Би-би-сида янги мавсум: 'Ички дунё'

Фото муаллифлик ҳуқуқи SPL
Би-би-си Жаҳон Хизмати "Ички дунё" деб номланган мавсум бошлади.Ушбу мавсумда руҳий касалликлар билан боғлиқ муаммолар, соғлиқни сақлаш тизими ва жамиятда руҳий хасталарга муносабатга доир махсус лавҳалар бериб борилади.Би-би-си Ўзбек Хизмати айни мавзуни бир муддат олдин ҳам ўрганган ва туркум лавҳалар тайёрлаганди.
Васвасалар замони: Мен касалманми?

Бугунги кунда дунёдаги ҳар тўрт кишидан биттаси умри давомида турли руҳий муаммоларни бошидан кечиради.

Халқаро ташкилотлар бир неча йилдан кейин руҳий касалликлар соғлиқ тизими учун энг йирик мушкулотга айланишини башорат қилишган.

Бунга сабаб нима?

Инсонлар тобора кўпроқ руҳий касалликларга чалинаётганими ё-да, тиббиёт кўпроқ ташхис қўйишни бошладими?

Нью Йоркдаги One World Counselling психологик ёрдам маркази мутахасиси Гулшода Остер тез орада руҳий хасталиклар ҳозирда энг кўп тарқалган дея ҳисобланадиган юрак касаллигидан сўнг иккинчи ўринга чиқиши ҳақидаги башоратларга қўшилади.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда ўртача ҳар 4 инсондан биттаси руҳий муаммога юз тутади.

Бу ҳолат кенг тарқалганлигига қарамай, унга чалинганларни камситиш ва ё уларга нисбатан ёвқараш ҳануз сақланиб қолган. Тушкунликка тушганлар "заифлар" сифатида кўрилади.

Инсонлар тобора кўп чалинаётган руҳий ҳолатлар орасида эса, ҳозирда энг кўп тарқалаётгани - депрессия, руҳий тушкунлик. Инсон борки, ҳаётида кайфияти тушиб, қайғуга ботган вақтлари бўлади. Лекин, шифокорлар бонг ураётган депрессия билан шунчаки қайғуга ботиш орасида фарқ нима ва қандай аниқланади?

Руҳий вазият қачон муаммога айланади?

Ўз ҳаёти мобайнида ҳар қандай инсон баъзи ҳодисаларга жавобан қайғуга тушиши нормал ҳолат. Лекин, қайғули руҳият саломатлик муаммосига айланган вақти ҳам бўлади.

Клиник руҳий тушкунлик - депрессия нима?

Инсон нормал ҳолатда ҳаётнинг паст-баландликларига бардош бериб, ўзи ва яқинлари ғамини ейишни давом эттирадиган, ўз мавжуд потенциалларидан фойдаланиш ва жамиятга фойда келтира оладиган вазиятда бўлади.

Ҳар қандай инсон ғамни ё-да, асабийликни бошидан кечиради. Аммо, бу аломатлар руҳий касалликка айлангани дастлабки белгиси - ҳолатнинг узоқ, мутассил давом этиши ва туртки бермайдиган сабабсиз ҳам кузатилишидир.

Бу аломатлар шахснинг кундалик ҳаётига салбий таъсир кўрсатадиган даражага етган вақти жиддий психологик ё-да, руҳий муаммога айланган ҳисобланади.

Масалан, клиник тушкунликка дучор бўлган одам қаттиқ ва узоқ муддатли ғам-ташвишдан чиқа олмайди, одамови бўлиб қолади. Жисмоний фаоллиги йўқолади.

Одатда бу аломатлар аста-секин, бир неча ҳафта ва ё ойлаб ривожланиб боради. Лекин, баъзан кутилмаганда пайдо бўлиши ҳам мумкин.

Клиник руҳий тушкунлик муаммоси билан самарали йўлда курашиш учун улар классификация қилинади. Касаллик асосан икки кенг гуруҳга бўлинади - асабий ва психологик.

Асабий гуруҳга инсон нормал ҳолатининг анчайин сезиларли турлари киради, масалан, депрессия, кучли мутассил хавотир ё-да, бирон ҳаракатни қайта-қайта қилавериш (масалан, қўлни қайта-қайта ювавериш, ҳамма нарсанинг ҳамиша ўз ўрнида бўлишига интилиш каби). Бундай аломатлар бугунги кунда ҳар 10 кишидан бирида кузатилиши мумкин.

Психологик турдаги тушкунликни эса, тахминан ҳар 100 кишидан бири бошидан кечиради. Улар кишининг воқеликни қабул қилиши ва шу асосда фикрлаши, қарорлар қабул қилишига таъсир кўрсатади. Уларга шизофрения ва биполяр касалликлари киради.

Руҳий касалликлар кенг тарқалган бўлса-да, кўплар ундан халос бўлиши мумкин ё-да, айни муаммо билан қандай яшаш йўлларини ўрганадилар.

Руҳий тушкунликни нима келтириб чиқаради?
Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Руҳий тушкунлик, депрессияни айнан нима келтириб чиқариши номаълум. Аммо, жисмоний, психологик ва атроф-яқиндаги ҳолатлар биргаликда омил бўлиши айтилади.

Кўплаб руҳий касалликлар авлодлар оша қайталагани учун ирсий боғлиқлик бор деган тахминлар ҳам бор.

Мутахассиларнинг ишонишларича, аксар руҳий касалликлар бир қатор генлардаги ўзгаришларга боғлиқдир ва бу каби генга эга бўлганлар руҳий касалликка чалинишга мойил бўладилар.

Аммо, бу геннинг ўзи касалликни келтириб чиқармайди. Демак, инсон бу каби ирсий меросга эга бўлиши мумкин, лекин бу дегани албатта касаллик ривожланишини англатмайди.

Ирсиятида касаллик "уруғи" бўлган инсонлар изтироб, яқинини йўқотиш, ўзларига нисбатан ҳақорат ва тазйиқларни кўтара олмасликлари мумкин. Улар бошқаларга қараганда бундай омиллар олдида кучсиз бўладилар.

Ҳаётдаги оғриқли ҳодисалар бу каби берилувчан шахсларда касаликка туртки бериши мумкин. Бу омилларга касаллик, ажрашиш, яқинлардан ажраб қолиш, иш жойини йўқотиш ва ҳоказолар киради.

Руҳий касалликни қон текшируви ёки шунга ўхшаш текширув билан аниқлаб бўлмайди.

Фақатгина мутахассис барча аломатларни ўрганиб чиқиб, узоқ вақт кузатувлардан кейингина ташхис қўйиши мумкин.

Кўплаб руҳий касалликларнинг аломатлари эса бир-бирига ўхшаш, шу сабабли аниқ ташхис қўйиш мушкул иш.

Баъзи мутахассисларга кўра, руҳий касалликларни аниқлашнинг жорий мавжуд усуллари ўта тиббий ёндашувга асосланган.

Яъни, руҳий тушкунликни инсон танасидаги безлар томонидан ишлаб чиқариладиган серотонин моддасининг миядаги етишмовчилиги келтириб чиқаради, деган қараш бор.

Бу ёндашув руҳий касалликларни асосан миядаги кимёвий ўзгаришларга боғлайди.

Танқидчиларга кўра, айни ёндашув руҳий касалликнинг ҳиссиёт билан боғлиқ жиҳатларига бефарқликдир.

Ушбу даволаш усули билан ҳозирда руҳий тушунликка учраганларга анти-депрессант дори-дармонларни бериш кенг тарқалган.

Бу дорилар эса, талайгина нохуш оқибатларни келтириб чиқариши маълум. Ижобий натижаси кўпда савол остида.

Қуйида Гулшода Остер ва бошқа руҳшунос мутахассисларнинг тушкунлик ва унга қарши курашиш хусусидаги маслаҳатларини тингланг.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon