Биринчи Жаҳон Уруши: аслида биринчи бўлганми?

АҚШ "Лузитания" кемасининг чўкиши Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY
Image caption АҚШ "Лузитания" кемаси 1915 йили Олмон сув ости кемасининг ҳужумига учраган.

Биз ҳозирда у даврдаги ҳарбий жангларни "Биринчи Жаҳон Уруши" деб таърифлаймиз, лекин бундай аташ қанчалик тўғри? Ҳақиқатдан ҳам, бу глобал миқёсдаги уруш бўлганми? Ва аслида бу урушни "биринчи" деб таърифлашга қанчалик ҳақлимиз?

Ўша даврда яшаган замондошлар уруш ҳаракатларини бутун жаҳон урушидек қабул қилиб, шундоқ таърифлашган ҳам. "Жаҳон Уруши" ибораси (Weltkrieg) биринчи марта Олмонияда 1914 йилда пайдо бўлган. Франция ва Британия урушни "Улуғ уруш" деб атаган, бироқ кейинчалик можаро ривожлангани сари "Жаҳон Уруши" деган иборани қабул қилганлар.

Олмонлар Британ ва Франция империялари уларга қарши курашаётганларига гувоҳ бўлиб, бошидан бутун дунё Олмонияга қарши кўтарилди деб тушунишган. Улар урушнинг йирик миқёсда бошланиб кетганини бутун дунё қўллаётганидек хис қилишган. "Жаҳон Уруши" термини қўрқувлар миқёсини ҳам кучайтирган.

1945 йилдан сўнг, тарихчилар "Биринчи Жаҳон Уруши" иборасини ўзларининг назарияларига мос тушган деб ўйлашган. Улар 1914-1918 йиллар қонли ҳодисаларни халқаро даражада рўй берган индустриал можародек кўрганлар.

Бироқ, "Биринчи Жаҳон Уруши" дейиш тўлиқ маънони англатмайди каби қарашлар ҳам бор. Ўн саккизинчи асрда Оврўпо давлатлари ўртасида ҳукмронлик учун бошланиб кетган Етти Йиллик Уруш, Наполеон Урушлари жаҳон бўйлаб бир неча қитъаларда давом этиб, дунё савдосига салбий таъсир қолдирган.

Бундан ташқари, Хитой, жанубий-шарқий Осиё ва Тинч уммони оролларида кенг миқёсда жанглар содир бўлган. Иккинчи Жаҳон Уруши билан солиштирсак, 1914-1918 йиллардаги уруш кўпроқ Оврўпога тегишли бўлган можародек кўриниши мумкин. Уруш оқибатларини белгилаган жабҳа чизиқларининг барчаси Оврўпо қитъасидан ўтган.

Шу фактларни инобатга олиб, уруш биринчи бўлгани ё бўлмаганига қарамай, глобал ҳусусиятга эга деб айтиш мумкин. 1914 йили қудратли давлатлар ўз империяларини бир бирига қарши қилиб қўйишган. Курраи заминнинг деярли ярмини эгаллаб олган Британия ва Франция империялари Африка ва Автралиядан тортиб Осиёгача ёйилган эди. Россия империяси шимолда Сибир ерларидан тортиб Қофқозга қадар ва шарқда Владивостоккача ҳудудларни қамраб олган. Япония 1914 йили Британия ва Франция иттифоқдошлари тарафида уруш эълон қилиб, Хитойда Олмония мустамлакаси бўлган бир қисмини ишғол қилган. Усмонийлар империясининг урушга кириши Яқин Шарқда Фаластиндан то Ироққача ҳудудларни можарога ташлаган. Кейинчалик, АҚШ ва Бразилия иттифоқдошларнинг тарафида курашишга қарор қилиб, Британ империясининг қисми деб саналган Канада кучларига қўшилганлар. Шу тариқа, уруш алангаси деярли бутун дунёга тарқалиб кетди.

Баъзи тарихчиларнинг даъволарига кўра, Америка қитъаларининг қуруқликларида уруш давомида биронта жанг рўй бермагани туфайли, Биринчи Жаҳон Урушининг миқёси Етти Йиллик Уруш ёки Наполеон Урушлари билан солиштирганда глобал харакатерга эга бўлмаган. Бироқ шу билан бошқаларининг фикрича, денгизда бўлган жанглар, яъни Фолкленд ороллари учун кечган жанглар ҳамда Атлантик уммонини кесиб ўтаётган пайтда ҳужумларга дуч келган Америка кемаларининг барбод бўлгани инобатга олинса, унда бу ҳақиқий глобал миқёсда рўй берган уруш деб айтиш мумкин.

