Аброр Имомхўжаев Осиё Кубоги, Ўзбек футболи ва футболчилари ҳақида

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Ўзбекистонлик футболчиларнинг Осиё Кубоги ўйинларидаги иштироки борасида саволингиз бўлса, ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаевга беринг

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бу йил ўз тарихидаги энг юксак натижалардан бирига эришди.

Ўзбекистонлик футболчилар илк бор Осиё Кубогининг ярим финалига чиқиб, қитъадаги юқори тўртлик сафларини бузишга муваффақ бўлишди.

Аммо бу гал кубокка катта умид қилган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим финалда кутилмаганда Австралиялик рақибига 0:6 каби йирик ҳисоб билан ютқазиб қўйиб, кўплаб футбол мутахассислари ва ишқибозларини ҳайратга солди.

Гуруҳ босқич учрашувларида мезбон Қатар, бойвачча Қувайт каби етакчи араб жамоаларини енгишга муваффақ бўлган ўзбекистонлик футболчилар бронза медали учун курашда ҳам беқарор ўйин намоён этиб, жанубий кореялик футболчиларга ўйинни бой беришди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг қитъа миқёсидаги сўнгги ғалабаси 1994 йилга бориб тақалади. Ўшанда ўзбекистонлик футболчилар илк бор Осиё Ўйинлари чемпиони бўлишганди.

Орада кечган вақт давомида эса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси на-да жаҳон ва на-да Осиёда бирор бир кўзга кўринарли ютуққа эриша олди.

Ўзбекистонлик футболчиларнинг шу пайтгача Жаҳон чемпионатининг финал босқич учрашувларига чиқиш уринишлари муваффақиятсиз якунланди.

Улар икки бор Осиё Кубоги ўйинларининг чорак финалидан ортга қайтишга мажбур бўлишди.

Ва 1994 йилдаги ютуқларини такрорлаб, қайтиб Осиё Ўйинларининг финал босқичига чиқишга муваффақ бўлишмади.

Меҳмонимиз ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев билан суҳбат

Суҳбатимизнинг аудио матнини бу ерда тинглашингиз мумкин:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си: Аброр ака, сизни рукнимиз меҳмони этиб таклиф этишимиз бежизга эмас. Яъни, ўқувчиларимизга ваъда қилганимиздек, суҳбатимизнинг асосий мавзуси куни-кеча Қатарда якун топган Осиё кубоги, унда футболчиларимизнинг иштироки ва умуман, Ўзбек футболи ҳақида. Сиз билан суҳбатимизга қизиқиш билдириб, дунёнинг турли бурчакларидан йўлланган саволлар жуда кўп. Биз эфир вақти имкон берган даражада уларни сизнинг эътиборингизга ҳавола этамиз. Илк саволимиз Қозоғистондан, ашаддий футбол ишқибози эканликларини айтган Шоҳруҳдан. Шоҳруҳ, "Австралиядан учраган мағлубиятда Ўзбекистон Футбол Федерациясининг айби қанчалик? Чунки тайёргарлик жараёнларида ўртоқлик учрашувлари ўтказиш учун рақиб жамоалар топиш Вадим Карленовичнинг зиммасида қолиб кетди. Натижада Арманистон, Эстония, араб клублари каби иккинчи, учинчи даражали жамоалар билан ўйнадик. Федерация раҳбарияти бўлса, сизлардан чиройли ўйин кутиб қоламиз, дейишдан бошқасига ярамади. Футболимиз ривожланиши учун федерацияда ислоҳотлар ўтказиш керак деган таклифга қандай қарайсиз" деб сўраган. Аҳроржон ҳам, "Аброр ака, сизнингча, Ўзбекистон Футбол Федерацияси тўғри йўлдан бораяптими? Агар йўқ бўлса, қайси йўлдан юрса тўғри бўлади, сизнингча? деб савол юборган.

Аброр Имомхўжаев: Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Австралияга мағлубиятида Ўзбекистон Футбол Федерациясини айбламаган бўлардим. Сабаби – сўнгги пайтларда барча ёшдаги терма жамоаларимизга, шу жумладан, миллий терма жамоамизга ҳам футбол федерацияси қўлдан келган ёрдамини бераяпти. Яъни, хориж йиғинлари, турли хил йиғинлар,..айнан шу саъй-ҳаракатлар натижасида ўсмирларимиз, мана, жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқишди. Ёшларимиз жаҳон чемпионатида қатнашишди. Ҳамда миллий терма жамоамиз Осиё Кубогида етарли натижага эришди. Шунинг учун ҳам, мен бу мағлубиятда Ўзбекистон Футбол Федерациясини айбламаган ҳолда, аксинча, сўнгги йилларда федерациянинг катта, кенг кўламда ёрдам бераётганини таъкидлаб ўтган бўлардим. Улардан қанчали фойдаланиш эса, мураббийлар штабига боғлиқ.

Би-би-си: Кейинги саволимиз Япониядан. “Тонгги шафақ” тахаллуси остида мактуб йўллаган ўқувчимиз, "Ассалому алайкум, Аброр ака. Осиё чемпионлигини қўлга киритган Япония мисолида оладиган бўлсак, терма жамоа мураббийси Альберто Заккерони, Ҳасебе, Ҳонда каби футболчилари ва кўпчилик мутахассису таҳлилчиларнинг айтишларича, бу галги ғалабаларида миллий терма жамоанинг “бир ёқадан бош чиқариб” ўйнагани асосий роль ўйнаган. Миллий терма жамоанинг бу каби бирдамлиги, ҳаттоки, тактик ва техник жиҳатлардан кўра ҳам катта аҳамият касб этган, дейилади. Шундан келиб чиққан ҳолда Осиё Кубогида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг қанчалик бирдам ўйин кўрсатганлигини қандай баҳолайсиз? Сизнинг назарингизда етарлича якдиллик, бирдамлик, ҳамжиҳатлик кўрсатилдими?" деб сўраган.

Аброр Имомхўжаев: Фикрингизга қўшиламан. Сиз санаб ўтган хислатлар терма жамоамизда бор эди, лекин ғоя шаклида. Амалиётда эса, бундай бўлиши мушкул эди, сабаби - ҳар ўйинда ҳар хил таркиб туширилди. Янада аниқроқ айтадиган бўлсам, жамоа ўзагини ташкил қилувчи Аҳмедов, Ҳайдаров, Кападзе ва Жеппаровларда бу нарса етарлича бўлса, майдонда камроқ ҳаракат қилган футболчиларнинг барчасида ҳам бу нарса сезилмади.

Би-би-си: Тошкентдан Алишерали эса, "Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўйинлари яхши, аммо бош мураббийси бўлмайди. Чунки қайси ўйинчини қачон ўйинга туширишни билмайди. Бизнинг гуруҳдаги ютуқларимиз эса, мураббийга эмас, ўйинчиларга боғлиқ. Чунки олдин ҳам бу жамоаларни кўп марта ютганмиз. Бош мураббийнинг Осиё кубогига яхши тайёргарлик кўрмаганини ўртоқлик учрашувларидан ҳам билсак бўлади. Чунки ўртоқлик учрашувларида энг оддий жамоаларга ҳам ютқазиб қўйдик. Агар қайси вақтда қандай ўйинчини майдонга туширишни биладиган бош мураббий топмасак, унда ҳамма ўйинларда ютқизамиз ёки дуранг ўйнаймиз. Сиз бунга қандай қарайсиз, бош мураббийни алмаштиришнинг вақти келмадими?" деб савол юборибди.

Аброр Имомхўжаев: Мен бу ҳақда терма жамоага бош мураббий этиб ўзбек футболи юлдузи Миржалол Қосимов тайинланиши билан айтганман. Яъни, бу инсон футболчилик фаолияти даврида фидойилиги билан бошқалардан ажралиб турган, келинг, мураббийликда ҳам унга имкон берайлик, ҳеч бўлмаганда Осиё Кубогигача алмаштирмайлик деб. ЖЧ-2010 вазифасини ундан талаб қилишимиз нотўғри, сабаби - у жамоани 2 та мағлубиятдан сўнг қабул қилиб олган эди. У ўз олдига қўйилган асосий вазифани бажарди, яъни миллий термани Осиё Кубоги финалига олиб чиқди. Афсуски, сўнгра истеъфога чиқарилди. Бордию, Абрамов Қатарда салбий натижага эришганида, кўпчилик Сиз каби бош мураббийни алмаштириш вақти келди, деб хитоб қилган бўларди. Лекин у Осиё Кубогида Ўзбек футболи тарихидаги энг яхши натижага эришди. Уни алмаштириш учун ҳозир қандай асос бор?

Би-би-си: Навбатдаги саволимиз Олмониядан, Саидадан. Саида, "Аброр ака, миллий терма жамоамизнинг йирик халқаро турнирдаги ҳар бир мағлубияти ортидан бизда бош мураббий алмаштирилади. Ўтган 20 йил ичида ўзиям ўн борча бош мураббиймиз алмашди. Аммо натижа йўқ. Сиз миллий терма жамоанинг ютуғи бош мураббийга боғлиқ, деган фикрга қўшиласизми?" деб сўраяпти.

Аброр Имомхўжаев: Бу саволга қисман юқорида жавоб бердим. Миржалол Қосимов термани қабул қилиб олгунча, ундан олдин 16 мутахассис (!) бу лавозимда ишлаб кетганди. Ҳеч бўлмаса шу сафар узоқроқ ишлашга имкон берилар десам, афсуски яна ҳар доимгидек мураббий айбдор бўлиб чиқди. Албатта, натижага мураббий жавобгар, лекин уларга имкон берилмас экан, бирор нарсага эришиш қийин.

Би-би-си: Бўстон эса, бир эмас, иккита савол йўллабди. Бўстон аввалига, "Аброр ака. Ўзбекистон футболи нақадар мустақил? Умуман, тренерлар қанчалик мустақил? Уларни ким тайинлайди?," деб қизиққан.

Аброр Имомхўжаев: Узр, лекин саволингизнинг 1-қисмига тушунмадим. Ўзбекистон Футбол Федерацияси мустақил ташкилот ва мамлакатимиздаги барча йирик мусобақаларга бош-қош, терма жамоаларимизни халқаро мусобақаларга тайёрлайди. Футболимиз яна кимдан мустақил бўлиши керак? Мураббийларга келсак, уларнинг мустақил бўлиши жуда қийин, чунки, қўпол қилиб айтганда улар ёлланган ишчилар. Ҳатто, “Манчестер Юнайтед”ни 25 йилдан бери бошқариб, энг катта ютуқларга олиб келган сэр Алекс Фергюссоннинг тақдири ҳам ўзига боғлиқ эмас. Тўғри, ўйин тактикаси ва стратегиясини белгилашда, таркибни аниқлашда у мустақил, лекин иш фаолиятида унинг тақдирини бошқалар ҳал қилишади. Бизда ҳам тахминан шундай. 3-қисмдаги саволингизга жавоб оддий: миллий терма жамоа раҳбариятини бизда Ўзбекистон Футбол Федерацияси тайинлайди.

Би-би-си: Бўстон яна, "Сизнингча, футболимизни бундан ҳам юқори даражага кўтариш учун қандай ислоҳотлар зарур?" деб сўраяпти.

Аброр Имомхўжаев: Саволингиз кенг кўламда бўлгани учун унга қисқа жавоб бериш мушкул. Лекин мен “Пойдевор” номли мақоламда бунга батафсил тўхталганман. Уни битта гап билан изоҳласам тахминан шундай: болалар билан шуғулланадиган малакали мураббийлар, болалар футболида натижа биринчи ўринда бўлмаслиги ва албатта, нафақат катталар, балки болалар учун ҳам сифатли майдонлар кўплиги асосий омиллар бўлиб хизмат қилади.

Би-би-си: Лондондан Жамшид эса, "Ҳурматли Аброр ака. Миллий терма жамоамизнинг бош мураббийси Вадим Абрамовнинг мухлислар учун намойиш этган ҳужумкор ўйини мақтовга сазовордир. Абрамов Қатарда бўлиб ўтган 2011 йилги Осиё Кубогида 23 футболчимизнинг барчасига имконият берди. Австралия билан бўлган ўйинни ҳисобга олмаганда, йигитларимиз ҳужумкор тактик ўйин намойиш этишди. Вадим Абрамовга Жаҳон чемпионати саралаш босқич ўйинларига ҳам албатта имконият бериш керак, деб ўйлайман. Сиз нима деб ўйлайсиз?" деб сўраган. Жанубий Кореядан Тилло ҳам шунга ўхшаш мазмунда савол юборибди...

