Украинага кўчган ўзбекистонлик аёл суҳбати

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa
Image caption Қрим татарлари қисувга олинмоқда, дейди ўзбекистонлик аёл

Отаси қрим татари, онаси ўзбек бўлган 24 яшар бир жувон киевлик жамоатчи мухбиримиз Алан Жангожа билан суҳбатлашиб, ўзининг Украинадаги ҳаёти ва муаммолари ҳақида гапириб берган

Би-би-си: Сиз қачондан бери Украинада яшамоқдасиз?

Ўзбекистонлик жувон: 2009 йилдан бери. Аввалига Киев ва Львовда яшадим, энди Қримдаман.

Би-би-си: Ўзингиз келганмисиз ё қариндошлар биланми?

Ўзбекистонлик жувон: Ота-онам билан келганман, отам қрим татари, онам ўзбек.

Би-би-си: Отангиз ўз она юртига қайтишга чорлаганми?

Ўзбекистонлик жувон: Ҳа, отам билан акам 7 йил аввал кўчиб келишган, биз эса онам билан икки йил сўнгра кўчишга қарор қилдик.

Би-би-си: Ота-онангиз нима билан шуғулланишади?

Ўзбекистонлик жувон: Отамнинг касби кўп, бироқ у қариб қолган. Шунинг учун, ишламаяпти. Онам эса Ўзбекистонда радиода ишлаган, ҳозир уй бекаси. Мен ва акам ишлаяпмиз, холос. Афсуски, мен ўқишга кира олмадим, ишлашга мажбурман. Ота-онамнинг ҳам хўжалик ишлари бор.

Би-би-си: Сиз қаерда ишлайсиз?

Ўзбекистонлик жувон: Ўзбекистонда мактабни битиргач, икки йил телефон станциясида ишлаганман, бу ерда сотувчиман.

Би-би-си: Фуқаролигингиз қайси мамлакатники?

Ўзбекистонлик жувон: Ҳозир иккита паспортим бор. Украина ва Россияники. Россия паспортини олмоқчи эмас эдим, лекин иложи бўлмади.

Би-би-си: Ўзбекистонлик қариндошларингиз билан алоқа сақлаб қолганмисиз?

Ўзбекистонлик жувон: Деярли ҳар куни Скайпда гаплашиб турамиз.

Би-би-си: Украинада ўзбеклар бор, улар орасида танишларингиз кўпми?

Ўзбекистонлик жувон: Бу ерда улар кўп эмас, Москвада анча. Кўплар Россияга пул топгани кетишган.

Би-би-си: Ўзбекистонда қариндош-уруғларингиз Украинага қандай муносабатда? Қримнинг тортиб олинишини қандай баҳолашади?

Ўзбекистонлик жувон: Афсуски, улар ҳақиқий ҳолатни билишмайди. Россия телевидениеси кўрсатган нарсаларга ишонишади. Унда эса Украинидаги ҳолат теппа-тескари ёритилади эмасми, лекин биз билан гаплашганида Россия бу ўйинларини Ўзбекистонга ҳам қарши қилишини хавотир билан айтишади.

Би-би-си: Украинадаги ўзбеклар асосан Қримда туришади. Қрим Россия тарафидан тортиб олингач, кўплаб ўзбек келмоқдами?

Ўзбекистонлик жувон: Таниш ўзбекларим чиндан ҳам Қримда туришади. Ўзбекистонга уларнинг қайтгиси йўқ, чунки Ўзбекистонда ҳеч нарса йўқ. Бари Қримда - иш, оила, уйлари...

Би-би-си: Аннексиядан кейин уларнинг ҳаёти қай тарафга ўзгарди?

Ўзбекистонлик жувон: Яхши томонга деёлмайман. Баримизнинг ҳаётимиз ҳам мушкуллашди. Ҳақларимиз қисилмоқда. Россия паспорти бўлмаган ўзбек фуқаролари қайддан ўтиша олмай сарсон.

Би-би-си: Маълумки, қрим татарларнинг кўпи Қримнинг Украина таркибида қолиши тарафдори эди. Ўзбеклар диаспораси-чи?

Ўзбекистонлик жувон: Ҳа, чиндан қрим татарларининг кўплари Россия тарафидан Қримнинг тортиб олинишига қарши чиқишган эди. Ўзбек диаспораси эса менимча шаклланмаган, шунинг учун у ҳақда гапириш қийин...

Би-би-си: Украинанинг ўзидаги баъзи мутахассисларнинг фикрича, Украина ҳам Қримга етарлича эътибор бермасди. Энди ундан ҳам бадтарми?

Ўзбекистонлик жувон: Рост, илгари украинларнинг қрим татарларига бўлган эътибори етарлича эмасди, энди эса украинлар қрим татарларини ўзларига қариндош сифатида кўришмоқда, ниҳоят уларни ерли халқ сифатида танишди, лекин, афсуски, кеч...

Би-би-си: Қрим татарларининг раҳбарлари Мустафо Жемилев ва Рифат Чубаровлар ҳафида нималар биласиз?

Ўзбекистонлик жувон: Мен улар билан фахрланаман! Улар халқимиз учун улкан ишларни қилишган, лекин ҳамма ҳам бунга тан бермайди. Аммо, барибир келажагимиз бор!

Би-би-си: Оилангиз орасида Украинадаги ҳарбий тўқнашувларга муносабат қандай?

Ўзбекистонлик жувон: Тезроқ битсайди, деймиз, анча куюкамиз...

Би-би-си: Афтидан, Украина сизга ватан ўрнини босган, шундайми?

Ўзбекистонлик жувон: Ҳа, Украина бизга ватан бўлди. халқи яхши. Келинимиз шулардан. Ундан кейин бу ерда сўз ва фикр озодлиги бор. Бу эса анча муҳим нарса!

Би-би-си: Акангиз нима билан шуғулланади?

Ўзбекистонлик жувон: Унинг Қримда ўзининг бизнеси бор эди, лекин ҳокимият ўзгарди-ю, энди қрим татарлари, ўзбеклар ва бошқа миллатларга бизнес олиб бориш анча мушкуллашди. Уларни яхши жойларда ҳайдашяпти, айтган сўз эркинлиги йўқ, миллий байрамларни нишонлашга ҳам рухсат йўқ. Бу ҳақда кўп гапириш мумкин, бироқ ўзбеклар айтмиш - ноумид шайтон... Умид билан яшамоқдамиз...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio