Эврилиш. Абдулла Орипов шеъри.

Болалик йилларнинг шўхликлари бор, Ўйин жанжалга ҳам охир етарди. Енгилган жўрамиз тўнғиллаб ночор: - Отамга айтаман! дея кетарди.

Сўнгра мактаб бордик, улғайдик гўё, Кимдир оддий бўлди, кимдир атаман. Алам чекканимиз дер эди гоҳо: - Сени директорга айтаман!

Бир кун катта бўлдик бизлар ростдан ҳам, Ўйлаб гапирмоқ шарт энди ҳар кимга. Сени қўрқитарди бундайроқ одам: - Парткомга айтаман, парткомга!

Замонлар ўзгарди, ўзгарди дўст-ёв, Давр ҳам ўзга бир либосни кийди. Бугун хафа қилса бировни-биров, Дарҳол Би-би-сига айтаман! дейди.