Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Уйи бузиб ташланган термизлик онахон: "Борадиган жойим йўқ!"

Image caption Собиқ Акмал Икромов кўчасидаги уйларнинг аксари бир неча йил муқаддам қайта таъмирланган эди.

Термиз шаҳрининг собиқ Акмал Икромов кўчасида уйларнинг бузилишига қарши маҳаллий аҳоли норозилик билдиришда адвом этмоқда.

Май ойида бу борада айни кўчада яшовчи 75 ёшли кекса аёлнинг Ўзбекистон президентига мурожаати Youtube портали орқали эълон қилинганди.

Видеолавҳада ўнларча қўпорилган ва кесилган дарахтлар ва милиция ходимлари акс этган.

"Ким бунақа қонунсизликка буйруқ берди?. Халқни ким қон қақшатмоқда?", - дея президентга хитоб қилган термизлик онахон ҳовлисида фарзандлари ва набиралари дохил етти оила яшаётгани, ҳеч қачон уйларини ташлаб чиқмасликларини урғулайди.

Термизнинг Акмал Икромов кўчасида яшовчи онахон ўз уйи олди ҳовличасидаги кесилган дарахтларни бирма-бир таништириб чиқади.

Шаҳар расмийлари уй-жойларни бузиш шаҳарни қайта қуриш режаларининг таркибий қисми эканини айтадилар.

Маҳаллий ҳуқуқбонлар айтишича, Термиз шаҳрининг собиқ Акмал Икромов кўчасида уч қаватли замонавий биноларни қуриш жараёни кетмоқда.

Икки йилча аввал бошланган ҳукумат лойиҳасига мувофиқ, кўчанинг икки четида уч қаватли биноларнинг қад кўтариши режаланган.

Бу биноларнинг биринчи қавати тижорий мақсадларда фойдаланиши, юқори қаватлари эса аҳоли учун ипотека асосида сотиладиган квартиралар бўлиши мўлжалланган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, бу мақсадда ҳудуддаги 100га яқин хусусий уй бузилмоқда.

Акмал Икромов кўчасидаги уйларнинг томлари бор-йўғи 4-5 йил муқаддам қайтадан ёпилиб, таъмирланган эди.

Уйлари бузилаётганларга шаҳар чеккасидаги стадион орқасидан янги уй қуриб, кўчиб ўтиш учун ер ажратиб берилаётгани хабар қилинган.

Уйлари бузилаётганларнинг тахминан ярми бу ерда уйлар тиклаб, кўчиб ҳам ўтишган.

Баъзи хабарларга кўра, янги уйлар учун ажртилган ерда термитлар жуда кўп ва хом ғиштдан қурилган уйларни кемира бошлаган.

Аммо Акмал Икромов гузарида яшовчи аҳоли вакиллари ўзлари учун ажратилган ерларда ҳали янги уйлар қурилмасдан туриб, аввалги уйлари бузиб ташланганини айтишади.

Би-би-си ана шундай кўчада қолган онахонлардан бири билан суҳбатлашди.