанлар учун махсус клублар ташкил қилинган.

Бу клубда биз учратган ёшларнинг ҳаммаси учун бу синдром мактабга бориш каби оддий амални бажаришда мушкулликларга учрай бошлаган вақтлари ибтидо топган.

Улардан бири Ҳиде.

"Мен мактабга бормай қўйдим. Ота-онам мени айблашди, мен уларни...Жуда катта руҳий босим остида қолгандек сездим ўзимни. Секин аста уйдан чиқиб, одамлар билан учрашишдан қўрқа бошладим. Шундай қилиб бутунлай уйдан чиқмай қўйдим...Синдром энг кучайган вақтлари умуман уйдан чиқмасдим. Ота-онамни ҳам кўргим келмасди. Шунинг учун тунни кунга, кунни тунга айлантириб олгандим. Кундузи ухлаб, тунларни телевизор кўриб, интернет тикилаб, китоб ўқиб ўтказардим", дея ҳикоя қилади ўз бошдан кечирганлари ҳақида Ҳиде.

Image caption Японияда ҳикикоморига чалинганлар муаммоларини ёритувчи журнал ҳам чоп этилади.

Ҳиде жамиятга ва ота-онасига нисбатан ғазаб, ғам-ғуссага ботганлик, келажаги ҳақидаги хавотирлар, нормал ҳаёт кечираётган бошқаларга нисбатан ҳасад уни уйнинг тўрт девори орасида ушлаб турган омиллар бўлганлигини айтади.

"Нима учун бу нарсалар менинг бошимдан кечиши керак", деган салбий ўйлар унинг бутун вужудини қамраб олганди.

Клубдаги ёшлардан яна бири ота-онаси билан қайси касбни танлаш борасида келиша олмаганидан сўнг бу синдромга учраган.

Яна бошқалар эса келажаклари борасидаги ўткир хавотир уларни бу ҳолатга туширганини айтадилар. Ота-оналари бу ҳолатни қандай қабул қилганлар?

"Ота-онанинг сени тушунишлари муҳим".

"Албатта ота-онам хавотирга тушишди. Биз кичик бир қишлоқда яшардик. Ҳамма бир-бирини танирди. Оиламизда нималар бўлаётганидан хабардор эдилар. "Ўғлинг мактабга бормаяпти, келажаги ҳароб бўлади", деб гапиришарди. Ота-онам ўзларининг обрўси ҳақида ҳам қайғуришаётганди", дейди клубга келганлардан бири Тоши.

Бу каби ҳолларда кўпда ота-оналар ўз фарзандларига нималар бўлаётганини тушунмай ва қандай ёрдам ҳам беришни билишмайди.

Баъзилар учун бу синдром кечроқ бошланган вақтлари ҳам бўлади. Жаноб Кобанинг ўғли 30га яқинлашганда, ишини йўқотиб, қарзга ботганидан сўнг хонасига қамалиб олган.

"Менинг ўғлим танҳо эди, дўстлари йўқ эди. Болалигидан шундай эди. Бизларга ҳеч нимани айтмади. Ўзи ҳам нималар бўлаётганини тушунмаган менимча".

Шифокорлар нима дейди?

Бу синдромни аниқлаб оммага тушунтира бошлаган дастлабки шифокорлардан бири Томако Сайто. У 1998 йили "Чексиз ўсмирлик" номли китобни нашрдан чиқарди.

Image caption Ҳикикоморига чалинганларнинг 70-80 фоизини ўғил болалар ташкил этади.

У мутассил компютер ўйнаб, телевизор кўрувчи ўсмирдан ҳикикомори синдромига чалинган бола орасидага фарқ ҳақида гапиради.

" Фақатгина интернет орқали дўстлари мавжуд бўлган шахсни учратганмисиз. Улар виртуал жаҳонда яшайдилар. Бундайлар бор албатта. Лекин хикикоморилар ҳатто мобил телефонга эга эмаслар, улар интернет орқали ҳам ҳеч ким билан мулоқот қилмайдилар, улар фақат интернетни кузатадилар, ҳудди теливизордек. Ўзгалар билан ҳеч қандай маъноли алоқага чиқмайдилар, дўстлик алоқаларига эга бўлмайдилар. Онглари бундан азобда бўлади, бировни учратиб, дўстлашиб, муносабат ўрнатишни хоҳлайдилар, лекин бундай қила олмайдилар".

Ҳикикомори руҳий касалликми? Тиббий нуқтаи назардан уни қандай талқин қиладилар ва тушунтирадилар.

"Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳикикоморига чалинганларнинг 3 дан 1 қисми ўзликни белгиловчи ҳислатларнинг бузилиши, яна 3 дан 1 қисми руҳий ривожланиш касалликлари ва қолганлари ижтимоиий қўрқув, ёда обсессив-компулсиз касаллик каби синдромларга йўлиққанлар. Бу синдромга чалинган ўсмирлар ҳаётга мослашиш давридан ўтаётган вақтлари мушкулликларга юз тутиб, ўзларини жамиятдан иҳоталаб оладилар. Ҳозирда бу жуда жиддий муаммога айланмоқда".

Ҳикикоморига учраганлар Жанубий Корея ва Италия каби мамлакатларда ҳам қайд этилган бўлса ҳам, ҳозирда уларнинг энг кўп сони Япониядадир.

