Индонезия йўли Ўзбекистон учун ўрнак бўла оладими?

Image caption Индонезия - бугун эркин иқтисод ва демократик мамлакат

1998 йил май ойида дунё сиёсий ҳаётида кутилмаган, улкан воқеа рўй берди.

Жаҳоннинг энг кўп сонли мусулмон мамлакати Индонезия ўттиз йиллик яккаҳоким раҳбар Сухартони қудратдан кетказди.

Ўзгариш урушсиз, қонсиз ва фитнасиз амалга ошди. Шу асно Индонезия диктатурадан демократия сари қадам қўйди.

Аввало, чорак асрдан кўпроқ мамлакатни қаттиққўлларча бошқарган раҳбарият ва бутун халқни чуқур қўрқув исканжасида ушлаган тузумнинг эртаклардагидек ғойиб бўлиши ҳайратланарли эди.

"Индонезияга қўшни мамлакатлар иқтисодий жиҳатдан жуда олдинлаб кетишганди" - дейди сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев айни ҳодисалар сабабини изоҳлаб - "Мамлакат қанчалик ғарбга яқин бўлмасин, хорижий сармояларга очиқлигини айтмасин, барибир, Индонезия ёнидаги Сингапур, Тайланд, Жанубий Корея ёки Малайзиядан жуда орқада қолиб кетаётганди".

"Шунда сиёсий элита бу йўл нотўғрилигини, Индонезия узоққа боролмаслигини англашди ва Сухартони тахтдан ағдаришди".

Аммо айрим мутахассисларга кўра, бу ўзгариш умумжаҳон миқёсида кечаётган воқеаларнинг бир қисми бўлган холос.

"Иккинчи Жаҳон урушидан бери дунёда тоталитар кучлар ва либерал демократлар орасида кураш кетмоқда. Индонезиядаги ўзгаришлар ҳам худди ана шуни кўрсатади. Билмайсан, зилзиладек кутилмаганда лоп этиб бир жойдан чиқиб келади" - дейди профессор Гуга Ҳидоятов.

Хуллас, нафақат ўттиз йиллик яккаҳоким президент қудратдан кетди, балки у қурган ўттиз йиллик чекловчи ҳамда юракларга ваҳшат солувчи тузум ҳам зумда буткул ғойиб бўлди.

Негаки, янги Индонезия учун эскича тузум иш бермасди.

"Энди қўрқмаймиз"

Image caption Сухартонинг 30 йиллик бошқаруви на иқтисод, на сиёсатда ўзини оқламагач, Индонезиядаги тузумни ўзгартиришга қарор қилишди

Индонезиядаги ўзгаришлар энг аввало сўз эркинлиги ва тижоратдаги чекловларнинг олиб ташланишида акс эта бошлади.

"Журналистлар ҳозир президентни ҳам қўрқмасдан, бемалол танқид қила олишади" - дейди Би-би-си Индонезия Хизмати муҳаррири Листон Сиеригар - "Матбуот ва сиёсий фаолият эркинлашди, мустақил ва мухолиф партияларга озодлик берилди".

"Сухарто даврида эса буларнинг ҳеч бири мумкин эмасди".

Индонезия минглаб ороллардан, юзлаб элатлардан ва ўнлаб сиёсий гуруҳлардан ташкил топган мамлакат.

Сухарто наздида халққа эркинлик ва демократия бериш мамлакатни урушлар ботқоғига ботириб, парчалаб юбориши мумкин эди.

Тўғри, Шарқий Тимор мустақил давлат бўлиб ажралиб чиқди, Сухартодан кейинги раҳбарлар тез-тез алмашишди ва мамлакатда одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб ташкиллаштирадиган намойишлар кўпайди.

Бироқ буларнинг ҳеч бири Индонезияни демократик ислоҳотлар ва очиқликдан қайтармади.

"Аслида диктатурага асосланган тузумларда яккаҳоким раҳбар алмашиши ортидан тебранишу нотинчликлар рўй беради ва Индонезия ҳам бундан мустасно бўлмади" - дейди Сухарто қудратдан кетган паллалар Индонезияда воқеаларни кузатган жамиятшунос Камолиддин Раббимов.

"Чунки яккаҳокимлар мерос қолдирадиган жамиятлар янгича, эркинрок бошқарувга ўтиш жараёнларида шу каби депсиниш ё тебранишларсиз ўзгара олмайди".

Алҳол, Индонезиядаги тебранишлар ҳатто бир-биридан ажралган минглаб оролларни ҳам парчалаб ташлай олмади. Сухарто тақиқлаб, жазолаб келган диний партиялар таъсири ошишига ҳам етакламади.

Image caption Индонезия бир нарсани исботлади: Мусулмон мамлакатда тинч демократия барпо этиш мумкин

"Сухартодан кейин Ҳизбут Таҳрир каби гуруҳларга эркинлик берилди ва бир-иккита аъзолари парламентга ҳам киришди" - дейди Листон Сиеригар - "Аммо мусулмон халқ уларни қўлламади ва бу диний партиялар таъсири эркин танлов шароитида бирданига тумандек тарқалиб, йўқолиб кетди".

Бу эса Яқин Шарқдаги сиёсий жараёнлардан буткул ўзгача манзарадир.

Кўпчилик Индонезия халқи зеҳниятидаги тинчликсеварлик ва мўътадил Исломий маданиятнинг таъсири бўлиши мумкин, деб айтишади.

Танқидга қулоқ солишмоқда

Узоқ йиллик давлат назоратида қолган Индонезия иқтисоди ҳамон очиқ иқтисод ва эркин жамиятга асосланган жанубий-шарқий Осиёдаги қўшниларига етиб олгани йўқ.

Аммо коррупцияга қарши муросасиз кураш ва сармоядорлар ҳамда ишбилармонларга яратилган енгилликлар боис ўсиш суръати нафақат расмий қоғозларда, балки амалда ҳам кўрина бошлади

"Коррупция ҳамон муаммо" - дейди Листон Сиеригар - "Сухарто даврида халқаро танқидларни эшитмасдик ва бу душманларимиз ўйлаб чиққан, тинчлигимизни кўролмайдиган кучлар айтаётган уйдирма, деб тураверардик. Натижада порахўрлик йўқолмасди".

"Энди эса ҳар бир халқаро танқидни ўрганиб чиқиб, ундаги камчиликларни тузатишга интилишади. Шу асно мамлакат шаффофлашмоқда".

Кўплаб индонезияликлар Сухарто даврида қаттиққўл назорат бўлганини, нархлар муайян маромда ушлаб турилганини айтишади .

"Ҳозир маошим катта" - дейди Жакартада яшовчи суҳбатдошимиз - "Аммо нархлар ҳам ошмоқда. Бироқ энди сўз ва фикр эркинлиги бор".

Иккинчи индонезиялик эса эркин бозор шароитларида яшашга кўникиши қийин кечса-да, ижтимоий адолат тикланаётганини айтади.

Image caption Камолиддин Раббимовга кўра, Индонезия каби тинч йўлда демократияга айланиш Ўзбекистон учун ҳам ягона йўлдир

"Президент Сухарто халқдан ва оддий одамлардан қонунга риоя қилишни талаб қиларди ва қонун ишларди" - дейди учинчи одам.

"Аммо Сухартонинг заифлиги бор эди, яъни унинг ўз фарзандлари, оила аъзолари бу қонунларга риоя қилишмас ва президент отаси даврида миллиардлаб доллар маблағлар ишлаб олишганди. Ана шу Сухартога панд берди".

Эл-юрт ҳаққи жазоланмади

Бироқ турли иддао ва шубҳа-гумонларга қарамай, Индонезия қудратдан кетган Президент Сухартони жазога тортмади.

"Мамлакатдаги иқтисодий ривожланиш ва демократияни сақлаб қолиш ниятида янги раҳбарлар собиқ президент Сухартони аянчли аҳволда жазога тортишгани йўқ" - дейди Камолиддин Раббимов.

"Аммо Сухартонинг фарзандлари бир неча миллард долларлик амалиётлар ва оффшор ҳисобларни ўз ичига олган ишларга аралашгани боис маҳкамага тортилди. Собиқ президентнинг ўзига эса тегинишмади".

Янгича тараққиёт ва демократия сари ўтган Индонезия халқи ҳам ўтган ишга саловот қабилида қасос ўтида ёнишмади ва Сухартонинг жазога тортилишини кенг талаб қилишмади.

Тинч ўзгариш - Ўзбекистон йўли

Ўз даврида диний гуруҳлар фаол бўлган, узоқ вақт бир раҳбар қўли остида қолган, иқтисоди марказдан бошқарилган ҳамда жамият нисбатан ёпиқ қолган Индонезия ҳозирги Ўзбекистонга жуда ўхшар эди.

Айни дамда босқичма-босқич ва тинч йўлда демократияга ўтаётганини айтадиган Ўзбекистон учун айнан Индонезия тажрибаси неқадар иш бериши мумкин, деган савол туғилиши мумкин.

"Ўзбекистон учун тинч йўлда демократияга айланишдан бошқа йўл йўқ" - дейди Камолиддин Раббимов - "Худди Индонезия каби қонсиз ва талофотларсиз демократияга айланиш энг мақбул ва зарур йўлдир".

Image caption Халқ ўз норозилигини изҳор этадиган қонсиз намойишлар бугунги демократик Индонезия учун одатий ҳол

"Чунки демократия бу халқ ё мамлакат хоҳиш-иродасига боғлиқ эмас, балки глобаллашув талаб этаётган воқелик".

Шу қаторда, Сухарто Индонезияси ва ҳозирги Ўзбекистон орасида жузъий, бироқ катта таъсирга эга фарқлар мавжудлигини айтадиганлар ҳам бор.

"Сухарто даврида сиёсий партияларга бироз бўлса ҳам имконият берилганди, тижорат нисбатан эркин эди, яъни Ўзбекистон каби бутунлай ёпиқ ва қаттиқ назорат остида эмасди" - дейди Тошпўлат Йўлдошев.

"Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишни истайдиган юқори лавозимли инсонлар бор, бироқ улар бир нарсани кўриб ўтиришибди: Бундайларнинг нафақат ўзи, балки оила аъзолари ҳам қамоққа ташланмоқда, қийноқларга солинмоқда ва бутун мол-мулкидан ажралмоқда. Хуллас, Ўзбекистонда қўрқув жуда кучли" - дейди собиқ дипломат.

"Мана, бир неча ой олдин зилзила бўлганида ҳам матбуот юқоридан буйруқ келишини кутиб, хабарни батафсил бера олмай ўтирди".

Индонезия тажрибаси бошқа мамлакатларда нечоғли иш бериши савол остида. Бироқ бу мамлакатдаги ўзгаришлар ҳозир кўпчиликни иккилантираётган қатор саволларга жавоб сифатида ўртага чиқади.

Яъни, мусулмон мамлакати демократик бўлиши мумкин, узоқ йиллик яккаҳоким бошқарувдан кейин тезда озод жамият ва эркин бозорга ўтиш имкони бор ва диктатура тугатилишидан кейин кечадиган тебранишлар ҳар доим ҳам зўравонликка айланмайди, ҳар доим ҳам радикал кучлар ҳокимият тепасига келишмайди ва эл-юрт оғизда эмас, амалда буюк келажак сари қадам қўя олади.