Шавкат Абдусаломов: "Ҳайвонлар дунёси менга яқин... Аммо одамлар борасида бундай деёлмайман"

Image caption Шавкат Абдусаломов асарлари сизни Оврўпо ва Осиё оралиғидаги дунёга етаклайди

Шавкат Абдусаломов - асли Ўзбекистонлик мусаввир, ёзувчи, актёр ва режиссёр.

Санъат ва адабиёт аҳли орасида уни бугунги куннинг буюк ўзбеклари қаторида кўрадиганлар ҳам оз эмас.

Аммо ўз ватани Ўзбекистонда Шавкат Абдусаломовни кўпчилик ҳам танимаслиги мумкин.

Ҳамза ҳақидаги "Оловли йўллар" кўп серияли фильмини кўрган бўлсангиз, бир парчада қора кийимдаги исёнкор ва жадидчи шоир образи бор.

Айримлар ҳануз ўша Чўлпон эмасмикан, деб сўровчи савдойи шоир қиёфасини айнан Шавкат Абдусаломов ўйнаган.

Шавкат Абдусаломов рассом сифатида кўпроқ таниқли.

Унинг "Тўй" асари Ўзбекистонда ҳам журналларда чоп этилган.

Сўнгги мойбўёқли акслари сирасидан "Мисрга парвоз", "Дарбадар Марям" ва ё "Айрилиқ"ни айтиш мумкин.

Ўн йилча олдин Такваш тахаллуси билан Россияда "Яккамугуз" номли китоб чоп этган.

"Мен биринчи эмасман. Сиз охирги эмассиз. Бу сўқмоқдан кўплар юрган. Биз фақатгина бир-биримизнинг изимизни босиб юрамиз, холос" - деб ижоди борасида ёзади санъаткор.

Унинг адабий ва тасвирий асарлари борасида ёзганлар Шавкат Абдусаломов асарлари сизни Оврўпо ва Осиё оралиғидаги дунёга етаклаши ҳақида ёзишади.

Танқидчилар таъбирича, Шавкат Абдусаломов асарларида "сарғиш мойбўёққа беланган қўлдан мовий осмонга туташиб кетган кўза ўсиб чиқади. Унинг қумдан ясалган образлари боши осмонга тегиб туради".

Санъаткор ўзи ҳақида ёзаркан "Мен кимман?" - деб қўяди. Ва ортидан ўзи жавоб беради.

"Мен ҳайвонларни ва инсонларни севадиган бир бандаман. Мана ҳайвонларни тушуниб ҳам қолдим. Аммо ҳамон инсонларни тушуна олмаяпман".

Би-би-си: Илк саволимиз Лондондан мактуб йўллаган тингловчимиздан. Сизни ижодкор сифатида нима илҳомлантиради?

Шавкат Абдусаломов: Бу дунёда сен ёлғиз ижодкор эмассан ва сенгача ҳам буюк рассомлар, ёзувчилар ўтишган, деган фикр инсонни кўпроқ меҳнат қилишга ундайди. Мен учун асосий илҳом ана шу ерда.

Би-би-си: Кейинги саволда эса сиз қачон ўз истеъдодингиз ҳақида илғагансиз, деб савол қўйилади. Ва умуман, истеъдод туғмами ва ёки орттирилган ҳам бўладими?

Шавкат Абдусаломов: Менимча, ҳар иккиси ҳам тўғри. Мен ёшлигимда жуда шумтака бола эдим. Қўқонда бир тўгаракка қатнардим. Боёқиш, ўша тўгаракдаги муаллимани кейинчалик қатағон қилиб юборишди. Ана шу аёл мен яхшигина сурат чизишимни илғаб қолган. Қизиқиш уйғотган нарсага одамлар у пайтлари қаттиқ берилишарди. Хуллас, мен билан ҳам шундай бўлди. Дарвоқе, ким билади балки бизнинг истеъдодли бўлишимизга бошқа инсонлар ҳам ҳисса қўшишар... Биздан олдин яшаганлар, ижод қилганлар ўз билганларини бизга ташлаб кетишади.

Би-би-си: Лола исмли тингловчимиз эса баъзи асарларингизни тушуниш қийин, сиз ижодингизни бошқалар тушуна олмаслигидан қўрқмайсизми, деб сўраган.

Шавкат Абдусаломов: Тушуна олмасангиз, ҳаракат қилинг. Бу дунёда ўзи нима тушунарли? Муқаддас китобларни ўқиганда ҳаммасини тушуна оласизми? Илмий хулосаларни тушуниш осонми? Математика ва мусиқа енгилми? Бетховен ва ё Бахни тинглаб тушуна оласизми? Буларни тушуниш учун кўпроқ ҳаракат лозим. Умар Хайёмни осон дерсиз, лекин Румий ва ё Шамсиддин Табризийни ўқиганда, суфийларга қулоқ тутганда, тушуниб бўлмайди-ку. Демак, тушуна олмаган одам ўз устида ишлаши даркор.

Би-би-си: Айрим танқидчилар асарларингизда насроний Ғарб ва Шарқ учрашиши ҳақида ёзишади. Сиз бу фикрларга қўшиласизми? Ўзингизни қай тарафга тааллуқли, деб биласиз?

Шавкат Абдусаломов: Мен учун дунёдаги барча динлар бир. Худо учун сизнинг қайси ибодатхонага боришингиз фарқсиз. Парвардигор бизни яратган ва бу дунё илоҳий деган ҳиссиётни кўнглимизга солган. Мен ана шу ҳис билан яшайман. Ахир насроний оламидан Леонардо, Джото ё Утрило каби санъаткорлар чиққан. Мен қандай қилиб бу оламга қизиқмаслигим мумкин? Уларга эътибор бермасдан, ўтиб кетиб бўлмайди. Худо битта, маданият битта. Ранг-баранг бўлсаям, маданият ягона ахир. Худда шу ерда уйғунлик ҳам юзага келади.

Би-би-си: Севара исмли тингловчимиз бир суҳбатингизда айтган фикрингизга эътибор берган. Унда ҳайвонлар ва инсонларни яхши кўрадиган одамман. Мана, ҳайвонларни тушуниб қолдим, инсонларни ҳамон тушуна олмаяпман, деган сўзларингизни келтиради ва одамзодни тушунишга нима халал бераяпти сизга, деб савол сўрайди.

Шавкат Абдусаломов: Ижодкор дунёни борича қабул қилади. Аммо бу унинг нотўғри ва уйдим-чуқур нарсалардан азоб чекмаслигини англатмайди. Ҳайвонлар дунёси менга яқин. Чунки мен улар учун ниманидир англатаман. Инсонлар билан эса бундай эмас. Одамзодга қўйиладиган талаблар катта ва қатъий. Дейлик, инсон олдида ахлоқий, маънавий ва фалсафий талаблар туради. Шу боис биз инсонлар баъзан бир-биримизнинг талабларимизга мос тушмай қоламиз. Мен ҳам ўзимга мос тушмаган одамлардан нари туришга ҳаракат қиламан.

Би-би-си: Мухлиса исмли тингловчимиз сизни "Оловли йўллар" фильмида сиз яратган шоир Умид образини эслайди. Ва яна қандай фильмларда роллар ижро этгансиз, деб сўрайди.

Шавкат Абдусаломов: Мен асли актёр эмасман. Фақат фильмлар яратиш жараёнида қатнашган пайтларим режиссёрлар мана бу ролни ўйнай олсанг керак, деб қолган пайтлари бўлган. Шу асно, бир сафар "Триптих" фильмида бош ролни ўйнадим. Бунга ўша пайти Ўзбекистонга келиб, режиссёр Али Ҳамроев билан ишлаб юрган италян режиссёри Микеланжело Антониони сабаб бўлган. У синов саҳналарини кўриб туриб, менга кўзи тушган ва ана шу одамни ишлатса бўлар экан, деб қолган. Шу асно актёр ҳам бўлиб қолдим.

Би-би-си: Мухлисанинг кейинги саволи ҳам айнан ўзингизни ким, деб ҳисоблашингиз ҳақида. Режиссёрми, рассомми ё ёзувчими?

Шавкат Абдусаломов: Бу қизча ким бўлди экан... Салом айтиб қўйинг... Гап шундаки, мен ўзимни у эдим, бу эдим, деб ўтирмайман. Китоб ёзгим келса, ёзавераман. Мана "Яккамугуз"нинг иккинчи қисмини ёздим. Уни "Итлар оқсоқоли", деб номладим. Одамлар уни ўқишадими, йўқми, мени қизиқтирмайди. Бу мураккаб китоб. Мен фақат хослар ўқийдиган китоб ёзишни истайман. Расмларим ҳам энди шундай. Мен учун қиладиган ишларим бир бутун, ижодимни ўзим эмас, бошқалар бўлиб чиқишади.

Би-би-си: Бошқа бир мухлисамиз эса сиз чизган асарлар минглаб долларларга сотилади. Сиз боймисиз? Умуман, санъат ва бойлик нақадар уйғун, деб сўрайди.

Шавкат Абдусаломов: Мен оддийгина ҳаёт кечираман. Тўғри, расмларим қиммат. Лекин бу ҳали менинг бой яшашимни англатмайди. Етарлича тушунишмаса ва баҳолай билишмаса, мен асарларимни сотмайман. Бу расмларни фақат пулдорларга эмас, балки келажакда музейларга керак бўлади, дея харид қиладиган одамларга сотаман. Менинг асарларим жуда машҳур музей ва кўргазмаларга қўйилган. Лекин менинг қимматбаҳо мусаввир бўлганим бунга боғлиқ эмас. Мен бундан олдин ҳам "қимматбаҳо" эдим. Чунки сотилиб бўлмайди, деган қарашдаги одамман. Рассом ижодида фожеа бўлади... Мана Ван Гогни олинг. Уни ўз вақтида ҳеч ким сотиб олмаган. Лекин мен бунақа тақдирни ҳам истамайман. Қачондир кейинчалик ишбилармон одамлар келиб менинг ортимдан пул орттиришларини истамайман. Ёш мусаввирларга маслаҳатим - ўзингизни, ижодингиз ва меҳнатингизни ҳурмат қилинг. Сотилманг. Яқинларингизнинг меҳнатини ҳурмат қилинг. Атрофга қаранг, қариндошларимиз, яқинларимиз, дўстларимиз қандай қийинчиликлар гирдобида яшашмоқда. Шундай ҳолатда мен топган пулимни шамолга совурайми, қимматбаҳо ресторанларга борайми?

Би-би-си: Саида исмли ўқувчимиз эса нега Россияда яшаб, ижод қилаяпсиз, бу юрт сиз Ўзбекистонда топа олмаган нимани беради, деб сўрайди.

Шавкат Абдусаломов: Мен ҳозир Ўзбекистонда нималар бўлаётгани ҳақида эшитиб, даҳшатга тушаман. Ўзбекистон СССР таркибида кўп нарсага эга бўлди. Консерватория, музейлар, адабиёт, тасвирий санъат... Булар ҳозир қани? Биз Россия орқали дунёга чиққанмиз. Мен ҳам Россияда яшаб инглиз, испан ва француз адабиётини ўқидим. Ўзбекистондан дўстларим ва ёш ҳамкасбларим айтаётган гапларни эшитиб, юрагим эзилиб кетади. Россияда асарларим кўргазмаларини ташкил қилишда ёрдам берадиган, керакли маблағларни аямайдиган инсонлар бор. Тошкентда бундай имконият, шундайин одамлар борми? Ким менинг асарларимни Париж ё Римда кўргазмага қўйишга ёрдам беради? Ҳамма нарса пулга бориб тақалади.

Би-би-си: Саида сиз Ўзбекистонда соғинадиган нимадир борми, деб ҳам савол сўраган.

Шавкат Абдусаломов: Мен қушларни, табиатни, ариқларни соғинаман. Жазирама ёзни эмас, аммо баҳорни, кузни қўмсайман. Одамларнинг кийимларини соғинаман. Ким билади, энди ҳозир Ўзбекистонда бошқача кийинишар... Ёшлигимда бобом билан яшаганман. Шу бобойни соғинаман. Бу нарсалар тушимга кириб чиқади. Кейин уларни расм қилиб чизаман. Ростдан ҳам, узоқдан ҳаммаси мафтункор туюларкан. Юртингни, ўзинг чиққан тупроқни, аждодларингни севмай бўларканми? Худо хоҳласа, қачондир Ўзбекистонга бораман. Аммо бошқа томондан, Россиядаги кўп нарса бугун Ўзбекистонда қолмаган. Кино йўқ, адабиёт йўқ, бечора рассомлар эса бозорда ишлашаяпти. Бу ҳақида гапириш мен учун жуда оғир.

Би-би-си: Тингловчиларимиз сизнинг шахсий ҳаётингиз ҳақида ҳам билишни истасалар керак.

Шавкат Абдусаломов: Барча қариндошларим Сталин даврида қатағон қилинган. Онам мактаб директори эди. Отам ҳам катта одам бўлган. Уни ҳам қатағон қилишган. Бобом Таласбой, Чимкентдаги бадавлат савдогарлардан бўлган. Афсус, бориб архивларни текшира олмайман. У Форс аёлига уйланган ва отам туғилган, дейишади. Кейин отам Ленинград ва Москвада таҳсил олган. У ерда онам билан учрашган. Онам Фин гимназияси директорининг қизи бўлган. Ҳозир эса менинг жуда ажойиб рафиқам ва қизим бор. Атрофимда жуда кўп ишончли дўстларим бор. Ҳамон ўқийман, ишлайман. Расм чизаяпман, китоб ёзаяпман. Уларни ўқишса, ўқишар. Ўқишмаса ҳам доимо яқинларимга ўқиш учун бераман. Уларнинг ижодим ҳақидаги фикрлари жуда юқори.