Ўзбекистон мустақиллиги: Ким эдигу ким бўлдик...

Uzbek activist Namoz Normumin
Image caption Намоз Нормўминга кўра, динда камчилик бўлмайди, камчилик мусулмонларда

Ўзбекистонда мустақилликка эришилгач, диний ақидаларни ва анъаналарни тиклашга кўп ҳаракат қилиб қелинмоқда.

Истиқлол даврида Ислом динига юксак эътибор берилиб, эски масжидлар қайта таъмирланиб, янгилари қурилиб очилмоқда.

Совет даврига нисбатан ҳажга йўлланган зиёратчиларниг сони анчайин кўпайган бўлса ҳам, бироқ мамлакат аҳоли сони нуқтаи назаридан ўзбек ҳаж зиёратчиларининг сони ҳали ҳам кам.

Шўролар даврида динга бўлган муносабат ва мустақиллик йиллари ўзбекистонлик мусулмонлар эришган ютуқлар ҳақида кўп фикру-мулоҳазалар билдирилмоқда.

Муҳожиротда истиқомат қилаётган “Туркистонликлар ҳалқаро ҳамкорлик жамияти”нинг асосчиларидан бири ва исломий маърифатчи Намоз Нормўминга кўра, “Ўзбекистон мустақил давлат бўлиши биз учун жуда катта аҳамиятга эга. Чунки бир миллатнинг ўзининг давлатга эга бўлиши ўз қадриятларини қуриқлийдиган воситага айланишини англатади”.

Шу билан бирга Намоз Нормўмин диний жиҳатдан рўй берган катта ўзгаришларни эслатади. “Ўзбекистонда уч мингдан кўпроқ масжид очилган...намозхонларнинг сони ташқарда юрган одамларни хисобламайдиган ҳолда беш миллионга яқин”.

Бу ўзгаришларда ҳукуматнинг роли қандай эди? Намоз Нормўминга кўра, “Ўзбекистонда ҳукумат, давлат деганда , афсуски, бу бир кишининг иродаси, тушунчаси билан ифодаланади. Ислом Каримов – атесит ва коммунист, шунинг учун у Ислом ва мусулмонларга коммунистларча муносабат билдиради”.

Айни дамда Ўзбекистон ичида мусулмонларга катта тазийқлар ўтказилаётир, дейди Намоз Нормўмин. Лекин шу қийинчилликларга қарамасдан, Совет даврига нисбатан ҳозир Ўзбекистонда ҳам, Марказий Осиёда ҳам исломий тарафга жуда катта туб ўзгаришлар бўляпти, деди маърифатчи. Масжидларнинг, диний мактабларнинг сони ўсиб боряпти.

“Ўзбекистон мусулмонлари даҳрий Совет тузумида нимага эришган эдилару-мустақиллик даврида нималарга эга бўлишди", - деган савол ҳозирда кўп такрорланмоқда. “Аввалги замонлар яхши эди, мустақиллик ўзи нима берди?”, - сўралган саволга жавобан масжидларда имомлар эришилган ютуқларни бирма-бир йиғилган намозхонларга эслатмоқдалар. “Жума намозлари эса ўтмишдаги партия мажлисларини эслатади” деган кўпгина шикоятлар янграмоқда. Бугунги кунда дин арбоблари давлат сиёсати билан мутлақ ҳамфикр деб ўйлайди Намоз Нормўмин. "Байрамларда Ислом Каримов ёнида турган муфтият раҳбарларини сарой уламолари деб айтиш мумкин. Муфтийларнинг, имомларнинг фаолияти ҳукумат томонидан ҳар томонлама назорат қилинади ва у ердаги фаолиятнинг қандай олиб боришини ҳукумат белгилайди. Улар мустақил фаолият олиб боролмайдилар”.

Баъзи кузатувчиларнинг айтишларича, Ўзбекистонда дин фақат насиҳат бериш ва дуо қилишга бориб тақалади. Намоз Нормўминга кўра, жамиятда эркинлик йўқлиги, ҳамда дин жамоат ишларидан ажратилгани сабаб ўзбек уламоларининг ижтимоий ҳаётда роли сезилмайди.

Дунёда Ислом дини таназзулга учраётгани хақида кўп ёзишади айниқса Ғарб матбуотида. Ироқ, Сурия , умуман Яқин Шарқда қонли ҳодисалар рўй бериб, Ислом дини номидан қанчаю қанча бегуноҳ одамлар ИШИД каби гуруҳлар қўлидан қатл этилмоқда. Ислом динида жиддий инқироз вужудга келмоқда деган қарашлар ҳам тарқалмоқда. Исломий маърифатчи Намоз Нормўминнинг айтишича, “динда инқироз юз бермоқда деб гапириб бўлмайди, чунки дин мукаммал. Динни ислоҳ қилиб бўлмайди, динда камчилик бўлмайди, камчилик мусулмонларнинг ўзида”.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди