Абдужамил Шукуров: 'Футболни танлаганимдан ҳеч қачон афсус чеккан эмасман'

Image caption Абдужамил Шукуров ўзбекистонлик дунё тан олган футболчидир

Футбол оламида дунё тан олган футболчилар саноқли бўлади.

Ўзи иштирок этишга муваффақ бўлган деярли ҳар бир Жаҳон чемпионатининг "Энг зўр" тўпурарига айланганлари эса, ундан ҳам кам.

Ўз миллий терма жамоасини тўрт марта Жаҳон чемпиони қилишда ҳиссаси мислсиз бўлганлари эса, иккита ё учта.

Ногирон футболчилар орасидаги 8-Жаҳон чемпионатида 8-рақам остида, 8 та ўйинда 8 та тўп киритиб, 8 бор ғалаба қозонгани эса, умуман йўқ.

"Би-би-си меҳмони" рукнимизнинг бу галги меҳмони худди ана шундай футболчилардан бири, футбол бўйича Ўзбекистон ногиронлар миллий терма жамоасининг узоқ йиллик юлдуз сардори Абдужамил Шукуров.

Юлдуз футболчи билан суҳбатимизнинг аудио матнини бу ерда тинглашингиз мумкин:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си: Абдужамил ака, гапни пўсткалласидан бошлагандек қилиб, суҳбатимизни Британиядан Санжарбекнинг саволлари билан оча қолсак. Санжарбек, "Салом, Абдужамил ака. Шунча шон-шарафдан бошингиз айланиб қолгани йўқми? Юлдуз футболчи бўлишнинг нимаси яхшию, нимаси ёмон?" деб сўраяпти

Абдужамил Шукуров: Санжарбекка юборган саволлари учун раҳмат. Бу, энди, бошимиз айланиб қолмайди. Нимага десангиз, мана, Жаҳон чемпиони бўламиз, Россияда ўйнайман, Россия чемпиони бўлиб ҳам келаман, лекин болаларга ўз малакаларимизни ўргатаётганимиз, уларнинг бизлардан илм олаётганликларини шарафли, деб ҳисоблайман. Юлдуз футболчи бўлиш, биласизми, одамнинг ўзи учун қанақадир ёқимли. Лекин бу ҳам болаларимиз учун. Мана, 38 ёшга кириб, кетма-кет икки бор Жаҳон чемпиони бўлган жамоага сардор бўлганим учун Аллоҳга беадад шукрлар, дейман. Юлдузликдан мазза қилган жойимиз - болаларимиз, укаларимиз, яқинларимиз бизларга қараб, акаларимдек чемпион бўлиб юрайлик, деб ўйлашсин, деган бир хаёл. Мундоқ олиб қарайдиган бўлсангиз, юлдуз футболчи бўлишнинг, менимча, ёмон дейдиган жойи йўқ. Масалан, ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, шунча тажриба орттирдим. 20 йилдан бери ногиронлар футболида ўйнасам, ҳаётимнинг деярли ҳаммасини футболда ўтказдим, десам бўлади. Қаерда бўлсангиз ҳам, халқингиз сизни яхшисан, деб қўллаб-қувватлаб турса, футболчи ҳам ўшанда рағбатланиб кетиб, яхши ўйнашга ҳаракат қилади. Мен бу нарса, барибир, ёқимли, деб ҳисоблайман.

Би-би-си: Биратўла Санжарбекнинг иккинчи саволларига ҳам тўхталиб ўтсак. Санжар яна, "Абдужамил ака, шахсан ўзингиз футбол оламида кимни юлдуз футболчи деб тан оласиз ва нимаси учун," деб қизиққан

Абдужамил Шукуров: Энди, ҳозирги кунда менга дунё футболида энг ёқадигани - Лионель Мессидир. Ўзи биздан анча ёш, лекин санъатига қойил қолмасдан иложингиз йўқ. Бу боланинг тезлигини айтинг. Ҳамма нарсани тезлиги билан ҳал этиб қўя қолади. Мана, ҳали унча кўп бўлмади, Аргентина яқинда ўтказган ўртоқлик учрашувида шунақанги тўп урдики... Бу тезлигининг орқасида бутун давлати, бутун Аргентина ётибди.

Би-би-си: Лондондан Бунёдбек эса, "Абдужамил ака, мана, сиз кўплаб Жаҳон чемпионатларида иштирок этгансиз. Ўзингиз иштирок этган қай бир Жаҳон чемпионати сиз учун қадрли ва нима учун?" деб қизиққан

Абдужамил Шукуров: Биттасини айтишим қийинроқ. Лекин, мана, 2007 йилда Жаҳон чемпионати Туркияда бўлди. Жаҳон чемпионати жуда юқори савияда ўтди. Ўша чемпионатда бутун дунёдан 10 дан ортиқ жамоа қатнашди. Айниқса, Африкадан жамоалар кўп эди. Биз СССР номидан Жаҳон чемпиони бўлганимиздан кейин Туркияда илк бор мустақил Ўзбекистон номидан иштирок этиб, Жаҳон чемпиони бўлганмиз. Шунинг учун ҳам.

Би-би-си: Абдужамил ака, айнан футбол сабаб бир оёғингиздан мосуво бўлганингизга қарамай, нима учун барибир футболчи бўлишни танладингиз? Нега футболдан воз кечмадингиз?

Абдужамил Шукуров: Ҳали айтиб ўтдим, 8 ёшимда футболга кириб келган бўлсам, 16 ёшимда жароҳат олиб, оёғимдан айрилдим. Энди, бошлаган ишни охирига етказган маъқул, деб иш тутдим. Чунки қизиққан спортим. Отам ҳам футболга ишқибозлик қилиб, футбол ўйнаб, футбол билан яшаганлар. Шунинг учун ҳам мен футболни танладим.

Би-би-си: Қийин бўлмадими?

Абдужамил Шукуров: Қийин бўлди, лекин, барибир, футболдан узоқлашишнинг ҳеч иложи бўлмади-да. Мана шу футбол, Худога шукр, мени шу пайтгача бутун дунёга танитди. Жамоа сардори қилиб қўйди, мана. Худо хоҳласа, келажакда жамоага устозлик қилиш ниятим ҳам бор.

Би-би-си: Қозоғистондан ашаддий футбол ишқибозларидан бири, "Ногиронлар футболига қизиқувчилар ва шуғулланувчиларни топиш қийин эмасми? Бу борада бирор тизим ишлаб чиқилганми?" деб савол юборган

Абдужамил Шукуров: Энди буни, мана, интернет бор. Мисол учун, Ўзбекистон Футбол Федерацияси бор. Ўзбекистон Ногиронлар Спорт жамғармаси бор. Шулардан суриштирилса, бизларни бемалол топишса бўлади. Мана, ўтган кун ҳам битта укамизнинг акалари келди, "Укам жамоага аъзо бўлмоқчилар,.." деб. Бемалол, ҳаммаларини бағримизни кенг очиб, кутиб оламиз.

Би-би-си: Олмониялик футбол мухлисларидан бири эса, "Сиз ногиронлар футболида қандай қилиб юлдуз даражасига етдингиз? Бунинг учун Ўзбекистонда футболчи бўламан, деган ногирон болалар учун алоҳида спорт мактаблари борми?" деб савол юборибди

Абдужамил Шукуров: Бирорта ҳам машғулотни қолдирмай, ҳамма машғулотларда қатнашиб, машғулотларга жиддий эътибор берганимиз учун ҳам Жаҳон чемпиони бўлдик. Юлдуз футболчи бўлиш учун ҳамма нарса чин юракдан бўлиши керак. Иккинчи саволингизга келсак, унақа нималар йўқ. Ҳозирча сал иложий бўлмай турибди. Масалан, жамоамизда Самарқанддан, Андижондан болалар бор. Улар институтларда, коллежларда ўқишади. Уларнинг ётоқхоналари таъмирланган. Кетма-кет икки бор Жаҳон чемпиони бўлганимиз билан, ҳозирча қолганларининг ҳар кунлик яшаш шароитларини яратиб беролмаймиз. Бунинг учун узр сўраймиз.

Би-би-си: Лекин айнан футболчи бўламан, деган ногирон болалар учун махсус спорт мактабларини очиш ниятларингиз, ҳаракатларингиз ҳам борми?

Абдужамил Шукуров: Ҳаракатларимиз бор. Мана, кетма-кет икки бор Жаҳон чемпиони бўлдик. Худо хоҳласа, буёғига энди мутасадди ўртоқлар, Ўзбекистон Футбол Федерацияси озгина ёрдам беришса, бизлар ҳам шу болаларни футболчи қилиб тарбиялардик. Мана, Туркия, Аргентина каби давлатлар миллий чемпионатларида иштирок этишлари учун бизларнинг футболчиларимизни сўрашяпти. Болаларимиз ҳам ўша ерларга бориб, ўзбек футбол санъатини кўрсатиб келишса, бизнинг ҳам Ўзбекистон футболини ривожлантиришга озгина бўлса ҳам қўшган ҳиссамиз катта бўларди.

Би-би-си: Сиз ўзингиз қаерда тайёрлангансиз, қайси мактабни ўтагансиз, масалан?

Абдужамил Шукуров: Тошкент шаҳар 2-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида таҳсил олганман. Валиали Шамсимуҳаммедов, Рашид ака Айтековлар менга мураббийлик қилишган. Ўшаларнинг машғулотларида қатнашиб, орттирган тажрибамиз ҳозир Ўзбекистон ногиронлар футболига жуда катта ҳисса қўшиб, фойда келтирмоқда, мана.

Би-би-си: Ўзбекистон ногиронлар миллий терма жамоаси ҳозир қаерда шуғулланади?

Абдужамил Шукуров: Ҳозир бизлар Ўзбекистон Футбол Федерациясида шуғулланамиз. Бир ҳафтада уч маҳал: душанба, чоршанба, жума кунлари соат учдан бешгача. Ўзбекистон Футбол Федерациясининг ичида жойлашган улкан сунъий майдон бор, ўша ерда шуғулланамиз.

Би-би-си: Лондондан Бунёдбек эса, "Абдужамил ака, футбол юлдузчи бўлиш учун нима керак: яхши мураббийми, пулми, нима? Нега ҳатто қашшоқ экани айтилувчи Африка давлатларидан ҳам дунё тан олган юлдуз футболчи бору, Ўзбекистондан йўқ," деб қизиққан

Абдужамил Шукуров: Биринчи навбатда машғулотлар, машғулотлар ва яна бир бор машғулотлар. Одам ўзида бўлса, бутун дунёга танилади. "Ҳаракатда баракат," деган гап бор. Бу - ҳар бир машғулотларни қолдирмай, одам ўзи учун ҳаракат қилиши керак-да, тўғрисини айтсам. Бошқача гап бўлиши мумкин эмас, одам ўзи учун ҳаракат қилса, Ватани учун ҳаракат қилса, ҳаммаси яхши бўлади.

Би-би-си: Жанубий Кореядан Ҳусниддин эса, "Абдужамил ака, сизни чемпионлик билан табриклайман. Миллий терма жамоамизга ҳозирги кунда яхши футбол намойиш этиши учун нима етишмаяпти? Олимпиячиларимизнинг сўнгги Осиё Ўйинларидаги муваффақиятсизликларида мураббийнинг айби каттами? Сизнингча, Аҳмад Убайдуллаевнинг ўрнига чет элдан бошқа мураббий чақиртириш керакмикан? Навбатдаги Жаҳон чемпионати ва Лондондаги Ёзги Олимпиада Ўйинларига бориш учун миллий чемпионатимизни кучайтириш учун нима ишлар қилиш керак," деб сўраяпти

Абдужамил Шукуров: Аҳмад Убайдуллаев бизларнинг устозимиз. У кишига гап йўқ. Барибир футболда жуда катта омад керак. Миллион фоизга тайёрланинг, омад келмаса, тўп дарвозага кирмаса, ҳаммаси бир тийин. Мана, ўзим ҳам финалда 35 метр узоқликдан туриб тўп тепдим, дарвоза тўсинига тегиб, қайтиб кетди. "Оҳҳҳ!" дедим. Йўқ, буёғига Худога шукр, омад келса, келаркан. Келди, Худога шукр, ютдик. Аҳмад Убайдуллаев ҳам, шогирдлари ҳам яхши болалар. Келажакда, менимча, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам жуда кучли бўлиб, Жаҳон чемпионатларига Осиёдан биринчи ўринларда чиқади. Миллий чемпионатимизни кучайтириш учун эса, мана, олдин ўзлари ҳам тўп сурган Биродар Абдурайимовдек устозларимиз бор. Шуларнинг қаторларида ўйнаган, ўзимизнинг ўзбек футболимизни билган устозлар бор. Ўзимизнинг устозларимизни эсдан чиқармаслигимиз керак. Барака - ўзимизнинг устозларда.

