Сўз сизга: Россия ТВсининг нимаси яхши-ю, нимаси ёмон

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Ижтимоий минбар"имизда ўтган ҳафта ўртага ташланган савол "Сиз Россия телеканалларини томоша қиласизми? Агар томоша қилсангиз, уларнинг нимаси сизга ёқади ва нимаси ёқмайди?" қабилида эди.

Халқаро матбуот хабарларига кўра, Россиянинг Украинадаги урушга аралашуви ва Президент Владимир Путиннинг ҳукмронлигининг мустаҳкамланиши билан мамлакат матбуотида цензура кучайиб, ҳукумат амалларини ёқловчи ахборотлар тарқатилиши кучайган.

Россияда эркин қарашга эга бўлган фуқаролар мамлакат телевидениеси нотўғри маълумотни тарқатиш билан аҳоли онгини булғашини айтиб, унга "зомбоящик" (манқуртлар қутиси) дея ном берганлар.

Уларнинг наздида, хусусан, Украинадаги уруш борасида нотўғри хабар тарқатилмоқда, Россия томонидан исёнчиларга қурол-яроғ етказилиши айтилмаяпти, Украина ҳукумати эса "фашистлар" дея тақдим қилиняпти.

Россияга қарши Ғарб санкциялари киритилганидан бери, АҚШ ва Оврўпонинг "аҳлоқий инқироз"га учрагани ҳақидаги репортажлар кўпайган.

Бу мавзудаги баҳсни Facebook да Aziz Mirzakulov бошлаб берди.

"Россия каналларининг Спорт, Кино ва Илмий каналларини томоша қиламан. Украинага оид хабарларни Euronews ва Турк хабар каналларидан оламан. Россия давлат каналларини томоша қилмайман. Айниқса хабарларини. Уларнинг Украинада олиб бораётган урушга оид хабарларига ишонмайман, улар билган ҳолда аҳолига янглиш хабарларни бермоқдалар, деб тушунаман. Уларнинг бераётган бу хабарларини СНГ далатларидаги аҳоли ҳам томоша қилишини РФ давлат раҳбарияти жуда ҳам яхши билишади. Бу давлатлардаги аҳолини рус тилини эсдан чиқариб куймаслигини ва қолаверса мактабларда ўрганилиши тўхтаб қолмаслигини жуда хоҳлайди. Чунки у давлатларда Маҳаллий ва Рус каналларидан бошқасини томоша қилиш имкони йўқ. Йўқ деганим, ҳамма гап аҳолининг аксарияти бошқа тилни билмаслигида. Лекин бу ҳолат кундан кунга ўзгармокда".

Бунга жавобан Kamoliddin Fayzullayev нинг ёзишича, "Лекин Оврўпо телеканаллари миллат учун рус каналларидан ҳам хавфлироқ бўлиши мумкин".

Anvar Hodjimirzaev ҳам шунга монанд "Океан ортидаги мамлакатдан яқин қўшни яхши", деган фикрни қолдирган.

Bek Bekov нинг фикрича, "Россия каналида Путинни, Ўзбекистон канали Каримовни мақташ билан режани бажаради! Хулоса, ақлдан камчилиги борлар учун!!!".

Axror Kardeş га эса Россия телеканалларининг барча UEFA футбол ўйинларини олиб кўрсатиши ёқар экан.

Сардор Искандаров: "Мен кўраман. (Россия телеканалларини. Таҳр) Ҳа 80% пропаганда, лекин чиройли пропаганда. Ўхшатиб қилишади"

Kamoliddin Fayzullayev нинг ёзишича, эътиборни Россия тарғиботига эмас, Ғарб тарғиботига қартиш лозим.

"Ҳозирда миллатимиз маънавияти ва маданиятига, аҳлоқи ва ақидасига бўлаётган зимдан ва ошкора хуружлар АҚШ ва унинг ғоядошлари томонидан бўлаётгани сир эмас. Шундай экан, катта хавф (АҚШ ва Ғарб) қолиб, эътиборни унинг душмани - кичикроқ хавфга қаратиш ақлданмикан? Зеро, "душманимнинг душмани менинг дўстимдир".

Курбан Жураевнинг ёзишича, "Америка фақат ўзини мақтайди. Ҳали Россия айбдор, ҳали Путин айбдор. Россия ТВси кимни думини босди. Америка доим ўзини ҳимоялаб юради".

Hussain Tursunaliev фикри: "Бу давлатлар ўзларини ҳимоя қилиш учун СМИ хабарларини оммалаштириб тажрибали бўлиб кетишган. Ўзлари сценарийни ёзиб, бизга спектакл қўйишмоқда. Бу нарсаларнинг бизга на фойдаси ва зарари бор. Ҳамма СМИ каналлари давлат назорати остида бўлади. Бўлаётган воқеаларга биз жонли гувоҳ эмасмиз ва билмасмиз. Баъзан Россия каналларини кўриб тураман озгина бўлса ҳам ҳақиқат бор".

Tohir Bilolovich нинг ёзишича ҳозирда матбуот энг кучли қуролдир.

"Ҳозирги даврда матбуот энг кучли қуролга айланган. Бу куч атом ва биологик қуролларни ҳам ортда қолдирди".

Odil Sobirav, бу фикрга "Ўзбекистонда бу нарса кучсиз", дея эътироз билдирган.

Tohir Bilolovich эса, " Қайси нуқтадан қарашга боғлиқ. Ўзбекистондаги матбуот бир шахснинг энг кучли қуроли", дея хулоса ясаган.

Sardor Ochilov Би-би-си таҳририятини танқид остига олган.

"Нима учун АҚШнинг Украинага қурол етказиб бераётгани ҳақида мақола ёзмаяпти бу ББС. Бутун дунёда бўлаётган нотинчлик ортида турган АҚШни ёзинглар Би-би-сида цензура бўлмаса", дея фикр қолдирган.

Mahmudbek Zokirovга кўра, "Россия нима қилиб бўлса ҳам тинчликни бузади. БМТ тинчликни сақлаш кучлари Украинага кирамиз деса, тиш тирноғи билан қаршилик кўрсатяпти".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer