Озода: 'Шерали Жўраев қани? Ёки бошқа санъаткорлар қани? Нимага 'запрет' қилишади?'

Озода Нурсаидова
Image caption Озода "Ёр-ёр", "Кетма", "Бу кунлар кечагимас", "Йиғламанг она", "Кўнгил" каби ўнлаб қўшиқлари билан машҳур

Озода Нурсаидова ёки Озода Саиднинг қўшиқлари бугунда нафақат Ўзбекистон, балки-да бутун Марказий Осиёда севиб тингланади.

Озода "Ёр-ёр", "Кетма", "Бу кунлар кечагимас", "Йиғламанг она", "Кўнгил" каби ўнлаб қўшиқлари билан машҳур.

Озода фақат ўзбек тилида эмас, балки турк, форс, рус ва инглиз тилларида ҳам қўшиқлар ижро этган.

Озода Саид ўз устида тинимсиз ишлашини айтади. Санъаткор "Осиё гулдастаси" номли албомни ўз мухлисларига тақдим этиш арафасида. Аммо, хонанданинг нафақат ижоди, балки шахсий ҳаёти ҳақида турфа гап-сўзлар урчиган, у бир қанча муддат телевизион экранларию саҳналарда кўринмай қолган.

Озода Нурсаидова билан суҳбат

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си: Бугунги Би-би-си меҳмони - ўз ижоди билан нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёда таниқли бўлган қўшиқчи Озода Саид ёки Озода Нурсаидова. Ассалому алайкум Озодахон, Би-би-си дастурига хуш келибсиз!

Озода Нурсаидова: Ваалайкум ассалом, хушвақт бўлинг. Хуш кўрдик.

Би-би-си: Сизга дунёнинг турли бурчакларидан кўплаб саволлар келган. Мен имконимиз етгунга қадар улар билан таништиришга ҳаракат қиламан. Демак, биринчи савол Истанбулдан. Шаҳзод исмли мухлисингиз сўраяптилар: "Нега бу йил ҳам концертингизни қолдиришди, сабабини айтасизми?" Ўзбекистондан Алишерали: "Ассалому алайкум, нима сабабдан телевидениеда кўринмай кетдингиз? Тўй-томошаларда ҳам кўринмаяпсиз. Сизга нисбатан тазйиқ борми ёки бошқа сабаблар борми?"-деб сўраганлар. Дубайдан Алишер ҳам худди шу мазмунда: "Озодахонга қуйидаги саволим бор эди: нега ТВ орқали кўринмайсиз, концертларингиздан клипларингиздан дарак йўқ ёки чеклов қўйилдими сизга ҳам бошқа санъаткорлар каби. Янги ижодларингиз ҳақида ҳам айтинг",-дея хат ёзганлар. Пекиндан Андижоний исмли мухлисингиз эса: "Келажакда катта концерт залларида қўшиқларингизни тинглай оламизми?"-деб сўрабдилар. Марҳамат!

Озода Нурсаидова: Бу нарсани очиқ гапириш керак. Яшириш бўлмайди. Албатта, тазйиқ бор. Мана тўрт йилдирки, жавобсиз саволлар кўп-да. Масалан, қарши чиқишлар жуда ҳам кўп. Энди, албатта, тўғрисини айтиш керак, ҳозир гапирган гапимни кимдир давлат раҳбарларимиз, баъзи чиновникларимиз эшитиб: "вой, анақа", дейиши мумкин. Демоқчиманки, мана биздаги мана бу манипуляция борку, "запрет" қилишлар... шуларни яна бир ўйлаб кўриш керакми, дейман-да.

Би-би-си: Ниманинг орқасидан деб ўйлайсиз бу таъқиқлар, сабаби нима?

Озода Нурсаидова: Ўзи жуда ҳам жонга тегиб кетди мана шу нарсалар. "Гадонинг душмани гадо бўлади", дейишади. Қандайдир ўзининг мақсадига эга бўлган, стратегияси бор одамлар шундай санъаткорларимизни йўқотишяпди. Нафақат, мани телевизордан чиқариш, мани оиламга, мани ҳаётимга тазйиқлар...бу очиқ нарса. Ҳамма ёқда маънавият биринчи туради, санъат биринчи туради. Санъатни заҳарлашдими, бу давлатни ичидан емирди дегани. Нима учун ўзбек халқи битта санъаткорни эшитиши керак, мажбур бўлиши керак. Ҳаттоки, бозорлардан ҳам бизнинг "запис"ларимизни йўқотишяпти, ишонасизми? Бу нарсани очиқ айта оламан. Ўшанинг учун бутун дунёга очиқ айтаманки, бизнинг ўзбек санъатини қутқаришсин, тамом.

Би-би-си: Лондондан мактуб ёзган Дилбар: "Ҳозирги кунда ўзбек ашулачилигида енгил-елпи, мазмунан саёз қўшиқлар кўпайиб кетган. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?"-деб сўрабдилар. Ўзига Ш деб ном қўйган яна бир Лондонлик мухлисингиз: "Нима учун Ўзбекистондан Майкл Жаксон, Стинг ёки Гугуш каби машҳур, дунёга танилган санъаткорлар чиқмайди? Ўзбекистон бунақа талантларни чиқара олмайдими? Ҳозирги кунда талантли санъаткор деб кимларни айта оласиз?" - деб ёзибдилар. Марҳамат.

Озода Нурсаидова: Ўзбекистоннинг ҳозирги санъати аҳволи жуда ҳам ёмон ҳолатда. Шуни айта оламан, холос. Демоқчиманки, Ўзбекистон санъатини дунёга кўрсатишмоқчи...қайси маънодаки, кечирасизу, ҳар Мустақилликка (байрамига демоқчи-таҳририят) чиқадиган Озодбек Назарбековдан ташқари санъаткорлар ҳам бор Ўзбекистонда. Қайсидир бир раҳбар шу Озодбек Назарбековдан бошқа санъаткорни қўймайди саҳнага. Қанчадан-қанча санъаткорларимиз чиқмайди ҳозир Ўзбекистонда. Мана Гуугуш деяпсиз, бошқа бир санъаткорларни айтаяпсиз. Кечирасизку, агар мана бунақа ҳолат бўладиган бўлса... Би-би-си: Мана "фақат Озодбек Назарбековнинг қўшиқлари қўйилади ҳозирги кунда", деб айтаяпсиз. Лекин, Ўзбекистонда бошқа ижод қилаётган бошқа санъаткорлар ҳам борку. Масалан, Сизга бўладиган тазйиқлар бошқаларга ҳам бўлади, деб ўйлайсизми?

Озода Нурсаидова: Ман демоқчиманки, Озодбек Назарбековни мисол қилиб, ҳозир шунқа нарса бўляптики, ҳар бир одамнинг ўзини манфаатига тўғри келган, кимнинг тўйида кўпроқ хизмат қилса, ўша санъаткор...тушунтира олдимми? Шахсий манфаатлар биринчи ўринга бўлиб қолган-да. Мани айбим нима? Айбим-ҳеч қачон ман қайсидир бир раҳбарнинг тўйига бориб, ҳар битта чалларисидан тортиб, то туғилган кунигача хизмат қилмайман. Бу дегани принцип қилиб эмас, чақиришса бораман, лекин вақтимга қараб. Бошқа камбағалнинг тўйини олган бўлсам, ман боролмайман. Мани ўзимни принципим бор. Демоқчиманки, битта манга эмас, кўп санъаткорларга тазйиқлар бўляпти. Яхши санъаткорларга тазйиқ бўляпти, ўсиб келаётган санъаткорларга тазйиқ бўляпти. Нима десам бўлади, Озодбек Назарбековни яхшими-ёмонми, билмайман. Билишни ҳам хоҳламайман. Демоқчиманки, у ўзбек санъатининг рамзи бўла олмайдику ҳеч қачон. Мисол учун-да. Нимага қаерга бўлса, шу санъаткор? Яъни, ман унга конкуренция учун эмас, ман фақат битта санъаткорнинг чиқишига қаршиман. Майли, ман чиқмай, лекин бошқа санъаткорларни чиқаришсин. Нимага бу "запрет"лар? Шерали Жўраев қани ёки бошқа санъаткорлар қани? Қани, Фаррух Зокиров? Нимага Насиба Абдуллаева кам чиқади? Масалан, ман ўзимни қўйиб турай, майли мани бир қанақа айбим бордир. Лекин, аслини олганда мани нима айбим бор? Ман 4 йилдан бери "запрет"даман, лекин борсам, "йўқ, сан "запрет" эмассан", дейди. Телевизорга борсак, бермайди. Ман сиёсатга ҳаётда аралашмаганман. Мани битта айбим - мани санъатим, холос!

