Ўзбекистон мустақиллиги: Ким эдигу ким бўлдик...

Uzbek photographer Umida Ahmedova
Image caption Ўзбекистонлик санъаткор Умида Аҳмедова "Аланика" симпозиумида қатнашган

Мустақилликдан кейин Ўзбекистон маданияти нималарга эришди ва Шўролар давридаги нималаридан айрилди?

Санъат СССР замонида иқтидордаги мафкурага хизмат қилгани каби ҳозир ҳам хизмат қилиши керакми?

Таниқли фоторассом ва кинодокументалист Умида Аҳмедованинг айтишича, ўзбек расмийларининг маданият ва санъат ишларига қизиқишлари ва аралашишлари муаммоларни пайдо қилади.

Ўзбек халқининг маънавий ва маданий дунёқарашида 23 йил мобайнида юз берган сезиларли ўзгаришлар ҳақида Умида Аҳмедова мана бундай фикрда:

"Санъат профессионал жиҳатдан майдаллашиб кетди. Ёшлигимизда биз "Ҳамза" театрига бориб, Шукур Бурҳонов иштирогида "Шоҳ Эдип" пъесасини тамоша қилардик. Ҳозир эса бугунги постановкаларнинг савияси пасайиб, "хонтахта" театри бўлиб кетди.. Бугунги театр - хотинларнинг гапидан чиққан машмаша", дейди Умида Аҳмедова.

Лекин санъатда миллий мавзуларни кўтариб чиқиш ўзбекларнинг ўтмишда, Шўролар давридаги тарғиботлар туфайли унутилган миллий урф-одатларини қайта жонлаштириш ҳамда уларга қайтишни англатмайдими?

"Йўқ, лакалакатум - бу урф-одатларга қайтиш эмас. Урф-одатларга қайтиш учун, уларни чуқур ўрганиш керак", дейди фоторассом ва кинодокументалист.

Яқинда Умида Аҳмедова Осетияда ўтказилган "Аланика" номли халқаро санъат симпозиумида иштирок этган.

Ўз тақдимотида ўзбек санъаткори "Мен икки касбни мужассам қилган шахсман, ҳам фотограф ва ҳам кинооператорман" деган.

Дарҳақиқат, бу таниқли санъаткор ҳукумат расмийлари рухсат бермаган бир неча фотокўргазмани ташкиллаштиришга уринган.

"Бокиралик юки" деб номланган ҳужжатли фильми учун ўзбек халқига туҳмат қилганликда айбланиб, маҳкамага ҳам тортилган.

Умида Аҳмедова мустақиллик йилларида қад ростлаган Тошкент осмонўпарларининг ўрнига қишлоқ ҳаётидан манзараларни кўрсатишни афзал кўради.

"Кинода ҳам, театрда ҳам ҳеч кўрмаганман мен жамиятнинг муаммоларини. Ахир касални бекитсанг, барибир иситмаси ошкор қилади-ку", дейди у.

Маданиятнинг хозирги чегараланган ва турли тўсиқлар ҳамон мавжуд ҳукм этаётган аҳволини кўриб туриб, келажакда глобализм тенденциялари ривожланиб боргани сайин ўз ватанида тан олинмаган ўзбек маданиятининг ёрқин вакиллари дунёнинг турли бурчакларида катта ютуқларга эришади, дея умид билдиради Умида Аҳмедова.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди