Малоҳат Эшонқулова маҳаллийчилик, цензура ва ўзбек журналистларидаги журъатсизлик ҳақида

Малоҳат Эшонқулова
Image caption Ўзбекистонлик журналист Малоҳат Эшонқуловага савол йўлланг

Ўзбекистон телерадиокомпанияси "Ёшлар" телеканали катта муҳаррири, журналист Малоҳат Эшонқулова 1966 йил Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида туғилган.

У журналистлик фаолиятини 1989 йил Ўзбекистон радиоси муҳаррири сифатида бошлаган. Малоҳат Эшонқулова Ўзбекистон телевидениеси "Ёшлар" каналида 1999 йилдан бери ишлаб келади.

У "Икки эшик ораси", "Муносабат" каби дастурлар тайёрлаган.

Айни кунда Малоҳат Эшонқулова "Нафс гирдоби" деб номланган кўрсатувга муаллифлик қилади.

"2002 йилнинг 4 апрель куни танқидий кўрсатувим учун Миллий телерадиокомпаниясининг ўша пайтдаги раиси буйруғи билан ноҳақ ишдан ҳайдалганман. Телерадиоокомпаниянинг бу қарорини маҳкамага бериб, бир йилу тўққиз ой деганда, 2003 йилнинг 11 ноябрь куни Олий судда ютиб чиққанман", дейди журналист.

Малоҳат Эшонқулованинг "Мурдадан мулк умидворлар", "Макр тўридан тўкилган тузоқ", "Ҳижобли хоним ҳангомаси", "Жўнатилмаган мактуб", "Қарғиш урган одам" каби 20дан ортиқ журналистик тадқиқотлари хулосасига оид таҳлилий-танқидий мақолалари матбуотда босилиб чиққан.

Журналист Ўзбекистон телерадиокомпанияси "Ёшлар" телеканалида унинг даъво қилишича, порахўрлик ҳоллари, маҳаллийчилик ва носоғлом муҳит ҳақида арз қилиши шов-шувларга сабаб бўлган.

Бунинг ортидан журналист ўзининг "Ёшлар" каналидаги ижодий фаолияти ҳам хавф остида қолгани ҳақида айтади.

Журналист Малоҳат Эшонқулованинг Би-би-си ўқувчилари саволларига жавоблари

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си: Ассалому алайкум Малоҳат опа, Би-би-си дастурига хуш келибсиз!

Малоҳат Эшонқулова: Раҳмат, ассалому алайкум.

Би-би-си: Исмлари ва қаердан эканларини ёзмаган мухлисимиз айни кунда муаллифлик қиладиган "Нафс гирдоби" деб номланган кўрсатув қайси каналдан кўрсатилиши ҳақида сўрабдилар. Мухлисимизнинг иккинчи саволлари: "Ўзбекистонлик машҳур ва машҳурликка муносиб, маҳоратли журналист(лар) сифатида ким(лар)ни тан оласиз?"

Малоҳат Эшонқулова: Бугунги кунда ўша "Нафс гирдоби" кўрсатувим "Ёшлар" телеканалида шу пайтгача ойига икки маротаба эфир юзини кўриб келаётган эди. Мана куни кеча кўрсатув бир ойда тўрт марта эфирга чиқиши лозимлиги ҳақида топшириқ беришди. Бу саволга жавобим шу. Энди Ўзбекистонда қайси журналистларни тан оласиз деган мавзуга келсак, ўзимизнинг "Ёшлар" телеканали миқёсида айтадиган бўлсам, масалан, Нозимжон Мўминовни тан олиш мумкин. Собир Турдиевни тан олиш мумкин. Афсуски, телерадиокомпанияда ишлаш фаолияти чекланди ҳозирги пайтда мен тан оладиган журналистлардан бири Комилжон Шамсиддинов эди.

Би-би-си: Раҳмат катта, Малоҳат опа! Бирлашган Араб Амирлигидан хат йўллаган Али: "Айтингчи, Ўзбекистон ва хорижда юз бераётган воқеалар нима учун ўз вақтида ва ҳаққоний ТВ орқали кўрсатилмайди, бунга сабаб тепадагилар рухсат беришмайдими?" деб сўрабдилар. Марҳамат.

Малоҳат Эшонқулова: Шахсан мен мана шу ерда фаолият олиб бораётган журналист сифатида "тепадагилар рухсат беришмайдими" деган фикрга қўшилмаган бўлардим-да. Нимага энди? Масалан, ҳамма раҳбар ҳам ўзининг музофатида бўлаётган ҳар бир воқеа-ҳодисанинг ҳақиқатидан хабардор бўлишни истайди. Албатта, улар рухсат беришади. Менинг назаримда, бу воқеа ва ҳодисаларнинг телевидениеда ёритмаслигининг энг асосий сабабчиси телевидение раҳбариятининг қўрқоқлиги ва журъатсизлигида. Танқид эмас, майли, танқидга таъқиқ қўйилди ҳам дейлик, лекин лоақал мавжуд воқеа ёҳуд муаммони таҳлил қилиб бериш мумкин-ку! Аммо, менинг назаримда, бугунги телевидение раҳбариятини, ҳатто, ўша воқеани, муаммони таҳлил қилишга ҳам тиши ўтмайди-да. Шунинг учун ҳам, қўл остидаги ходимларига бу борада йўл беришмайди. Менинг фикрим шу.

Би-би-си: Бу борада гапирадиган бўлсак, цензура масаласи ҳам ўртага чиқади. Яъни, Ўзбекистонда цензура борлиги ҳақида тез-тез гапирилади. Бу ҳақда Сизнинг фикрингиз қандай? Умуман, Ўзбекистондаги журналистиканинг бугунги аҳволи ҳақида нима дея оласиз?

Малоҳат Эшонқулова: Оддий журналист сифатида холис айтаман-да, бир аниқ "мана буни беринг, мана буни берманг, мана бу таъқиқланган ва ё мана бунга яшил чироқ" деган нарсани ҳеч қачон эшитмаганман. Цензура бу, биласизми, мана шу раҳбарлар, менинг назаримда, ўзи ўтирган ўрнидан, курсисидан қўрқиб, бир ички цензурасини ўрнатиб олишган-да. "Мана бу кетиб қолса, хато бўлса, ман бугунги ўтирган ўрнимдан ажралиб қолмасмиканман", деган бир ҳадикда шу ходимларга ҳам ўша ўзининг ички қўрқувини, ички журъатсизлигини, ички цензурасини жорий қилади, тадбиқ қилаяпти.

Би-би-си: Алининг иккинчи саволлари: "Айтинг-чи, нега "Ёшлар" канали ва бошқа каналларда ҳам қўшиқчилар кўпайиб кетди. Улар бўлар-бўлмас қўшиқлар билан ТВ орқали чиқишяпти. Бунга сабаб реклама учун тўпланадиган маблағми ёки бошқа сабаби борми?"

Малоҳат Эшонқулова: Энди ман "Ёшлар"да бўладиганига қисман жавоб беришим мумкин, ўзим билганимча-да, мана шу ерда ишлаётганлигим сабабли. Мен ўйлайманки, мана шу "Ёшлар"да бўлар-бўлмас қўшиқларнинг айланишига қўшиқларни танлаб эфирга бериш учун қабул қиладиган ижодий гуруҳ орасида том маънода мусиқани, қўшиқчилик санъатини тушунадиган мутахассислар йўқлигидир. Реклама борасида, "Ёшлар"да айланаётган қўшиқлар орқасидан мўмайгина даромад тушганини билмайману 2008 йилда айнан мана шу "Ёшлар" телеканалида қўшиқлар айланиши борасида фавқулодда бир ҳолат бўлган. "Ёшлар"да қўшиқ берилиши таъқиқланди натижада, қаттиқ назоратга олинди. Шу пайтгача кетмас эди. Мана яқиндангина бошлаб, энди "Ёшлик наволари" тижорат-мусиқий дастури йўлга қўйилди. Умуман, бир сўз билан айтадиган бўлсак, санъаткорлар, қўшиқчилар "Ёшлар" телеканали раҳбариятининг асосий даромад манбаи деб айтишим мумкин-да.

Би-би-си: Дилшодбек исмли ўқувчимизнинг саволлари ўзингиз даъво қилган маҳаллийчилик ҳоллари ҳақида экан: "Авваломбор, ассалому алайкум Малоҳат опа. Бу борада сизга қойил қолса бўлади. Менинг сизга берадиган саволим қўйидагича: маҳаллийчилик миллатчиликнинг кичик бир кўриниши эмасми, бу ҳақда сизнинг фикрингиз кандай? Ўтган асрда машҳур адибимиз Абдулла Қодирий "Ўтган кунлар" романининг қаҳрамони Юсуфбек ҳожи тили билан: "Биз бу ерда қипчоқ, қорачопон деб бир-биримизни кесамиз. Ташқарида эса, бундай вазиятни кузатиб турган ўрис ўзининг ифлос оёғи билан Туркистон тупроғига кириб келади", деб айтганди. Ҳақиқатдан ҳам, ўша пайтда Қодирийнинг фикри тўғри чиқди ва бу ҳалигача ўз асоратини кўрсатмоқда. Бир пайтлар битта юртда, битта халқ бўлиб яшаган қирғизлар билан ўзбеклар бугун бир-бирини кесишмоқда. Буни четдан қайсидир кучлар томоша қилиб туришибди. Мен айтмоқчиманки, бугун маҳаллийчилик кўринишида чўғланаётган иллат эртага миллатчиликка ўтиб, бутун бошли мамлакатни танг аҳволга солиб қўймасмикан? Биз ўзимиз билан ўзимиз келиша олмаётган бир пайтда Марказий Осиё халқларини бир-бири билан яқинлаштира оламизми? Сизнингча, қандай қилсак, бу иллатдан қутула оламиз? Менинг саволларим мана шулар эди. Ҳурмат билан Дилшодбек!"

Малоҳат Эшонқулова: Раҳмат, саволингиз учун ташаккур. Мени ҳам айнан мана шу нарса хавотирга солади. Шунинг учун ҳам арз қилишга мажбур бўлганман-да. "Ёшлар" телеканалида мана шу маҳаллийчилик иллати кучайиб кетганлиги хусусида бир қатор фактлар билан ҳукумат органлари, хусусан, Президентга, Бош вазирга бир эмас, бир неча маротаба мурожаат қилганман. Хат асосида телеканалнинг молиявий жиҳатлари текширилди. Аммо, маҳаллийчилик борасида бирон бир давлат ёки ҳуқуқ идораси лом-лим демади. Ваҳоланки, мамлакат раҳбари ўзининг "Ўзбекистон 21 аср бўсағасида" асарида мана шу маҳаллийчилик, таниш-билишчилик, қариндош-аймоқчилик мамлакатнинг энг катта душмани деб таъкидлаганлар-да. Айнан маҳаллийчилик оқибатида телеканалда кадрлар танлаш ва жой-жойига қўйиш сиёсати мунтазам равишда бузилмоқда. Маҳаллийчилик оқибатида ўзбекнинг ўз миллати вакилларини пойтахтга сиғдирмаётган шахслар эртами кечми, кўп ўтмай, миллатчиликка ружу қўймади деб ким кафолат беради. Вазият шу тариқа давом этса, эрта-индин Қирғизистон фожеаси Ўзбекистонимизда ҳам такрорланмайди, бошланмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Шу боис ҳам, тезда бу иллатни олдини олиш ва чораларини кўриш керак деб ўйладим-да...

Би-би-си: Лекин, Малоҳат опа, Ўзбекистон телевидениесида фақатгина тошкентлик журналистлар фаолият олиб боришмайди-ку, турли вилоятлардан келган журналистлар фаолият олиб боришади? Ишлашларига имкон берилаяпти-ку?

Малоҳат Эшонқулова: Тўппа-тўғри. Мен энди миллий телерадиокомпания эмас, "Ёшлар" телеканали мисолида айтишим мумкинки, штатда турибди, холос. Балки, уларни ишдан ҳайдаб юборишга ҳам имконият қидиришаётгандир. Мен сизга гувоҳ сифатида бир нарса айтишим мумкинки, вилоятдан келаётган ўша журналистларга биронта муаллифлик кўрсатуви берилаётгани йўқ. Масалан, уларга эфирга чиқиш таъқиқлаб қўйилган. Ҳатто, шевалар баҳонасида кадр орқасидан матнларни ўқиш ҳам таъқиқланган. Бундай қандай ҳол деб тушуниш мумкин? Хўжакўрсинга ишлаяпти деб ўйлайман-да, ман уларни. Чунки, яна бир мисол келтираман: энг оғир масъулият юкланган президентлик билан боғлиқ съёмкаларга борадиган, Олий мажлисларни ёритадиган энг оғир масъулиятни бўйнига олиб, ҳафтада етти кун бўлса, 14 кун эфирга чиқадиган ходимлар бир ойда 300 минг (сўм-демоқчи-Би-би-си) ҳам ойлик олишмайди, лекин телеканал директорини атрофида бўлган оддий котиба дейсизми, иш юритувчи дейсизми, техник назоратчи дейсизми, уларнинг 2 миллион (сўм-демоқчи-Би-би-си)га яқин ойлик олишини қандай баҳолаш мумкин? Мен мана шуни маҳаллийчиликнинг бир кўриниши деб ҳисоблайман-да.

Би-би-си: Сиз фактлар деб айтаяпсиз, мана рақамлар келтираяпсиз, бу фактларни Сиз қаердан олгансиз? Қандай қилиб аниқлагансиз буни?

Малоҳат Эшонқулова: Масалан, менинг ўша арзларим асосида Бош прокуратура томонидан "Ёшлар" телеканалида текширув ўтказилган. Бундан 47 миллион сўм талон-тарож қилинганлиги аниқланган ва бу ҳолатни бартаф этиш ва 47 миллион сўмни жой-жойига қўйиш борасида Республика прокуратураси телерадиокомпания раиси номига тақдимнома киритилган. Айни кунда қайтарилиб бўлди бу пуллар.

Би-би-си: Анвар исмли тингловчимиз ёзадилар: "Коррупцияга қарши курашидаганлар кўпчилиги ёлғиз ҳаракат қилишади. Бу нарса коррупциялашган системада мағлубиятга олиб келади. Коррупцияга қарши курашадиган ташкилот тузиш ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?" Малоҳат Эшонқулова: Умуман, коррупцияга қарши курашадиган ташкилот тузиш ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Мен мана шу курашиш баҳонасида бир нарсага-айрим бирга ишлайдиган ҳамкасбларнинг психологиясини, руҳиятини яхшироқ билиб олишга муваффақ бўлдим. Уларда ички қўрқув ҳаддан зиёд кучли экан-да. Мана шундай ҳадик билан бир нарсага эришиш қийин-да, менинг назаримда. Модомики, мана шу журналистлар шу қадар журъатсиз экан, ички қўрқувга қул экан, улардан ўрнак олиши мумкин бўлган ва уларга эргашиши мумкин бўлган оддий халқни энди ўзингиз тасаввур қилиб кўраверасиз. Ўйлашимча, нафақат журналисталарнинг ўша мамлакат ҳар бир фуқароси ўз ичидаги ички қўрқувни енгмас экан, ҳақиқат учун курашни ҳам, ўша коррупцияга қарши курашиш борасидаги бирон бир жамиятни тузиш ҳақида ҳам бирон бир гап бўлиши мумкин эмас-да, менинг назаримда. Би-би-си: Самарқандлик номи билан хат йўллаган мухлисимиз: "Ассалому алайкум! Бир пайтлар сизнинг Самарқанддаги STV телеканалида "Икки эшик ораси" кўрсатувини канда қилмай кўрар эдим. Бу кўрсатув, адашмасам, одамларнинг ҳақиқий муаммоларини кўтариб чиқиб, ҳақиқий ёрдам беришга ҳаракат қилган жуда саноқли кўрсатувлардан эди. Бу кўрсатув кейин бир муддат "Ёшлар"да чиқди. Ўша кўрсатув, айниқса, STVда чиққанда дадил, танқидни тап тортмай айтадиган эди. Шу кўрсатув нима учун ёпилиб кетди, цензура сабабми ё бошқа сабаблар бўлдими? Жавоб учун раҳмат!" деб ёзганлар. Малоҳат Эшонқулова: Раҳмат, мухлисимга ўша пайтларни эслаганлари учун. Кўнглимдагиларни айтган пайтим деб ўйлайман-да, ўша пайтларни. Ўша пайтдаги журъатларимга ҳозир ўзим четдан кузатиб ҳайрон қоламан: "наҳотки, шу мен эдим, шу гапларни айтган ва шу нарсага жазм қилган", деб. Энди бу кўрсатувни тайёрлаш жараёнига келсак, асосан, томошабинлардан келган фактлар асосида, аризалар асосида тайёрланган ўша кўрсатувлар. Уларнинг дардини эшитишга, уларнинг муаммосини ҳал қилишга мавжуд муаммони ҳаққоний, холисона талқин қилишга ҳаракат қилганмиз. Кўрсатувнинг ҳам ўша пайтдаги муваффақияти шундай бўлса керак, деб ўйлайман. Энди бугунги кунда нима учун йўқолиб кетганига келсак, бир жазм қилганман, томошабинларнинг эсларида бўлса, бу кўрсатувни "Ёшлар" телеканалига келиб давом эттиришди. Лекин, катта қозонда қайнаш қайсидир жиҳатдан оғир бўлар экан. Чунки, мен "Қишлоқдаги тенгдошим" кўрсатувини тайёрлаб, ўша кўрсатувда бир танқидий лавҳа бериб, шу кўрсатув ва танқидий лавҳа орқасидан ишдан ҳайдалиб, бир йилу тўққиз ой сарсону саргардон бўлганман кўчада. Кейин шу кўрсатувни тайёрлашда ўзимда қандайдир журъат бўлмади шекилли. Журъат топган тақдимида ҳам бундай таҳлилий, у даражадаги, у савиядаги таҳлилий-танқидий кўрсатувларни эфирга бериш учун бирон бир раҳбарнинг журъати етмаса керак, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам, тайёрламайман шекилли.

Би-би-си: Шундай кўрсатувларни тайёрлай оладиган бошқа журналистлар борми Ўзбекистонда?

Малоҳат Эшонқулова: Бор. Тайёрлаш қўлидан келади, ман бунга ишонаман. Лекин, барибир битта нарса тўсқинлик қилади: ички қўрқув, журъатсизлик, ички цензура тўсқинлик қилса керак деб ўйлайман. Менимча, раҳбардан ўтган бўлса керак ички қўрқув уларга. Раҳбар курсисидан айрилиб қолишдан қўрқувга тушади. Ёшлар эса, қўл остидаги журналистлар ўша кичик раҳбарга ёмон кўринишдан ҳадиксирайди. Лекин, мен ёшларимизнинг ҳаммаси қойилмақом қилиб, ажойиб кўрсатувлар, таҳлилий кўрсатувлар тайёрлашларига ишонаман.

Би-би-си: Би-би-си билан суҳбатга рози бўлганингиз учун катта раҳмат, Малоҳат опа! Ижодий ишларингизга муваффақият тилаб қоламиз!