Би-би-си: Яна бир мухлисимиз: "Ўзингизга устоз деб қайси санъаткорларни айта оласиз?"-деб сўраганлар. Умуман, санъат соҳасига кириб келишингизга сабаб нима бўлган?" деб сўраяптилар. Марҳамат.

Озода Нурсаидова: Ман ўзимга устоз деб Умми Гулсумни айта оламан...Санъатга кириб келишимизга сабаб: санъатга қизиққанмиз, санъатга қизиқишимиз, шу... Би-би-си: Япониядан Комрон: "Оврўпо, Америка, Япония каби бой давлатларда санъат соҳаси унумли, киримли соҳа. Аммо, шунга қарамай, у ерларда санъаткорлар ўртасида рақобат пасткашликка асосланмаган. Бизда эса, миш-мишлар, ғийбатлар, видеозапислар тарқатиш дейсизми...хуллас, юртимизда санъат соҳасигагина эркинлик берилган экан, нега маданиятимиз асоси бўлмиш ушбу соҳа аҳли ўртасида рақобат маданияти йўқ?"-деб ёзганлар.

Озода Нурсаидова: Ман нимага асбийлашганим, нимага жиғибийрон бўлганимнинг сабаби ҳам, мана кўрдингизми, ҳамма саволлар битта маънони беряпти. Нимага бизнинг ўзбек санъатида соғлом рақобат йўқ? Яхши санъаткорлар чиқамайди-да, ёмон санъаткорларни тарғиб қилишади. Буни тагида, заминида, бундоқ ўйлаб қарасангиз, психологик тарафданми ёки бир сиёсий тарафданми ё-да, қандай тарафдан олиб қарасангиз, идеологияни заҳарлаш туради. Қаранг, ўзбек санъатида қанчадан-қанча зўр қўшиқлар бўлиб келган. Охирги 5 йил, 6 йилда қўшиқлар айтиляпти, аммо биронтаси эсда қолмаяпти. Атайлаб қилиняпти бу қўшиқлар. Мани "Жон ўзбеким, элим" деган қўшиғим бор, ўша қўшиғимни ҳалиям халқ яхши кўради. Ман уч йил олдин Наврўзга битта қўшиқ яратдим-да, ўша қўшиқни олиб бориб бердим. "Майли ман чиқмасам ҳам, шу қўшиқни беринглар ёки бошқа одам айтсин", дедим. Ман у қўшиқни беминнат бердим. Ана шу қўшиқдан кейин манга яна ҳужумлар бошланди. Қўшиқни эшитиб туриб, ўша ерда ўтирган шоир бу қўшиқни йўқотган. Байрам ташкилотчиларидан ким мутасадди бўлса, ўша одам шу нарсани назорат қилади. "Ана ўша одамга керак", дейишади. Бошқа одамга керак эмас, санъаткор билан чиновникнинг нима иши бор?

Би-би-си: Сизга тушунтириш беришдими, масалан, ўша қўшиғингизни чиқаришмагани сабабини айтишдими?

Озода Нурсаидова: Раҳбарлар билан санъаткорларнинг ўртасида юрадиган ғаламислар бор. Санъаткорлар барибир ўзининг ҳуқуқига эга бўлиши, ўзининг ҳуқуқини талаб қилиши керак. Сал қийинчилик бўлдими, "тўхтат", дейдию, "запрет" қилиб қўяди. Сан нимага "запрет" қилганини сўрагин олдин. "Мани нима асосда "запрет" қилдинг?" деб...

Би-би-си: Озода, мана шу имконият борми, масалан, санъаткор бориб, бирон қаерга шикоят қилиб, ҳаққини талаб қила оладими?

Озода Нурсаидова: Талаб қила олади. Оддий мисол: атайлаб Ўзбекистон фуқароси сифатида Ўзбекистон ҳақида ёмон гап тарқатсам, Ўзбекистоннинг обрўсига путур етадиган гап гапирсам-да, у асоссиз бўлса, мани очиқдан-очиқ "запрет" қилсин. Ман розиман. Тушуняпсизми, яъни, ман давлатни ерга урсам, асоссиз ёки ман гап тарқатсам, ҳақиқий очиқ, қонуний "запрет" қилсин. Ман розиман. Шунақа қонунлар чиқаришсинки, санъаткор чиқиб ана у ерда асоссиз гапирдими, аввало гапирмасин, гапирдими, шуни исбот қилсин. "Уни лицензиясидан ёки қўшиқ айтишдан маҳрум қилинсин фалон йилгача ё-да, бутун умрга", деб ёзиб бер. Бу нарсани асослаб бериш керак.

Би-би-си: Ҳозир йўқми Ўзбекистонда мана шундай қонунлар? Масалан, Сиз 4 йилдан бери мана таъқиқланган санъаткорсиз, ҳаққингизни талаб қилганмисиз бирон марта?

Озода Нурсаидова: Ҳаққимни талаб қилганман, лекин битта нарса, ҳамма нарса жавобсиз қолади бизда. Аслини олганда бир ойда жавоб бериши керак ҳар битта корхона. Лекин, бизда биронта ҳам корхона бир ойдан ошиб кетади, жавоб бермайди. Бу нарсани очиқ айтаман, асосларим бор етарли даражада. Илтимос қиламан, ҳа деб, Каримовнинг ёмонлашавермасин, бу нотўғри нарса. Ман биттаям унвон олмаганман, битта қоғоз беришмаган. Лекин, неча йил хизмат қилдим Ўзбекистон санъатига?

Би-би-си: Озода, нима учун шунақа тазйиқлар, босимлар нима учун Сизга нисбатан бўляпти, деб ўйлайсиз? Ёки бошқа санъаткорлар ҳам борми мана шундай босимлар остида қолган?

Озода Нурсаидова: Ман ўйламаяпман, ман бор гапни гапираяпман. Бошқа санъаткорларда нима бўляпти, билмайман...

Би-би-си: Истанбулдан Саида Эргашева: "Озода опани жуда ҳам яхши кўрамиз. Ҳозир қаердалар, нималар билан бандлар?"- деб сўрабдилар.

Озода Нурсаидова: Ман ижод қиляпман, ижодим тўхтагани йўқ. Яқинда қонцерт бермоқчи бўлдим, лицензияни беришдику, лекин гувоҳномага келганда, "Ўзбекнаво"га борсам: "Озода, тепадан телефон қилишсин", дейишди. Тўғрисини айтганда, яна ўша аҳвол...

Би-би-си: Сиз ҳуқуқий идораларга мурожаат қилиб кўрдингизми?

Озода Нурсаидова: Бефойда! Бефойда! Тушуняпсизми, бефойда. Мана ҳозир ҳуқуқий идорага борасиз, копток қилишади. "Хатингизни жўнатдик, кўришяпти. Бу ёққа жўнатдик, кўришяпти". Балки, бошқа соҳада ҳам шунақадир, бошқа соҳа мани қизиқтирмайди, билмайман, ман сиёсатчи эмасман. Ман сиёсатга аралашиб, "бизда фалончи унақа, бунақа", дея олмайман. Ман ўзимда бўлаётган нарса бўйича гапиряпман. Мана ҳозир айтишаяптики: "Қаердасиз?" Ман борман, тирикман, ишлаяпман. Би-би-си: Озода, Би-би-си билан суҳбатга рози бўлганингиз учун катта раҳмат! Мухлисларингизга тилакларингиз бўлса, марҳамат! Озода Нурсаидова: Қаерда бўлишимдан қатъий назар мани эшитаётган ҳар бир инсон қалбимнинг бир бўлаги. Ҳаётдаги биринчи инсонийлик бурчим-ўзим яшаётган давлат, ватанимга содиқ бўлиш, иккинчидан ўзимнинг мухлисларимга содиқ бўлиш. Ҳозир бир проект қилганман, ўша албом битиш арафасида. Шу албом орқали яқин кунларда кўришамиз. Ўзбекистонда чиқаманми, йўқми, ҳозир билмайман. Аммо, мухлисларим билан кўришишимиз аниқ. Демоқчиманки, ман ҳар доим Сизлар билан биргаман. Ҳаётимнинг мазмуни, оилам-қўшиқларим ва қўшиқларимга баҳо берувчи инсонлар фақат!

Би-би-си: Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?

Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз.