Мушоҳада бекати-2

"Уверенность что все уже написано, уничтожает нас или обращает в призраки" (Хорхе Луис Борхес)

"Мушоҳада бекати"ни очишдан мақсад ИНСОН моҳияти ва ҳақиқати, ибтидоси ва интиҳоси, яшаш ва ўлимнинг мазмунига оид абадий саволлар атрофида баҳс юритишга имкон беришдир. Чунки инсоният яралибдики, доимо ушбу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилади. Ва қайси дин, миллат ёки ирққа мансуб эканига қарамай, ўз мавжудлигини доимо савол остига олади? Инсон қаердан келиб, қаерга кетади? Яшашдан мақсад нима? Жонда мавжудликнинг сабаби нимада?...

Азиз муштарий, агар "Мушоҳада бекати" рукнида ушбу саволлар атрофида баҳс юритмоқчи ёки ўз фикрларингиз билан ўртоқлашмоқчи бўлсангиз, фикру мулоҳазаларингизни bbcuzbek.com га йўлланг.

Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ёда саҳифанинг ўнг томонидаги махсус форма орқали фикрларингизни билдиришингиз мумкин.

Биз сизнинг фикру мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.

ЙЎЛОВЧИ ҚИСМАТИ

Феруза Раҳмон

Йўлга чиқдим...Сен биринчи йўловчи эмассан, деди ўзимга ўзим. Биламан, дейди қайсарлик билан ўзимга ўзим.

-Мен ўзимга кетаяпман!

-Сен шундоқ ҳам кетаяпсан!

-Йўловчида ихтиёр йўқ!!!

Ўзим ўзига таслим бўлгиси келмади:

-Йўқ, мен йўловчи эканлигимни билиб қолдим!!!

ЙЎЛОВЧИНИНГ МАҚСАДИ - МАНЗИЛ!

* * *

Япроқ, сен нимасан, деди ўзим - Сенман, деди ўзимга ўзим...

Дарахт, сен-чи, деди яна ўзим - Сенман, деди ўзимга ўзим...

Кўзларимда аксланган дунё, нимасан, деди ўзим - Сенман, деди ўзимга ўзим...

Мен кимман, деди ўзимга ўзим - Ўзингга боқ, деди ўзимга ўзим...

Кўзга кимсан, деди ўзимга ўзим - Сенман, деди ўзимга ўзим...

МЕН КЎЗГУМАН, КЎЗГУ!!!

* * *

Бедорсан... Ва ниҳоят тонгга ожизлигингни сезиб қолдинг!!! Сен эмас, тонг ўзини орттирди.

Бугунда яшашни бошладинг...Кеча қаерга кетди, сенинг ихтиёрингсиз? Яна ожиз қолдим...

Ғилдирак ортга қайтмайди!!! Ўзингга ўзинг иқрор бўлади...Инсон эканлигингда бор-йўғи ғилдирак эканингни чорасиз тан олдинг!

Ўзи ўзиники бўлган ғилдирак ғилдирайверади, ғилдирайверади, ғилдирайверади...

Ғилдирайверасан!!!

ҒИЛДИРАК, ҒИЛДИРАК, ҒИЛДИРАК...

Давоми бор

Фалсафа фан либосини кия оладими?

"Мақола ўзгариб бораётган дунёмизда билишнинг ўзига хос шакли, фалсафа деб аталмиш соҳанинг ўрни ва аҳамияти юзасидан ўртага чиқаётган саволлар муҳокамасига бағишланган".

(Хуршид Йўлдошев, муаллиф)

Шу ўринда баъзан “фалсафа” сўзига “фан” сўзини қўшиб ишлатишдек чалкашликлар ҳам учраб туришини эслаб ўтишимиз лозим. Масалан: Фалсафа фани, ижтимоий фалсафа фани ва ҳ.к. “Адабиёт” эмас, балки уни ўрганувчи “адабиётшунослик”кина нисбатан фанликка даъво қилганидек, фалсафа билан ҳам айни шундай. Баъзи бир фалсафашуносларнинг фалсафага фан либосини кийдириш учун турли модага айланган концепция ва назарияларни (Масалан: синергетика) турли қолипларга жойлаб, зўрма-зўраки хулосаларни чиқариш натижасида фалсафа бўлиб фалсафа эмас, фан бўлиб фан эмас, беўхшов, қандайдир аросатда қолган, амалий жиҳатдан ҳам, назарий жиҳатдан ҳам аҳамиятсиз “квазифалсафа”лар пайдо бўлмоқда.

Фалсафа ва фан чегараси

Фалсафа ва фан чегарасини етарлича аниқлаштириб олмаслик натижасида ҳуқуқ фалсафаси билан ҳуқуқшунослик, сиёсат фалсафаси билан сиёсатшунолик қоришиб кетмоқда. Ижтимоий фалсафа эса турли ижтимоий-гуманитар фанларнинг номувофиқ ғалати йиғиндисига айланиб қолган. Бу ҳолатни, айниқса, Марксизмни ҳаддан зиёд илоҳийлаштириб юборган, шароитнинг кескин ўзгариши натижасида эсанкираб қолган баъзи бир “файласуф”ларнинг саъй-ҳаракати натижаси дейишимиз мумкин. Агар фалсафага фанлик либосини кийдириш русумга айланган мамлакатларга эътибор берсак, улар асосан собиқ социалистик давлатлар эканлигининг гувоҳи бўламиз. Гегелнинг фалсафасидаги дунёвий руҳнинг фалсафа ва дин кўринишида мутлақликка эришиши тўғрисидаги қараши фалсафа ва фан ҳақиқатларини қориштириб юборди. Марксизм эса айни қарашдаги идеалистик руҳни олиб ташлаб, уни диалектик материализм кўринишида моделлаштирди. Натижада фалсафа ўта жун ва тор маънода тушунила бошланди.

Бугунги кун зарурияти

Маънавият ва ахлоқ масалалари кўндаланг бўлиб турган бугунги кунда, фалсафа ўз вазифасини муносиб тарзда бажара олиши учун унга асрлар давомида – ҳоҳ Ғарб фалсафасида ҳоҳ Шарқ фалсафасида бўлсин – мавжуд бўлиб келган ўзига хос эркин ва жўшқин руҳиятни қайтаришимиз зарур. Шундагина у маънавий-руҳий борлиғимизнинг бир қисмига айланади, уни шакллантиради, ривожлантиради. Румийни Румий қилган, Навоийни Навоий қилган сўз ўйинларимиди? Бетховенни Бетховен қилган қуруқ товушлармиди? Агар биз улар яратган асарлар ортида ҳеч қандай схемага тушмайдиган, фан деб атаб бўлмайдиган фалсафа яширин эканлигини эътиборга олсак анчайин қиммматли бойлигимизни йўқотиб қўйганлигимизни афсус билан тан олишга мажбур бўламиз.

Сўнгги сўз ўрнида

Мулоҳазаларимизни шу ерда ниҳоялаб, баён қилганларимиз янгилик эмаслигини, улар Суқрот, Афлотун, И.Кант ва аналитик фалсафа намоёндалари қарашларидан озиқлангани ва бу борада улардан қарздор эканлигимизни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Истагимиз фалсафага муносабатта қайсидир таълимот ўрнига бошқа бирини олиб келиш эмас, балки турфа ҳилликни вужудга келтирган ҳолда, қотиб қолган андозаларни парчалаб ташлаб, тафаккурга эркинлик бериш, “фалсафа” ни фалсафага айланишига кўмаклашишдир.

Тамом