UzWebiston: 'MTS лицензияси бекор қилингани мобил телефон бозорини издан чиқарди'

Иқтисодий мавзуларни ёритиб борувчи buddeblog.com.au вебсаҳифасида нашр қилинган таҳлилий мақолада Ўзбекистондаги мобил телефон бозорининг ҳозирги аҳволига назар ташланган.

Унда айтилишича, бундан бир мунча муддат аввал "қолоқ ва замонга номуносиб" бўлган ушбу бозор охирги йилларда мутассил равишда ўнгланиб келмоқда эди.

Муаллиф фикрича, бунга сабаб ҳукумат телекоммуникациялар соҳасига эътибор қарата бошлагани бўлган.

Натижада мобил телефонлар интфратизилмаларига сармоялар ётқизилган, фойдаланувчилар сони кўпайган ва фойда ўсган.

"Ҳукуматнинг бу соҳадаги стратегик сиёсати "Ўзбектелеком"ни приватизация қилиб, бозордаги рақобатга очиш эди", дейилади мақолада.

"Лекин 2012 йилда Ўзбекистондаги мобил телефон бозори мушкулликларга дуч кела бошлади ва таъсири 2013 йилда ҳам сезилмоқда".

Ҳукумат MTS Ўзбекистон ширкатини солиқларни тўламаслик, стандартларга риоя қилмаслик каби қатор қонунбузарликларда айблаб чиқди ва охир-оқибат лицензиядан маҳрум қилди.

MTS ҳисобига бозорнинг 40 фоизи тўғри келарди.

Ҳукумат амали оқибатида бир куннинг ўзида 9 ярим миллион мижоз мобил телефон алоқасидан узилиб қолди.

Мақола муаллифига кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг бу амаллари натижасида мобил телефон бозорига катта зарар етказилди.

Блогда ёзилишича, ушбу ҳодисалар Ўзбекистонга сармоя ётқизмоқчи бўлган хорижий сармоядорлар томонидан ўта салбий кўрилади.

Ўзбекистонда телеком соҳаси Алоқа ва Ахборотлаштириш Агентлиги томонидан юритилади.

Агентлик 2005-2010 йиллар учун тасдиқлаган режасида бутун тизимни 2010 йилга қадар рақамлаштириб, уй телефонлари сонини 2.2 миллионга етказишни белгилаганди.

Лекин бу режага ҳеч қачон эришилмади, 2012 йилда мамлакатдаги уй телефонлари сони ҳануз 2 миллиондан кам эди, дейилади мақолада.

Мақолага кўра, беш йиллик режада мобил телефон бозори ва Интернет таъминотини ҳам яхшилаш белгиланганди.

2011 йилга келиб бу икки соҳада кўзга кўринарли илгари силжишлар кузатилган.

Айниқса мобил телефон фойдаланувчилари сони беш йил мобайнида атиги бир миллиондан 21 миллионга қадар кўтарилди.

Лекин охирги ҳодисалардан сўнг 2012 йили сони 25 миллионга етган мобил телефон фойдаланувчилари сони йил охирига келиб 20 миллионга тушиб қолган.

Таҳлилчига кўра, 2013 йили бозордаги беқарорлик сақланиб қолмоқда.