Сизнинг ижодингиз-2

Шеърият

BBCUzbek.com веб саҳифасининг "Сўз Сизга" форумида бошқалар билан баҳам кўрмоқчи бўлган шеър, қисса ёки бошқа ижод намуналарингиз борми? Биз уларни "Сизнинг ижодингиз" рукни остида чоп этиш ва бошқаларнинг ҳам эътиборига ҳавола этиш ниятидамиз.

(Эслатиб ўтамиз, барча асарларни Би-би-си таҳрир қилиш ҳуқуқига эга. Айрим асарлар Ўзбек хизматининг радио дастурларида ҳам эфирга узатилиши мумкин. )

Ўз ижод намуналарингизни bbcuzbek.com га йўлланг.

Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ёда саҳифанинг ўнг томонидаги махсус формадан фойдаланишингиз мумкин.

Биз сизнинг ижод намуналарингизни кутиб қоламиз!

Муаллиф ҳақида:

Шаҳодат Улуғова—1970 йилда Навоий вилояти Нурота шаҳрида туғилган. ТошДУ журналистика факултетини тамомлаган. Иккита ҳикоялар тўплами чоп этилган.

Ватан Ичра Беватан

(қисса)

2-қисм

Биз анча йўл юргач, карвонга қўшилдик. Саҳрои Кабир аро нафас ростламоққа тўхтаган карвон яна субҳи саҳар чоғи йўлга чиққани тараддудда эди.

Карвон бошида бўйнига қўнғироқлар осилган нортуя олдинга қараб йўл олади. Қарангки, мис қўнғироқларнинг бир маромдаги куйи одамни ўзидан бездирмайди, билъакс, туну кун аллалаган мисол жаранглайверади. Бу жаранг дам олгани чўккан нортуялар кўзига уйқу илинган кезда ҳам менинг қулоғим остида муаллақ қотади. Ҳозир ҳам нортуялар ана шундай тотли садолар остида яна-да олдинга интилмоқдалар. Олислар томон чўзилган улкан издиҳом орасида ҳижобли бир аёл ҳам бор эди. Соябон аравада бир маромда чайқалиб борарди. Ҳожаси унга яқинроқ бўлиш учун туяни қичайди. Бека ҳожасига сув узатди.

Зард-олуд рангга бўялган осмон равоқлари қуёшнинг қизғиш нурлари билан чулғанди. Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган саҳродан ўтишнинг машаққати бисёрлигини биламан. Бу азоблар якунида шодлик эшик қоқиб тургани ҳам аён. Узоқда яна қайта кўринмоқ учун йўқолиб бораётган сароб айни дамда менинг кўзларимни қамаштирмоқда эди. Атрофда эсаётган гармсел янтоқ ҳидини димоғимга пуркайди. Туялар оёқлари остидаги янтоқларни писанд қилмай босган кўйи илгарилаб борарди.

Ҳижобли аёл ва ҳожаси манзилларига етган эди. Мен икки кун йўлда бизга ҳамроҳ бўлган бу аёл билан хайр-хўшламоққа тўхтадим.

- Хайр, омон бўлсак, кўришармиз!

- Хайр,-деди у.

Мен уни қучиб, сўнгги бора юзига тикилмоқ учун ҳижобини кўтардим ва сесканиб кетдим.

У мохов еди. Чалғиб кетдим.

Қобирғаларини синдириб олмиш, авайлаб юрагини қинидан тортмиш. Йўниб тайёрланмиш кескир бир қалам. Потирлаган юрак шўрлик беомон сиқилмиш. Сурҳ сиёҳ ёрдамида ёзилган ҳарфлар ипга яна қайта тизилмиш.

- Бўла қолинг, қараб турибман!

Мен овоз келган томон қайрилдим.

* * *

Начора, аёл бўлгач, шу-да. Рўмолни бошга қайта танғийман. Сўйласа бўладиган, бироқ ҳаётнинг арзимас икир-чикирларига шўнғиб яшамоқ нақадар тотли азоб!

“Фақат туртма, қўзғалмасин дард-афсусларим. “Duizend-duizend jaren had ik afgelopen. Ben ik veel keer gevallen, ben ik elke keer weer opgestaan.”

Шуларни қайд этмиш. Сўнгига 24.10.2007 санасини битмиш. Сўнг Schildstraat томон бурилиб кетмиш... Мен шуларни қайд этиб қўйдим. Ўшанда чалғиб кетганим чин эди. Буни сизга қандай тушунтирсам. Нафсиламбрини айтганда, айни бу кайфиятни эсанкираш, аниқроғи алаҳсираш десам хақиқатга яқин бўлар.

- Бўла қолинг, қараб турибман,- яна овоз эшитилди.

Айни чалғиш сабаб карвон аҳлидан орқада қолиб кетгандим. Амаллаб уларга етиб олдим. Ва бунда биз яна узоқ йўлни босиб ўтмоғимиз лозим эди.

Саҳро, қум, янтоқзор, дала, сароб…

Ям-яшил гиёҳлар рангини гўё ўзига сингдирган мисол сув кўринди. Ажабки, кафтдек бу жойдан отилиб чиқаётган сув на ўзидан жилға ҳосил қилган ва на-да ирмоқ. Аҳли карвон навбат билан идишларга сув ғамлаб олди. Туялар ҳам суғорилди. Эндигина кўз очган бу булоқча саҳро қўйнида сувлар сувратини мангу ҳаёт тимсолида ўзида акс эттирган, киши бошини меҳробга қўйиб сажда этмоқ учун иймон шоҳсупаси томон етаклаб борарди. Ниҳоят, карвон яна йўлга чиқди. Булоқ суви тегиб, ором топган кўнглим юмшаб борарди. Аравада бир маромда чайқалиб, кўзимга уйқу илинди…

Бир маҳал осмон гулдиради. Гулдирак тоғларда акс-садо бериб, чор-атрофни забтига олди. Абри найсонларни кутиб, тобистонга бағир очаётган қир-адирлар сув қуйгандек сокин. Гулдирак зумда тинди-қолди. Олуд бошларини сағал букиб турган зарғалдоқлар булутлар ортидан кўринаётган қуёшга ним ханда отар. Оппоқ кўйлак кийган Ҳувайдо зарғалдоқларни тера бошлади. У бир қучоқ лолани менга тутқизади. Атрофни муаттар ҳид тутиб кетган эди.

- Ҳувайдо, нима қилиб юрибсан?-сўрадим мен.

- Лола тераётган эдим. Ўзингиз нима қилиб юрибсиз? Қаерга отландингиз?-савол қотади.

- Мавло таолло – Маҳбуби Ҳабибни излаб.

- Ҳм-м,-деди у менга тикилиб. –Насиб этса, кўришармиз.-У шуларни айтар экан, даст қайрилди.

- Тўхта, ҳой Ҳувайдо, ўзинг қаёққа кетяпсан?

- Мен ҳам Маҳбуби Ҳабибни излаб кетяпман.

- Шошма, йўлимиз бир экан, менга ҳамроҳ бўла қол.

- Мен бошқа йўлдан кетяпман.

- Унда номи Ҳабибинг “Ла илаҳа иллаллоҳ” эсингдан чиқмасин.

- Хуш қолинг, манзилингизга саломат етинг.

- Оқ йўл, йўлинг бехатар бўлсин!

Ҳувайдо икки қўлини ёйиб, қучоқ очганча тобистон қуёшига бағир тутиб, югуриб кетди. “Аллоҳу Акбар!” Номи Ҳабиб янграр эди.

1-қисм

(қисса)

Қобирғаларни синдириб олмиш. Сўнг авайлаб юрагини қинидан суғуриб тортмиш. Қобирғадан бир қалам йўниб ясалмиш. Потирлаган юрак шўрлик беомон сиқилмиш. Тайёр бўлгай сурҳ сиёҳ. Лаҳм гўштлардан саҳифалар очилмиш. Ҳарфлар маржон мисол тизилмиш. Аттанг, сўнг битта-битта узилиб кетмиш.

Шундай. Қуёш қатра мисол қалқимас. Ер ўпирилиб кетмаяжак, ё алалхусус, осмон ўқчиб-ўқчиб қон қусмас. Магар ўзинг-ўзингга юпанч бўла олмас экансан, бировнинг далдаси сенга чи кора?!

Ҳаракатдаги қобирға-қалам қайтадан ўйноқлар ва бунда ҳаёт безалиб ёзила бошлар. Ҳарфлар лаҳмгўштлар саҳифасида маржон мисол тизила бошлар. Аммо ҳеч зоғ англамаски, шу кесгир қобирға қон қатралари ила одамларнинг бахт ҳақидаги ажойиб ўйларини бира-тўла сўндириб ташлашга қодир. “Рўё-рўё, ба сари мо, ба сари мо!” деганди форсийзабон бир ҳофиз. Шундай бўлақолсин. Жисман ўзни йўқотиб, ҳеч қаерда ҳеч қачон бўлмагандай тугаб, бўшаб қолдингми?

Тўлқинлар мавжига қараб мантиқ қила бошлайсан. Бироқ бу тилсиз тўлқинларга сенинг мантиғинг чикора. Оқар сувлар оқаверар. Лекин айнан ўша тўлқинлар менга ёвузликнинг тахир таъмини туйиб, ундан эзгулик уруғини қандай сочмоқни ўргатган. Ўзингдан кўра тўлқинлар қирғоққа чиқариб ташлаган қайроқтошлар бирнав кўринади кўзингга. Улар денгиз наъра тортиб, ўшқирганида уйқу қучоғида эди. Тўлқинлар қирғоққа урилганида чўчитиб юборди. Шундан буён уйғоқ. Шундан буён бедор, беҳаловат сим-сим йиғлаюр.

Тиним билмас тўлқинлар-да уларнинг тусини ювиб ўчиролмас. На бўронлар-да уларни жойидан қўзғата олар. Ҳатто ўзим-да уларнинг жарангига маҳлиё эдим - эрмак учун бирининг устига бошқасини отдим. Лекин ўзим билан олиб кетмоққа ботинолмадим. Бир нарсани англадимки, бу англовдан ўзим даҳшатга тушганлигим рост. Исми нима эди?...

...палахмон тоши отган жойингга бориб тушади. Нега мен бу қайроқтошларга бунчалар мафтунман?

Босиб ўтар эканман, учқур тошлар тилади товонимни. Югураман, тошлар қон, бағрлар қон югураман. Исми нима эди? Яна ёдимдан кўтарилди.

Лаънати вақт қаҳрабо толқонини гулгун юзига сепиб улгурган, толқон юзли-доғли, ажин оралаб тарашамисол тиришган, ғамдан сочларига бит оралаган ёсуман кампирмидинг, айт, фалак?

Ва ёки энди туғилган, ҳали шўри кетиб улгурмаган, оҳорли, навниҳол, кўзлари кўзмунчоқ қўзичоқмидинг, айт, дунё?

Қон қақшатган жабрмидинг?

Ичсанг болинг тахирмиди, айт?

Аслида уч-тўрт ойни мўлжаллаб, Дажлага қайиқ солиб эдим, лекин номи хаёлимдан фаромуш кўримсиз кўрфазда қолиб кетиш пешонамда эди. Кўрфаздан чиқиб, қирғоқдаги қайроқтошларни босган кўйи туйқус товонимга қарадим. Тилим-тилим товонимдан қонлар оқса-да, оғриқ сезмасдим. Фақат қобирғаларим зирқираб оғрирди.

Тонг ёришай деб қолган, юлдузлар тим қора осмон денгизида нурсиз балқийди. Улар хира ханда отиб, сўнг тобора сўна бошлади. Яқин орада бунақанги сокин, айни пайтда фаромуш тонгни кўрган эмасман. Қия кўтарилиб келаётган қуёшнинг нафис шуълалари тобора соб бўлаётган тонгнинг фараҳбахш шаббодаси билан қўшилиб бораётир.

Фалакда бир мужда яққол кўринди. У илоҳий шуълаларини таратмоқ учун тасалло айлаб, сиймин ташлади. Ҳар гал шундай, тўлқинлар қирғоққа урилиб, денгиз наъра тортганда тонгни соғинавераман.

Давоми бор