Авлиё Валентин куни: афсона ва ҳақиқат

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption 14 феврал Ғарбда севишганлар куни деб ҳисобланади

Авлиё Валентин куни ҳар йил 14 февралда нишонланади. Бу куни ошиқлар ўзларининг ишқ-муҳаббатини ўзининг маъшуқу маъшуқаларига билдиришади. Одатда улар ё гулхат, ё гулдаста, ё-да ширинликлар юбориб, ўз муносабатини изҳор этишади.

Бу кун ҳамиша шундай бўлганми? Баъзилар бунга ишонишса, бошқалар бунда тижорат ўзининг фойдаси йўлида ташкил қилган кунни кўради.

Хўш, биз бу кун ҳақида нималарни биламиз?

Насронийликдан аввал

Валентин куни Римликларнинг Луперкалия деган уч кунлик байрамидан келиб чиққан. Луперкалия байрами баҳорнинг бошланишини нишонлаб, мўл-кўлчилик илоҳиятига бағишланган. Ўша пайт йигитлар қутичалардан қизларнинг исмлари ёзилган қоғозчаларни олиб, байрам чоғи қаллиғлашиб, кейинчалик хатто бир-бирига уйланишган.

Насронийлик келганида, бу жоҳил одатларни йўқ қилмоқчи бўлиб, Луперкалия байрамини Авлиё Валентин байрамига айлантирган.

Рақиб шаҳидлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Валентинларнинг қай бири байрамнинг "отаси" эканлиги номаълум

Илк бор Авлиё Валентин куни 496 йили 14 феврал куни Рим Папаси Геласиус тарафидан эълон этилган. Валентин, маълум бўлишича, шаҳид кетган насронийлардан бўлган экан.

Одатда уни 3 асрда дин йўлида қатл этилган Римлик руҳоний дейишади.

Бироқ, бошқа манбаларга кўра, Валентин шимолий Африқолик шаҳид бўлган. Яна бири Рим ёнидаги Терни шаҳарчасида шаҳид бўлган Валентин дейилади.

Бу уччала Валентин ҳақида бошқа маълумот йўқ. Бироқ булардан биринчиси кўпроқ шуҳрат қозонган.

Ошиқ Валентин

Ривоятга кўра Император Клавдий Иккинчи уйланишни таъқиқлаб қўйган экан, чунки унингча уйланган эркакдан яхши аскар чиқмасмиш.

Валентин эса Худонинг айтганини қилиб, яширинча уйланган экан.

Клавдий бундан хабар топгач, Валентин қамалади ва ўлимга ҳукм этилади.

Қамоқда у қамоқхона бошлиғининг қизига ошиқ бўлиб, қатл куни 14 февралда унга ишқ мактубини йўллаб, уни "сенинг ошиқ Валентининг" деб имзолайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Гуллар орасида кўпроқ бу куни атиргул сотилади

Ана шундан бугунги кундаги гулхат юбориш анъанаси қолган эмиш.

Ўрта асрларда бу кунга салмоқ берган икки ёзувчи Чосер ва Шекспирдир. Уларнинг асарларида бу байрам севги байрами сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

19 асрга келиб гулхатлару ҳадялар юбориш улкан саноатга айлана бошлайди. Чунки энди гулхатларни оммавий равишда нашриётларда чоп этиш мумкин бўлади.

1916 йили АҚШнинг Миссури штатидаги Канзас шаҳрида жойлашган Hallmark Cards ташкилоти "валентинномаларни" оммавий тарзда бутун дунё учун чиқара бошлайди.

Валентин куни, 2015

55% америкаликлар уни нишонламоқчи

$18.9 млрд

АҚШда шу куни сарф этиладиган пул

$142.31

киши бошига сарфланади

  • 53.2% ширинлик сотиб олади

  • 51.4% гулхат олишади

  • 37.8% гул харид қилишади

  • 35.1% кечқурун ресторанга боришади

Ҳозирда бу саноат Валентин куни 132 миллион гулхат сотади.

Эндиликда Авлиё Валентин байрами дунё бўйлаб, ва айниқса АҚШда улкан саноатдир. Бу куни Американинг ўзида $18.9 миллиард долларлик гул, гулхат ва ҳадялар сотиб олинади. Бу дегани киши бошига АҚШда бу куни $142.31 сарфланади.

Хулласи, эндиликда бу кун баъзи диний, баъзи романтик ва баъзи тижорий унсурларга эга - севгининг ўзи ҳам шундай эмасми, дейишади баъзилар.