Касални яширсанг, иситмаси ошкор қиладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Нима учун Ҳиндистон ҳукумати Би-би-си томонидан ишланган ҳужжатли филм намойишини тақиқлади?

Ҳозирда мамлакат раҳбарлари бу саволни ўзларига қайта-қайта беришлари керакдир.

Агарда улар одамларни ушбу филмдан хабар топишларининг олдини олмоқчи эсалар, бунинг нақд акси рўй берди.

"Ҳиндистон қизи" филмига тақиқ жорий этилган ўтган сешанба кунидан бери ҳар бир янгилик нашрининг бош саҳифаси ушбу филм ҳақидаги мақола билан очилмоқда.

Ижтимоий саҳифаларда ушбу филм энг кўп тилга олинаётган мавзу ва телевидениедаги баҳсларда иштирокчилар филмдаги мавзуни бот-бот бир-бирларига бармоқ ўқтаб, ҳиссиётларга берилиб, муҳокама қилмоқдалар.

Филмнинг Ҳиндистонда тақиқланишига сиёсий сабаб бор. Қизни зўрлаб, ўлдиришда айбдор, дея топилган маҳбуслардан бири билан суҳбатга рухсатни аввалги ҳукумат берган. Ҳозирда иқтидорда бўлган BJP партияси ўзини бу масаладан ўзоқлаштиришга ҳаракат қилди.

Ички Ишлар вазири Ражнат Синг эса маҳбуснинг сўзларидан бутун миллат "уятга ботганлиги"ни айтди.

Дастлаб филмни тақиқлаш қарори кўплаб дастакка эга бўлганди.

Аввал ҳатто феминист фаоллар ҳам "зўрловчиларга матбуотда минбар берилмаслиги керак" дея айтиб чиқишди.

Лекин ўшандан бери матбуотда "тақиқ ўринсиз эди", деган фикр кенг тарқалди.

Филм тақиқи учун келтирилган сабаблар савол остига олинмоқда.

Деҳлидаги автобусда талаба қизни ваҳшийларча зўрлаб, ўлдиришда айбланган маҳбуснинг интервюси омма тартибсизлигини келтириб чиқариши мумкин, деган хавотир янграганди.

Маҳбус Мукеш Синг томонидан изҳор этилган фикрлар албатта жирканч. У қилмишидан афсусда эканлиги изҳор этмайди, аксинча, зўрланган қиз ҳужум қилишга интилиб, ўз ўлимига сабаб, бўлди, деган маънода гапиради.

Филм ижодкорлари қамоқхонада суратга туширишга тегишли рухсатга эга бўлганларми, йўқми деган саволлар ҳам ўртага ташланди.

Бошқа томондан ҳозирда маҳкаманинг ўлим жазоси борасидаги қарори Олий Маҳкама томонидан кўриб чиқилаётган экан, филмнинг намойиш этилиши ушбу жараёнга таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳам айтилди.

Бу фикрни Ҳиндистон Муҳаррирлар Кенгаши рад этди. Кенгашга кўра, маҳбуснинг "жирканч фикрлари"нинг намойиш этиш адлия тизимига таъсир кўрсата олиши ҳақида гапириш, ушбу тизимга нисбатан ҳақоратдир.

Ҳуллас, Ҳиндистон ҳукумати ўзининг "ноқулай" тақиқини ҳимоя қилишга мажбур бўлмоқда.

Расмийларга кўра, филмнинг тақиқланиши Ҳиндистоннинг жаҳондаги обрўсини сақлаб қолишга қаратилганди.

Лекин ҳозирда жаҳон бўйлаб матбуотларда нашр қилинаётган мақолалар сарлавҳаларини ўқиб, филмда кўтарилган муаммолар ҳақида очиқ ва ошкор муҳокама ўрнига "Ҳиндистон қизи" филмининг тақиқланиши мамлакат обрўсига каттагина зарар етказганлигига гувоҳ бўлмоқдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer