Euro 2016: Португалия ярим финалда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Португалия футбол бўйича бу йилги Оврўпо биринчилигининг дастлабки ярим финалчиси бўлди.

Илк чорак финал учрашувининг тақдирини пенальтилар серияси ҳал қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўйиннинг асосий ва ягона ғолибни аниқлаш учун берилган қўшимча вақтида ҳам ҳисоб (1:1) ўзгаришсиз қолди.

Пенальтилар сериясида эса, омад Криштиану Рональдунинг Португалиясига кулиб боқди.

Роберт Левандовскийнинг Польшаси 3:5 ҳисобида мағлуб бўлди.

Польша ўз тарихида илк бор бу йил футбол бўйича Оврўпо биринчилигининг нимчорак ва чорак финалигача кўтарилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўз навбатида, бу - Португалиянинг ўз тарихида бешинчи бор биринчиликнинг ярим финалига чиқиши бўлади.

Аммо бу миллий терма жамоага ҳалича Оврўпо чемпиони бўлиш насиб этмаган.

Уч маротаба Оврўпо биринчилигининг бронза ва бир марта кумуш медалларини қўлга киритган.

Жамоасининг Австрияга қарши ўйинида 11 метрлик жарима тўпини уролмаган Криштиану Рональду эса, бу гал ўзини кўрсатди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Португалия миллий терма жамоасининг пенальтилар сериясини айнан у муваффақиятли бошлаб берди.

Навбатдаги чорак финал учрашуви эртага 1 июл куни британ вақти билан 20:00 да бошланади.

Унда бу йилги биринчиликнинг дебьютанти Уэльс Бельгияга қарши майдонга тушади.

Бельгия эса, ФИФА таснифида жаҳоннинг энг кучли иккита миллий терма жамоасидан биттаси саналади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Бу тўрттовлондан ташқари, яна мезбон Франция, Олмония, Италия ва Исландия бу йилги Оврўпо чемпионатининг чорак финалида беллашишади.

Амалдаги жаҳон чемпиони Олмония 2 июл куни Италияга қарши тўп суради.

Италия эса, нимчорак финал учрашувида амалдаги Овўпо чемпиони Испанияни пастга қулатган жамоа бўлади.

Шу боис ҳам, барча чорак финал беллашувлари орасидан айнан шу икки рақиб миллий терма жамоа орасидагисининг энг қизиғи бўлиши кутилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