Муҳиддин Кабирий: 'Пайғамбаримиз (С.А.В) ҳам тазйиққа учраганлар, биз ҳам истисно эмас'

Би-би-си меҳмони рукнида минтақадаги ягона расмий диний партия - Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий тингловчи ва ўқувчиларимиз, шунингдек, BBCUzbek.com саволларига жавоб берди.

Би-би-си: 90-йиллар ўрталарида мамлакат сиёсий ҳаётида анчайин йирик ва салмоқли бўлган партиянинг жорий мавқеъини қандай баҳолайсиз?.

Муҳиддин Кабирий: Албатта, бир неча йил аввалгига солиштирганда партиямиз ўрни ҳозирда бошқачароқ. Чунки мамлакатда вазият ўзгарди. Айтиб ўтиш лозимки, 2000-йилдан 2010-йилгача партиямиз издошлари ва тарафдорлари сони ўсди, ривожланиш имкони пайдо бўлди. Лекин 2005-йилги сайловларда яхши натижаларга эришганимиз ва тарафдорларимиз сони кўп эканлиги намоён бўлганидан сўнг, бу ҳол бошқа сиёсий ҳаракатларни, айниқса, қудрат тепасида бўлганларни ҳавотирга сола бошлади. Бизнинг партияга нисбатан сиёсий муносабат кескин ўзгарди. Муаммо ва тўсиқлар пайдо бўлиб, бизга ва бошқа сиёсий ҳаракатларга ривожланиш имконини йўқ қила бошлади. Шунинг учун бир қадар ўзгача шароитда ишлашга тўғри келяпти. Лекин бу партиямиз таъсири камайганини англатмайди. Бизнинг сиёсий қарашларимизни қувватлаганларгина эмас, мавжуд сиёсатдан норози ва тазйиқ остида бўлганларни ёқловчилар ҳам бизни қўлламоқдалар. Хуллас биз ўзгача, мушкулроқ вазиятда ишлашимизга тўғри келмоқда.

Би-би-си: Демак, истеҳзоли равишда партиянгизнинг обрўси ошгани унга нисбатан тазйиқларнинг ҳам ошишига сабаб бўлди, шундайми?.

Муҳиддин Кабирий: Фикримча, нафақат партиямизни қўллаш, балки жамиятда умумий норозилик кайфияти ҳам ошмоқда. Чунки ҳурфикрлиликка қарши олиб борилаётган сиёсатдан норозилар кўпаймоқда. Улар сафларимизга келиб қўшилмасалар ҳам, хайрихоҳлар сифатида сонлари ошмоқда.

Би-би-си: Куни кеча Ислом Уйғониш партиясининг Ҳўжанд шаҳридаги идораси биноси бузиб ташлангани хабар берилди. Расмий изоҳга кўра, бу ерда бошқа бир иншоот барпо этилиши керак, сиз бу қадамни қандай баҳолайсиз?.

Муҳиддин Кабирий: Биз бу амални бизга нисбатан аввал ҳам мавжуд бўлган тазйиқнинг кўриниши сифатида баҳолаймиз. Чунки бу каби ҳодисалар аввал ҳам рўй берди, сценарийси бир, фақатгина қатнашчилар ўзгармоқда. Шаҳар ҳокимлиги қарори билан бизга идорани бузиш учун атиги 10 кун муҳлат беришди. Мамлакат қонунларига биноан, агарда ҳукуматга бирон бино ери керак бўлса, уни олиши мумкин, лекин фақатгина мол-мулк эгаси билан келишилган ва товон тўланганидан кейингина... Лекин Ҳўжанд шаҳри ҳокимиятининг мактубида товон ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Гўёки бу ер кўкаламзорлаштириш учун керак экан. Агарда шаҳарга бу ер керак бўлса, бизнинг қаршилигимиз йўқ, лекин фаолиятимизни бошқа жойда давом эттиришимиз учун молия ажратишсин. Лекин товон ҳақида ҳеч қандай гап йўқ, бу шуни англатадики, биз фаолият юрита олмаслигимиз учун шунчаки, биномизни олиб қўйишмоқчи...

Би-би-си: Ҳўжанддаги идорангизни бузишаётган вақти сиз ўша ерда эдингиз, бу қандай рўй берди?.

Муҳиддин Кабирий: Ҳўжанд шаҳрига борар эканмиз, Истаравшан шаҳрида режаланган учрашув учун тўхтагандик. Лекин Ҳўжандда идорамизни бузиш жараёни бошлангани ҳақида хабар беришди ва зудлик билан етиб келинг, дея айтишди. Ҳўжандга етиб келиб, идорамизга борсак, 10-12 киши томини бузишга киришиб кетишган экан. Эътибор берган ерим шуки, бу кишилар оқ кўйлак, шим кийган одамлар эди. Бу расмий кийимдаги қандай ишчилар экан, деб сўрасам, кўкаламзорлаштириш бошқармаси, шаҳар ҳокимияти ва архитектура бўлими ходимлари бўлса керак, дейишди. Кейин бориб, бозордан мардикорларни олиб келишди. Лекин улар Исломий Партия идорасини бузиш кераклигини билганларидан сўнг, биз бу ишни қилмаймиз , деб кетиб қолишди. Лекин идорани шу заҳотиёқ бузиб ташланглар, дея буйруқ беришган шекилли, кечқурунгача ўша ходимлар бузиш ишлари билан машғул бўлишди. Мен буларни кўриб, дарров ҳокимиятга йўл олдим. Вилоят ҳокими ўринбосари билан учрашдим, у ҳеч нимадан хабари йўқлиги, аниқлаштиришини айтди. Олдимда телефон қила бошлади, лекин ҳеч ким унга жавоб бермади. Кейин шаҳар ҳокимиятидаги сиёсий ва жамоат ташкилотлари учун масъул аёл билан учрашдим. У ҳам дастлаб ҳеч нимадан хабари йўқлигини айтди. Кейин ходимлар ўша ерда эканликларини тан олди ва телефон қилиб, ҳеч бўлмаса эртагача бузиш ишларини тўхтатиб туришни, балким бизга вақтинчалик бино ажратиб бериш имкони ҳақида гапирди. Мен эрта билан яна вилоят ҳокимлигига йўл олдим, лекин бинони 150га яқин милиция ходими қуршаб олган экан. У ерга кирмай, идорамизга бордим. У ерда ўзларини "шаҳар безорилари" дея таништирган ёшларнинг бир гуруҳи қарши олиб, менга ҳатто бинога яқинлашгани йўл қўйишмади. Улар анчайин тажовузкор ҳолатдаги йигитлар эди. Яқин ўртада турган милиция ходимлари мени ҳимоялаш учун ҳеч нима қилишмади. Ҳатто ўзимнинг тансоқчиларимни суриб чиқармоқчи бўлишди. Охир-оқибат идорамизга кириб, милиция билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим, улар фақатгина менинг шаҳардан хатарсиз чиқиб кетишимни таъминлай олишларини айтишди. Шу пайт аёлларга тўла бир автобус етиб келди. Улар бақир-чақир қилиб, тўполон кўтариб, уларнинг олдига чиқишимни талаб қила бошлашди. Мен чиқмоқчи эдим, милиция ходимларининг ўзлари хавфсизлик хавотирлари туфайли бундай қилмасликни маслаҳат беришди. Яқинда Кўлобда бўлгани сингари нарсалар отишлари мумкин эди, шунинг учун мен ҳам шаштимдан қайтдим. Милиция уларни ушлаб туриши ва шу пайт мен чиқиб кетишим мумкинлигини айтишди. Чиқиб кета туриб, худди ўша аввал айтилган ҳақорат ва шиорларни эшитдим. Шунинг учун буларнинг ҳаммаси бир сценарий асосида рўй бермоқда, деб ўйлайман. Бугунга келиб, Ҳўжанддаги идорамиз биноси бутунлай вайрон этилган.

Би-би-си: Мана шу каби муҳитда партиянгиз минтақадаги ягона Ислом Уйғониш Партияси сифатида қола билади, деб ўйлайсизми?.

Муҳиддин Кабирий: Биласизми, умид қиламанки, бу каби ўйинларни бошлаганлар унинг хавфли ўйин эканлигини тушуниб етадилар. Чунки вазият назорат остидан чиқиб кетиши эҳтимоли бор. Минтақада ягона исломий партия сифатида омон қоламизми, йўқми - буни вақт кўрсатади. Бизни йўқотишлари учун биз баҳона берганимиз йўқ, ваҳоланки, бундай баҳонани кутиб туришибди. Тазйиқларга келсак, бу бир анъанага айланиб қолди, шунинг учун шай туришимиз керак. Лекин вазиятни таранглаштириш на ҳукуматга ва на жамиятга наф келтирмаслигини тушунишларига кичик умидим бор. Ҳаммамиз ўтирган қайиқни чайқатиш кимга керак?. Бу албатта умид, афсуски, амалдаги фактлар бунинг тескарисидан далолат бермоқда. Исломий ҳаракатлар учун бу табиий нарса, шекилли. Пайғамбармиз Муҳаммад (С.А.В) ҳам тазйиқ остида бўлганлар-ку, ўз қабиладошлари томонидан қай кунларга солинмаган. Ватандан бадарға қилишган, тош отишган, калтаклашган. У каби олийжаноб зотга шундай муносабат қилишган бўлса, биздек оддий бандалар нима учун бундан истисно бўлишимиз керак?. Ана шундай фалсафий ёндошсак, бу машаққатларни енгиб ўтишимиз осонроқ бўлади. Бағрикенг ва чидамли бўлишимиз керак.

Би-би-си: Ўқувчилармиз асосан ўзбекзабон бўлганлари учун ўзбек-тожик муносабатлари ҳақида ҳам саволлар келган. Масалан, мана бундай: Ҳурматли Муҳиддин ака, ўзбек- тожик муносабатларида, халқлар орасида дўстлик ва бирдамлик мавжуд. Лекин сиёсий қарашларда ҳозирги кунда ўзбек-тожик муносабатларидан ёмонроқ ҳолга келган давлатлар топилмаса керак. Айтинг-чи, сизнингча бу сиёсий муносабатларни бирдамликка, дўстона ва ҳамкорликка етаклайдиган бирор бир йўли борми (ёки қолдими)?.

Муҳиддин Кабирий: Фикримча, икки халқ ва давлат ўртасида муносабатларнинг ёмон бўлиши учун объектив омиллар мавжуд эмас. Асосан бу омиллар субъектив ва ўзаро келиша олмаётган алоҳида шахслар билан боғлиқ. Мен ўқувчингиз фикрига қўшиламан. Тарихан ўзбеклар ва тожиклар ўртасида муносабатлар ҳамиша яхши бўлиб келган. Улар нафақат яхши муносабатларга эга бўлишган, улар ягона ҳаёт билан яшаганлар. Ҳозирда муносабатларнинг совуқлашиб кетгани сиёсатчиларга боғлиқ. Иқтисодий, сув заҳиралари билан боғлиқ муаммолар бор, албатта. Лекин бу каби муаммолар бошқа ерларда ҳам бор. Ечим топилади. Лекин бизнинг муаммоларимиз сиёсатлашган ва ечим кўпда раҳбарларимизнинг кайфиятларига қарам. Фикримча, икки раҳбар тил топишмас экан, бу муаммолар сақланиб қолаверади. Лекин бу ерда бир нарсани очиқроқ айтай. Мен бу ерда Тожикистон вакили сифатида айтаётганим йўқ, объектив айтишга ҳаракат қиламан. Фикримча, ўзбекистонлик сиёсатчилар ўзларини диалогдан олиб қочмоқдалар. Тожикистон томони музокаралар столи атрофида йиғилишга ҳаракат қилмоқда, лекин бунга жавобий ҳаракат йўқ. Лекин умид қиламанки, эртами-кечми, улар музокарларга киришадилар. Шунинг учун мен бу борада хушбин бўлишга ҳаракат қиламан. Чунки бошқа йўл йўқ. Иккала халқ ҳам бу ўйиннинг қурбони бўлмоқдалар ва азият чекмоқдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02