Аброр Имомхўжаев: Мен Жамшиднинг саволига савол билан жавоб бермоқчиман: Ҳозирги кунда жаҳоннинг энг кучли жамоаларидан бири бўлган “Барселона”нинг ҳужумкор футбол кўрсатишининг асосий сабаби нимада, биласизми? Ўзим жавоб бераман - ҳимоясининг мустаҳкамлигида! Айнан ҳимоя чизиғи мустаҳкам бўлгани учун ҳам жамоа ҳужумида бирйўла 5-6 футболчи иштирок этади. Терма жамоамиз кўрсатган ҳужумкор футбол савия жиҳатидан биздан устун бўлмаган рақиблар билан ўйинларда самара берди. Аммо ЖЧ иштирокчилари билан иккала ўйинда ҳам у ўзини оқламади. Шунинг учун ҳам бу борада жиддий ўйлаб кўриш керак.

Би-би-си: Буюк Британиядан Санжар, "Аброр ака, ҳозир мени бир нарса қўрқитади: терма жамоамизнинг кўзга кўринган футболчилари Максим Шацких ва Александр Гейнрихлар ҳам қариб қолишди. Яна 2-3 йилдан кейин халқаро майдонга тушиша олмаса ҳам керак. Кейин нима бўлади, ҳозир бизда уларнинг ўрнини боса оладиган футболчилар борми, бўлса, кимларни мисол қилиб келтира оласиз? Миллий терма жамоамизнинг келажаги сизни қўрқитмайдими?" деб савол сўраган. Ўзбекистондан Шавкат ҳам худди шундай мазмунда савол сўраган.

Аброр Имомхўжаев: Ўринбосарлар бор, Олимпия, ёшлар ва ўсмирларимиз иштирок этган мусобақаларда биз уларни кўрдик. Лекин бу иқтидорлар катта футбол ҳавосидан нафас олишлари учун улардан баъзилари Осиё Кубоги сингари йирик мусобақаларда миллий терма жамоага жалб қилиниши лозим эди. Масалан, Хитой ва БАА термалари асосий эътиборни ЖЧ-2014 га қаратган ҳолда Қатарга ёшартирилган таркиб билан ташриф буюришган бўлса, Япония ва Жанубий Корея термалари уйғунлаштирилган таркиб билан иштирок этишди ва шу билан ҳам яхши натижаларга эришишди. Афсуски, бизда ёшларга имкон берилмади. Иккинчи саволингизга келсак, миллий терма жамоамизнинг келажаги нега қўрқитади? Осиё Кубокларидаги қуруқ статистикага мурожаат қилсак ҳам ривожланишни кўрамиз: дастлабки 2 тасида гуруҳда қолиб кетганмиз, кейинги 2 тасида чорак финалга йўл олганмиз, энди эса ярим финал иштирокчисига айландик. Шу боис ҳам мен миллий терма жамоамиз келажагига ишонч билан қарайман.

Би-би-си: Лондондан Бунёд эса, "Аброр ака, мана Англияни оламизми, Испания, Италия ёки Олмония, Оврўпо ва Жаҳон чемпионатлари арафасида яхши-яхши миллий терма жамоалар билан камида 2-3 та ўртоқлик учрашуви ўтказишади. Нима учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳеч бўлмаганда Япония ёки Жанубий Корея каби жамоалар билан бунақа учрашувлар ўтказмайди. Ахир бу миллий терма жамоанинг тайёргарлиги учун ниҳоятда муҳим-ку, нима дедингиз?" деб қизиққан.

Аброр Имомхўжаев: Мен Бунёднинг фикрларига қўшиламан. Лекин саволингизга жавоб бериш менинг ваколатимда эмас. Буни Ўзбекистон Футбол Федерациясидаги, айниқса, терма жамоалар маркази мутахассислари ҳал қилишса, яхши бўларди.

Би-би-си: Ўзбекистондан Аҳрор эса, саволларини ўз овозлари билан беришни маъқул топибди. У киши, "Нима учун кучли миллий терма жамоалар билан ўйнаганда, Ўзбекистон миллий терма жамоасида руҳий устунлик жуда ҳам паст. Футболчиларимизнинг руҳий устунликларини кўтариш учун терма жамоамизда бирор бир мутахассис ишлайдими?" деб сўраган.

Аброр Имомхўжаев: Билишимча, Ўзбекистон Футбол Федерацияси терма жамоалар билан ишлаш учун руҳшунос жалб қилган. Эшитган эдим бу ҳақда. Лекин, менимча, ҳеч қандай руҳшунос мураббийнинг ўрнини боса олмайди. Фақат ўша мураббийда бу хислатлар мавжуд бўлса. Яъни мураббийнинг ўзи ҳам психолог бўлиши керак, деб ҳисоблайман.

Би-би-си: Маҳмуджон ҳам Филадельфиядан бир нечта савол юборибди. Маҳмуджон дастлаб, "Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси Вадим Абрамовга кўра, Австралияга қарши ярим финал ўйинидан олдин футболчиларимиз атрофида жуда кўплаб агентлар, оммавий-ахборот воситалари ходимлари бўлишган ва ўша учрашувда ҳамма футболчиларимиз “ўзларини кўрсатишга”га ҳаракат қилишган. Ва бу мағлубиятларининг асосий сабаби бўлган. Сиз бу фикрга қанчалик қўшиласиз?" деб сўраган.

Аброр Имомхўжаев: Қисман шундай бўлиши мумкин, лекин асосийси сабаби бу бўлмаса керак. Менимча, мағлубиятимизнинг асосий сабаби бош мураббийда “План Б”нинг йўқлиги бўлди. "Тўп думалоқ – майдон текис," деган ибора бекорга айтилмаган. Ўйинда ҳамма нарса бўлиши мумкин ва тажрибали мураббийлар учрашувнинг боришига қараб, тактика ва стратегияни ўзгартира оладилар. Яъни, уларда ҳар қандай вазият учун “План Б” ва ҳатто, керак бўлса, “План В” ҳам бўлади. Афсуски, бизда ўйиннинг бошидан-охиригача бир хил план билан ўйналди ва натижаси барчамизга маълум.

Би-би-си: Маҳмуд яна, "Бронза медали учун Жанубий Кореяга қарши ўйиннинг 88 ёки 89-дақиқасида ҳаммамизга машҳур Жасур Ҳасановни ўйинга киритишдан мақсад нима эди? Охирги 5 дақиқада нима ўзгариши мумкин эди?" деб қизиққан?

Аброр Имомхўжаев: Энди, бу ҳам бош мураббийга бериладиган савол, шунинг учун ҳам, рухсат, узр, мен бу саволга жавоб бера олмайман.

Би-би-си: Қозоғистондан Шоҳруҳ эса, "Осиё чемпионатидаги бизнинг дарвозамизга урилган голлар ва жарималар асосан Анзур Исмоиловнинг хатоси туфайли бўлди. Ислом Тўхтахўжаев, Анвар Ғофуров каби тажрибали ўйинчилар бор вақтда, Анзурнинг деярли ҳар ўйинда туширилиши термага бошқалар томонидан босим ўтказилишини англатадими?" деб сўраяпти.

Аброр Имомхўжаев: Бу бош мураббийнинг қарори ва унга фақат унинг ўзи жавоб бера олади.

Би-би-си: Жанубий Кореядан Ҳамзанинг саволлари ҳам шунга яқин. Ҳамза, "Ассалому алайкум Аброр ака. Биз Хитойда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Ўйинларида дарвозабон Тимур Жўраевнинг “хурмача қилиқлари”га гувоҳ бўлган эдик. (Қатар билан ўйинда). Айтингчи, сизнингча Тимур Жўраев Осиё Ўйинларига борадиган таркибга киришга қанчалар ҳақли ва унинг устун жиҳатлари(агар бор бўлса)га тўхталиб ўтсангиз..."деб илтимос қилибди.

Аброр Имомхўжаев: Бош мураббий Аҳмад Убайдуллаев Осиё Ўйинларига борадиган таркибга Тимур Жўраевни ташкилотчилар томонидан киритилган имтиёз орқали қўшган. Яъни, 23 ёшли футболчилар қатнашиши лозим бўлган мусобақада ҳар бир жамоа 3 тадан ёши катта ўйинчиларни қўшиб олишга ҳақли бўлган ва мураббий дарвоза чизиғини мустаҳкамлаш мақсадида тажрибали Жўраевни жалб қилган. Тажрибали дейишимга эса, асос бор. Игнатий Нестеров “Пахтакор”дан кетгач, жамоа посбонлиги Тимурга ишониб топширилди ва у пахтакорчилар қатнашган барча мусобақаларда пойтахтликлар дарвозасини ишончли қўриқлади. Лекин Осиё Ўйинларини бевосита кузатган Абрамов Жўраевни нима учун Осиё Кубоги таркибига қўшди – бу энди бошқа мавзу.

Би-би-си: Шотландиядан Нодир эса, "Аброр ака. Агар Россия клубларини назарга олмаганда, нима учун Сервердан бошқа бирор бир футболчимиз Хитой, Жанубий Корея ёки Япония клубларида тўп суришмайди? Уларнинг бу клубларга ўтиш(тўғрироғи сотиб олиниш) имкониятлари қандай? Бу футболчиларимизга хорижий клублар томонидан қизиқиш камлигини кўрсатадими ёки бунинг бошқа сабаблари ҳам борми? Чунки футболчиларингизнинг савияси миллий терма жамоангизнинг ҳам ютуқларини белгилаб беради, шундай эмасми?" деб қизиққан.

Аброр Имомхўжаев: Жанубий Корея ва Япония қитъадаги футболи энг ривожланган мамлакатлар қаторига киради ва у ердаги бақувват клублар ўз сафларига кучли легионерларни (камида Жеппаров даражасидаги) қабул қиладилар. Хитой ҳақида эса, маълумотингиз озроқ бўлса керак, у ерда ўнлаб футболчиларимиз бор. Биргина “Пахтакор”нинг ўзи ҳар йили бу мамлакатга бир неча футболчисини жўнатади. Саволингизнинг 2-қисмига келсак, Қатар-2011 даги муваффақиятимизнинг асосий сабабларидан бири ҳам – футболчиларимиз ҳозир хорижий клубларда ўз савияларини ошираётганлари билан ҳам боғлиқ. Жумладан, ўша миллий терма жамоамиз таркибида қатнашган Санжар Турсунов, Сервер Жеппаров, Жасур Ҳасанов, Вагиз Галиулин, Марат Бикмаев, Максим Шацких, Улуғбек Бақоевлар хорижий чемпионатларда муваффақият билан тўп суришаяпти. Айнан шу ҳам Осиё Кубогида бизларга катта ёрдам берди.

Би-би-си: Қозоғистондан Шоҳруҳ яна "Аброр ака, "Бунёдкор" жуда кенг кўламли ишларни бошлаганди. Аммо кутилмаганда ушбу клуб ишларида орқага кетишни кузатаяпмиз. Яна бу клуб Ўзбекистонда мисли кўрилмаган катта бир лойиҳани бошлаган эди. Бир нечта стадион ва меҳмонхоналардан иборат спорт мажмуаси қурилаётган эди. Аммо, билишимизча, ҳозир бу иш ҳам тўхтаб қолган. Нима деб ўйлайсиз, каттароқ ишни бошлаётганда кучларни чамалаб олиб ҳаракат қилиш керак эмасми? Эшитишимизча, 300 миллион долларлик деб баҳоланаётган стадионни Ўзбекистонда ҳеч қайси бир ташкилот давом эттира олиш қурбига эга эмас экан..."деб сўраяпти.

Аброр Имомхўжаев: Келинг, аниқлик киритиб оламиз. Биринчидан, бир нечта стадион эмас, бир нечта футбол майдонлари (унинг ҳам аксарияти болалар учун) га эга ва битта катта стадионни ўз ичига олган спорт мажмуаси эди. Иккинчидан, унинг харажати 300 миллион доллар эмас, икки баравар кам эди. Учинчидан, ҳозир ҳукуматнинг футболни ривожлантириш борасидаги янги қарори эълон қилинди. Унга кўра, мамлакатимиздаги бир қанча стадионлар тубдан таъмир қилинади ҳамда 4 та янги стадион барпо этилади, улар орасида Сиз кўрсатиб ўтган “Бунёдкор” стадиони ҳам бор. Шу жиҳатдан олиб қараганда, биз деярли шу йилнинг ўзида “Бунёдкор” стадионининг қад кўтарганини кўришимиз мумкин, Худо хоҳласа.

Би-би-си: Ўзбекистондан Мубина эса, “Осиё Кубогини Қатардан бевосита кузатдингизми? Томошабинлар гуруҳида кетганлар кимлар? Уларнинг молиявий харажатларини ким кўтарди?” деб сўраяпти.

