Равшан Эрматов қойилмақом ҳакамлик сири, юлдузлар ва яна вувузелалар ҳақида...

Ўзбекистонлик донгдор ҳакам Равшан Эрматов билан суҳбатимизни бу ерда тинглашингиз мумкин:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу галги меҳмонимиз - бутунбошли терма жамоаси қолиб, ўзбекистонлик каттаю кичикни бир ўзи телевизор қаршисида мукка туширган, ёш боши билан Ўзбекистоннинг номини Африка қитъасида ҳам янграта олган таниқли ҳакам Равшан Эрматов. Равшан, энг аввало журналистлару учрашувлар билан қанчалар банд эканингизга қарамай, биз билан суҳбатга рози бўлганингиз учун раҳмат. Демак, биринчи саволимиз Туркиядан, Тўрабекдан. Тўрабек, “Равшан ака, нима учун япониялик, жанубий кореялик, хитойлик шунча ҳакамлар турганда айнан ўзбекистонлик сиз Осиё Футбол Федерацияси ва ФИФАнинг эътиборига тушдим, деб ўйлайсиз?” деб сўраган:

Равшан Эрматов: Биринчидан, ФИФА 2010 йилги Жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилувчи номзод ҳакамлар рўйхатини 2006 йилнинг охирида эълон қилганди. Рўйхатда 80 дан ортиқ ҳакам бўлса-да, ораларида хитойлик ёки жанубий кореялиги йўқ эди. Аммо Ючи Нишимура бошчилигидаги япониялик ҳакамлар гуруҳи бор эди. Ва биз ана шу тўрт йил ичида жуда катта меҳнат қилдик ва кўплаб семинару турнирлардан ўтдик. Тўрт йиллик меҳнатимиз ортидан ФИФА бизга ҳам, япониялик ҳакамлар гуруҳига ҳам ишонч билдирди. Менимча, айнан қилган тайёргарлигимизни кўриб, ФИФА бизга 2010 йилги Жаҳон чемпионати ўйинларига ҳакамлик қилишни ишониб топширди.

Би-би-си: Тайланддан Муроджон Матисманов эса, энг аввало сизни “Ўзбекистон ифтихори” нишони билан табриклаб, “Айтинг-чи, ҳакамлик касбини танлашингизга фақат отангиз сабабчи бўлганмилар ёки яна бошқа сабаблар ҳам бунга туртки бўлганми?” деб қизиққан.

Равшан Эрматов: Авваламбор табрик учун раҳмат. Биринчидан, ҳакамликка ўтишимга футбол ўйнаб юрган пайтимда оёғимдан олган жароҳатим сабаб бўлган. Ўша пайтда 19 ёшда эдим. Жароҳатим оғир экани сабаб, ортиқ футболни давом эттира олмадим, тарк этишимга тўғри келди. Иккинчи сабаб эса, қўлимга ҳуштакни тутқазиб, “Ўғлим, энди бир ҳакамликни синаб кўрмайсанми?” деган отам бўлганлар. Мана шу икки сабаб туфайли ҳакамликни танлаганман.

Би-би-си: Муроджон саволларининг сўнггида, “Россия матбуотига берган суҳбатингизда мен кейинги Жаҳон чемпионатига Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан бораман дебсиз, айтганингиз келсин,” дея тилак ҳам билдирибди.

Равшан Эрматов: Энди, “Яхши ният ярим мол,” дейишади. Бизнинг ҳаммамизнинг, 28 миллионлик Ўзбекистон халқининг истак-хоҳиши, нияти ҳам шу. Шунинг учун биз ҳам шунақа бўлишини тилаб қоламиз.

Би-би-си: Токиодан Абдусаттор, “Ючи Нишимура бошчилигидаги япониялик ҳакамлар гуруҳининг қилган ҳакамлигини қандай баҳолайсиз?” деб сўраган.

Равшан Эрматов: Осиёдан фақат Ючи Нишимура эмас, ундан ташқари саудия арабистонилик ҳакам Ал-Гамди ҳам 2010 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этди. Агар Нишимуранинг ҳаракатларига тўхталадиган бўлсак, у Жаҳон чемпионатини жудаям ажойиб қилиб ўтказди. Тўртта ўйинни бошқарди ва ФИФА мутасаддилари ҳам унинг фаолиятидан ниҳоятда қониқишди. Ва Ючи жуда катта профессинал ҳакам эканлигини яна бир бор исботлади.

Би-би-си: Лондондан Камола эса, “Равшан, Жанубий Корея бўладими ёки Япония, нега бирорта ҳам Осиё жамоаси Жаҳон чемпионатида ўзини кўрсата олмади?” деб сўраган.

Равшан Эрматов: Менимча, бу Жаҳон чемпионатида Жанубий Корея ҳам, Япония ҳам ўзларини ёмон кўрсатишмади. Лекин шунда ҳам бунинг сабабларини мен ўрганиб чиққаним йўқ. Бу саволни мутахассисларга берилса тўғрироқ бўлади. Умуман олганда уларнинг гуруҳ босқичидан чиқа олганликларининг ўзи ҳам Осиё жамоалари учун бугунги кунда ёмон натижа эмас.

Би-би-си: “Ўзбегимдан сиздек ҳакамни чиқарган Аллоҳга беадад шукроналар бўлсин,” деб ўз мактубини бошлаган Бўстон эса, “Умуман Жаҳон футболининг бугунги ва кечаги юлдузларига ҳакамлик қилиш, уларнинг ўзини кўриш, улар билан бир ерда туриш кишида қандай ҳиссиётлар туғдиради? Ўзингиз мисолингизда айтиб берсангиз,” деб илтимос қилган. Ўзини Ҳарри деб таништирган ўқувчимиз ҳам худди шундай савол юборган.

Равшан Эрматов: Биринчидан, майдонга чиққанимизда биз қайси жамоаларга ҳакамлик қилаётганимиз ёки қанақа юлдузларга ҳакамлик қилаётганимизга умуман эътибор бермаймиз. Бу – биринчидан. Футбол қонун-қоидалари юлдуз ўйинчилар учун ҳам, номи чиқмаган ўйинчилар учун ҳам – ҳамма учун бир хил. Шунинг учун ҳам биз майдонга чиққанда ўйнаётган жамоаларнинг футболкаси рангини ажратиб, ҳакамлик қиламиз, холос. Ва майдонда ким ўйнаётганига аҳамият бермаганмиз ҳеч қачон.

Би-би-си: Шотландиядан Сайф эса, “Салом Равшанбек, сизнинг ҳам юлдуз футболчилардан дастхат йиғиш одатингиз борми, бўлса, қайси юлдуз футболчилардан автограф олгансиз?” деб савол юборибди.

Равшан Эрматов: Шу пайтгача ҳеч кимдан дастхат олмаганман. Бу, менимча, ҳакамларга тўғри келадиган одат эмас. Ва бунақа одатим йўқ.

Би-би-си: Бўстон яна, “Равшан, ҳакамлик қилаётганингизда ичингизда майдонда ўйнаётган қайсидир жамоага “болеть” қиласизми? Шунақа ҳиссиёт ўтадими,” деб сўраган.

Равшан Эрматов: Шунақа ҳиссиёт мендан ҳеч қачон ўтмаган. Бевосита футбол томоша қилган пайтимда ҳам, ҳакамлик қилган пайтимда ҳам қайсидир жамоага, сиз айтиб ўтганингиздек, “болеть” қилиш одатим йўқ.

Би-би-си: Лекин телевизор орқали кўрганингизда, мухлис сифатида халқаро жамоалардан қайси бири ёки қайси футболчини ёқтирасиз?

Равшан Эрматов: Биласизми, баъзи ўйинчиларда жентельменлик хислатлари бўлади. Масалан, англиялик Жеррард, уругвайлик Форлан бунга бир мисол. Улар ўйиннинг натижаси қандай бўлишидан қатъиназар, ўзларининг жентельменлик хусусиятларини йўқотиб қўйишмайди ва бор эътиборларини ўйинга қаратиб, ўзларини доимий назоратда ушлашади. Ана шу ўйинчиларни жуда катта профессионал, деб ҳисоблайман.

Би-би-си: Бўстон яна, “Бу йилги Жаҳон чемпионатида Англия учрашувига ҳакамлик қилган пайтингизда ўйиндан кейин Вейн Руней сизга асабийлашиб гапирганини экранда кўрдик. Руней ўшанда сизга нима деди?” деб қизиққан.

Равшан Эрматов: Руней учрашув пайтида ҳам менга гапирганди. Ўша вазиятда Руней рақибининг шортигидан тортиб, ўйин қоидасини бузганди. Ҳуштак чалган пайтимда, “Мен ҳеч нарса қилганим йўқ-ку,” деб эътироз билдирди. Тасвирларни қайта кўрганимизда ҳам Рунейнинг ўйин қоидасини бузганлиги яққол кўриниб турганди. Ўйиндан кейин ҳам Руней келиб, “3 дақиқа қўшиб бериш балки камдир,” деди. Лекин 3 дақиқа қўшиб бериш ўша ўйинда нормал вақт эди.

Би-би-си: Муслимбек эса, Ўзбекистонни танитишдаги хизматларингиз учун ўз ташаккурларини изҳор этган ҳолда, “Сиз катта ўйинларни бошқардингиз ва жаҳон юлдузларининг ўйинларига бевосита ҳакамлик қилдингиз. Уларнинг ҳаммаси ҳам инглиз тилини билавермаслиги мумкин. Жаҳон чемпионатида футболчилар қоида бузишганида Сиз уларга нималарнидир тушунтиргандек бўлдингиз. Майдонда улар билан қайси тилда гаплашасиз?” деб сўраган.

Равшан Эрматов: Оврўпо, Африка қитъасилик футболчилар билан мулоқотимиз инглиз тилида бўлди. Кўплари инглиз тилини билишмагани учун Жанубий Америка жамоалари билан испан тилида сўзлашишга тўғри келди. Чунки футбол қонун-қоидаларидаги керакли сўзларнинг испанчасини биламан. Яна шуни айтишим мумкинки, Месси умуман инглиз тилини билмас экан. Ва Мессига ҳам ўзини босиб олиши ёки қандай ўйин қоидасини бузганлигини испан тилида гапириб, тушунтиришга ҳаракат қилдим.

Би-би-си: Бошқа бир муштариймиз эса, “Қайси чет тилларни биласиз?” деб қизиққан.

Равшан Эрматов: Рус, инглиз тилларида бемалол гаплаша оламан. Испан тилида футбол терминологияларини биламан.

Би-би-си: Токиодан Абдусаттор яна “Умуман ҳакамлик тажрибангизда, айниқса, ўйинни бошқариш арафасида, масалан, пора олиш таклифига учраганмисиз? Мабода шу нарсаларга учраган бўлсангиз, уларни қандай ҳал этгансиз, қийин бўлмаганми?” деб қизиққан. Саволини ўз овози билан беришни истаган ўзбекистонлик яна бир тингловчимиз ҳам шунга ўхшаш мазмунда савол берган.

Равшан Эрматов: Ўзбекистонда умуман бундай ҳодисаларга учрамаганман. Ва халқаро учрашувларда ҳам худди шундай бўлган, деб бемалол айтишим мумкин. Таҳдидлар масаласига келадиган бўлсак, Ўзбекистон Футбол Федерацияси ҳакамларни кучли назоратида ушлаб туради ва ҳимоя қилади. Шунинг учун ҳам ҳакамлар ҳеч қандай босимларсиз, бемалол ҳаракат қилишади. Федерация ҳакамларнинг ҳар қандай ўйинларни бемалол, қонун-қоидаларга асосланган ҳолда олиб боришларига шароит яратиб берган. Ва бу борада бизда ҳеч қандай муаммо йўқ.

Би-би-си: Тошкентдан Мубина, “Англиянинг 2010 йилги Жаҳон чемпионатидаги охирги ўйинида ҳакамнинг нохолислиги ҳақида гаплар чиқди. Сиз ҳам ҳакамнинг ўша пайтдаги қарорини қоралайсизми? Умуман олганда, ҳакамнинг ноҳақлик қилиш ҳоллари чиндан ҳам бўладими ёки мухлисларга шундай туюладими?” деб қизиққан.

