Сиз кўрмаган Афғонистон: Унутилган афғон журнали

"Жвандун" журнали саҳифаларидаги фотосуратлар

Яқинда Афғонистонда узоқ йиллар нашр этилган «Жвандун» (Ҳаёт) журнали сонлари рақамлаштирилди. Энди Интернетда кўриш мумкин бўлган журналнинг ёрқин ва ранг-баранг саҳифалари ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар замонида Афғон элитасининг интилишлари ҳамда турмуш тарзи қандай бўлганини ўзида экс эттирган.

Журнал 20-асрнинг деярли ярмида мунтазам чоп этиб келинган. Ундаги мақолалар замонанинг долзарб мавзулари, тарих ва ижтимоий муаммолар ва, албатта, кино юлдузлари ҳамда модага бағишланар эди.

Эллик йилдан ошиқроқ вақт мобайнида «Жвандун» нафақат ўтиш даврларининг суронли воқеалари, балки янада нозикроқ мавзулар - ўқувчиларнинг мақсад ва орзуларини ҳам ёритиб борди.

«Жвандун» аксар аҳолиси саводсиз бўлган мамлакатдаги кам сонли ўқувчиларга мўлжалланган эди.

Pages from Afghan magazine Zhvandun - front covers

Журналнинг муаллифлари ва ўқувчилари асосан пойтахт Кобулдан эди. Улар аҳолининг илғор қисмига мансуб ҳисобланиб, кинотеатрда қайси кинони томоша қилиш ёки юбкани қандай қисқартириш борасида бош қотиришга вақти ҳамда имконияти бор инсонлар эди.

«Жвандун» кўпроқ 1920 йилларнинг сўнгида оммавий чоп этила бошланган сариқ матбуот сирасига кирарди.

Pages from Afghan magazine Zhvandun - reflecting the Soviet influence post-1979

Машҳур афғон ёзувчилари ва мутаффакирлари ижод намуналарининг аксарияти «Кобул» журнали саҳифаларидан жой олар эди.

«Адаб» (Маданият) Кобул университети томонидан чоп этилиб, «Болалар Дўсти» (Камкаяно Анис) саҳифалари бошқотирмалар ва эртакларга тўла бўлар эди.

Front covers of Kabul and Children's Companion (Kamkayano Anis) magazines

«Жвандун» минтақа тақдирида муҳим из қолдирган 1949 йилда дунё юзини кўрди. Бу вақтда Иккинчи Жаҳон Уруши оқибатида Европанинг қудратли империялари заволга юз тута бошлаган эди.

Афғонистоннинг қўшнилари - Ҳиндистон, Покистон ва Эронни янги, пост-колониал ғоялар забт эта бошлаган бир давр эди.

Афғонистон эса замонавий давлат бунёд этиш салоҳияти ва буни рўёбга чиқаришга етадиган маблағга эга эди.

Pages from Afghan magazine Zhvandun - airline images

Афғонистон шоҳи Зоҳиршоҳ ўз мақсадларини амалга ошириш учун хорижий маслаҳатчиларни мамлакатга таклиф этди ва АҚШ ҳамда Совет Иттифоқи кўмагини қўлга киритишга интиларди.

1955 йили Ariana Airlines'нинг мамлакатга келиши Афғонистонни дунё билан боғлашга имкон яратди.

Авиакомпаниянинг энг машҳур рейси Кобулни Теҳрон, Дамашқ, Байрут ва Анқара орқали Франкурт билан боғлаб, 13-асрда яшаб ўтган итальян саёҳатчиси шарафига «Марко Поло йўли» деб ном олган эди.

Pages from Afghan magazine Zhvandun - soft drink and department store advert

Бундан ташқари, тоғлар ва саҳролар сабабли ташқи дунёдан узилиб қолган афғон ҳудудлари ҳам мунтазам ҳаво рейслари орқали бир-бири билан алоқа қилиш имкониятини қўлга киритди.

1960 йиллардан бошлаб «Жвандун» саҳифаларида рекламалар пайдо бўла бошлади.

Аксарият аҳоли ҳатто орзу қила олмайдиган автомобиллар, музлатгичлар ва болалар озуқаси рекламалари фаол айлантира бошланди. Лекин ўзига тўқ кичик қатлам, айниқса аёллар, учун бу товарлар мафтункор турмуш тарзи инқилобининг тимсолига айланганди.

Pages from Afghan magazine Zhvandun - car, shoes, fridge and radio adverts

1973 йилда Зоҳиршоҳ ўз амакиваччаси Муҳаммад Довудхон томонидан тахтдан ағдарилди.

Асрий анъаналарни инкор қилган ҳолда, у ўзини қирол эмас, балки янги ташкил топган Республика президенти деб эълон қилди.

Довудхон маҳаллий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини қўллаб-қувватлагани сабабли «Жвандун» саҳифалари рекламалар билан тўлиб кетди.

Pages from Afghan magazine Zhvandun - images of Afghan women in the mid-1970s

Бироқ Афғонистонда янги сиёсий мафкуралар ва рақобатлар қайнар эди. 1978 йили бир гуруҳ коммунист ҳарбийлар қўли билан Довудхон тузумига барҳам берилди.

«Савр» аталмиш ушбу инқилоб суронлари акс-садоси авлодлар оша бизнинг кунимизга қадар етиб келган.

1979 йили СССР Афғонистонга бостириб киргандан сўнг тижорий рекламалар «Жвандун» саҳифаларидан ғойиб бўлди.

Бироқ «Жвандун» ўзининг янги тоифадаги ўқувчилари орзуларини акс эттиришда давом этди.

Pages from Afghan magazine Zhvandun - reflecting the Soviet influence post-1979

Ҳолливуд юлдузлари ўрнини совет актеёлари эгалладилар; магнитофонлар ва музлатгичлар ўрнида қишлоқ хўжалиги машиналари пайдо бўлди.

Ҳаттоки журнал саҳифаларидан келажак борасидаги советларча утопик ғоялар ҳам жой ола бошлади.

Pages from Afghan magazine Zhvandun - reflecting the Soviet influence post-1979

«Жвандун» эълон қилган материаллардан кўриш мумкинки, саҳифаларни Ленин ва Шўро гимнастлари суратлари тўлдирган бўлса-да, СССР ва АҚШнинг келажак тўғрисидаги қарашларида ўхшашлик мавжуд эди.

Pages from Afghan magazine Zhvandun - Lenin and sport front covers

«Жвандун», «Кобул» ва бошқа нашрлар Совет Иттифоқи мағлубиятга учраши ортидан 1990 йилларда ўз фаолиятини якунлади.

Тартибсизлик ҳукмрон давр келган бўлиб, кўплаб ёзувчилар, матбуотчилар ва муштарийлар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

Толибон тузумининг кучайиши ортидан уларнинг аксарияти ҳеч қачон ватанга қайтмади ва журналлар фаолиятига ҳам буткул нуқта қўйилди.

Аммо афғон журналлари муштарийлар ўртасида шунчалик машҳурликка эришган эдики, одамлар уларни камдан-кам ахлатга улоқтирардилар. Кўплаб ўқувчилар журналларнинг ҳар бир сонини кўз қорачиғидек асрар эдилар.

Pages from Afghan magazine Zhvandun

АҚШ Конгресси Кутубхонаси мазкур журналларнинг деярли ҳар бир сонини тўплашга муваффақ бўлди.

Юзлаб журналлар, эндиликда, Жаҳон Рақамли Кутубхонаси (World Digital Library) доирасида, Carnegie Corporation кўмаги асосида рақамлаштирилди.

Ҳозирда журналларнинг матбаа шаклини топиш анчайин мушкул, лекин уларни вақти-вақти билан ёйма бозорларда учратиш мумкин.

Барча фотосуратларнинг муаллифлик ҳуқуқи АҚШ Конгресси Жаҳон Рақамли Кутубхонаси (World Digital Library) ва Нью-Йоркдаги Carnegie Corporation жамғармасига тегишли

Алоқадор мавзулар