"Сиз қаерда яшаётганингизни биласизми?.."

Ленин
Image caption Ғоялар устунми ё ҳайкаллар?..

Ўтган асрнинг омон-омон саксонинчи йиллар бошларида ўрта мактабда ўқиб юрган кезим, рус тили ўқитувчимиз Зинаида Ивановна Рыбалконинг дарс пайти шўхлигимизни кўтаролмай қарғаши ёдимга тушди. “Татаро монголы - вы все!” дея жиғибийрон бўларди ўша пайт ёши элликлардан ҳатлаган, эри “кўчманчи” ҳарбийлардан бўлган ўқитувчимиз.

Ўқитувчимизнинг бу қарғиши бизни умуман ранжитмасди. Фақат нима учун ўзбекларни “татару” мўғул деб атайди, бизга уларнинг нима алоқаси бор деб ўйлаганим ёдимда... Бугун ўқитувчимиз аслида нимага бундай деганини эслаб кулиб қўяман. Қойил, Зинаида Ивановна! Чингизнинг алами асрлар ўтса ҳамки, ўзининг ҳам ва ҳарбий бўлиб ишлаган эрининг ҳам дилидан аримаган эканда...

Ўқитувчимизнинг бу сўзларини эслаганимнинг сабаби бугун Марказий Осиё давлатлари қатори, Тожикистоннинг ҳам анча ўзгарганидир. 1985 йилдан кейин таваллуд топганлар у замонларни эсламас, бугунги ўзгаришларни эҳтимол пайқамасдир, аммо каттароқ ва кексароқ авлод ҳамон Шўро даврларининг етмишинчи, саксонинчи йилларини қўмсаши бор гап.

Бир тийинлик гугурт, 13 сўмга бир қоп ун ва арзон ёнилғи бир томон, эсланадигани яна ҳамма бир маънода Шўро миллати бўлгани, “сан тожик, сан қирғиз ва ё сан ўзбек “ деган ажратишлар бўлмаганидир.

Бугун унақа эмас. Барча тўйу маъракалар, миллий анъаналар қоришиб кетган ҳолда ҳам Тожикистонда ва Ўзбекистонда сал тепароқ доираларда ажратишлар яққол кўзга ташланади. Самарқандда Рўдакийнинг ҳайкали олинади, Садриддий Айнийнинг уй-музейи бузилиши ҳақида гап сўз тарқайди... Хўжандда эса телевизион ва радиода ўзбекча қўшиқлар берилмаслиги ҳақида оғзаки буйруқ бор деган миш-мишлар урчийди. Гўё тепада ўтирганлар шу билан ўз ҳудудида “кичик” саналган икки миллатни яна ҳам кичрайтиришга эришади ва ё ҳукуматбошлар ўзаро адоватда “ куч синашади “. Келинг, истасангиз бошқача таъриф бериб кўринг бу амалларга... Оддий халқ эса бунақа можароларга кўп ҳам эътибор беравермайди одатда ва одатда тепароқда турганлар ақл бовар қилмайдиган амалларга қўл уришади.

Ана шунақа “антиқа” амаллардан бири Тожикистондаги ўзбек мактабларидан бирида рўй беради шу кунлар... Мактабга ҳамон мавжуд РАЙОНО деган ташкилотдан комиссия келади. Текшир-текшир бошланади. Анча юпун синфхоналарга кириб кўришади. Ҳеч кимни биология, химия ва физика хоналарида ўқув қуроллари етишмаслиги, бутун бошли мактабда бирорта ишлаб турган компютер бўлмагани қизиқтирмайди.

Қизиқтирган нарсанинг ўзи қизиқ...

Image caption Замона эврилишлари қизиқ...

Комиссия аъзолари ўзбек мактабидаги ўзбек тили ва адабиёти хонасига киришади. Қарашсаки, бир томонда Навоий ҳақида катта деворий газета, бошқасида эса Заҳириддин Муҳаммад Бобур, яна бирида Эркин Воҳидов... Ўзбекча ғазаллар, шеърлар.

Адабиёт ўқитувчиси болаликдан дўстимнинг рафиқаси Манзура, бир чеккада ўз маҳорати ва ишидан мамнун ийманибгина туради. Аммо комиссия раҳбари ғалати савол сўрайди... (Ўша суҳбатчани менга сўзланганидай сиз билан баҳам кўрсам.) -Сиз қаерда яшаётганингизни биласизми? -... -Қайси мамлакатда яшаётганингизни сўрадим? -Тожикистонда... -Тожикистонда давлат тили қайси тил? -Тожик тили... -Унда нимага мана бу деворий газеталар ўзбек тилида?.. (?)

Манзура муаллима бунга нима деб жавоб бериши билмайди. Аммо деворий газеталар қайтадан тожик тилида ёзиб чиқилиши буюрилади. Қайтадан ўқитувчилар ва ўқувчилар пул йиғишади, қоғозу нимарсалар сотиб олиниб тамомила ўзбек тили мактабидаги, ўзбек тили ва адабиёти хонасидаги деворий газеталарда ўзбек адабиёти намоёндалари ҳақида мақолалар қайтадан ёзилади, таржима қилинади – тожик тилига...

Албатта, Тожикистон ҳукуматида, дейлик Таълим Вазирлигида ҳеч ким ўзбек мактабларидаги адабиёт синфларида ( деворий газеталарда ) Навоий ва Бобур асарларини ўқитувчилару ўқувчилар тожик тилига таржима қилсин, деб буйруқ бермагандир. Эҳтимол, бу ўша комиссия аъзолари орасида сал дунёбехабарроқ бир кичик мулозим ўз қудратини синаб кўрмоқчи бўлгандир...

"Миллий" давлатчилик васвасаси

Нима бўлганда ҳам, Марказий Осиёдаги “миллий” давлатларда “номлари мамлакат номида зикр этилмаган миллатлар” масаласи пайдо бўлаётгани рост. Музейлару ҳайкалларнинг бузилишими, қишлоқ ва шаҳарларнинг номлари ўзгартирилишими, аввал ўзларини бир миллат деб таниганлар орасида янги элату миллатлар ясашга уринишми... буларнинг барида бир қараганда улкан мантиқсизлик кўринади.

Бутун бошли минтақани ким ва нима учун бўлиб ташлагани, аслида Марказий Осиёда яшаётган халқлар деярли битта ҳудуднинг одамлари экани эса нари борса йигирма йил ичида кўплаб мулозимларнинг ёдидан кўтарилаётгандай…

Камина ҳам ё аламимдан ва ё бу мантиқсизликка қарши бир томонлама, очиқ – ойдин мантиқ топиб беролмаганимданми, Зинаида Ивановнани соғинаман. Қарғагани эсимга тушади. Қанийди, бу мамлакатлар мулозимларини бир синфга йиғиш иложи бўлса? Шу синфда бир суҳбатлашишса, баҳслашишса ва айни авжига чиқишганида ( бу мантиқсизликдан албатта “авжига”чиқишлари тайин!) Зинаида Ивановна эшикни шарақлатиб синфхонамизга кириб келса –ю, ҳаммани бир сўкса – “ Да татаро монголы вы все! “

Бу мавзуда батафсилроқ