Равшан Эрматов: Ўша учрашувда уругвайлик Хорхе Ларрионда ҳакамлик қилганди. Умуман олганда, у ўйинни жуда ҳам яхши бошқарди. Аммо битта “бахтсиз воқеа” бўлди шу ўйинда. Менимча, “человеческий фактор,” деймиз-ку, худди шундай вазият бўлди. Бу – одам назорат қилолмайдиган вазиятлар тоифасига киради. Бу ФИФАни яна бир маротаба ўйлантириб қўйди. Ва кейинги турнирларда, менимча, ФИФА шундай хатоларнинг олдини олиш учун муайян чораларга қўл уради.

Би-би-си: Ўзбекистондан Абдумутал, “Равшан ака, айтингчи, Жаҳон чемпионатидан сўнг Ўзбекистон миллий чемпионатидаги битта ўйинни бошқардингиз. Қанақа ҳиссиётлар кечди? Чунки юксак мусобақадан сўнг бизнинг ўйингоҳларимиз сифати ғалати туюлмаяптими, сизга?” деб сўраган.­­­

Равшан Эрматов: Жаҳон чемпионатидан кейин ўзимизнинг миллий чемпионатдаги “Андижон” ва “Нефтчи” клублари ўртасидаги битта ўйинни бошқардим. Бу ўйинда одамлар менга одатдагидан кўра кўпроқ эътибор беришларини яхши билардим, тушунардим. Чунки бу ўйинда заррача бўшашишим одамларни мен тўғримда негатив хаёлларга етаклаши мумкин эди. Нега деганда, улар “Равшан Жаҳон чемпионатидан кейин Ўзбекистон миллий чемпионатини менсимай қолибди,” деган ўйга боришлари мумкин эди. Лекин мен уларда Жаҳон чемпионатидан кейин Равшан ўзгариб қолибди, деган фикрни уйғотмаслик учун бу ўйинда Жаҳон чемпионатидан кўра ҳам кўпроқ ҳаракат қилишга уриндим. Ва бундан кейин ҳам ана шундай қилишга ҳаракат қиламан.

Би-би-си: Билишимизча, ўйин назоратчиси ҳам ҳакамлик фаолиятингизга юқори баҳо берган?

Равшан Эрматов: Ҳа, шунақа бўлди, ҳа.

Би-би-си: Лондондан Бекзод эса, “Дўстим Равшанбек. Сиз Жаҳон чемпионатидан кейин ҳар томонлама анча чарчадингиз. Чарчоқларингиз чиқдими ёки мундиалдан сўнг яхши дам олмадингизми,” деб қизиққан.

Равшан Эрматов: Агар инсон ўзи яхши кўрадиган ишини қилса, менимча, унда жуда катта чарчаш аломатлари сезилмайди. Менинг мисолимда ҳам худди шундай. Мен ўзим яхши кўрадиган ишимни қилганим учун ундай кучли толиқиш сезганим йўқ. Аксинча, қилган ишимдан ниҳоятда роҳатландим. Лекин келганимдан кейин оилам билан Ўзбекистоннинг чиройли тоғли манзилларида бир ҳафтача дам олдик. Ва бу борада умуман муаммо йўқ.

Би-би-си: Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан Одилжон Маҳдумий эса, “Ўш воқеаларидан кейин Баҳодир Қўчқоровни Ўзбекистон давлатига доимий яшаш учун чақириб олиш ниятингиз йўқми? Ёки унинг ўзи келиб яшаш нияти борлигини сизга айтдими?” деб сўраяпти.

Равшан Эрматов: Биз Баҳодир акамга таклиф билан чиқдик. Агар лозим топсангиз, оилангиз билан сизга Ўзбекистонда уй-жой, ҳамма нарсани қилиб беришга тайёрмиз, дедик. Аммо Баҳодир акам буни рад этиб, ота-онам, ўзим туғилган ер Ўш бўлгани учун Ўшда қоламан, нима бўлганда ҳам, бу – менинг Ватаним ва ўз Ватанимдан ҳеч қаёққа кетмайман, деб айтдилар.

Би-би-си: Бизга исмсиз мактуб йўллаган бошқа бир ўқувчимиз эса, “Қизларнинг футболга мухлислик қилишига қандай қарайсиз?” деб сўраган.

Равшан Эрматов: Бугунги кунда қизларнинг футболга ишқибозлик қилишлари ортиб бораяпти. Қизларнинг футболи ҳам тобора оммавийлашмоқда. Мана, ҳозир Олмонияда 20 ёшлилар ўртасида хотин-қизларнинг Жаҳон чемпионати бўлиб ўтаяпти ва жуда қизиқарли кечаяпти. Ўзим ҳам баъзи ўйинларни томоша қилдим. Ва қизларнинг мухлислик қилишларини “нормальний,” деб ҳисоблайман.

Би-би-си: Сизга келган саволлар орасида 2010 йилги Жаҳон чемпионатида ким чемпион бўлишини тахмин қилган эдингиз, дегани ҳам бор...

Равшан Эрматов: Шуни тахмин қилмаган эдим. Чунки тахминлар қилишни, башорат қилишни ўзим ёқтирмайман.

Би-би-си: Англиядан Санжар, “Равшан ака. Бутун Жаҳон чемпионати давомида ҳамманинг тинчини бузган вувузелалар сизга ёқдими? Совға учун ўзингиз ҳам яқинларингизга сотиб олдингизми?,” деб сўраган.

Равшан Эрматов: Биз бир йилдан бери ФИФА семинарлари ва турнирларида вувузелалар остида ишлашга оид машғулотлар ўтказиб келаяпмиз. Демоқчиманки, бизни Жанубий Африкада нималар кутаётганини яхши билардик. Шу сабабдан ҳам, асосан вувузелага аҳамият бермасдан ҳаракат қилдик. Лекин вувузелалар бошида четдан келган мухлисларнинг роса асабига тегди. Кейин улар ҳам ўрганиб қолишди ва ўзлари ҳам вувузела сотиб олиб, ҳар бир ўйинда чалиб ўтиришга кўникиб қолишди. Лекин умуман олганда вувузела кишига халақит бермасдан қўймайди. Вувузела жуда кучли овоз чиқарувчи асбоб, деган бўлардим.

Би-би-си: Бўстон яна, “Равшан, шон-шарафдан бошингиз эсанкираб қолгани йўқми?” деб сўраган.

Равшан Эрматов: Йўқ, бунақа одатим йўқ. Юлдузлик касалига учраш бу – бизлар учун эмас.

Би-би-си: Энг сўнггида сизга савол йўллаган мухлисларингизга тилакларингиз:

Равшан Эрматов: Би-би-си Ўзбек Хизмати мухлисларига авваламбор соғлик-саломатлик тилайман. Шунчалик эътибор бериб, савол юборганликлари учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ва Жаҳон чемпионатида бизга мухлислик қилиб турганликлари учун бригадамиз номидан уларга катта ташаккур билдирамиз. Оилаларига тинчлик-хотиржамлик тилаймиз. Омад уларни ҳеч қачон тарк этмасин.

Муштарийларимиз мактублари

Hurmatli BBC O'zbek xodimlari,

Mening savollarimni Ravshan akaga yetkazib, javoblarini eshitishga imkoniyat berganingiz uchun katta rahmat. Shu o'rinda sizlar orqali Ravshan akaga yana bir bor minnatdorchilik bildirib, ularning bundan keyingi hakamlik ishlariga ulkan zafar va muvaffaqiyatlar tilab qolaman.

BBC mehmoni rukni mening uchun hamisha intizorlik bilan kutiladigan eng sevimli rukn bo'ladi. Fursat topilsa, yana savollar berish istagidaman.

Tashakkur va salomlar bilan,

Abdussattor

FIFA HAKAMI-RAVSHAN ERMATOVGA,..QIZIQARLI SUHBAT VA SAVOLLARIMIZGA MAZMUNLI JAVOB BERGANINGIZ UCHUN SIZGA TASHAKKUR BILDIRAMAN, ISHLARINGIZGA OMAD VA HAR DOIM "UZBEK XALQINING IFTIXORI"BOLIB YURAVERING,...

Murodjon Matismonov, Bangkok, Thailand