Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Euro 2016: Юлдузлар ишқибозлиги

Ўзбекистон Халқ артисти, таниқли санъаткор Афзал Рафиқовнинг айтишича, бу йилги Оврўпо чемпионатида энг аввало Россияга ишқибозлик қилмоқчи.

“Шуни айтишим керакки, мен футболнинг жудаям эски ишқибозиман. Бир пайтлар ёшлигимда ўзим ҳам футбол секциясига қатнашганман. “Спартак” деган уюшмада. Тўлаган Исҳоқов деган футболчилар бўларди. Ўшалар билан бирга тўп сурардик бир пайтлар...Шу боис ҳам футбол бўйича Оврўпо биринчилиги бўладими ёки жаҳон чемпионати, ниҳоятда қизиқиш билан кутаман. Энди, хусусан, бу йилги Оврўпо чемпионати ҳақида гапирадиган бўлсам, Ўзбекистон Оврўпода жойлашмаганига афсус чеккан ҳолда, энди, биз ўрганганмиз, ёшимиз анчага бориб қолди, шу боис, албатта, биринчи навбатда Россия миллий терма жамоасига ишқибозлик қиламан”, - дейди суҳбатдошимиз.

Аммо, худди шу ўринда, Афзал ака Рафиқов испанларга ҳам тан беришини яширолмайди.

“Ҳозир Оврўпонинг футболини оладиган бўлсак, айниқса клублари, жамоаларини, Испания футболидан кучлиги йўққа ўхшаб қолди”, - дея сўзларида давом этади таниқли актёр.

Россия миллий терма жамоаси эса, гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг Словакияга қарши 2-тур учрашувини бой берди.

Ўйинда ҳисобни Словакия очди. Биринчи бўлимнинг 32-дақиқасида Вайсс жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Орадан бор-йўғи 13 дақиқа ўтиб, Гамшик ҳисобни 0:2 га етказди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия миллий терма жамоаси эса, фақат Лиллдаги ўйиннинг сўнгги дақиқаларига келибгина, ҳисобни биттага қисқартиришга муваффақ бўлди.

Глушаков 80-дақиқада рақиблари дарвозасини ва ниҳоят забт этишга муваффақ бўлди.

Бугун яна Руминия-Швейсария(17:00 бв) ва мезбон Франция-Албания(20:00 бв) ҳам ўзларининг 2-тур учрашувларини ўтказишади.

Россиянинг гуруҳдаги сўнгги 3-тур учрашуви 20 июн кунига режаланган.

Жамоа гуруҳдаги якуний учрашувида Уэльсга қарши майдонга тушади.

Россия Англияга қарши гуруҳдаги илк учрашувида 1:1 дуранг натижасини қайд этган.

Иккита ўйин ортидан ҳисобидаги бир очко билан ўзи тушган "В" гуруҳида ҳозир Уэльс, Словакиядан кейин Англия билан бирга учинчи ва тўртинчи ўринларни бўлишиб турибди.

Аммо Англия битта ўйин кам ўтказган.

Бу жамоа ўзининг гуруҳдаги 2-тур учрашувини эртага 16 июн куни Уэльсга қарши ўтказади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Аммо Россия миллий терма жамоасининг бугунги учрашуви Оврўпо Футбол Уюшмасининг жиддий ва якуний таҳдиди остида бўлиб ўтади.

Агар, россиялик ишқибозлар қайта зўравонликларга қўл ургудек бўлишса, жамоа бу йилги Оврўпо чемпионатидан четлатилади.

УЕФАнинг бу қарорига Англия-Россия учрашуви арафасида ва ортидан Марселда келиб чиққан ва ўнлаб кишиларнинг тан жароҳати олиши билан якун топган бир неча кунлик зўравон тўқнашувлар сабаб бўлган.

Оврўполик футбол масъуллари бу каби зўравонлик чемпионат тарихида кузатилмаганини эътироф этиш даражасига боришганди.

Тўқнашувлар билан алоқадорликдан ўнлаб ишқибозлар ҳибсга олинган, улардан айримларига қарши аллақачон жазо чоралари кўрилган, Россия томони зўравонликларга ҳеч бир алоқаси бўлмаганини иддао қилаётган ўттизга яқин россиялик Франциядан чиқариб ҳам юборилган.

Энг сўнггида таниқли актёр суҳбатдошимиз Афзал ака Рафиқов бу йилги Оврўпо чемпионати ўйинларини ҳам уйда, ёлғиз ўзлари бўлиб томоша қилишларини айтади.

“Бизда ниҳоятда кеч берилади. Салқин тушади. Оғизлар “очилади”. Одам сал ором олади. Шу боис, менинг назаримда, ўзбекистонликлар жони-дили билан шу чемпионатни томоша қилишса керак”, - дейди суҳбатдошимиз.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.