Ҳар кимники ўзига ёки ҳақиқий палов қанақа бўлади? - рукнимизга марҳамат қилинг

Жаҳонда турли-туман халқлар бўлгани каби, уларнинг миллий ўзликларини намоён қилувчи таомларнинг тури ҳам шунга яраша. Кимдир ўзбекнинг паловига ҳеч нарса етмайди деса, бошқасининг наздида француз таомларининг олдига тушадигани йўқ. Яна таоми бўладими, бутунбошли ошхонаси, ноёбу бетакрорлигини даъво қилиб, инсоният тарихида қолишни истаганларини айтинг. Буёғи хўрандаю ошпазлари қолиб, манаман деган давлат раҳбарлари ҳам баҳсу мадорага бош қўшиб турса. Инглиз ошхонасини ерга уриб, боши балога қолган собиқ француз президенти Жак Ширакми ёки миллий таомларини кўз-кўз қилиб, мамлакати обрўйини оширмоқчи бўлган Малайзиями ва ё ҳуммусни ўзиники қилишга уриниб, Гиннеснинг китобини рекордларга бойитган Фаластину Исроил, буёғини қўяверинг. Яна чаёндан пиширган кабобими, халтадаги палови, куракда пишган гўштию, пишмаган шиллиққурти билан ҳушингизни бошингиздан учирган ошхоналарни айтмайсизми...Хуллас, биргина таомнинг ўзи сиёсату иқтисод қолиб, бир қайнови ичидаги гапларни шууунча қайнатгандан кейин, биз ҳам уларнинг ўзига хосликларига тўхталиб ўтмасак ҳеч бўлмайдигандек. Янги "Жаҳон таомлари" рукнимиз худди ана шу мақсадни кўзда тутади. Дунё халқлари ошхонасининг танқис ва ғаройиб таомлари билан танишмоқчи, осмонга кўтариб мақталган ошхоналарнинг сиру синоатларидан бохабар бўлмоқчи бўлсангиз, рукнимизни кузатиб боришни унутманг:

Рукнимизнинг илк таоми дунёнинг деярли барча қитъасида бирдек танавввул этилувчи, аммо ҳамма кўкрагига уриб, “Энг зўри фақат бизда,” деб даъво қилувчи ПАЛОВдир. Айрим маълумотларга қаралса, палов ҳали Искандар Зулқарнайн даврида бақтрияликлар дастурхонининг шоҳона таоми бўлган. Паловнинг отаси эса, тиббиёт илмининг султони Абу Али Ибн Сино, деган даъволар ҳам йўқ эмас. Пишириш услубига қараб, паловнинг турини айтмайсизми! Номи-чи, номи: “Пилаф”, “Пилафи”, “Гамопилафо”, “Челов”, “Катеҳ”, “Дами”, “Пулов”, “Пилав”, “Палов”, “Бирёний”, “Пайелла”..буёғи кетаверади. Яна миллий ўзига хосликларига қараб, масаллиқларининг бир-биридан фарқланиши-чи. Майиз, нўхат, бодом, писта мағзи, қиёмга ботирилган норинж пўчоғи, беҳи, шолғом, лимон суви,..гўшту гуручга ўзига хос таъм ва кўриниш бериб турса. Шундай экан, ҳамма ўзиники билан керилувчи ҳар бир паловнинг ўзига хосликлари нимада? Энг аввало ўзбекона шоҳона паловга тўхталиб ўтсак:

Ўзбекча палов

Масаллиқлар:

1 кг қўй гўшти

2 та ўртача пиёз

5 та ўртача сабзи (танловингизга қараб қизил ёки сариқ)

3.5 пиёла гуруч

250 - 300 гр ўсимлик ёғи (таъбингизга қараб, зиғир ёки қуй ёғи ҳам ишлатсангиз бўлади)

1 дона бутун саримсоқ пиёзи

1 дона бутун қизил гармдори

Яримта беҳи

Яримта шолғом

Бир ҳовуч ош майизи

Бир пиёла бир неча соат ивитиб, сўнгра яхшилаб ювилган сариқ нўхат

Зираворлар:

Таъбингизга қараб:

Туз, мурч, янчилмаган зира ва зирк

Пишириш услуби

1. Пиёз, шолғом ва сабзиларимизнинг пўстини арчиб, ювиб оламиз. Яримта беҳимизни уруғидан тозалаб, уни ҳам ювиб оламиз. Пиёзни паррак-паррак қилиб тўғраймиз ва алоҳида ликопчага солиб, бир четга олиб қўямиз. Кейин сабзиларимизни ҳам сомонча шаклида тўғраб оламиз. Шолғом ва беҳини тўрт бўлакка бўламиз. Гўштимизни эса, майдароқ кубик шаклида тўғраймиз. Саримсоқ пиёзимизни бутунича устки қаватларидан тозалаб олиб, “соқолча”сини эҳтиёткорлик билан кесиб ташлаймиз.

2. Қозонга энг аввало ёғни соламиз. Ёғимиз бироз қизигач, унга беҳи ва шолғом бўлакларини солиб, баланд оловда ҳамма томони олтиндек тус олгунча қовуриб оламиз. Бундай натижага эришиш учун уларни капкир ёрдамида аралаштириб турамиз. Қовуриб бўлинган шолғом ва беҳи бўлакларини алоҳида ликопга солиб, бир четга олиб қўямиз. Кейин қозондаги қизиб турган ёққа пиёзимизни соламиз. Пиёзимиз тезроқ қизариши учун қовурилиш жараёнида бироз тус сепамиз. Ва тўқ қизғиш рангга киргунча вақти-вақти билан кавлаб турган ҳолда пиёзимизни маромига етказиб қовурамиз. Пиёз кўнгилдагидек рангга киргач, эҳтиётлик билан гўштимизни соламиз. Ва капкир ёрдамида бирданига аралаштириб оламиз. Гўшт ва пиёзимизни баландроқ оловда 10-15 дақиқача яхшилаб қовурамиз. Гўштимизнинг четлари бироз қизаргач, қозондаги масаллиқ устига бир сиқим тўғралган сабзи соламиз. Оҳиста аралаштирган ҳолда 5-6 дақиқа қовуриб оламиз. Сўнгра қозондаги масаллиқни капкир билан текислаб, устига тўғралган сабзимизнинг қолганини бир текис қилиб ёйиб чиқамиз. Оловни пастлатиб, қозондаги сабзи билан баробар қилиб қайнаб турган сув соламиз. Сўнгра нўхат, майиз, зирк, мурч ва зирани қозонда милдираб қайнашни бошлаган масаллиқ устига чепамиз. Қовурилган беҳи, шолғом бўлаклари, саримсоқ пиёзи ва гармдорини қозондаги масаллиқ устига ярим бостириб, териб чиқамиз. Таъбга қараб, зирвагимизнинг тузини ростлаб оламиз. Зирвагимизни паст оловда, милдириб қайнаб турган ҳолда 15 дақиқа қолдирамиз. Бу орада каттароқ сирланган идишга гуручимизни солиб, устидан бир чой қошиқча туз сепамиз ва иссиқроқ сувда 15 дақиқа ивитиб қўямиз. Эътиборли жиҳати шундаки, гуруч ва зирвагимиз бир пайтда тайёр бўлиши лозим.

3. Сўнгра 15 дақиқа ивиган гуручни оқиб турган совуқ сув остида 2-3 марта ювиб, сувини яхшилаб силқитиб оласиз. Зирвакдан эҳтиёт бўлиб, шолғом, беҳи бўлакчалари, саримсоқ ва гармдорини чиқариб олиб, ликопчага солиб, четга олиб қўямиз. Гуручни паст оловда қайнаб турган зирвак устига бир текис қилиб ёямиз. Гуручнинг турига қараб, устига бир (думалоқ гуруч) ёки икки бўғин (узун гуруч) (бармоғингизнинг бўғинига қараб) қайнаб турган сув соламиз. Оловни баландлатиб, гуручимизнинг бир текис қайнашига кўз-қулоқ бўламиз. Тузини ростлаб, бир хил қайнатган ҳолда гуруч барча сувни тортишини кутамиз. Қозонингиз четида ёғ жимирлай бошлагач, бир чой қошиқ янчилмаган зирани кафтимизда яхшилаб эзғилаб, гуручнинг устига сепиб ёборамиз. Оловни милдиратиб қўйиб, гуручни капкир ёрдамида дўппидек қилиб қозоннинг ўртасига йиғамиз. Кейин ошқошиқнинг дастаси билан гуручнинг ҳар-ҳар ерида чуқурчалар ясаб оламиз. (Агар истасангиз, ҳосил бўлган чуқурчаларга бедана тухумини ҳам чақиб юбориш мумкин). Дўппидек тўпланган гуручнинг марказига саримсоқ пиёзни бостириб, атрофига беҳи, шолғом бўлаклари ва гармдорини териб чиқамиз. Қозонимиз қопқоғига кичиккина тоза дастурхон ва сочиқни ўраб, қозонни зич қилиб беркитамиз. Ва қозондаги ошимизни 20 дақиқа паст оловда қолдирамиз.

4. Гуруч 20 дақиқа дам егач, қарабсизки, ўзбекча паловимиз тайёр!

Ҳа, ҳақсиз, Ўзбекистоннинг минтақалари бўйлаб палов турлари фарқ қилгани каби, уни пишириш усуллари ҳам бир-бирига ўхшамайди. Агар сизда ўзбекча палов пиширишнинг ўзига хос йўллари бўлса, уларни биз билан ўртоқлашинг. Биз уларни "Жаҳон таомлари" рукнимиз остида чоп этиб, бошқалар билан ҳам баҳам кўрамиз.

Бундан ташқари, Сиз паловнинг асли кимники, деб ўйлайсиз? Рецептларимиз билан танишиб бориш жараёнида бизга бу борадаги фикру мулоҳазаларингизни ёзиб юборишни унутманг:

Мактубингизни bbcuzbek.com га йўлланг.

Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ё-да саҳифанинг остидаги махсус форма орқали фикрларингизни билдиришингиз мумкин.

Биз сизнинг мактубингизни кутиб қоламиз!