Euro 2016: Ким нима демоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистонда ҳам мухлислари озмунча бўлмаган Испания ва Бельгияни мағлуб этиб, ўзлари ҳам лол қолган Италия майдонга тушмайди эмасми, гаплар ҳам анча-мунча.

Устига устак, Испания Туркия, Италия эса, Златан Иброҳимовичнинг Швецияси билан қарама-қарши келаётган бўлса.

Аммо гуруҳдаги дастлабки икки учрашувини кетма-кет ғалаба билан якунлаган Италия кейинги босқичга йўлланмани нақд қилди.

Жамоа бироз аввал поёнига етган ўйинида Златан Иброҳимовичнинг жамоасини мағлуб этди.

Ўйинда ҳисоб фақат 88- дақиқага келиб очилди.

Ягона тўп муаллифи Эдер учрашув қаҳрамонига айланди.

Битта ўйин кам ўтказган Шимолий Ирландия ҳисобидаги 1 та очко билан гуруҳда иккинчи ўринда бормоқда.

Иккита ўйинидан бир очко жамғарган Швеция учинчи ва битта ўйини ортидан ҳеч бир очкосиз Бельгия гуруҳда энг қуйи ўринни эгаллаб турибди.

Испания-чи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Жамоаси гуруҳдаги дастлабки учрашувида чехларни фақат энг сўнггига келиб мағлуб эта олганига қарамай, Испания миллий терма жамоаси Бош мураббийси Дель Боске анчайин жиддий баёнотда.

Дель Боскенинг “AS” испан нашри келтириб ўтган сўзларига таянилса, “футбол манманларни жазолайди”.

“Мен жасур, қўрқмас ва тап тортмас Туркияни кутиб қоламан”, - дея баён қилган испанлар Бош мураббийси.

Испаниянинг ўзи устма-уст уюштирган ҳужумларига қарамай, чехларга қарши учрашувининг 87-дақиқасига келибгина ҳисобни очишга муваффақ бўлган, амалдаги Оврўпо чемпионининг бу қабила ўйини ҳам футбол нашрлари ва ҳам футбол мухлислари орасида анчагина “гап-сўзлар”га сабаб бўлмай қолмаганди.

Туркия эса, бу йилги Оврўпо биринчилигини мағлубият билан бошлаган, Хорватиянинг умид юлдузи Лука Мордич киритган ягона тўп бу икки рақиб миллий терма жамоа ўртасидаги 1-тур учрашувининг тақдирини ҳал қилганди.

Жорий пайтда Испания ва Хорватия “D” гуруҳи пешқадами саналишса, ҳисобида бирор бир очкосиз Туркия энг қуйи ўринни эгаллаб турибди.

Златан Иброҳимович

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Англия-Уэльс учрашуви арафасида кеча пайшанба куни юлдуз Гарет Бейл роса “гапни қизитган” бўлса, бугун Златан Иброҳимович аксариятнинг диққат-эътиборида эди.

Италиянинг “La Gazzetta dello Sport” нашри, ҳатто, Златан, “Сен бизни қўрқита олмайсан”, - дейишгача борганди.

Аммо юлдуз Златан Иброҳимовичи сафларида тўп сурганига қарамай, Швеция гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 1-тур учрашувида Шимолий Ирландия билан 1:1 дуранг ҳисоби қайд этган.

Масала рақиблари дарвозасини аниқ нишонга олишга келганда, Златан Иброҳимовичи бош бўлмайдими, шведлардан деярли аниқ бир ҳужум чиқмаганди.

Шу ҳолатнинг ўзиёқ футбол оламидаги аксарият мутахассисларнинг эътиборларини ўзига тортган, танқидларига ҳам сабаб бўлмай қолмаганди.

Италия эса, футбол оламидаги аксариятнинг ақлини шошириб, илк ўйинидаёқ жаҳоннинг иккита энг кучли миллий терма жамоасидан биттаси бўлган Бельгияни мағлуб этган.

Ўйинда қайд этилган 2:0 ҳисоби эса, ҳали футбол майдонининг ўзидаёқ бельгиялик сони озмунча бўлмаган ва дунёнинг манаман, деган клубларида тўп сурувчи номдор футболчиларини ҳам ҳайратга солмай қўймаганди.

Яна Гарет Бейл

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бугунги учрашувлар қолиб, аксарият британ нашрлари ўзларининг диққат-эътиборларини яна Уэльс миллий терма жамоаси юлдузи Гарет Бейлга қаратишган.

Уларда айримлари, Гаретнинг ўзларида бўлган иштиёқ Англияда йўқ эканига оид сўзларини савол остига олиб, у кўтарган ғурур масаласини қайта кўтаришган, ўз саволларига кечаги ўйиннинг тақдирини ҳал қилган тўпидан ўзида йўқ хурсанд Даниэль Старрижнинг суратини илова қилишни ҳам унутишмаган.

Баёнотига таянилса эса, сўнгги мағлубиятлари Гарет Бейлни заррача чўчита олмаган.

Испаниянинг “Реал”(Мадрид)и юлдузи ҳам бўлган ҳужумчи, барибир, “охиригача курашиш”ларини айтган.

Бу йилги Оврўпо чемпионатининг дебьютанти бўлган Уэльс эса, гуруҳдан кейинги босқичга чиқишни мақсад қилган.

Бугуннинг 2-тур учрашувларини Италия ва Швеция(14:00бв.) бошлаб беришса, орада Чехия-Хорватия(17:00бв.) билан куч синашади.

Испания ва Туркия (20:00бв.) учрашуви эса, жума куни ҳисобидан энг сўнггиси бўлади.

“Барселона”си бўладими ва ёки “Реал”(Мадрид), манаман, деган клубларининг ишқибозлари Ўзбекистонда сон мингта бўлган Испания эса, ўзининг миллий терма жамоаси билан ҳам оддийлари қолиб, ўзбекистонлик энг таниқли шахсиятлар аксариятининг ҳам “кўнгилларидан жой олиб” улгурган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.