Euro 2016: Олмония Италияни енгди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ва амалдаги жаҳон чемпиони футбол бўйича бу йилги Оврўпо чемпионатининг учинчи ярим финалчисига айланди.

Бугунги ўта драматик тарзда якунланган чорак финал учрашувининг тақдирини пенальтилар серияси ҳал қилди: 6-5.

Чунки учрашувнинг асосий ва қўшимча вақти ягона ғолибни аниқлаб бера олмади: 1-1.

Бу - уч карра Оврўпо чемпиони Олмониянинг ўз тарихида тўққизинчи бор биринчиликнинг ярим финалига чиқиши бўлади.

Бунгача Португалия ва биринчилик дебьютанти Уэльс бу каби ҳуқуққа эга бўлишганди.

Уэльс ФИФА таснифида жаҳоннинг энг кучли иккита миллий терма жамоасидан биттаси бўлган Бельгияни 3:1 ҳисобида енгиб, бунга эришганди.

Эслатиб ўтиш жоиз, Португалия-Польша ўртасидаги дастлабки чорак финал учрашувининг тақдирини ҳам пенальтилар серияси ҳал қилганди.

Италия эса, нимчорак финал беллашувида амалдаги Оврўпо чемпиони Испанияни енгиб, чорак финалга чиққанди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Таъкидлаш жоиз, Олмония ва Италия ўртасидаги бугунги учрашув тенг курашлар остида кечди.

Худди шу боис ҳам, ўйинда ҳисоб фақат 2-бўлимнинг 65-дақиқасига келиб очилди.

Рақиб миллий терма жамоалар майдонда тактик ўйин намойиш этишди: қарши ҳужумга ўтиш баробарида, эҳтиёткорликни ҳам назардан қочиришмади.

Ўйинда ҳисобни очган дастлабки тўп муаллифи Месут Ўзил бўлди.

Аммо орадан бор-йўғи 13 дақиқа ўтиб, Леонардо Бонуччи ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Томонларнинг ҳар қанча уринишларига қарамай, 120 дақиқа давом этган ўйиннинг қолган қисмида ҳисоб ўзгармади.

Алал-оқибат учинчи ярим финалчининг тақдирини 11 метрлик жарима тўплари ҳал қилди.

Ўта драматик тарзда кечган пенальтилар сериясида 8-тўпгина Олмониянинг ғалабасини таъминлади.

Ҳар икки миллий терма жамоанинг ҳам айрим манаман деган футболчилари ўз чекларига тушган пенальтиларни ура олишмади.

Италия эса, худди шу нуқтада ўз тарихида иккинчи бор Оврўпо чемпиони бўлиш орзуси билан хайрлашди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Агар, Олмонияни енгса, Италия олтинчи бор Оврўпо чемпионатининг ярим финалида тўп сурган бўларди.

Сўнгги чорак финал учрашуви эртага 3 июл куни британ вақти билан кеч соат 20:00 да бошланади.

Унда бу йилги биринчиликнинг мезбони Франция Исландияга қарши майдонга тушади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.