Euro 2016: Франция - сўнгги ярим финалчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Футбол бўйича бу йилги Оврўпо биринчилигининг дебьютанти Исландияни 5:2 ҳисобида мағлуб этган мезбон Франция ярим финалга чиққан сўнгги - тўртинчи миллий терма жамоа бўлди.

Бундан аввал Португалия, Уэльс ва амалдаги жаҳон чемпиони Олмония бу каби ҳуқуққа эга бўлишганди.

Ярим финалда Португалия-Уэльс ва Олмония-Францияга қарши куч синашади.

Бу йилги икки якуний финалчини аниқлаб беражак ўйинлар 6 ва 7 июл кунлари бўлиб ўтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Мезбон Франция Исландияга қарши ўйинни устма-уст ҳужумлар билан бошлади.

Миллий терма жамоанинг бу тактикаси амалда иш бермай қолмади.

Франция ҳали 1-бўлимнинг ўзидаёқ ҳисобни 4:0 га етказди.

2-бўлимнинг 56-дақиқасида Исландия ҳисобни биттага камайтиришга муваффақ бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Аммо орадан уч дақиқа ўтибоқ Жиру бир ўйинда ўзининг иккинчи тўпини киритди: 5-1.

Сўнгги чорак финал беллашуви тугашига саноқли дақиқалар қолган пайтда эса, Исландия яна ўзини кўрсатди.

Эльмар Бьярнасон ҳисобни 5:2 га етказди.

Аммо, таъкидлаш жоиз, сўнгги ўйинидаги мағлубиятига қарамай, Исландия "футболнинг ватани" Англияни енгиб, чорак финалга чиққанди.

Миллий терма жамоа ўзининг илк иштироки эканига қарамай, тарихий натижа қайд этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Бу йилги Оврўпо чемпионатининг нимчорак ва чорак финал босқичларига чиқишга муваффақ бўлган.

Устига устак, Исландиянинг бу ютуғи амалдаги Оврўпо чемпиони Испания аллақачон биринчилик билан хайрлашган бир йилда кузатилган.

Худди шунинг баробарида бу йил Италия ва Бельгия ҳам чорак финалданоқ пастга қулаган.

Айнан Бельгияни йирик 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга чиққан Уэльс эса, жорий босқичда беш дебьютант орасидан энг яхши натижа кўрсатган миллий терма жамоа бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бу - Португалия ва Олмониянинг кетма-кет иккинчи бор Оврўпо чемпионатининг ярим финалига чиқишлари бўлса, Испания ва Италия бу йил 2012 йилги ютуқларини такрорлай олишмаган.

Ярим финал босқичига қадар, миллий терма жамоаларининг муваффақиятсиз иштироки боис, Россия, Англия ва Испания Бош мураббийлари ўз вазифаларидан истеъфо беришган.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, мезбонлик тажрибасини назарда тутиб, Франциянинг янги Оврўпо чемпиони бўлишини башорат қилаётганлар ҳам йўқ эмас.

Аммо уч карра Оврўпо чемпиони Олмония ҳам бу йилги кубокка кўз тикаётганини яшираётгани йўқ.

Шу боис ҳам, бу икки рақиб миллий терма жамоа ўртасидаги ярим финал беллашувининг ниҳоятда драматик бўлиши кутилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.