Белгия ва Шимолий Францияни бўлиб ўтган Ғарбий жабҳа ҳаммага маълум. Оврўпонинг қолган ҳудудлари ҳам уруш зоналарига айланганди. Шимолдаги Болтиқ бўйидан бошлаб жанубдаги Австро-Венгриягача чўзилган Шарқий жабҳа бугунги кунда Полша, Венгрия ва Руминия ҳудудлари сифатида маълум бўлган ўлкаларда ҳам жанглар кечиб, Сербия бир зумда босиб олинганди. Италия ҳудудининг шимолий-шарқий чегараларида, Доломит тоғларида оғир жанглар кечган ва Венеция шаҳри ҳаво ҳужуми остида қолиш ҳавфи туғилган. Россия Усмонийлар империясига қарши Қофқоз тоғларидан ўтган жабҳада шафқатсиз ва қонли жангларни олиб борган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY IMAGES
Image caption Биринчи Жаҳон Урушида қатнашган турк пиёда аскарлари

Қарама-қарши томонлар урушга тортилгани сари можаро тобора кучайиб кетган. Британияликлар Дарданел қўлтиғида жойлашган Галлиполи ҳудудида жабҳа очишган, ҳозирда Ироқ номи билан танилган Месопотамияда ҳам қатор жанглар қилиб, Бағдодни қўлга киритганлар, ҳамда Қуддус устидан Миср билан уруш қилганлар. Жанубий Тинч уммонида Австралия қўшинлари Олмониянинг бир неча мустамлака ҳудудларини эгалаш учун уруш қилганлар. Африкада иттифоқдош қучлар Олмонияга қарши унинг мустамлакалари деб ҳисобланган Намибия, Танзания ва Тогода уруш олиб борганлар. Турли баҳоларга кўра, деярли икки миллион африкаликлар Биринчи Жаҳон Урушида ё аскар ёда ёлланма ишчи сифатида қатнашганлар.

Бундан ташқари, ҳар бир жабҳа ортидан оддий одамларнинг ҳаётлари барбод бўлган. Зироатчилик саноатлари тўлиқ ишлатилган. Тинч аҳоли ё очликдан ўлган ё қочишга мажбур бўлган. Африкада курашган ғарб армияларининг барчаси ҳарбий ҳаракатларда хизматкорлардан фойдаланганлар. Маҳаллий одамлар аскарлар учун озиқ-овқат таъминотини ва қурол аслаҳаларни етказиб берганлар. Улар орасида ўлим даражаси жуда юқори бўлган. Уруш давомида Шарқий Оврўпода, айниқса Россияда, қочқинлар сони кескин кўтарилиб, 1917 йили инқилобидан сўнг вазият яна ҳам ёмонлашган. Урушда этник озчиликларнинг аҳволи ўта абгорлашади. Ҳусусан, чор Россияда яҳудийлар тазйиқ остида қолиб кетганлар, Усмонийлар империяси маҳаллий арманиларга қарши кампаниялар ўтказган, бу ҳаракатлар кейинчалик уларнинг қирғин ва сургун этилишларига олиб келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY
Image caption Асир тушган рус аскарлари,1915 йил

Биринчи Жаҳон Урушида турли этник гуруҳлар ва миллатлар қатнашганлари учун ҳақиқий глобал уруш бўлган. Британ армияси миллиондан ортиқ ҳиндларни ёллаган. Французлар Мадагаскар, Хитой, Сенегал, Алжир ва Тунисдан маҳаллий эркакларни Оврўпога олиб келганлар. Олмонияликлар африкаликларни фақат Африкада ишлатишган, уларнинг уйлашларича, қора танли аскарлар Оврўпода жанг қилишса бу ирқий иерархияни бузиши мумкин.

Британ ва Франция жанг қилаётган аскарлар билан бир қаторда мустамлакалардан ишчи кучни ҳам олиб келганлар. Улар кўпинча жабҳа чизиғига қўйилгандилар.

Агар биз урушга унинг идеологик таъсири нуқтаи назаридан баҳо бермоқчи бўлсак, бу таъсир глобал бўлган, деб айтишимиз мумкин. Урушдан қолган иқтисодий мерос бутун дунёни ўзгартирди. Молия амалиётлари пойтахти Лондондан Нью Йоркга кўчиб, Оврўпо қишлоқ хўжалиги барбод бўлгач, Аргентина ва Канада ўз зироатчилик маҳсулотларини қўпайтиришга киришди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY
Image caption Францияда жанг қилган Британиянинг ҳинд қўшинлари.

Дунёда ижтимоий муомалалар ҳам ўзгарди. Япония урушдан кейин йиғилган Миллатлар Лигасига барча ирқларнинг тенг ҳуқуқлилиги борасида моддани қабул қилишни талаб қўйди, бироқ бу ҳаракат мувафақиятга эришмади. Шундай бўлсада, бу ғоя одамларнинг зеҳнияти ўзгараётганидан далолат эди.

1919 йили Парижда бўлиб ўтган Биринчи Пан-Африка конгрессида Африка халқлари ўз- ўзларини бошқаришлари керак деган ғоя янгради. Урушдан қолган мерос янги ғояларнинг пайдо бўлишига айланган, яъни халқлар ўз тақдирини ўзлари хал этишлари керак ва халқаро ҳамжмиятнинг яқин ҳамкорлиги йўлга қўйилиши каби тушунчалар кейинчалик ўрнатилишига сабаб бўлди.

Бу уруш дунёнинг ҳар бир бурчагига таъсир қилган, ва таъсир миқёси ҳамда ўзгаришлар тўлқинини назарда тутсак, бу маънода уруш шак-шубҳасиз биринчи бўлган деб айтишимиз мумкин.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