Uzwebiston: Ўзбекистон Марказий банки раҳбари қаерда?

Ferghana.ru Ўзбекистон Марказий Банки раҳбари аҳволи ҳақида

Ferghana news хабар агентлигининг вебсаҳифасида айтилишича, Ўзбекистон Марказий Банки раҳбари Файзулла Мулложонов жиддий касал аҳволда касалхонага ётқизилган. Агентлик Тошкентдаги ўз манбаларига таяниб, хабар беришича, жаноб Муллажоновнинг аҳволи жиддий. Айтилишича, у буйрак касаллигига учраган. Файзулла Муллажонов ҳукумат касалхоналаридан бирида бўлган вақти унинг биринчи ўринбосари вазифаларини бажариб турибди, деб хабар берилган. Расмий Тошкент бу хабарларни тасдиқламаган. Би-би-си мухбири Марказий Банк матбуот хизмати билан боғланган вақти, жаноб Муллажонов ишга чиққанлиги ва соғлиғи яхшилиги айтилган. "Яқин орада шифохонда бўлдими", деган саволга, "йўқ, иш сафарига бориб келди" дея жавоб берилган. Марказий Банк матбуот котиби кейинчалик бу борада расмий баёнот бериши айтилган. Файзулла Мулложонов Ўзбекистон Марказий Банки раҳбари лавозимида 1991 йилдан бери ишлаб келмоқда ва мамлакатдаги катта таъсирга эга шахслардан бири сифатида кўрилади.

Ozodagon ўзбек чегарачилари томонидан ушланган тожикистонликлар ҳақида

Тожикистондаги Ozodagon хабар агентлигига кўра, "олиб қочилган" тожикистонликлар тақдирини муҳокама қилиш учун белгиланган музокарларга Ўзбекистон вакиллари келмаганлар. Агентлик бир неча кун аввал Ўзбекистон Чегара ҚЎшинлари аскарлари томонидан Тожикистон шимолидаги Панжикент тумани яшовчиларидан 10 киши 2000 бошдан кўпроқ мол-ҳоллари билан бирга ушлаб, олиб кетилганлигини хабар берган. Уларни озод қилиш бўйича музокаралар 16 июлга режаланган, аммо ўзбек томони вакиллари учрашувга келмаганлар.

Washington Post: "Овросиёнинг йўқотилган қалби"

АҚШда чоп этиладиган Washington Post рўзномасидаги мақолада, турфа халқ ва маданиятлар ўлкаси, бир вақтлар Ипак Йўлининг муҳим таркибий қисми бўлган Марказий Осиё минтақаси ҳозирда улкан Овросиё ҳудудининг "йўқотилган қалби" сингари эканлиги айтилади. "1991 йили Совет Иттифоқи қулашидан сўнг ўтган 20 йилдан кўпроқ вақт мобайнида минтақадаги беш республика порахўрликка ботган диктаторлик ва иқтисодий жиҳатдан унчалик ривожланмаётган мамлакатларга айланиб қолишган." "Бу авторитар давлатларнинг қуроли куч ва баъзида куч қўллаш терроризмга қарши кураш эҳтиёжи билан оқланади. 2005 йили Ўзбекистон ҳукумати Андижонда намойишга чиққан юзлаб кишиларни ўлдирди. 2010 йили эса Фарғона водийсидаги миллатлараро можаро 400 минг кишининг уй-жойларини ташлаб чиқишга мажбур қилди. Айни вақтда, мустақил журналист ва сиёсатчилар мунтазам тазйиқ ва ҳибсга олиниш хавфи остидалар. Бунинг оқибатида кўплар ўз мамлакатларини ташлаб чиқиб, бошқа давлатлардан бошпана сўрашга мажбур бўлганлар. Тазйиққа олинганларнинг аксари тақиқланган исломчи гуруҳларга аъзоликда айбланганлар, аммо улар орасида журналистлар, мухолифат аъзолари ва ҳуқуқ фаоллари ҳам бор. Amnesty International томонидан чиқарилган янги ҳисоботда айтилишича, ушбу давлатлар расмийлари кўпда қочқинларни бир-бирларига тутиб бериш ва ортга қайтариб юборишда ҳамкорлик қиладилар. Оқибатда ҳеч қандай жиноятда айбдор, дея топилмаган фуқаролар "миллий хавфсизликни таъминлаш" баҳонаси билан қийноқларга юз тутмоқдалар", деб ёзади Washington Post.

Daily Mail: "Британия золим ҳукуматларга 12 миллиард долларга тенг қурол сотган"

Британияда чоп этиладиган Daily Mail рўзномасидаги мақолада айтилишича, инсон ҳуқуқларини поймол этувчи, дея кўрилган мамлакатларга Британия 12 миллиард доллардан кўпроққа тенг қурол-яроғ сотган. Бу ҳақда бугун чоп этилган ҳисоботда маълум қилинган. Ҳисоботда айтилишича, қурол яроғлар Эронда президент Маҳмуд Аҳмадинажод раҳбарлиги даврида, Зимбабведаги Роберт Мугабе ва Ўзбекистондаги Ислом Каримов ҳукуматларига сотилган.

Uznetwork янгиликлари

Facebookдаги Uznetwork саҳифаси жаҳон бўйлаб муваффақиятли ўзбеклар ва ўзбекистонликлар ҳақида маълумотларни чоп этишда давом этмоқда. Улардан бири Британияда "хотпэнтс" спорт билан шуғулланиш учун махсус шортиларини ишлаб чиқиб, савдоси билан шуғулланувчи ширкатнинг асосчиларидан бири Хуршид Файзуллаев борасида. Айтилишича, ширкат махсулотлари ҳозирда 100 дан ортиқ мамлакатда сотилмоқда. Ширкатда атиги 90 киши ишлайди.

Twitterда Dr. Sanjar G. Umarov@SanjarUmarov Ўзбекистонда пахта далаларида болалар ва каттларнинг мажбурий меҳнатлари ҳақидаги 15 июл куни чоп этилган янги ҳисобот ҳақида маълум қилган. #UZBEKISTANhttp: //www.cottoncampaign.org/reports/

@Nate Schenkk эса Ўзбекистон мухолифати раҳбарларидан Баҳодир Чориевнинг отаси Ҳасан Чориев бундан 28 кун олдин ҳибсга олинганидан бери уни ҳеч ким кўрмаганлиги ҳақида "Freedom House" ташкилоти хабарини илова қилган.

"Freedom House" ташкилоти хабари бу ерда: