Uzwebiston: Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган ҳисобчи АҚШда 18 йилга қамалди

Bankir.ru вебсаҳифасининг хабар беришича, Хитой Миллий кимё-муҳандислик корпорацияси Ўзбекистонда "Навоиазот" комплекси таркибида кимёвий корхона қуриш бўйича тендерда ғолиб бўлган.

Хабар берилишича, ушбу лойиҳага кредит ажратиш бўйича келишувга шу йил сентябр ойида Хитой Президентининг Ўзбекистонга расмий сафари мобайнида келишиб олинган.

440 миллион долларлик ушбу лойиҳани 2 ярим йил мобайнида қуриб битказиш кўзда тутилган.

Айтилишича, бу каби корхонани қуришга Давлат Акционерлик ширкати "Узхимпром" 5 йилдан бери ҳаракат қилиб келган.

Дстлаб Россиянинг "Каустик", Жанубий Кореянинг ISU Corp ва Бирлашган Араб Амирликларининг Mubadala Development ширкатларини жалб қилишга уринилган.

"Навоиазот" Ўзбекистондаги энг йирик кимёвий корхоналардан бўлиб 1964 йили ишга туширилган ва азотли ўғитлар, кимёвий тола каби маҳсулотларни ишлаб чиқишга ихтисослашгандир.

АҚШда келиб чиқиши ўзбекистонлик бухгалтер 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

The Australian.com нашрининг хабар беришича, АҚШнинг Манхеттен Федерал Маҳкамаси 37 ёшли Собирхон Хасаноффни "Ал-Қоида"ни моддий ва ашёвий томондан қўллаб қувватлагани учун 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Хитойда ўзбекистонликлар оиласида туғилган, Австралияда вояга етиб, Америкада таҳсил кўрган Хасанофф қатор компютер ширкатларида ҳисобчи бўлиб ишлаган.

Лекин охирги йилларда муваффақиятли мусулмонларни фаровон ҳаётлари учун ўзларини айбдор ҳис қилишга ундовчи радикал уламо Анвар ал-Вакил таъсири остига тушиб қолган.

У шунингдек, Ямандаги "Ал-Қоида"га алоқадор гуруҳлар билан боғланиб, улар бомбани узоқдан туриб бошқарувчи мосламани сотиб олишни сўраганда бу вазифани ҳам бажарган.

Маҳкамда Хасанофф бу ва қатор бошқа айбловларга иқрор бўлган.

D&B: Ўзбекистонда ислоҳотлар йўқ

Турли мамлакатлардаги хавф-хатарлар даражасини ўрганувчи Белгияда жойлашган D&B таҳлилий марказининг охирги ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда ислоҳотларга бўлган аниқ эҳтиёжга қарамай, расмийларнинг бу каби қадамларга боришлари белгилари кўринмаяпти.

Ислоҳотлар ўрнига раҳбарият табиий бойликлар экспортига қарам бўлишни афзал кўрмоқдалар, дейилади ташкилот ҳисоботида.

Ташкилотга кўра, Ўзбекистон экспорти соҳасида табиий газ муҳим ўрин тутади. Жорий ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатдаги газ захирлари миқдори яқин 20 йилга қадар етарлидир.

Айни вақтда, жаҳон банклари фаолиятига баҳо берувчи Moody ташкилоти август ойидаги ҳисоботида Ўзбекистон банк тизимига ижобий баҳо берган.

Лекин мамлакатдаги банк тизимида ошкораликнинг мавжуд эмаслиги сабабли, умуман Ўзбекистондаги банклар фаолиятига баҳо беришда эҳтиёткорлик лозимлиги таъкидланган.

Guardian ўзбек журналисти тақдири ҳақида

Британияда чоп этиладиган "Guardian" рўзномасида ўзбекистонлик журналист Сергей Наумов ҳақида мақола чоп этилган.

Унда Амнести Интренешенел ва HRW ташкилотларига суяниб, Наумовнинг Ўзбекистон пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлри ҳақида хабар бериб келгани ва ҳибсга олиниб, ташқи дунёдан ихоталанган ҳолда ушлангани айтилган.

Мақолада айтилишича, Наумовнинг ҳамкасблари унинг халқаро ташкилотлар билан инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорлик қилгани учун ва пахта даларидаги қонунбузарликлар ҳақида хабар беришининг олдини олиш учун ҳисбга олинганига ишонадилар.