'Олдингизга осмонўпар мақсадлар қўйинг ва “ҳар қандай чўққи”ни забт этасиз'

Рукнимизнинг бу галги меҳмони бор-йўғи 31 ёшида Африканинг томи саналмиш Килиманжаро чўққисини забт этган ўзбекистонлик Ҳилола Шукурова.

Африканинг Танзаниясида, денгиз сатҳидан 5.895 метр баландликда жойлашган Килиманжаро дунёнинг энг баланд тоғларидан бири саналади.

Эверест, Эльбрус тоғлари каби жаҳонда уни забт эта олмай, армонда юрганларнинг сони озмунча бўлмаган Килиманжаро Африканинг томи, деб ҳам аталади.

Ҳилола яқинда ана шу қўл етмас тоғнинг энг юксак Ухуру чўққисини забт этиб, унга яна бир бор Ўзбекистон байроғини тикишнинг уддасидан чиқишга муваффақ бўлди.

У ҳозир Данияда, халқаро фармацевтика ширкатида фаолият олиб боради.

Ҳилола Шукурова ўқувчиларимиз саволларига жавоблари билан:

Суҳбатимизнинг аудио матнини қуйида тинглашингиз мумкин:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си: Ҳилола бу каби оламшумул ютуғингиз муштарийларимиз орасида яхшигина қизиқишга сабаб бўлмай қолмади. Илк саволимиз Лондондан, Иродадан. Ирода, “Дунёда Килиманжародан ҳам бошқа баланд тоғлар кўп. Нега айнан Килиманжарога чиқиш сизда ҳавас уйғотган,” деб қизиққан

Ҳилола Шукурова: Ҳурматли Ирода. Юборган саволингиз учун раҳмат. Сўзсиз ҳақсиз. Дунёда инсонлар забт этишини кутиб ётган тоғлар озмунча эмас. Нима учун айнан Килиманжаро, деган саволингизга келсак, чунки болалигимдан айнан шу тоғ чўққисига чиқишни ҳавас қилганман. Иккинчидан, яшириб ўтирмайман, Килиманжаро дунёдаги якка жойлашган энг юқори тоғ бўлгани учун уни забт этиш кишига ёқимли ҳис беради. Бошқа бир омил эса, ушбу чўққини бирор бир альпинистик тайёргарликсиз забт эта олишингиз мумкинлигида бўлса керак.

Би-би-си: Ўзбекистондаги ҳамма ҳам Килиманжарони билавермайди, тўғрими? Сиз Африкада шундай тоғ борлигини кимдан эшитгансиз?

Ҳилола Шукурова: Мен китоб ўқишни жудаям ёқтираман. Шунчаки болалигимда саргузашт жанридаги, яна турли хил саёҳатлар ва наботот оламига оид кўп китоб ўқиганман. Эсимда, ўша пайтлар "Қитъалар ва мамлакатлар бўйлаб," деган китоб бўларди. Агар адашмасам, айнан ўша китобда илк бор Африка қитъасининг энг юқори нуқтаси бўлган Килиманжаро тоғи ҳақида ўқиганман.

Би-би-си: Ҳилола, фақат ростини айтинг, Килиманжарога чиқиш қийин бўлмадими? Йиғлаган, афсус чеккан пайтларингиз ҳам бўлдими?

Ҳилола Шукурова: Саволингизга дангал жавоб берадиган бўлсам, жуда қийин ва ҳатто, ўта оғир бўлди. Ортга қайтиш, Килиманжаронинг абадий музликларидан имкон қадар узоқда, шинамгина меҳмонхонада бўлиб қолсам қанийди, деган онларим ҳам бўлди. Муздек совуқ ҳавода енгилгина чодирда ётишни айтинг. Тропик ёмғирлар, изғирин шамол ва қорлар остида ҳар куни 7-9 соат тик ёқалаб юқорига чирмашиб чиқишнинг ўзи бўладими! Аммо Килиманжарога чиқишнинг маъниси ҳам ана шунда эмасми! Мулоҳаза қилиш, ўзингизни янада чуқурроқ англаш ва ақлий имкониятларингизни баҳолаш учун вақтингиз бўлади. Килиманжарони забт этишингизда, сўзсиз, жисмоний тайёргарлик ниҳоятда муҳим. Аммо муваффақиятингизнинг 75 фоизи ички руҳий ҳолатингизга боғлиқ. Агар Килиманжарога чиқишингизга руҳан ишонсангиз, албатта мақсадингизга етасиз.

Би-би-си: Мана, сиз Килиманжарога чиқишга, уни ўз кўзингиз билан кўришга муваффақ бўлибсиз. Сиз китобларда ўқиган ва ўзингиз кўзингиз билан кўрган Килиманжаро қанчалик бир-биридан фарқ қилади? Килиманжаро сиз тасаввур қилгандек бўлиб чиқдими?

Ҳилола Шукурова: Ўша бир неча кун кўрган-кечирганларим кутганимдан ҳам зиёда бўлиб чиқди. Биз тўхтаган Моши шаҳри ниҳоятда кўкаламзор, дарахтларга бой, серёмғир бир шаҳар экан. Яъни қақраган саҳро эмас. Танзанияликлар ниҳоятда меҳмондўст одамлар экан. Мен ўзимни худди уйдагидек ҳис қилдим. Ҳаттоки, йўл кўрсатувчиларимизнинг исмларини эслаб қолиш учун ортиқча заҳмат чекишингизга ҳам тўғри келмайди. Худди ўзимизнинг исмларга ўхшайди – Юсуф, Ҳасан, Рашид....Килиманжарога келсак, унинг бутун ҳайбати ва гўзаллигини, ҳатто, қойилмақом қилиб олинган фотосурат ҳам ўзида акс эттира олмайди. Бир сўз билан айтадиган бўлсам, албатта, Килиманжарони ҳаётда кўришга нима етсин. Айтишади-ку, “Минг марта эшитган ёки ўқигандан кўра, бир марта кўрган яхши,” деб!

Би-би-си: Тошкентдан Абдуманноп эса, “Инсоннинг ҳаётида биринчи ўринда пул турадими ёки мақсад, Килиманжарони забт этишингизда сизни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашлар бўлдими? Бўлса, кимлар сизни қўллаб-қувватлади,” деб сўраган.

Ҳилола Шукурова: Абдуманноп, саволингиз учун сизга ташаккур. Пул ҳеч қачон менинг мақсадим бўлмаган. У фақат мақсадга етиш йўлида "восита" вазифасини бажаради, холос. Ишонинг, агар сизда мақсад, ҳа, ҳа, шунчаки бир инжиқлик эмас, айнан мақсад бўладиган бўлса, эртами-кечми уни амалга ошириш учун маблағ топа оласиз. Бунинг учун фақат қатъият ва хоҳиш лозим. Мен саёҳатимни ўзим молиялаганман. Лекин бу бирданига бўлмаган. Шуни ёдда тутингки, бунинг учун ирода ва истак керак!

Би-би-си: Ҳилола, мана, сиз Килиманжаро баҳона Африкада, жумладан, Танзанияда бўлдингиз. Маҳаллий аҳоли сиз Африкани билган даражада Ўзбекистонни билишармикан? Билишса, нималарини билишаркан?

Ҳилола Шукурова: Сўзларимга ишонинг, агар мен учратган танзанияликлар учрашувимизгача Ўзбекистонни яхши билмаган бўлишса, мен уларнинг она Ватанимиз, ажойиб тоғларимиз, табиатимиз ва тарихий меросимиз ҳақида янада кўпроқ маълумот олишлари учун қўлимдан келганча ҳаракат қилдим.

Би-би-си: Англиядан Бунёд эса, “Ҳилолахон, энг аввало ўз шахсий ҳаётингизда эришган шунча ютуқларингиз билан табриклайман. Яна Россия ва Данияда манаман деган ўқув юртларини тугатибсиз, мана, Данияда ишларкансиз. Агар малол келмаса айтсангиз, буларнинг барчасига қандай қилиб эришгансиз – билимингиз орқасиданми ёки яқинларингизнинг пули, таниш-билишлари орқасиданми? Жавоб учун раҳмат,”деб қолибди.

Ҳилола Шукурова: Сизга бир матални айтиб берсам. Бу матални биринчи курслигимизда, биринчи дарснинг ўзида Иқтисодиёт назарияси фани муаллими ҳикоя қилиб берган. Шундай қилиб, бир қайиқ ҳалокатга учрабди. Қайиқда бўлган ҳамма нарса чўкиб кетибди, аммо одамлари омон қолишибди. Улар бир амаллаб қирғоққа чиқиб олишибди. Шундан сўнг ҳалокат пайти ҳамма моллари сувга ғарқ бўлган савдогарлардан бири ўз ҳаётини қарғаб, лаънатлай бошлабди. Бор-будидан айрилгани, буёғига қандай кун кўришни билмай боши қотганидан зорланибди. Шунда савдогарнинг кўзи сал нарида жимгина ўтирган чолга тушибди. Ҳайрон бўлиб, чолдан, " Сиз ҳам бор бисотингиздан айрилдингиз-ку, нега пинагингизни бузмай ўтирибсиз?" деб сўрабди. Шунда чол менинг ҳамма бойлигим бошимда, деб жавоб берибди. Шу матал менга жуда ёқиб қолган. Чунки у менинг ҳаётга бўлган муносабатимни тўлиғича акс эттиради. Золушка ҳақидаги эртак қандай сўзлар билан якунланиши эсингиздами: муносабатлар ўз йўлига, аммо ҳеч қандай ришталар юракни олийжаноб, оёқни эса, жимитдек қилолмайди. Саволингизга жавоб бера олдим, деб умид қиламан.

Би-би-си: Шотландиядан Саид, “Ҳилола, бор-йўғи 31 ёшда шунча билим ва тажриба орттирибсиз. Яшанг. Аммо шунча билим ва тажрибангиз Ўзбекистонда асқотишига, керак бўлишига ишонасизми? Иккинчи саволим эса, ўзингизни ҳаётда ҳамма кўзлаган мақсадларига эришган инсон деб ҳисоблайсизми ёки яна қандайдир ҳам мақсадларингиз борми,” деб сўраган

Ҳилола: Менимча, ҳа. Кўп нарса ўзимизга, истагимизга боғлиқ. Агар нимагадир эришишга чин дилдан ҳаракат қилсангиз, бунга муваффақ бўласиз. Биринчи муваффақиятсизлигингизнинг ўзиданоқ ҳафсалангиз пир бўлиб, ортга қайтсангиз, натижа ҳам шунга яраша бўлади. Ўзбекистон ҳали ёш давлат бўлгани учун, сўзсиз, унга билимли ва замонавий фикрловчи кадрлар керак. Иккинчи саволингизга келсак, инсоннинг орзуси, ҳаётдан мақсади бор экан, у яшашга интилади. Ҳамма нарсага эришган инсон учун эса ҳаётнинг маъниси қолмайди. Менинг ҳали олдинда режаларим жуда ҳам кўп. Ишонинг, кундалик ҳаётингизда ҳам забт этишингиз лозим бўлган "чўққилар" тиқилиб ётибди. Фақат олдинга интилиб яшанг.

Би-би-си: Ўзбекистондан Дилшод эса, “Ҳилола, менимча, ҳар қандай одам ҳаётда бир шиор билан яшайди, шундай экан, сизнинг ҳаётий шиорингиз нима? Иккинчи саволим эса, инсонлардаги қандай хислатларни ҳурмат қиласиз? Кейин яна идеалингиздаги инсон ким,” деб ҳам қизиққан.

Ҳилола Шукурова: Менинг ҳаётий шиорим мана бундай жаранглайди:

-Мақсадингиз кўкдаги Қуёш бўлсин. Унга қўлингиз етмаса ҳам, олдингизга бирор бир мақсад қўймаганингиздан кўра юксакроққа кўтариласиз. Иккинчи саволингизга келсак, тинимсиз ўз устида ишлайдиган, доимо изланишда бўлган, ўз билимини оширишга ҳаракат қилган инсонларни чин дилдан ҳурмат қиламан. Кейин яна олийжаноб ва самимий одамлар ёқади. Ҳаётдаги идеалларим эса, ота-онам. Бутун ҳаётим давомида улар менга мактаб вазифасини ўташди ва айнан шу оилада дунёга келганим учун Худога шукр, дейман. Олийжаноблик, ҳалоллик, ҳурмат, муҳаббат ва инсоний илиқликни мен қандайдир китоблардан эмас, айнан улардан ўргандим. Агар қилган қандайдир ишим учун кимдир менга, "Сени тарбия қилган ота-онангга раҳмат," дейдиган бўлса, менга бундан ортиқ айтилган илиқ сўз бўлмайди.

Би-би-си: Америкадан “Бебош йигитча” эса, “Оила қуришда бўлажак турмуш ўртоғингизнинг миллати ва дини сиз учун қанчалик аҳамиятли? Агар хорижлик бир йигит сизга турмушга чиқишни таклиф этса, унга турмушга чиққан бўлармидингиз ёки ўзбек йигитларининг олдига тушадигани йўқми? Сиз бўлажак турмуш ўртоғингизни танлашда кўпроқ нимасига эътибор берган бўлардингиз,” деб сўраган

Ҳилола Шукурова: Мен учун энг муҳими бу - умуминсоний қадриятлар, ҳаётий ақл-идрок ва маданиятдир. Дейлик, Оврўпода кишиларнинг паспортларида биздагидек қилиб қайси давлат фуқароси эканликлари кўрсатилмайди. Дейлик, сиз Дания фуқароси бўлсангиз, бўлди, данияликсиз, терингизнинг ранги, кўзингизнинг бичими ёки қаердан келганингиз ҳеч кимни қизиқтирмайди. Худди Америкадаги ўзбеклар америкаликка айланганликлари каби. Лекин айрим ҳолларда анъана, тарбия ва маданият масаласи инсонлар орасида енгиб ўтиб бўлмайдиган тўсиқларни ҳам пайдо қилади. Шунинг учун ҳам мен ўз маданиятимдан бўлган инсонга мойилроқман. Эркак кишида олийжаноблик, ақллилик ва ғалабага бўлган интилишни қадрлайман.

Би-би-си: Швециядан Муслима эса, “Ҳилола, сиз жуда ҳам замонавий қизга ўхшайсиз, шунча давлатда бўлибсиз, ўқибсиз, дунё кўрибсиз, хотин-қизлар ва ҳижоб масаласида шахсий фикрингизни билмоқчи эдим,” деб илтимос қилган

Ҳилола Шукурова: Саволингиз учун раҳмат. Мен динга нозик масала сифатида қарайман. Менимча, ҳар бир инсон диний эътиқод эркинлигига ҳақли бўлиши керак. Демоқчиманки, ҳар бир инсонда танлов имконияти бўлиши лозим. Лекин шу билан бир вақтнинг ўзида мен динни сиёсийлаштиришни кўзда тутмайдиган дунёвий давлатчилик тарафдориман.

Би-би-си: Буюк Британиядан Абдулхайр энг сўнггида, “Ҳилола, Ўзбекистонда сизнинг ютуғингизга муносабат қандай бўлди, бирор бир эътибор топдими? Қандайдир мукофот дегандек,” деб қизиқаяпти

Ҳилола Шукурова: Саволингиз учун раҳмат. Мен Килиманжарони забт этганимдан сўнг кўплаб ватандошларим, дунёнинг турли бурчакларидаги дўстларимдан анчагина табрик мактублари олдим. Чунки интернет бизга чексиз мулоқот имкониятини беради. Инсонлар менинг, барчамизнинг ютуғимиз учун чин дилдан мамнун бўлишди. Қаранг, мана, ҳозир сиз билан мулоқотда бўлиш, саволингизга жавоб бериш имкониятига эгаман. Ва Килиманжарога чиқишим шундай катта қизиқиш уйғотганидан хурсандман. Мен учун бундан ортиқроқ мукофот бўлиши мумкин эмас.

Би-би-си: Энг сўнггида муштарийларимизга тилакларингиз бўлса, марҳамат:

Ҳилола Шукурова: Эзгу сўзларингиз ва илиқ тилакларингиз учун сизларга ўз миннатдорчилигимни изҳор этиб қоламан. Ҳаётда ҳамиша сизларга омад ёр бўлсин. Орзу қилишдан ҳеч ҳам тўхтаманг. Ўз олдингизга осмонўпар мақсадлар қўйинг ва “ҳар қандай чўққи”ни забт этасиз.