Нима учун айнан Японияда бу ҳолат кўпроқ учрамоқда? Юрико Сузуки Токиодаги руҳшунослик миллий институтида ишлайди:

"Японлар жуда кўп "бошқалар мен ҳақимда нима деб ўйлашаркин" дея қайғурадилар. Ёш болалар "синфдошимларим мен ҳақимда нима деб ўйлайдилар", дея қайғуришади. Фарзандлари хикикоморига учраган ота-оналар эса, фарзандлари ҳақида қайғурадилар, лекин "бошқалар биз ҳақимизда қандай фикрдалар", деган ўй ҳам уларни ташвишга солади. Маданий ўзгачалик ҳам ёшларнинг қамалиб олишларига сабаб бўлади. Японлар юрагидагини очиб-соладиган халқ эмас, шунинг учун дардини яшириб, жамиятдан ўзини иҳоталаб олишга мойиллик бор".

Юрико Сузукига кўра, бошқа мамлакатларда бу каби муаммога учраганлар аксинча жамиятга қарши бирон нарса қилиш, дардларини билдириб қўйиш учун аксилижтимоий ёда жиноиий амалларга қўл урсалар, Японияда аксинча, бошқалардан қочиб, қамалиб олишлари юз бермоқда.

Касалликми касаллик эмасми?

Тиббий нуқтаи назардан ҳикикомори синдромини изоҳлаш барибир мушкул.

Бу синдромни аввалдан мавжуд бўлган бирон руҳий муаммо келтириб чиқарадими, ёки ёшлар ўзларини иҳоталаб олишларидан кейин, оқибат ўлароқ руҳий муаммолар ривожланадими?

Image caption 2002 йили Би-би-си ҳикикомори ҳақида ҳужжатли филм намойиш этганидан сўнг Британиялик ота-оналардан ҳам фарзандлари бу ҳолатга мубтало бўлганлари ҳақида мактублар келиб туша бошлади.

Мутахассиларга кўра, бу ерда дастлаб товуқ бўлганми, тухум усулидаги саволнинг у қадар фойдаси йўқ. Муҳими бу синдромга чалинганларга ёрдам бериш йўлини топишдир.

Токиодаги шифохоналардан бирида руҳий касалликлар бўлми раҳбари Касиоро Сайконинг айтишича, ҳозирга қадар бу синдромни қандай даъволаш борасида бирон мукаммал, кенг қабул қилинган йўл йўқ.

"Ҳозирда биз касалликни шунчаки кузатиб, нима бўлар экан , деб кузатиб туриш иш бермаслигини биламиз. Бу синдромга учраганлар уйларига психолог мутахассиларни юборишга ҳаракат қиляпимз. Лекин шунда ҳам жуда эҳтиёткор бўлиш керак, чунки бу уриниш ҳам оқибатлар келтириб чиқариши мумкин. Касаликка чалинган инсон мутахассис келаётганидан хабардор бўлмаса ёда ёқтирмаса, бирданига ғазабга тушиб, ҳужум қилган вақтлари ҳам бор. Шунинг учун бу каби ёндошувга яхшилаб тайёргарлик кўриш керак".

Ҳозирда фарзандлари ҳикикоморига чалинган ота-оналар биргалашиб, уларга ёрдам бериш марказларини ташкил қилмоқдалар.

Улар лозим шароитлар яратилган ва фарзандлари ўзларини хавфсиз ҳис қиладиган фазодаги марказлар яратиб уларни бу шароитдан чиқаришга уринмоқдалар.

Бу каби мараказлардан бири раҳбарининг айтишича, ота-оналар фарзандлари ўзгача эканлигини қабул қилиб, тушуна билишлари муҳимдир.

"Кўплаб болалар ўз ота оналари учун яхши, қулоқ соладиган тарбияли болалардир. Кейин улар ҳикикоморига учрасалар, катталар, "менинг яхши боламга нима бўлди, бор кўчага чиқ, мактабга бор", деб зўрлай бошлайдилар. Фарзандлари қандай ҳиссиётларни бошдан кечираётганларига қулоқ тутиб, тушуниш, уларни бу ҳолатдан чиқишга ёрдам берадиган йўллардан биридир".

Суҳбатимиз бошида тилга олинган Ҳиде ҳам ҳозирда аҳволи яхшиланиб, ишлай бошлади. Унга кўра, ота-онаси унинг аҳволини тушуниб, қабул қилганлари бу йўлда катта ёрдам бўлган.

"Менинг ҳолатимда ота- онам менга нималар бўлаётганини тушуниб етишлари учун анча вақт кетди. Бу каби синдром рўй бериши мумкинлигини тушуниб етганларидан сўнг, биз биргаликда суҳбатлаша ва муҳокама қила бошладик. Ҳозирда улар бу борада анчайин очиқ гапирадилар ва ҳаққонийлар. Мен учун бу жуда муҳим".

Ҳикикоморини тўлиқ руҳий касаллик, деб талқин қилиб бўлмаса ҳам, ёшларнинг ўз хавотир ва ғам-ғуссаларини изҳор этиш йўлига ўхшайди.

Лекин баъзида бу ҳолат йилларча давом этиб, инсон ҳаётининг аксар қисмини эгалаган вақтлари ҳам бор.

Бу мавзуда батафсилроқ