Би-би-си: Қозоғистонлик мухлисингиз яна, "Абдужамил ака, Ўзбекистонда ногиронлар футболига нисбатан эътиборнинг камлигини, менимча, ушбу спорт тури бўйича бирорта ҳам интернет саҳифасининг йўқлиги кўрсатиб турибди. Аммо оддий футболимиз қанчалик эътибор марказида бўлса ҳам, бирорта натижа йўқ. Нима деб ўйлайсиз, ногиронлар футболига четдан аралашишлар кўп бўлганида бу каби натижаларга эриша олармидингизлар," деб қизиққан

Абдужамил Шукуров: Мен билмадим. Бу саволга нима деб жавоб беришга ҳайронман. Лекин мен, ўзим, миллий терма жамоа сардори бўлганим учун жамоам аъзолари, ўйинчиларим, укаларимга ишончим катта эди. Ўзим уларга бош-қош бўлдим. Тажрибам, малакамни ўрганишди. Худога шукр, Ўзбекистон ногиронлар футболи ҳозир биринчи ўринда. Ният қилаётганлар ҳам бизнинг ана шундай ўйин кўрсатишимизни ният қилишяпти.

Би-би-си: Оврўпо давлатларининг биридан Саида эса, "Мен Ўзбекистонда сиздек футболчилар борлигидан фахрланаман. Агар мумкин бўлса, оилавий аҳволингиз ҳақида гапириб берсангиз. Чунки Оврўпо давлатларида футболчилар одатда "мисс"ларга ёки машҳур моделларга уйланишади. Сиз кимга уйлангансиз? Кейин яна болаларингиз орасида сизга ўхшаб футболчи бўламан, деганлари борми?" деб сўраган

Абдужамил Шукуров: Худога шукр, мана, 20 ёшимга тўлар-тўлмас Худо менга аёлимни насиб қилди. Аёлим шифокор. Бизларга, ногиронларга барибир битта дўхтирми, хуллас, укол қилоладиган битта шифокор одам керак. Иккита ўғлим, битта қизим бор. Ўғилларим 16-17 ёшга тўлишди. Иккала ўғлим ҳам футбол билан яшайди. Эртаю кеч футбол билан. Ҳар бирининг ўзининг ўрганаётган соҳаси бору, (кичкинам Банк коллежида, кичкинам Иқтисодиёт коллежида ўқийди), худди ўзимга ўхшаб, ҳеч футбол билан алоқаси узилмайди. Болалар футбол ўйнашади, Худо хоҳласа.

Би-би-си: Англияни оламизми, Италия, Испания, Олмония, юлдуз футболчилар миллионларда баҳоланишади. Жуда катта миқдорда ойлик маошлари олишади, виллаларда яшашади, қўша-қўша қимматбаҳо машиналари бор. Сиз ўзингизнинг молиявий аҳволингизни қандай баҳолайсиз?

Абдужамил Шукуров: Худога шукр, дейман, менинг молиявий аҳволимга келсак, Жаҳон чемпиониман, уйим бор, учта болам ёнимда, онам борлар, аёлим бор, шулар билан тинч яшаётганимнинг ўзи миллионерлигимдан ўтади.

Би-би-си: Суҳбатимиз якунида Саидахоннинг сўнгги саволларига қайтсак. Саида, "Абдужамил ака, узр, саволим кўпайиб кетди, лекин буниси сўнггиси, айнан футбол сабаб ногирон бўлиб қолган экансиз, ҳеч футболчи бўлганингиздан афсус чекканмисиз?" деб сўраяпти

Абдужамил Шукуров: Мен ўзим ҳам шу саволни беришади, деб жуда кутувдим. Мана, шу 8 ёшимдан футбол ўйнашни бошлаган бўлсам, 16 ёшимда ногирон бўлиб қолганимга қарамай, шу иш қўлимдан келадиган иш экан. Худога шукр, мана 1990 йилдан буён етти марта Россия чемпиони бўлдим, неча марта Жаҳон чемпиони. Афсусланмаганим менга яхши бўлди. Ҳеч қачон афсусланиш керак эмас. Худо берган дард бу.

Би-би-си: Энг сўнггида Чикагодан Калонбекнинг мактубларини ўқиб, эшиттирсам. У киши, "Сизларга бўлган ҳурматимиз чексиз ва сизлар билан фахрланамиз. Аллоҳ сизларни ҳар доим қўллаб-қувватласин. Сизларга каттадан катта раҳмат," деб қолибдилар. Агар сизнинг ҳам мухлисларингизга тилакларингиз бўлса, микрофонимиз очиқ, марҳамат

Абдужамил Шукуров: Мени эшитаётган, менга савол берган, савол бермоқчи бўлган, лекин беролмаган барча мухлисларимиз, ишқибозларимизга мингдан минг раҳмат дейман. Оилаларига тинчлик-тотувлик, соғлик-саломатлик тилайман.

Би-би-си: Абдужамил ака. Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Биз ҳам бундан кейинги халқаро мусобақаларда сиз ва жамоангиз аъзоларига каттадан катта муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Абдужамил Шукуров: Сизга ҳам каттадан-катта раҳмат.