'Бирма очилди, у энди Ўзбекистонга ўхшамайди'

Image caption Бирма очилди. Дунё бу ердаги инсонлар ҳаётига холис назар ташлай олмоқда

Ўтган йили Бирма (Мьянмар) дунёни ҳайратга солди. Узоқ йил мамлакат бошқарув жиловини маҳкам тутиб турган раҳбарият тизгинни бўшатди.

Мамлакатга кириб-чиқиш эркинлашди, иқтисодий ва молиявий чекловлар бекор қилинди, мустақил матбуотга рухсат берилди, юзлаб сиёсий маҳбуслар озод этилди. Зотан, бунгача Бирма сиёсий маҳкумлар борлигини ҳам тан олмасди.

Узоқ йиллар уй қамоғида сақланган, бироқ миллионлаб эрксевар ва ижобий ўзгаришлар умиди билан яшаган юртдошларини руҳлантириб турган мухолифат раҳбари Аун Сан Су Чи озодликка чиқарилди.

Сан Су Чи хоним дунё мамлакатлари бўйлаб кезиб, Бирмадаги вазият ва ўзгаришлар умиди ҳақида бемалол, очиқ гапиришига имкон берилди.

Келди очилур чоғинг...

Ҳарбийлар бошқарувида дунёдан узилган, чегаралари ёпиқ, сўз эркинлиги чекланган, мухолифат қамоққа ташланган, инсон ҳуқуқлари фаоллари душманга чиқарилган, мустақил журналистлар таъқибга олинган ва иқтисоди давлат назоратида қолган Бирма кутилмаганда буларнинг барчасидан бир зумда воз кечди.

Узоқ йиллар Бирманинг демократия сари юзланишини истаб келган АҚШ бошчилигидаги ғарб давлатлари мазкур ўзгаришларни олқишлашди.

Ўша пайтдаги АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон тезда Бирмага борди. Раҳбарият ва мухолифат билан учрашди, ўз қўлловини изҳор этди.

Image caption Бирмалик журналист Тин Хтар Све 20 йил ватанига қайтолмаган, ота-онаси дафн маросимида қатнаша олмаганди. Бугун Бирма ундан журналистларга сабоқ беришни сўрамоқда.

Илк бора ҳукуматни танқид қила оладиган газеталар чиқа бошлади. Хорижий банклар очилди. Четдан мустақил журналистлар кириб, ҳақиқий аҳволни кўришга муваффақ бўлдилар.

"Одамлар чойхоналарда ўтириб, сиёсатдан гаплашишади, ҳукумат қилаётган ишларни бирови ёқласа, бошқаси бемалол танқид қилади" - дейди яқинда Бирмадан қайтган Би-би-си Жаҳон Хизмати журналисти Свами Натаражан - "Бу жиҳатдан олган Бирма бугун Ўзбекистонга ўхшамайди".

Суҳбатдошимизга кўра, нафақат баландпарвоз сўз эркинлиги балки жузъий, аммо инсонлар тирикчилиги учун муҳим ўзгаришлар кўзга ташланади.

"Энди одамлар қўрқмасдан бемалол хорижий валюта алмаштирадилар. Чет элга чиқиш учун ҳукуматдан чиқиш визаси ёки рухсати (Овир визаси) олиш шарт эмас, катта шаҳарларга келиб яшаш ё ишлаш учун мураккаб рўйхатдан ўтиш (прописка каби) тизими ҳам бекор қилинган. Одамлар бирданига эркин бўлиб қолдилар".

"Кўплаб бирмаликлар билан гаплашганимда улар кулиб, агар бир йил илгари келсангиз, сиз билан суҳбатлашишга қўрққан бўлардик, чунки унда чет эллик мухбир билан гаплашган одамларни қарийб халқ душманига чиқариб қўйишарди, дея кулишарди" - тушунтиради Свами Натаражан.

Зотан, бир йил олдинги Бирма Би-би-си мухбири бориб ишлай олмайдиган, дунёдаги энг якканишин ва ёпиқ уч-тўртта давлатдан биттаси эди.

Иқтисод кучлими ё интернет?

Бирмада ҳозир 20га яқин мустақил кундалик нашрлар чиқмоқда. Мамлакат хорижликларга энди жосус ва ё фитначи, деб қарамайди. Танқидларни эса ҳазм қила бошлаган.

Image caption Бирма мухолифати раҳбари Аун Сан Су Чи шу йили Лондонга келди. У Би-би-си малик ул-каломи Ҳамид Исмоил билан суҳбатлашмоқда.

"Бирмадаги очилиш ҳам ички, ҳам ташқи сабабларга боғлиқ" - дейди журналист - "Интернет ва ижтимоий тармоқлар бунга йўл очди. Ҳукумат қанчалик интернет таҳдид ва хавф-хатар етказади деб қўрқитмасин, уни бутунлай тўсиб қололмади ва бирмаликлар интернет орқали бошқа, эркин ҳамда фаровонроқ дунёни кўрдилар".

Ҳали Иккинчи Жаҳон урушига қадар Бирма жанубий-шарқий Осиёнинг энг бадавлат давлатларидан эди. Бу ерда нафақат қимматбаҳо тошлар бор, балки ери унумдор, халқи деҳқончилик ҳадисини олган, савдо учун қулай транзит ҳудуд ва муҳим мамлакатлар учрашган нуқтада жойлашган.

Худди шундай шароитда эса нега қўшниларимиз бой ва эркин, биз эса камбағал ва эрксизмиз, деган савол кўплаб бирмаликларни ташвишга сола бошлаган.

"Бирмани назорат қиладиган ҳарбийлар вазиятни бу алфозда тутиб туриш имконсизлигини, қўшни давлатлар илгарилаб кетганини, Бирмада аҳвол бундан ҳам баттар бўлмаслиги учун ислоҳотлар ўтказиш ва мамлакатни ташқи дунёга очиш ягона йўл эканлигини англаб етдилар" - дейди собиқ дипломат ва сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.

Ҳозир Бирмадек илк бошланғич нуқтада турган давлат шиддат билан эркин иқтисод сари кетаётгани айтилади. Бироқ узоқ йиллик ёпиқлик ва йўқотишлар из қолдиргани ҳам рост.

Кўпчилик энди тезкор иқтисодий ўзгаришларни, қашшоқлик чангалидан қутулишни истамоқда.

"Хорижий сармоядорлар келишаётгани рост" - дейди Рангундан журналист Вин Тин - "Лекин Бирма шунчалик узоқ йиллар иҳоталаниб, дунёдан узилиб қолганки, ҳозир келаётган ширкатлар тузукроқ маошли иш ўринлари яратиб, самарали иқтисодий имкониятларни юзага чиқариши учун энди анча вақт керак бўлади".

"Қишлоқларга борсангиз ҳамон қашшоқлик, қонунлар яхши ишламайди, одамларнинг ерларини тортиб олиш ҳоллари давом этмоқда".

Image caption Бирма дунёга очиларкан, Роҳинжя мусулмонлари ҳужумларга тутилдилар, минглаб инсонлар қочқинларга айланди.

Журналистнинг айтишича, муайян очилиш мавжудлиги ҳали чуқур ислоҳотларни англатмайди, балки чинакам ислоҳотларни истаса, мамлакат ўтган йиллар давомида қабул қилган қонунларини ўзгартириши керак.

Чунки мавжуд қонунлар халқнинг эркин ҳаракатланишини, бемалол фикрини айтишини ва ниҳоят, тўсиқсиз иқтисодий фаолият юритишини чеклаб, турфа жазоларни назарда тутади.

Зўравонлик ва демократия

Бирманинг ёпиқлик ва биқиқлик сиёсатини ташлаб, очилиш йўлига ўтиши қанчалик хуш қаршиланмасин, тез орада баъзи муаммолар юзага келди.

Мамлакат ирқий ва диний зўравонликларга саҳна бўлди. Айниқса, Роҳинжя мусулмонлари кўп сонли буддавийлар тарафидан шафқатсиз ҳужумларга тутила бошланди ва на ҳукумат айни бошбошдоқликни жиловлади, на мухолифат зўравонликни қоралади.

Кўпчилик кўнглидан бир савол ўтди: "Сўнгги зўравонлик ва низолар Бирма очилиши натижасимикан?".

"Юзага келган зўравонлик, аксинча, Бирма демократияга тўла ўтмаганини кўрсатади" - дейди Тошкентдан профессор Гуга Ҳидоятов - "Демократия халқ бошқаруви, ҳалқ ғамини ейиш дегани, афсус, бу ҳолат Бирмада мавжуд эмас".

Кузатувчиларга кура, бу каби зўравонлик ва низолар, жамоалар ўртасидаги танглик аввалдан мавжуд эди. Бироқ Бирма шунчалик ёпиқ бўлганки, айни хабарлар ташқи дунёга чиқмаган.

Ҳозирги зўравонликларни мамлакат очилишига ва ё жамиятдаги эркинликларга боғлашни ҳам кўпчилик қабул қилмайди.

Image caption Узоқ йиллик ёпиқ сиёсат Бирмани қашшоқлик ва қолоқлик гирдобига ташлаган. Ундан қутулиш учун яна узоқ йиллар керак бўлади.

"Тўғри, Бирма демократияни жорий этишга уринмоқда" - дейди Би би-си Бирма Хизмати муҳаррири Тин Хтар Све - "Аммо ҳозирги зўравонликлар сўнгги очилиш натижаси эмас, балки ҳукумат зимдан қўллаётган аксилмусулмон, миллатчи ва ирқчи сиёсат оқибатидир".

Хтар Свега кўра, ҳанўз конституцион ислоҳотлар ўтказилмади, маҳкамалар мустақил эмас ва матбуот эркинлиги тўла таъминланмаган. Шундай ҳолатда, газеталар ҳатто мусулмонларга қарши буддавийлар қилаётган ҳужумларни ҳам деярли ёритмаяпти.

Ўзбекистонга ўхшашлик

Бирмадаги ички сиёсий ва иқтисодий вазият ўтган йиллар давомида Ўзбекистон билан жуда ўхшаш эди: Мустақил матбуот ва сўз эркинлиги амалда тақиқланган, одамларнинг эркин ҳаракатланиши чекланган, четга чиқиш назорат остида, иқтисод марказдан бошқарилган ва ҳатто қонунан валюта алмаштириш имкони жуда кам эди.

Кузатувчиларга кўра, тинч ўзгариш бобида Ўзбекистонда ҳам имкониятлар мавжуд, лекин Бирмадан фарқли тарзда, Ўзбекистондан ғарб кўзлаётган мақсадлар бошқача.

"Афғонистондан НАТО кучлари чиқиб кетиш жараёнида Ўзбекистон давлатининг қўллови керак"- дейди Тошпўлат Йўлдошев - "Бундай ҳолатда эса кескин ўзгаришлар ва ёки қандайдир мавҳумлик юзага келишини АҚШ истамайди. Хуллас, мавжуд шарт-шароит Ўзбекистоннинг ижобий тарафга ўзгаришига йўл бермайди".

Ўзбекистонлик олим Гуга Ҳидоятовга кўра, Бирма мисолини олиб қараганда, Ўзбекистондаги мавжуд тинчликни асраб-авайлаш даркор.

Image caption Ёпиқлик, камбағаллик, давлат назорати кучлилиги, инсонларга қўйилган чекловлар ва таъқиблар жиҳатидан Бирма бир-икки йил олдин ҳам Ўзбекистонга ўхшашини айтишарди.

"Менга ҳам баъзида бир нарсалар ёқмайди" - дейди Гуга Ҳидоятов -"Лекин ҳозир мустақилликни сақлаш, тинчликни асраш муҳим вазифа бўлмоғи керак".

Айни дамда ўзбек халқининг жуда тинчликсеварлиги, узоқ йиллик давлатчилик тарихига эгалиги ҳам кўпчиликка маълум.

"Ўзбекистода ҳам қандайдир низолар эҳтимоли бўлиши мумкин, буни рад этиш қийин" - дейди Тошпўлат Йўлдошев - "Аммо ўзбеклар ҳар ҳолда етук халқ ва бу ерда агар жамият очилса, қандайдир низоларга йўл қўйишмаса керак. Бу борада Бирмани Ўзбекистонга қиёслаб бўлмайди".

Яқин Шарққа келган "Араб баҳори" зўравонлик ва қон тўкишлар билан давом этмоқда. Бу жараёнда узоқ йиллик яккаҳоким тузумлар қуламоқда, исломий радикал кучлар таъсири ошмоқда, биродаркушлик урушлари юзага келаяпти.

Кўп ҳолларда инқилобий ўзгаришлар тезлик билан узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларин ҳал қила олмай, янгидан-янги норозиликлар тўлқинини келтириб чиқараяпти.

Аммо Бирма "Араб баҳори"дан ташқарида, ўз ҳолича, алоҳида очилди. Аслида, бу очилиш жараёни ҳали давом этмоқда.

Ушбу "очиқлик" келажакда мамлакатда узоқ давом этган ҳарбийлар бошқаруви даврида тўпланган муаммоларни ҳал этишга неқадар ҳисса қўшиши ҳам маълум эмас. Бироқ бир нарса аниқ - Бирма ва бирмаликлар энди асло қайта ёпилиш истагида эмаслар.