Адмиралтей Арки меҳмонхонага айлантирилади

Image caption Адмиралтей Арки биноси 1912 йили Қиролича Викториянинг шарафига қурилган

Агарда Лондонни унча-мунча билсангиз марказий Трафалгар майдонидан Қиролича Елизавета Иккинчи яшайдиган Букингем саройи томон бормоқчи бўлсангиз бир арк остидан ўтишингиз лозим.

Бу аркнинг номи – Адмиралтей Аркидир.

Вестминстер мавзесига қарашли бу аркни эндиликда шоҳона бир меҳмонхонага айлантириш режаси Вестминстер Режалаш Қўмитаси тарафидан маъқулланган.

Режа архитектор Рафаэл Серранога топширилган.

Архитектор ширкати маҳаллий кенгашга 600 минг фунт пулни турар жойлар учун, бунга қўшимча 100 минг фунтни санъатни ривожлантириш учун тўлаши кўзда тутилган.

Адмиралтей Арки биноси 1912 йили Қиролича Викториянинг шарафига қурилган.

Ўтган йили бу бино Prime Investors Capital ширкатига 60 миллион фунт эвазига 99 йиллик қарзга сотилган эди.

Prime Investors Capital эндиликда бинони ажойиб ресторанли, зиёфатлар толори мавжуд беш юлдузли меҳмонхонага ўгириш ниятида.

Ушбу режаларга мувофиқ меҳмонхона таркибида қироллар ва президентларга мос хоналар ҳамда турар-жой манзиллари қурилади.