Аброр Имомхўжаев: Афсуски, мен ўзим боролганим йўқ Қатарга. Жон дилим билан кузатган бўлардим, лекин бу ерда ўзимнинг қиладиган ишларим бор, йил бошидаги режаларим бор, шунинг учун фақатгина ойнаи жаҳон орқали кузатдим. Лекин Қатарга жуда кўплаб мухлисларимиз боришди. Улардан бир қисмининг молиявий харажатларини Ўзбекистон Футбол Федерацияси кўтарди, яъни 2-3 йилча бўлиб қолди, федерация қошида Ўзбекистон фанатлар гуруҳи тузилган. Яъни, Ўзбекистондаги ҳар битта футбол жамоаси фанатлар ҳаракати, у “Навбаҳор”ники бўлиши мумкин, “Динамо” (Самарқанд)ники бўлиши мумкин, масалан, “Нефтчи”ники, улардан биттадан одам олиб, шуларнинг ҳамма харажатини Ўзбекистон Футбол Федерацияси кўтарди. Қолганлари эса, ишбилармон, тадбиркор оддий футбол мухлислари. Улар ўз ҳисобларидан боришган. Билишимча, 100 тадан ортиқ ўзбекистонлик футбол мухлислари бевосита Қатар стадионларида туриб бу учрашувларни кузатишган.

Би-би-си: Яна кўплаб ўқувчиларимиз Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2014 йилги Жаҳон чемпионатига ҳозирлик кўришни бошлаганми-йўқлиги билан қизиқишган.

Аброр Имомхўжаев: Айни дақиқаларда Ўзбекистон Футбол Федерациясининг конференцияси бўлиб ўтаяпти. Унда федерация президенти Мираброр Усмонов йиллик ҳисобот билан чекланиб қолмай, олдинга мўлжалланган навбатдаги вазифаларни ҳам мутахассислар муҳокамасига қўйяпти. Шунинг учун ҳам Вадим Абрамовнинг миллий терма жамоадаги кейинги фаолиятини сўрашганида, конференция ўтгандан сўнг бу хусусда гаплашамиз дейилганди. Чунки айнан энг юқори, бош орган – конференция навбатдаги вазифаларни белгилаб беради. Мана шундан кейингина, биз қараб туриб, хулоса чиқаришимиз мумкин бўлади. Фақатгина конференция ушбу саволларга жавоб бериши мумкин.

Би-би-си: Аброр ака, Мубина яна, “Ҳакам Равшан Эрматовнинг клиплар ва рекламаларда пайдо бўлаётганига қандай қарайсиз? Унинг ўрнида бўлганингизда, бундай шоу-таклифларга розилик билдирармидингиз?” деб сўраган.

Аброр Имомхўжаев: Энди, бизларда бу соҳа янги. Масалан, ҳеч қачон ҳакам бунчалик машҳур бўлмаган. Равшан Эрматов кетма-кет уч бор “Осиёнинг энг зўр ҳаками” деб топилгандан кейин ўз-ўзидан унга мурожаат қилган томонлар бўлди. Масалан, Ўзбекистон телевидениесида чекишга қарши жудаям яхши реклама ролик кўрсатиляпти: яъни, ишқибозлар ўтириб, чекиб, футбол томоша қилишаётганда, Равшан Эрматов чиқиб, уларга қизил карточка кўрсатади. Масалан, бу – жудаям соғлом реклама. Мен бунақа рекламаларни қўллаб-қувватлайман. Лекин агар бу бирорта бир тижорат билан боғлиқ бўлиб, ниманидир реклама қиладиган бўлса, бу энди унинг шахсий иши. Мен бу нарсани муҳокама қилолмайман.

Би-би-си: Аброр ака, қимматли вақтингизни аямай, биз билан суҳбатга рози бўлганингиз ва ўқувчиларимиз с аволларига берган жавобларингиз учун катта раҳмат.

Аброр Имомхўжаев: Мен ҳам барча тингловчиларга ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман. Ва Ўзбекистон байроғи катта ва кенг майдонларда янада баландроқ кўтарилишига умид қилиб қоламан. Мадҳиямиз янада баландроқ янграсин. Ўзбек футболининг шон-шуҳратларини кўриш ҳаммамизга насиб қилсин.