Лондон ажойиботлари: Ҳайвонот боғида туғилган йўлбарсча чўкиб кетди

Image caption Лондон ҳайвонот боғида охирги 17 йил мобайнида биринчи бор йўлбарсча 22 сентябр куни туғилганди.

Лондон ҳайвонот боғи раҳбариятининг тасдиқлашича, кўп йиллардан бери биринчи бор тутқинликда оламга келган суматра йўлбарсчаси сувга чўкиб, ҳалок бўлган.

Йўлбарсча шу йил 22 сентябр куни туғилганди. Бу Лондон ҳайвонот боғида охирги 17 йил мобайнида биринчи бор йўлбарс модасининг кўзи ёриши эди.

Лекин ўтган шанба куни боғ ходимлари қафас ичида ўрнатилган камераларда йўлбарсчанинг кўринмай қолганлигини билиб қолишди.

Қафас текширилган вақтда йўлбарсчанинг жасади у ердаги ҳовуз бўйидан топилди.

Тиббий экспертиза натижасида унинг сувга чўкиб ўлганлиги аниқланди.

Ишонлишича йўлбарсчани онаси уядан олиб чиққан. Унинг қандай қилиб ҳовуз бўйига бориб қолгани номаълум, чунки у ҳудуд камералар назаридан ташқарида.

Йўлбарс қафаси ва унинг атрофидаги ҳудуд яқинда ҳайвонот боғи томонидан атайлаб йўлбарсларнинг кўпайишига имкон яратиш учун қайта ишлаб чиқилганди.

Қафасдаги йўлбарснинг ҳомиладор эканлиги уни ортиқча безовта қилмасликлари учун узоқ вақт сир сақланди ва яширин камералар орқали кузатиб турилди.

Чўкиб кетган йўлбарсчанинг жинси ҳали аниқланмаганди ва исм ҳам қўйилмаганди.

Ҳайвонот боғи ходимларининг айтишларича, улар ҳодисадан чуқур изтирбдалар.

Улар янги она ва унинг йўлбарсчасини безовта қилмаслик учун ён-атрофдаги ҳеч нимани ўзгартирмасликка қарор қилишганди.