Фарзандини қандай исм билан аташ кимнинг ҳуқуқи бўлиши керак?

Image caption Фарзандини қандай исм билан аташ кимнинг ҳуқуқи бўлиши керак?

Рим Папаси янги туғилган чақалоқларни юлдузларнинг исми, мева ёки машиналарнинг номи билан аташга қарши 'уруш' эълон қилган.

Бенедикт XVI ҳазратлари ота-оналарга мурожаат билан чиқиб, болаларига "насроний тақвимидаги исмлар"ни беришга даъват қилган.

Агар ота-оналар Рим Папасининг даъватига қулоқ тутадиган бўлишса, буёғига Апл(Олма), Бруклин ёки "Феррари" каби исмлар ўз ўрнини Франчиско ва Жулияга бўшатиб беради.

Лекин айни мавзуни чуқурроқ ўрганадиган бўлсак, Рим Папасидан аввал ҳам дунёнинг кўплаб давлатларида муайян исмларни қўйиш тақиқланган.

Бунга уларнинг маънисиз, уятсиз ёки тутуриқсиз экани сабаб бўлган.

Янги Зеландия:

Дейлик, Янги Зеландияда болаларни кишини ҳақоратловчи мазмундаги исмлар билан аташ қонунан маън этилган. Чунки Янги Зеландия дунёдаги энг маънисиз исмлар кенг тарқалган давлатлардан биридир. Масалан, ўз ўғлини "4Real" деб атамоқчи бўлган ота-онани олинг. Яхши ҳам бунга муваффақ бўлишмагани, дегандек бўлдингизми?..Аммо Янги Зеландияда атайдан маҳкама томонидан тақиқланган исмлар бу билан кифояланмайди: Фиш анд Чипс, Яҳ Детройт, Кенан Гот Люси ва Секс Фрут, буёғини қўяверинг. Энг қизиғи, Намбер 16 Бас Шелтер(16-рақамли бошпана автобус) ёки Вайленс(Зўравонлик) каби исмларни бемалол фарзандингизга қўйсангиз бўлади.

Швеция:

Brfxxccxxmnpcccclllmmnprxvclmnckssqlbb11116 деган исмни эшитганмисиз? Нима компьютер кейборди устига бош қўйиб, ухлаб қолганмисиз, деяётган бўлсангиз, адашасиз. 1996 йилда швециялик жуфтлик янги туғилган ўғилларини айнан шу ном билан атамоқчи бўлишган. Ҳа, ҳамма гап бунинг сабабида. Улар ўз қарорлари билан Швецияда исмларга қўйилган қатъий чекловдан ўз норозиликларини изҳор этмоқчи бўлишган. Швецияда амалда бўлган қонун-қоидаларга кўра, янги туғилган чақалоқларнинг исм-шарифлари энг аввало солиқ мулозимлари томонидан маъқулланиши лозим. Швецияда, бундан ташқари, яна Металлика, АЙКЕА каби исмлар ҳам тақиқланган. Аммо Веранда(Даҳлиз) ёки Кью Гугл каби исмларни бемалол қўллашингиз мумкин.

Хитой:

@ деган исмни эшитганмисиз? Аҳолисининг сони 1 миллиарддан ортиқроқ Хитойда оригинал исм топиш ҳам шунга яраш қийин бўлса керак, нима дедингиз? Шунинг учун ҳам хитойлик ота-оналардан бири ўз фарзандини шу белги билан аташга қарор қилган кўринади. Лекин ушбу белги Хитой хаттотлигида "уни яхши кўраман," деган маънони ҳам беради. Бошқа томондан, Хитойда масъуллар ҳам исмларга унча ёпишиб олишмаган. Хитой полицияси фақат шахсини тасдиқловчи ҳужжат бериш учунгина янги туғилган чақалоқларнинг исмларини назорат қилади. Аммо бирор бир исмни қўйишни маън этган тақдирларида ҳам, нега эканлиги тафсилотларини ошкор этиб ўтиришмайди.

Япония:

Кимнингдир ўз фарзандини Иблис, деб атаганини эшитганмисиз? Рим Папасининг ҳам ушбу исмга қўшқўллаб қарши бўлиши аниқ. Аммо 1993 йилда япониялик ота-оналардан бири ўз ўғилларини Иблис(Акума) деб аташга қарор қилишган. Аммо масъуллар жуфтлик ўз ҳуқуқларини суиистеъмол этди, дегандан сўнг узундан-узоқ маҳкама жараёни бошланиб кетган. Алал-оқибат отаси Иблис исмидан воз кечиб, фарзандига бошқа исм қўйишга мажбур бўлган. Японияда бундан бошқа тақиқланган исмларнинг ҳам кети кўринмайди.

Сиз муайян исмларга тақиқ қўйилиши ва исмларнинг масъуллар томонидан назорат этилишига қандай қарайсиз? Ва бундай чораларга қанчалик эҳтиёж бор, деб ўйлайсиз? Агар гап ўзбекча исмлар ҳақида кетганда, сиз истеъмолда бўлган қайси исмлар тақиқланиши керак, деган фикрдасиз. Фикрларингизни бизга йўлламоқчи бўлсангиз, манзилимиз:

bbcuzbek.com

Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ё-да саҳифанинг остидаги махсус форма орқали фикрларингизни билдиришингиз мумкин.

Биз сизнинг мактубингизни кутиб қоламиз!