Ёлғончини қандай аниқласа бўлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи thinkstock

Томас Ормероднинг хавфсизлик хизмати ходимларига ўта мушкул вазифа юклашганди. Оврўпо бўйлаб аэропортларда улар йўловчилар билан суҳбатлашиб, нима учун сафар қилаётганлари, режалари ҳақида сўроққа тутишлари керак. Ормерод бу йўловчилар орасига "сохта йўловчилар"ни ҳам қўшиб, ўзлари ҳақида ёлғон маълумот берувчи одамларни ҳам киргизганди. Унинг ходимлари бу "сохтакорларни" аниқлаши лозим эди. Ҳар 1000 йўловчига бу каби "сохтакордан" биттаси тўғри келарди. Яъни бу сомон ичида игна қидириш билан баробар бир гап...

Улар қандай йўл тутдилар?

Анъаналарга риоя қилинса, одамнинг кўзига ё-да ўзини тутишига қараб, ёлғон гапиряптими-йўқми деб аниқлаш мумкиндек, шундайми? Лекин ҳозирда тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бу йўл иш бермас экан.

Авваллари қизариш, асабий кулиш, кўзни олиб қочиш - ёлғон белгиси ҳисобланарди. Лекин муаммо шундаки, ер юзида қанча инсон бўлса, ўзини тутиш йўллари ҳам шу қадар турлича.

Сассекс университетида ишловчи Ормероднинг айтишича, "Мен масалан ҳингиллаб кулсам, бошқалар бу каби вазиятда жиддийлашадилар. Баъзилар кўзга тикка қараб алдайдилар, баъзилар эса кўзни олиб қочадилар".

Унга кўра, ҳозирги усулларга таянилса, хавфсизлик ходимлари айнан баъзи этник гуруҳлар орасида "ёлғон белгилари"ни топишга мойил бўлишлари назарга ташланади.

Шунинг учун бу соҳада янги усуллар кераклиги айтилмоқда. Ормеродга кўра, одамнинг ўзини тутишидан кўра у ишлатаётган сўзларга эътибор қаратиш керак.

Ана шу тавсия асосида ёлғонни аниқлаш имконини оширувчи ғоя ишлаб чиқилди.

"Ҳа" ёки "йўқ" деб жавоб талаб қилувчи саволдан кўра, суҳбатдош ўзи батафсил маълумот бериши керак бўлган саволни беринг. Ёлғон гапираётган бўлса, бир ерга бориб, барибир "қоқилади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи thinkstock

Кутилмаган саволни беринг. Воқеаларни бир бошдан эмас, охиридан бошлаб айтиб беришни сўранг. "Ёлғончини" адаштирасиз...

Ёлғоннинг кичик белгиларини қидиринг. Масалан, йўловчи Оксфорд университетида ишлайман, деб айтса, ҳар куни ишга қандай боришини сўранг. Ёлғон белгисини пайқаб қолсангиз, дарров айтманг... Кутиб туринг, яна кўпроқ белгилар намоён бўлади...

Суҳбатдошнинг ўзига ишончини кузатинг. Ёлғончи суҳбат унинг назорати остида бўлган вақтда сўзамол бўлади, лекин бирон кутилмаган савол берсангиз, ўзини йўқота бошлайди...

Ёлғоннинг ёлғондан фарқи...

Истеҳзоли ери шуки, ёлғонга уста бўлган одам бировнинг ёлғонини аниқлашга ҳам уста бўлар экан. University College London да Жефри Берд бир гуруҳ ўртасида синов ўтказиб, ўзлари ҳақида ҳақиқий ва ёлғон маълумот беришни сўраган. Шундан сўнг бир-бирларининг ёлғонларини аниқлаш ҳам сўралган. Дастлабки синовда ёлғонни "қотирган" гуруҳ аъзолари бошқаларнинг ёлғонини аниқлашда "муваффақиятлироқ" бўлишган. Балки улар ёлғон қўллаётган одамнинг ҳийласини кўра олгандирлар...

Умаман олганда, қаттиқ сўроқ эмас, юмшоқсўз суҳбат кўпроқ иш берар экан. Юмшоқсўз бўлсангиз, "ёлғончи" ўз сўзларида адашиб, узуқ-юлуқ гапира бошлайди.

Энди мақола бошида айтилган аэропортда "ёлғончи"ни аниқлаш вазифасига қайтайлик. Бир гуруҳ "сохтакор" қўлларига чипта бериб, Оврўпо бўйлаб аэропортларда ёлғонларини тақдим қилиш учун бир ҳафта мухлат берилди. Ормерод ва унинг ҳамкасблари томонидан тайёргарликдан ўтказилган ходимлар анъанавий усулларни қўллаган ходимлардан кўра "соҳтакор"ни аниқлашда 70 фоизга кўпроқ муваффақ бўлганлар.

Мутахассиларга кўра, шунчаки сўранг, суҳбатдош рост гапиряптими йўқми...Баъзида бу ҳам иш беради.

Лекин ёлғонни аниқлашнинг аниқ усули йўқ албатта.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio