Euro 2016: Португалия 0:0 Австрия

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Ҳа, номдор Криштиану Роналдунинг жамоаси гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 2-тур ўйинида ҳам дуранг натижа қайд этди.

Роналду жамоасининг ғалабасини таъминлаши мумкин бўлган 11 метрлик жарима тўпини ҳам бой берди.

Яна бир тўпини эса, ўйиндан ташқари ҳолат изоҳи билан ҳакам инобатга олмади.

Португалияда ўйинни ўз фойдасига ҳал қилишнинг бир эмас, бир неча имкони бўлди.

Аммо Австрия ҳимояда яхши ўйнади. Дарвозабони ҳам бўш келмади.

'F' гуруҳидан кейинги босқичга чиқажак жамоаларнинг тақдирини эса, 3-тур беллашувлари ҳал қиладиган бўлди.

Икки ўйиндан 4 очко жамғарган ва бугун Исландия билан дуранг натижа (1:1) қайд этган Можаристон гуруҳ пешқадамлигини сақлаб қолди.

Ҳисобларидаги 2 тадан очко билан Исландия ва Португалия иккинчи ва учинчи ўринларни бўлишадиган бўлишди.

Бугун ўзининг иккинчи тур учрашувида Шимолий Ирландияни йирик (3:0) ҳисобида мағлуб этган Белгия эса, ва ниҳоят 'E' гуруҳида энг қуйисидан иккинчи ўринга кўтарилиб олди.

Бу гуруҳ пешқадами бўлган Италия аллақачон кейинги босқичга йўлланмани нақд қилган.

Танқидга қарши танқид

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Ҳа, Австрияга қарши бугунги учрашуви арафасида ҳам Португалия сардори, Ўзбекистонда ҳам ишқибозлари озмунча бўлмаган Криштиану Рональдуга қарши танқидлар тинмаганди.

Ҳаммасига эса, жаҳон, Португалия ва Испания “Реал”(Мадрид)и юлдузининг Исландияга қарши гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 1-тур учрашувида айтган сўзларию, майдонда қилган хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган.

Португалия сардори ўйин чоғида Исландияни амбициясизлигу менталитети торликда айблаган.

“Худди шу боис, уларнинг бу йилги чемпионатда ҳеч нарсани уддалай олмаслик”ларини даъво қилган.

Исландия миллий терма жамоаси аъзолари ҳам Рональдунинг бу сўзлари қаршисида жимгина қараб ўтиришмаган.

“Унинг энг катта омадсиз экани ўзлари ўйинда қайд этган натижани янада тотли қилиши”ни айтиб, қарши жавоб беришган.

“Биз Атлантика уммонидаги кичиккина орол эсак-да, улар билан дуранг ўйнадик”, - деб айтган, жумладан, жамоа ярим ҳимоячиси Кари Арнасон.

Унга собиқ жамоадоши Херман Хрейдарсон ҳам қўшилишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи getty

“Агар, жамоаси ғалаба қозонишини истаса, Ронаьду кўпроқ тер тўкиши лозим бўлгани”ни айтиб, “унинг ўша куни майдонда машқи паст бўлгани, шу боис ҳам ғалабани қўлдан бой бергани”ни даъво қилган.

Рональдунинг “сўзсиз, энг катта омадсиз экани”ни таъкидлаган.

Херман, ўз ўрнида, “У голларни менга ликопда тақдим этишади, деган хаёлга борган бўлса керак”, - дея қўшимча қилишни ҳам унутмаган.

Миллий терма жамоаси сафида 127-бор майдонга тушиб, Португалия собиқ юлдузи Луиш Фигога етиб олган Рональду ўша тун рақибларига фақат омад кулиб боққанини айтаркан, уларни бутун ўйинни дарвозаларига ёпишиб олиб ўтказганликда айблаган.

“Португалия ўйнамоқчи ва ғалаба қозонмоқчи бўлди. Исландия эса, “бармоғини ҳам қимирлатгани йўқ”, - дея баён қилган “Реал”(Мадрид)нинг ҳам юлдузи бўлган футболчи.

Оврўпо чемпионатида ярим асрдан ортиқроқ тажрибага эга Португалиядан фарқли тарзда, бу йилги биринчиликнинг дебьютанти эмасми, Исландиянинг илк учрашувидаёқ уларга қарши қайд этган 1:1 дуранг натижаси футбол доираларида жамоанинг ютуғи сифатида баҳоланмоқда.

Устига устак, Исландия 330000 сонли аҳолиси билан бу йилги Оврўпо чемпионатида тўп сураётган энг кичик давлат ҳам бўлади.

Шу боисми, илк ўйинларидаёқ Португалиядек жамоа билан дуранг ўйнашгани исландиялик футболчиларни ҳам роса хурсанд қилади.

Рональду эса, уларнинг, “Ўйин тугагандаги ҳолатларини кўриб, худди Оврўпо чемпионатида ғалаба қозонишибдими, деб ўйлабман”, - дея киноя қилишни ҳам унутмайди.

Хатти-ҳаракатлари ҳам

Ҳа, мавжуд тартиб-қоидаларга қарамай, Рональду ўша учрашув ортиданоқ исландиялик футболчилар билан қўл сиқишишни истамагандек қиёфада намоён бўлади.

Ҳакамнинг якуний ҳуштаги чалиниши билан майдондан ўқдек отилиб чиқиб кетаркан, Исландия сардорининг у билан футболкаларини ўзаро айирбошлаш сўрови ҳам ҳавода қолади.

Майдондаги мазкур ҳолат кўплаб футбол ишқибозларини ҳам бефарқ қолдирмайди.

Улар #ShirtsForAron хештеги остида Арон Гуннарссонга у билан алишмоқчи бўлган футболкаларини тақдим этишга тушиб кетишади.

Аронни “қанчалик севишлари”, “у билан истаган пайтда ўз футболкаларини айирбошлашга тайёр эканликлари” ва “Рональдуга ўзлари борликлари”ни айтиб, твитлар қилишади.

Португалия-Исландия ўйинини ўз ҳакамлари Жунейт Чақир бошқаргани учунми, бу каби ишқибозларнинг кўпчилиги туркиялик экани ҳам маълум бўлади.

Криштиану Рональду эса, учрашув ортиданоқ ҳакамни ҳам ўз танқидларидан бебаҳра қолдирмайди.

Шунча даҳанаки жангга сабаб бўлган ўйинда эса, ҳисобни 1-бўлимда айнан Португалия очади.

Аммо Нани бу тўпнинг муаллифига айланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

2-бўлимнинг 50-дақиқасида Бикир Бярнасон ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўларкан, Португалия-Исландия ўйинида шу билан ҳисоб ўзгаришсиз қолади.

Устига устак, “F” гуруҳида Австрияни 2:0 ҳисобида енгиб, бу йилги Оврўпо чемпионатини ғалаба билан бошлаган Можаристон пешқадамлик қилмоқда.

Исландия ва Португалия эса, ҳисобларидаги биттадан очко билан иккинчи ва учинчи ўринларни бўлишиб туришибди.

Бошқа томондан, Португалиянинг анъанавий рақиблари бўлган мезбон Франция, Италия ва Испания дастлабки икки учрашувларини кетма-кет ғалаба билан якунлаб, кейинги босқичга йўлланмани нақд қилишга ҳам улгуришган.

Исландия ҳам Португалияга ўхшаб ўзининг 2-тур учрашувини бугун ўтказади.

Португалия-Австрия учрашуви британ вақти билан кеч соат 20:00 га режаланган бўлса, сардорининг танқидлари остидан қолиб кетган Исландия эса, улардан уч соат аввал майдонга тушади ва гуруҳ пешқадами Можаристон билан ўйнайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Худди шу дақиқаларда жаҳоннинг иккита энг кучли миллий терма жамоасидан бири эканига қарамай, бу йилги биринчиликни мағлубият билан бошлаган Бельгия Шимолий Ирландияга қарши тўп сурмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.