UzWebiston: 'Ўзбекистон телевидениеси кўрсатувлари зерикарли'

Ўзбекистондаги “Даракчи” газетаси ўқувчилари орасида ўзбек телеканалларидаги дастурларга муносабатни билиш мақсадида ноодатий сўров ўтказди.

Газета ўз веб саҳифасида “Сўз сизга” – телевидениедан кўнглингиз тўлаяптими?” деган сарлавҳа остида фойдаланувчиларнинг фикрини жамлаган.

Ўқувчиларга “Қайси теледастур ёки қайси бошловчилар сизга манзур бўляпти? Қайси кўрсатувни мириқиб томоша қиласиз-у, қайсиларини кўришга сабрингиз етмайди?

Энг яхши кўрсатув дея қайси дастурни айта оласиз? Энг ёмон кўрсатув ва энг жинингиз суймайдиган телебошловчилар кимлар?”, каби саволларни берган.

“Мазкур мавзуга билдирган фикрларингиз албатта инобатга олиниб, газетамиз саҳифаларидан жой олади”, - дейилади 30 июль куни чиққан сўровномада.

Лойиҳа веб саҳифа ўқувчилари орасида катта қизиқишга сабаб бўлган. Фикр билдирувчиларнинг кўпчилиги маҳаллийй телеканал дастурларининг сифатсизлиги ва хориж кўрсатувларидан кўчирмакашлигини танқид қилган.

Машҳур ўзбек ТВ шоуларини эса зерикарли ва бир томонламаликда айблаган фойдаланувчилар уларни қандай қизиқ қилиш борасида ўз ғояларини ёзган.

Хориж дастурларидан кўчирмакашлик

“Факат ундан бундан кўчириб кўрсатув килмасдан, бизда хар йили канча журналислар битиради шу битирувчилар фантазиясини кўрсатса, манимча қанча зўр-зўр кўрсатувлар пайдо бўлади, Эски олинган нарсалар хам керак, лекин бизнинг хар бир вилоятимизда 100 хил кўрсатувлар тайёрлайдиган мавзулар тикилиб ётибди (бору лекин кам). Нимага биз улардан кўриб кўрсатув тайёрлашимиз керак. Ёки бизнинг университетларимиз журналист тайёрламайдими? Керак бўлса улар биздан кўриб кўрсатув қилсин”, дейди Шароф ака исмли фойдаланувчи.

"Бизнинг кўрсатувлар Россия кўрсатувларининг ўзбекча варианти", - дейди W2

Асқаржон эса неча йиллардан бери ўзбек телеканалларини кўрмай қўйганини айтади.

“Бир неча йиллардан бери давлат каналларини томоша қилмай қўйганман. Фақат тўғри келиб қолса, "Заковат"ни кўриб тураман. Сабаби, асабимни бузишни истамайман. Майли, мен кўрсатувлар ва уларнинг бошловчиларини танқид қилиб ўтирмайман. Фақат қандай қилинса яхши кўрсатув бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги фикрларимни билдираман.

Биринчидан, каналлар ўртасида соғлом рақобат керак. Иккинчидан, рахбарлар сиёсий хатога йўл қўйишдан қўрқишни йиғиштириб, замон талабига жавоб берадиган кўрсатувлар яратиш устида бош қотириши керак. Кейин янги кўрсатувлар ғоясини кўтариб чиққан инсонларни, улар хоҳ телевидениеда ишласин, хоҳ ишламасин, жиддий кўриб чикиб, холисона кўрик асосида танлаб олиш керак. Бошловчиларни танлашда ўта талабчанлик зарур. Ва энг муҳими, кўп маблағ сарфлаш лозим, арзоннинг шўрваси татимайди. Майли, кўчириб олишсин, лекин зўр бўлишса, ўғрилик қилмасдан, ўша кўрсатувларнинг эгалари билан ҳамкорликда қилишсин. Шунда ҳақиқий шоу дастурлари пайдо бўлади”.

Бир томонлама ва зерикарли

Бобур исмли фойдаланувчи шундай дейди, “Ўзбекистон телеканаллари орасида асосан кўрадиганларим UzHD, Toshkent телеканалларидир. UzHD ўзининг тасвир жихатларининг юқорилигидан ташқари ўзининг бадиийлиги билан манзур бўлмоқда. Toshkent телеканалида шаҳримизнинг долзарб масалалари бўйича чиқишлар тез тез бўлиб туради. Кўрсатувлардан сўзамон Гулхида Жўраева бошчилик “Ош бўлсин” ва йўл харакати тўғрисидаги “Автопатрул” ёқади бошловчилари заб муносиб. Телевидениедан кўнгил тўлмагани Баҳс мунозарали кўрсатувларнинг камлиги, хабарларнинг эса бир томонламалигидир”.

“Масалан бизда (Сурхондарё, Бойсун тумани) да Ўзбекистон каналидан бошқасини антеннани 200 метр баландликга кўтариб ҳам тўлқинини ушлолмайсиз. Ёшлар канали, НТТ каналлари ҳақида фақат эшитганмиз, кўрмаганмиз. Кўрсатувларни бир овоздан савияси паст. Кино архивда Ҳиндистон киноларидан бошқа кинолар қолмаган шекилли."Меҳмонхона хўжайини” деган кинони ўтган қисмини ярмидан қўйиб беришади. Шу ҳам инсофданми?”, дейди Зуҳриддинбек.

Анвар исмли ўқувчи Зуҳриддинбекнинг гапларини қўллаб қувватлайди ва газетага одамларга ўз фикрини билдиришга имкон яратиб бергани учун миннатдорлигини айтади.

“Корейсча телесериаллар батамом жонга тегди. Жаҳон эстрада санъаткорлари, жаҳон сиёсатчилари, умуман жаҳонда юз бераётган янгиликлар ва кашфиётлар тўғрисида дастурлар тайёрлайдиган битта ҳам ижодкор йўқ”, деб ёзғиради Саша.

Бошқа ўқувчилар ўзбек телеканаллари овқат ҳақидаги кўрсатувлар билан тўлиб кетганидан нолишади.

“Рўзғор мактаби", "Айланай", яна Жаҳонгир Позилжонов олиб борадиган овқат пиширадиган кўрсатувлар, "Каминаниг оиласи" каби сериаллар камроқ бўлса яхши булар эди”, дейди Елдор 0464.

- Ёшлигимизда "Оталар сўзи - ақлнинг кўзи" жудаям яхши ва тарбиябий кўрсатуви тез тез бўлар эди. "Азизим", "Заковат". Қолгани яхши эмас. Қўлида пичоқ ушламаган "юлдузлар" овкат пиширадимией. Телетомошабин тезроқ телевизорни ўчирсин деб, жонга теккан киноларни ва бошқа кўрсатувларни "талабларга биноан" деб қайтараверишади. Яхшиям кабел бор, Россиянинг яхши сериалларини ва қизиқарли кўрсатувларини, баҳсларни кўрамиз, - дейди Неъмат исмли фойдаланувчи.