Ўзбекистон мустақиллиги: Ким эдигу ким бўлдик...

Ўзи “Ким эдигу ким бўлдик” шиори жамиятнинг қайси қатламларига қаратилган?

Ҳали ўсиб-улғаймаган ёшларгами ёки ўз бошидан кўп кунларни ўтказган қарияларгами?

Ўзбекистонлик журналист Сид Янишевга кўра, “ёшлар улар ўтмишда ким бўлганлари борасида фикр билдиришлари ҳали эрта. Ота-оналаримиз яшаган даврдаги шароитни ҳозирги мустақиллик даврида ҳамон ҳаёт бўлган оқсоқолларимизнинг шароитлари билан солиштирсак ва нафақат Ўзбекистон, балки Болтиқбўйи мамлакатларидан ташқари Совет Иттифоқининг бошқа давлатларида юзага келган шароитлардан улар ажралиб туради. Яъни ҳаммамизда ўтмишимиз бир хил бўлган, аммо ҳозирдаги ҳаёт кескин ажралиб туради”.

Парчаланиб кетган Совет Иттифоқи мамлакатлари сиёсий ва иқтисодий ривожланишда турли йўл танлаганларига қарамай, йигирма йил ўтгани билан постсовет ҳудудида яшаётган аҳоли бир хил зеҳниятга эга, деб ўйлайди Сид Янишев.

“Биз собиқ Совет Иттифоқининг қайси бир мамлакатига бормайлик, ҳамма ерда ўзимизни худди ўз уйимиздек ҳис қиламиз”.

Image caption Мустақил журналист Сид Янишевга кўра, ўтмишда қандай бўлганимиз муҳим эмас

Мустақиллик даврида чегаралар очилгани туфайли ҳар қачонгидан ҳам кўра кўп ўзбекистонлик мамлакат ташқарисига чиқиш ва сафар қилиш имкониятига эга бўлдилар. Кўплар хорижда иш топишган ва ишлашмоқда, оилаларига пул юбориб туришга қодирлар. Бу ҳам мустақилликнинг ижобий томони эмасми?

Сид Янишевга кўра, ҳамма нарса таққослашда, ўзаро солиштиришда билинади. “Россияликлар учун кўп ижобий ўзгаришлар содир бўлган, кўпгина мамлакатлар уларга чегараларини очиб, ўзаро визасиз режим ўрнатишган. Четга чиққан ватандошларимиз пул илинжида борди-келди қилиб юришга мажбур. Меҳнат муҳожирлари жўнатган пулларга оилалари Ўзбекистонда ҳар ҳолда кун кўришлари мумкин".

Сид Янишевнинг айтишича, “одамларнинг ўз ватанида муносиб ҳаёт кечира олмасликлари - Ўзбекистоннинг замонавий тарихида жуда уятли ва шармандали факт”.

Унга кўра, ҳаётлари ҳақида ўйлаётган мигрантлар “Нима учун?” деган савол билан ўзларини қийнашади.

“Нима учун, бир пайтлар ҳаммамиз бир хил яхши ҳаёт кечирганимизда, кимлардир ҳозирда Совет давридаги ҳаётларидан фарқли ўлароқ яхшироқ ҳам кун кўрадилар, лекин нимагадир жонажон Ўзбекистонимизда аҳвол кундан-кунга абгорлашиб кетмоқда?”

Ўтмишда қандай бўлганимиз – муҳим эмас, муҳимроғи биз қандай келажакда яшаймиз ва қандай ҳаёт қурамиз, дейди Сид Янишев.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди