Умед Бобохонов: "Журналист ҳақиқат ва миллий манфаатлар ўртасида ҳақиқатни танлаши керак"

Image caption Умед Бобохонов "Азия-Плюс" байрамида ўғли Фарзон билан

Умед Бобохонов 1962 йилда Душанбеда зиёлилар оиласида таваллуд топган.

Тожикистон Давлат университетининг Шарқшунослик факультети араб тили бўлимини тамомлаган.

1982-83 йилларда Ливияда арабчасини мукаммаллаштириб қайтган.

1987 йилда “Комсомолец Таджикистана” газетасига мухбир бўлиб ишга киради.

1991-96 йилларда «Комсомольская правда» газетасининг Тожикистондаги мухбири бўлиб ишлайди.

Умед Бобохонов Тожикистонда фуқаролар уруши йилларида(1992-97) қатор далил мақолалари билан танилади.

Ҳали фуқаролар уруши тинмаган Тожикистонда 1995 йилда мамлакатда биринчи ва Марказий Осиёда ҳам биринчилардан бўлган мустақил хабар агентлиги “Азия-Плюс”га асос солади.

Image caption Бурҳониддин Раббоний билан учрашув,1992 йил

1996 йилда ахборот таҳлилий илк бюллетен нашр қилинади.

Бугунга келиб “Азия-Плюс” (news.tj) минтақадаги етакчи ахборот агентликларидан бири саналади.

“Азия-Плюс”нинг веб саҳифаси нафақат Тожикистон, балки Марказий Осиёда ҳам ўқилиши даражаси бўйича энг олдинги ўринларда туради.

“Азия-Плюс” бугун нафақат ахборот агентлиги, балки шу номдаги мустақил газета, радиостанция ва ишбилармонлар учун мўлжалланган журналга ҳам эга.

Медиа мутахассисларга кўра, “Азия-Плюс” Тожикистонда энг мустақил нашрлардан бири саналади.

Мамлакатдаги турли сиёсий-ижтимоий муаммолар ёритилиши жараёнида “Азия-Плюс”нинг интернет нашрига бир неча бор тўсиқ қўйилди.

Умед Бобохоновнинг ҳамкасблари уни Тожикистондаги ўз фикри ва сўзига эга бўлган жасур журналист деб таърифлашади.

У Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви аъзоси.

Умед Бобохонов уйланган, уч нафар ўғли бор.

Қатор халқаро ва миллий мукофотлар соҳиби.

Умед Бобохонов ўқувчиларимиз саволларига жавоб беради.

Ўктам Ризаев Хужанддан савол йўллаб Азия – Плюс Тожикистондаги энг мукаммал ахборот агентлигини, шу даражага етишингизда кимлар ёрдам берганлиги билан қизибди. Ўктамнинг иккинчи саволи эса ахборот агентлиги очиш ғояси ва бунга нима туртки бўлгани ҳақида... Марҳамат!

Умед Бобохонов: Авваламбор бизга шундай баҳо берганлари учун миннатдорчилик изҳор этмоқчиман. Аслида Тожикистонда профессионал хабар агентликлари, газеталар ва бошқа оммавий ахборот воситалари оз эмас деган фикрдаман. Биз оммавий ахборот воситалари орасида лидерликни қўлдан бермай келаётганимизнинг сабаби эса, менимча, биз бошқалардан кўра анча аввал бошладик ишни... Азия-Плюс ташкил топганига 18 йил бўлди. Шундан бери биз ўз жамоамиз ва ишимизни яхшилаш йўлида ҳаракатларни тўхтатганимиз йўқ. Ҳозирча бунинг уддасидан чиқмоқдамиз. Нима учун 1995 йилда мен айнан ахборот агентлиги тузишга қарор берганимга келсак... шу ўринда мен айтиб ўтишим керак, 1987 йилдан бери журналистика билан шуғулланаман. Собиқ Шўролар даврида энг катта тиражда чиқадиган “Комсомольская Правда” газетасига конкурс асосида мухбир бўлиб ишга кирганман. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллар ўрталарига келиб эса мен ахборот агентлигини очиш режаси устида ишлай бошладим. Менинг қўлимдан ўша пайтлар, қолаверса ҳозир ҳам фақат шу иш келади. Ўзим бир иш бошлаш ниятида эдим. Оммавий ахборот воситалари соҳасида ўз бизнесим бўлишни истадим. Ўша пайтлар газета очишдан кўра, ахборот агентлиги очишга энг оз маблағ сарфланар эди. Халқаро хайрия ташкилотлардан бири грант берадиган бўлди. Биринчи компютерни сотиб олдик. Биринчи принтер, биринчи сканнер...ва иш бошладик. Аммо бошида жуда қийин бўлди, чунки ўша пайтлар Тожикистонда фуқаролар уруши кечаётганди. Бизнинг ахборотларимизга обуна бўлиш учун одамларда ва ҳатто Тожикистон ҳукуматида ҳам пул йўқ эди. Ўнгимизда бир савол кўндаланг турарди. Биз ким учун ишлаймиз? Қандай қилиб меҳнатимиз учун ҳақ оламиз? Бозорни таҳлил қилдик ва тушундикки, ўша пайтда бизнинг ахборотларимизга обуна бўлиб ҳақ тўлайдиган ягона тоифа – хорижликлар экан. Хорижий ташкилотлар, элчихоналари ва ёрдам ташкилотлари...Уларга Тожикистонда бўлаётган воқеаларни инглиз тилида таҳлил қилиб берадиган бирор бир хабар агентлиги ва ё бирор бир нашр йўқ эди. Биз ўз хабар ва таҳлилларимизни инглиз тилида тайёрлашга қарор қилдик.1996 йилнинг апрел ойида биринчи хабарномамиз чиқди. Илк нашрини бепул тарқатдик ва обунага таклиф қилдик. Тожикистондаги хорижий ташкилотлар ва элчихоналарда пул бор эди, аммо танлов имконияти йўқ эди, биз инглиз тилида ахборот етказиб бера оладиган ягона хабар агентлиги эдик. Шунинг учун ҳам бир ой ичида деярли барча элчихоналар ва халқаро ташкилотлар бизнинг хабарномамизга обуна бўлишди. Шундай қилиб биз илк бор ўз меҳнатимизга пул ола бошладик. Кейинроқ эса оёққа туриб олдик ва Азия-Плюс газетасини очдик. Икки йил ўтиб эса Азия-Плюс FM радио станциясига асос солдик.

Тошкентдан Мавлон исмли ўқувчимиз эса матбуот эркинлигига доир савол йўллаган.

“Ҳурматли Умед ака, мен ўзбекистонликман, Азия-Плюс сайтини ўқиб бораман. Очиғи ҳайрон қоламан дадилликларингизга...Қанийди бизда ҳам шундай бўлса деб ўйлайман. Яна ижтимоий тармоқларда қардош тожикистонликларнинг зорланишлари ўқийман, матбуот эркинлиги йўқ деб арз қилишади... Бир Ўзбекистонга келиб яшаб кўришсин. Одамзод шукр қилмас экан...” деб ёзади Мавлон.

Умед Бобохонов: Аслида матбуот эркинлиги деган тушунча анчайин нисбий тушунчадир...Эсимда бундан бир неча йиллар аввал мен ҳам қирғизистонлик ҳамкасбларим билан учрашувларда шундай фикрларни айтардим. Улар ҳам Акаев президентлиги даврида ҳатто қанчалар босим остида ишлашаётганидан нолишарди. Мен уларга "сиз ростдан ҳам ношукрчилик қилмоқдасиз", дер эдим. Мана бизга келинг ва қўшни Ўзбекистон, қолаверса Туркманистонга ўтиб кўринг...сиз матбуот эркинлиги борасида жаннатда яшарканмиз деб ўйлаб қоласиз...Аслида эса боя айтганимдай ҳаммаси нисбий тушунчалар. Албатта, Худога шукр, Тожикистон журналистларида ўз фикрини айтиш озодлиги ўзбекистонлик ва ё туркманистонлик ҳамкасбларига қараганда бир неча марта кўпроқ деб айтган бўлардим. Мен ростдан ҳам ҳозирги эркинликнинг қадрига етиб яна ҳам тараққий топиш йўлида ҳаракат қилишимиз керак деб ўйлайман. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимизда ҳам сўз эркинлиги бўлса осмон узилиб ерга тушмас эди деб ишонаман. Мен раҳбарларимиздан фарқли ўлароқ, жамиятга хавф соладиганлар муаммоларни ёритаётган журналистлар эмас, балки кўпроқ шу муаммолар ҳали йўлида иш қилмаётган раҳбарлар деб биламан.

Раҳмат, биз қайсидир маънода Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари мавзусига ёндошдик, навбатдаги саволим Замон исмли ўқувчимиздан... “Жаноб Бобохонов, якинда М-Вектор консалт фирмаси сўровлари буйича Тожикистон аҳолиси, Ўзбекистонни ўз давлатлари учун асосий душман деб кўришларини билдирганлар... Албатта икки давлат ўртасидаги ҳал килинмаган (тўғрироги давлат раҳбарларининг шахсий дунёқараши туфайли) асоси иқтисодга тақаладиган муаммолари кўп, лекин менинг фикримча,Президент Имомали Рахмон жаноб олийлари, ўз халқини ички муаммолардан чалғитиш учун расмий Тошкент рамзида қандайдир қўрқинчлик ва Тожикистондаги барча проблемалар «ҳомийси» ўлароқ Узбекистонни кўрсатади...” деб ёзибди.

Умед Бобохонов: Ҳа, афсуски, давлатларимиз орасидаги муносабатлар анча мураккаб ва мен савол муаллифининг фикрларига қўшиламан, муносабатлар таранглигида энг аввал бизнинг сиёсий арбобларимиз айбдор. Давлат раҳбарлари айбдор. Бизга маълумки, Имомали Раҳмон бошчилигидаги ҳозирги ҳукумат давлат тепасига Ўзбекистон ёрдами билан келган...Шунданми Ислом Каримов Тожикистон раҳбарияти у билан маслаҳатлашиб, розилигини олиб кейин бирор бир масала юзасидан қарор бериши ва ёки унинг айтганларини бажариши керак деб ўйлайди... Бундай бўлмаганидан кейин эса икки давлат раҳбарияти ўртасидаги муносабатлар таранглаша бошлади. Чегараларга Ўзбекистон мина экиб чиқди. Афсуски, бу минада ўнлаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлишди ва улар орасида бирорта ҳам жангари йўқ эди... Собиқ Тожикистон қўмондонларидан Маҳмуд Худойбердиев Тожикистон шимолига ўз отряди билан Ўзбекистон ҳудудидан бостириб кирди ва алал-оқибат яна Ўзбекистонга чекинишга мажбур бўлди. Ўзбекистон бир муддат Тожикистонни транспорт қамалига олишга ҳаракат қилди. Роғун сув энергия станцияси қурилишига доир зиддиятлар урчиб кетди ва ҳоказо. Тожикистон раҳбарияти ҳам натижада жавобий дўстона бўлмаган амалларга қўл урди. Аксилўзбек чиқишларни кучайтирди. Ростдан ҳам Ўзбекистон аксар ҳолатларда “олабўжи”га айлантирилди. Уни энди мамлакатдаги барча муаммолар учун балогардон қилиш мумкин бўлиб қолди... Бугун айни йўлдан фаол фойдаланилмоқда. Аммо бошқа томондан ҳар иккала мамлакатда ҳам аксарият ҳозир бу каби муносабатлар ортиқ давом этмаслиги кераклигини тушуниб етаётганлар кўп. Чунки бу жуда хатарнок сиёсатдир. Давлат раҳбарларининг дўстона бўлмаган муносабатлари оддий одамларга, биз истаймизми йўқми, албатта таъсир қилади. Маиший миллатчилик кучайиб боради. Бу олов билан ўйнашишга тенгдир. Оқибатлари жуда хунук бўладиган ўйиндир. Шунинг учун менинг назаримда, иккала томондан ҳам бу сиёсатни имкон қадар тезроқ тўхтатиш керак. Жамоатчилик икки давлат ўртасида муносабатларни яхшилаш учун ҳаракат бошлаши лозим...

Тошкентда Сулаймон шу мавзуга тўхталиб, Сиз журналист сифатида икки давлат ўртасидаги муносабатларни яхшилашга қандай ҳисса қўшишингиз мумкин деб сўраган...

Умед Бобохонов: Мен ўйлайманки, ҳар икки томондаги журналист ва зиёлиларга жуда кўп нарса боғлиқ бу йўлда... биринчи ўринда, биз журналистлар бир биримиз мисолимизда душман образини яратмаслигимиз керак. Раҳбарларнинг бу йўлдаги ҳаракатларини қўлламаслигимиз лозим. Бунинг уддасидан чиқишнинг ўзи катта гап. Иккинчи тарафдан, маданият ва санъат арбоблари дўстлик ришталарини боғлашда жуда катта аҳамият касб этиб келишган. Мана қаранг, Душанбеда Юлдуз Усмоновани халқимиз севиб қаршилайди, Самарқанду Бухорода Далер Назаровни олқишлар билан кутиб олишади. Халқларимиз орасида ҳеч қандай тўсиқ йўқ, бир-бирларига ёвқараш йўқ...Мутлақо. Ана шундай алоқалар кўпроқ бўлса, менимча, ҳозир жамоатчиликдаги баъзи салбий қарашлар ҳам ўртадан кетар эди ва ё кескин озаяди деб ўйлайман.

Раҳмат, Душанбедан Хилватшоҳ Маҳмуд икки савол билан мурожаат этган, демак, биринчиси кузда Тожикистонда кечадиган президентликка сайловлар ҳақида қандай фикрдасиз, мухолифатдан ягона номзод кўрсатиш ғояси қанчалар реал ва иккинчи саволи мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёт жараёнида мустақил оммавий ахборот воситаларининг аҳамияти билан боғлиқ экан... Марҳамат!

Умед Бобохонов: Ҳукуматнинг Янги Тожикистон деб аталган партия тузилишига кескин ва лойиқ бўлмаган муносабати бир нарсани очиқлади. Бизнинг ҳукуматимиз келаси сайловда ҳеч қандай рақобатга тоқат қиладиган эмас...Шунинг учун мухолифатдан кучли ва жиддий муқобил номзод кўрсатиш ва шаффоф сайлов ўтказиш ҳаёт ҳақиқатларига мос тушмайди. Аммо мен мамлакатдаги обрўли шахслардан бири кутилмаганда ўз номзодини илгари суриб қолиш эҳтимолини ҳам рад этмайман...Мен Тожикистон учун, жамият ва ҳатто ҳозирги ҳукумат учун ҳам ҳақиқий муқобиллик асосида кечадиган сайлов фойдали бўлар эди деган фикрдаман. Мустақил матбуот воситалари ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти масаласига келсак, биласизми, менимча улар жамиятда бетакрор бир рол ўйнашади. Кейинги йилларда бу оммавий ахборот воситалари нафақат жамиятга янгиликлар етказиб бермоқда, балки ўзига хос мухолифат ролини ўйламоқда. Ҳукуматнинг камчиликларини кўрсатмоқда...Мухолифат анча тарқоқ, ташаббуссиз ва ожиз бўлган ҳолатда матбуот унинг вазифасини бажараётир. Ҳукумат эса ҳар доим бўлмаса ҳам ОАВ бу каби чиқишларига жавоб беришга мажбур бўлаётир. Бу эса жуда катта гап.

Душанбедан Собир йўллаган саволда Азия-Плюс интернет саҳифасига бир неча марта тўсиқ қўйилгани ҳақида сўз боради... Бу каби тўсиқлар қандай таъсир қилгани билан қизиқади?

Умед Бобохонов: Ростдан ҳам сайтимизга бир неча марта тўсиқ қўйишди. Бир томондан саҳифамизнинг сервери мамлакат ташқарисида бўлгани учун бутун дунё уни ўқишда давом этди, аммо мамлакат ичкарисида бу тўсиқ ишлади. Яъни, муаммо фақат мамлакат ичкарисида эди... лекин бугунги кунда турфа прокси сайтлар бор ва ўқувчиларимиз улардан кенг фойдаланишди. Муаммо шундаки, прокси сайтлардан кирсангиз, биздаги реклама кўринмайди ва биз икки ой ичида шундан зарар кўрдик. Реклама берган ширкатлар шартномаларини тўхтатиб қўйишди. Молиявий зарар кўрдик, холос.

Олмониядан Аброр сўрамоқда, демак, биз журналистлар сўз эркинлигини талаб қиламиз, демократия деймиз...Ҳукуматдагилар эса шу Оврўпо ва АҚШ ҳам демократия ўрнатганига қадар юзлаб йиллар кетганини уқтиришади, шошманглар дейишади, айтингчи бу ерда ким ҳақ деб сўрабди...

Умед Бобохонов:Мен ўз фикримни айтсам... демократия менимча жараёндир. Энг осони бу инқилоб қилиш ва ё тўнтариш қилиб давлат тепасига бошқа бир шахсни олиб келиб қўйиш, аммо бу каби инқилобни қисқа бир вақт ичида инсонлар онггида амалга ошириб бўлмайди. Менимча, маърифатли ва иқтисодий мустақил бўлган бир авлод улғайиши керак. Улар учун ёпиқ жамиятда яшашнинг имкони бўлмай қолади. Диктаторлар ва ё авторитар раҳбарлар бунақа ҳур ва маърифатли жамиятда яшай олишмайди. Бугун диктатор ва авторитар раҳбарларнинг яшаб келаётганига сабаб аксарият тоқат қилишга тайёр... Аммо бунга бугунги раҳбарлар ҳам, халқимиз ҳам ҳаракат қилишимиз керак деб ўйлайман...

Хужандда Умед сўрамоқда," Сизнинг танқидчиларингиз Азия – Плюсни гоҳ Америка ва гоҳ Россия элчихоналари, баъзан эса ҳукумат ноғорасига ўйнашда айблашади, мухбирингиз Олга Тутубалина эса Россия жосуси экан..."

Умед Бобохонов: Биз ўн саккиз йил аввал иш бошлаганмиз ва бу йиллар ичида бизни доим нималардадир айблашади. Баъзида бу айбловларга ишонсак, биз Россияга, баъзида Америка ва ё Эрон, баъзан Ўзбекистон манфаатларига хизмат қиламиз... Бу одатий ҳол. Бизнинг ҳақиқий ҳакам бу ўқувчиларимиздир. Уларнинг бизга берган баҳоси муҳим. Мамлакатда энг катта ададдаги нашр бизнинг газетамиз, веб саҳифамиз ҳам ўқувчилар сони жиҳатидан энг олдинги ўринда...Шунинг учун бу каби бемаъни айбловларга эътибор беришга вақтимиз йўқ. Бунга кўникиб қолганмиз. Ольгани Россия агенти дейишаяпти, бошқа бир мухбиримиз Ўзбекистон ҳудудида туғилгани учун Ўзбекистон жосуси деб айблашади...Биз очиқмиз. Марҳамат, газетани ўқишсин, сайтимизни кўришсин ва хулоса қилишсин бу айбловлар қанчалар ҳақиқатга яқинлигини...

Самарқанддан Собир ёдингизда қолган энг қизиқарли суҳбатдош ҳақида сўрабди, марҳамат!

Умед Бобохонов: Менинг журналистик фаолиятим давомида жуда кўп қизиқарли суҳбатлар кечган...Машҳур ва оддий одамлар билан суҳбатлашганман. Ёдимда қолганларидан Аҳмадшоҳ Маъсудни кўп эслайман. Уни 2001 йилда ўлдиришди. Аҳмадшоҳ Маъсуд дарров сизни ўзига ром қилиб оларди. Бир илиқлик бор эди унда...Кучли шахс эди. Афғонистон манфаатларига содиқ бир арбоб эди. Мен яна ҳозир Россия Бош вазири Дмитрий Медведев билан қисқа суҳбат қилганман. Медиа форумлардан бирида у сўзга чиқди ва журналистларни ҳақиқат ва миллий манфаатлар йўлида ишлашга чақирди. Мен ундан баъзан миллий манфаатлар ва ҳақиқат тамойиллари уйғун бўлмай қолади, унда нима қилиш керак, деб сўрадим. Ёдингизда бўлса, ўшанда Гуржистон ва Россия ўртасида уруш кечаётган эди, Россия журналистлари ва Гуржистон журналистлари бир воқеани турлича бир бирларига қарама-қарши ёритишаётганди. Медведев жаноблари, рост, доим ҳам ҳақиқат тамойиллари ва миллий манфаатлар уйғун бўлмайди деб тан олди, аммо у умид қиламанки, сизнинг ишингизда бу уйғунлик бўлади деди...

Сиз журналист ўлароқ нимани танлайсиз? Миллий манфаатларними ва ё ҳақиқатни?

Мен учун ҳақиқат муҳимроқ деб ўйлайман. Акс ҳолда миллий манфаатлар бизни доим боши берк кўчага олиб кираверади. Мана Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар масаласини олинг...тасаввур қилинг, ўзбекистонлик журналистлар ва тожикистонликлар ўз миллий манфаатларини дастурамал қилиб олишса нима бўлади? Биз абадий урушга кириб қоламиз...

Суҳбат учун раҳмат! Ўзбекистонлик ҳамкасбларингизга тилакларингиз?

Умед Бобохонов: Ўзбекистонлик ҳамкасбларим қаерда бўлишмасин доим ўз фикрларини изҳор этиш имкониятига эга бўлишини тилайман. Ўқувчилар ва радиотингловчилар эса, қаерда бўлишмасин уларда аниқ ва объектив ахборот олиш ҳуқуқи таъминланишини ҳоҳлардим.

Бу мавзуда батафсилроқ