Лонди палов қандай бўлади ёки қоқ гўштли паловга марҳамат қилинг

Жаҳонда турли-туман халқлар бўлгани каби, уларнинг миллий ўзликларини намоён қилувчи таомларнинг тури ҳам шунга яраша. Кимдир ўзбекнинг паловига ҳеч нарса етмайди деса, бошқасининг наздида француз таомларининг олдига тушадигани йўқ. Яна таоми бўладими, бутунбошли ошхонаси, ноёбу бетакрорлигини даъво қилиб, инсоният тарихида қолишни истаганларини айтинг. Буёғи хўрандаю ошпазлари қолиб, манаман деган давлат раҳбарлари ҳам баҳсу мадорага бош қўшиб турса. Инглиз ошхонасини ерга уриб, боши балога қолган собиқ француз президенти Жак Ширакми ёки миллий таомларини кўз-кўз қилиб, мамлакати обрўйини оширмоқчи бўлган Малайзиями ва ё ҳуммусни ўзиники қилишга уриниб, Гиннеснинг китобини рекордларга бойитган Фаластину Исроил, буёғини қўяверинг. Яна чаёндан пиширган кабобими, халтадаги палови, куракда пишган гўштию, пишмаган шиллиққурти билан ҳушингизни бошингиздан учирган ошхоналарни айтмайсизми...Хуллас, биргина таомнинг ўзи сиёсату иқтисод қолиб, бир қайнови ичидаги гапларни шууунча қайнатгандан кейин, биз ҳам уларнинг ўзига хосликларига тўхталиб ўтмасак ҳеч бўлмайдигандек. Янги "Жаҳон таомлари" рукнимиз худди ана шу мақсадни кўзда тутади. Дунё халқлари ошхонасининг танқис ва ғаройиб таомлари билан танишмоқчи, осмонга кўтариб мақталган ошхоналарнинг сиру синоатларидан бохабар бўлмоқчи бўлсангиз, рукнимизни кузатиб боришни унутманг:

Рукнимизнинг илк таоми дунёнинг деярли барча қитъасида бирдек танавввул этилувчи, аммо ҳамма кўкрагига уриб, “Энг зўри фақат бизда,” деб даъво қилувчи ПАЛОВдир. Айрим маълумотларга қаралса, палов ҳали Искандар Зулқарнайн даврида бақтрияликлар дастурхонининг шоҳона таоми бўлган. Паловнинг отаси эса, тиббиёт илмининг султони Абу Али Ибн Сино, деган даъволар ҳам йўқ эмас. Пишириш услубига қараб, паловнинг турини айтмайсизми! Номи-чи, номи: “Пилаф”, “Пилафи”, “Гамопилафо”, “Челов”, “Катеҳ”, “Дами”, “Пулов”, “Пилав”, “Палов”, “Бирёний”, “Пайелла”..буёғи кетаверади. Яна миллий ўзига хосликларига қараб, масаллиқларининг бир-биридан фарқланиши-чи. Майиз, нўхат, бодом, писта мағзи, қиёмга ботирилган норинж пўчоғи, беҳи, шолғом, лимон суви,..гўшту гуручга ўзига хос таъм ва кўриниш бериб турса. Шундай экан, ҳамма ўзиники билан керилувчи ҳар бир паловнинг ўзига хосликлари нимада? Бу гал афғонлар дастурхонининг яна бир шоҳона палови - Лонди паловга тўхталиб ўтсак:

Лонди палов қандай бўлади ёки қоқ гўштли паловга марҳамат қилинг

Лонди палов кўпроқ Афғонистон ғарбида, қиш мавсумида тайёрланади. Бу таомга ишлатиладиган гўшт қиш мавсумидан уч-тўрт ой аввал, туз сепиб, соя жойда қуритилган бўлади.

Масаллиқлар (6 кишига мўлжалланган):

Гуруч – 75 грамм (майда, думалоқ навлисидан)

Мош – 250 грамм

Қоқ гўшт – учта йирик бўлак

Пиёз – 1 килограмм

Помидор – 2-3 дона

Ўсимлик ёғи – 250 грамм

Туз ва бошқа зираворлар эса, таъбингизга қараб...

Пишириш услуби:

1. Лонди паловга уннашингиздан 5-6 соат аввал қоқ гўштни иссиқ сувда яхшилаб ювиб, қайноқ сувга солиб ивитиб қўйишингиз лозим бўлади. Шундай қилган тақдирингизда, қоқ гўшт мулойим тортади ва тузи ҳам кетади. Қоқ гўшт юмшагач, уни алоҳида қозонга солиб, бироз тўғралган пиёз, помидор ва зираворлар солиб, пишгунча қайнатамиз. Қоқ гўшт пишгач, уни алоҳида лаганга кўтариб оламиз. Шўрвасини эса, бир четга олиб қўямиз. Бу орада бошқа бир чўян қозонга ёғ солиб, қизитамиз. Ёғимиз қизигач, 2-3 дона (ўртача катталикдаги) тўғралган пиёзни қозонга ташлаб, яхшилаб қовурамиз. Пиёзимиз тўқ қизғиш рангга кириши керак. Чунки Лонди паловга рангни қовурилган пиёз беради. (Буни қуйидаги суратда кўришингиз мумкин).

2. Пиёз қиёмига етиб қовурилиб бўлгач, бир неча соат аввал ювиб, ивитилган мошни қозонга солиб, 10 дақиқача қовурамиз. Сўнгра қозонга пиширилган қоқ гўшт бўлакларини ташлаб, яна 5-6 дақиқа давомида қовурамиз. Кейин қоқ гўштимиз қайнаган шўрвадан бир литрча олиб, қозонда қовурилаётган масаллиқларимиз устига соламиз. Аммо бундан аввал албатта шўрванинг тузини тотиб кўрмоқ лозим. Чунки шўрва ҳаддан зиёд шўр бўлса, қозонга фақат ярим литрчасини солиб, қолганига қайнаб турган сув соласиз. Ва мошни яхшилаб қайнатасиз. Мош сал ёрилай деганда( яъни, пишар-пишмас), бироз аввал ивитиб қўйилган гуручни қозонга соласиз. Қозондаги сув тортилгач, оловни пасайтирасиз. Лонди паловни дамлашдан аввал гўштнинг қозоннинг остида ва мошу гуручнинг эса, устида қолишига алоҳида эътибор беринг. Ҳаммаси кўнгилдагидек эканига ишонч ҳосил қилгач, қозонимизнинг қопқоғини зич қилиб беркитиб, паловимизни дамга қўямиз. 20-25 дақиқада Лонди паловимиз тайёр бўлади.

3. Афғонистонда Лонди паловни норинж(лимоннинг бир тури) ёки шўрланган сабзавотлар қўшиб, истеъмол қилинади. Агар таъбингиз тортса, қуритилган ва майдаланган норинж пўчоғини оз миқдорда ( ярим ошқошиқча) Лонди паловга ҳам қўшиб юборишингиз мумкин. Ёқимли иштаҳа. (Ҳумоюн Ҳадид, Ҳирот)

Агар сизда палов пиширишнинг ўзига хос йўллари бўлса, уларни биз билан ўртоқлашинг. Биз уларни "Жаҳон таомлари" рукнимиз остида чоп этиб, бошқалар билан ҳам баҳам кўрамиз.

Бундан ташқари, Сиз паловнинг асли кимники, деб ўйлайсиз? Рецептларимиз билан танишиб бориш жараёнида бизга бу борадаги фикру мулоҳазаларингизни ёзиб юборишни унутманг:

Мактубингизни bbcuzbek.com га йўлланг.

Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ё-да саҳифанинг остидаги махсус форма орқали фикрларингизни билдиришингиз мумкин.

Биз сизнинг мактубингизни кутиб қоламиз!