Ўзбекистон мустақиллиги: Ким эдигу ким бўлдик...

Ahmad Khorazmiy Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Аҳмад Хоразмий Шўролар даврида Ўзбекистон илму-фанига ўз хиссасини қўшган

Ўзбекистон мустақиллигига бағишланган ҳукумат ҳужжатларида “аҳолининг ҳаёт даражаси бўйича собиқ СССРда энг охирги ўринлардан бирини эгаллаган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, қолоқ аграр республикадан бугунги кунда саноати тез суръатлар билан ўсиб бораётган мамлакатга айланган” деб таъкидланади.

Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилган мутахассис ва олим Аҳмад ҳожи Хоразмий Совет даврида ўзи гувоҳ бўлган вазиятни ҳамда бугунги кунда қишлоқ хўжалигидаги аҳволни таққослашга уринади.

“Саноати тез суръат билан ривожланаётгани бордир, лекин бир фактга эътибор қаратиш керак. Совет даврида Ўзбекистоннинг аҳволи ёмон бўлмаган ва минтақадаги бошқа халқларга нисбатан анчайин яхши эди," дейди мутахассис.

“СССР даврида туркманлар, руслар, қозоқлар келиб, бизнинг Тошкентимизга келиб нон еган. Ҳозирда эса Ўзбекистоннинг миллионлаб халқи ўша Россияю-Қозоғистонларга бориб, мардикорлик қилаяпти. Буни қандай тушуниш мумкин?”

Шўролар даврида Ўзбекистон Марказий Осиё республикалари қатори Шўро давлати учун хомашё манбаъи бўлганини барча иқтисодчилар тан олишади.

Бироқ, “қолоқ аграр”, яъни иқтисоди фақат қишлоқ хўжалигига таянгани туфайли ривож топмаган деб айтиш қанчалик ҳақиқатга тўғри келади?

Image caption Тошкентда юқори малакани талаб қиладиган авиатор касбидаги 10 минг кишини иш билан таъминлаган ТАПОИЧ фаолият юритган.

Аҳмад ҳожи Хоразмийга кўра, “Бу гапда жон бор. Чунки ўша пайтда фақатгина Ўзбекистон эмас, Марказий Осиёнинг деярли ҳамма республикалари аграр эди. Фақат пахта монокультураси билан, озмунча чорва билан шуғулланишарди. Пахта ўзимизда қайта ишланмасди, Россиянинг Ивановосига кетарди. Бор нарсани бор дейиш керак. Мустақилликдан сўнг мана шу масалаларга кўпроқ эътибор берилди”.

Бироқ шу билан бирга 1960- ва 1970-йилларда Африка ва Осиёдан ўқишга келган талабалар Тошкентда жойлашган ирригация, қишлоқ хўжалиги, халқ хўжалиги институтларида билим олганлар.

Ўзбекистон олимлари аграр саноати ва мелиорация соҳалари бўйича катта сондаги кадрларни тайёрлаб чет элларга жўнатишарди.

Аҳмад ҳожи Хоразмий ўтган даврларда Ўзбекистон илму-фанига ҳам ўз ҳиссасини қўшган.

У 1979-1980 йилларда ҳозирги Тошкент Давлат Аграр университетида доцент бўлиб ишлаган вақтида у Мозамбикка бориб пахта институтини ташкил қилган.

“Мозамбиқда пахтачиликни ривожлантириш масалаларида қанчадан-қанча китоб чиқариб, африкаликларни ўқитганман,” дейди у.

Баъзи кузатувчилар бугунги кунда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги инқирозга йўл тутмоқда деб хавотир билдиришади.

Ўтмишда Ўзбекистон пахтачилик институти Хоразм филиали директори сифатида фаолият олиб борган зироатчилик эксперти Аҳмад ҳожи Хоразмий бу фикрларни қўллаб-қуватламаса ҳам бироқ атроф-муҳитнинг тобора ёмонлашиб бораётганидан ўз хавотирларини яширмайди.

“Совет даврида экологияга, ернинг ҳосилдорлигига эътибор бериларди, ҳатто раҳбарларни жазолашарди, керак бўлса. Тўғри, ерга агрохимикатларни солиб, сиз жуда кўп маҳсулот олишингиз мумкин. Ўн йилдан кейин, йигирма, эллик йил ўтгач, нима бўлади у ер? Оролни йўқотганимиздек ерни ҳам йўқотмаслигимиз керак”.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