Шуҳрат Бобожон: 'Мен икки қўлим ва миямдаги тассавурим билан хоҳлаган еримда ижод қилавераман'

Image caption Рассом Шуҳрат Бобожон ижодидан намуналар

(Шуҳрат Бобожон - ўзбекистонлик таниқли рассом ва журналист. Ҳозир Прагада яшаб, фаолият олиб боради. )

Би-би-си: Муҳожиратда ижодкор бўлишнинг ўзига хосликлари нимада? Гашти, машаққати назарда тутилганда....

Image caption Шуҳрат Бобожон: 'Мен икки қўлим ва миямдаги тассавурим билан хоҳлаган еримда ижод қилавераман'

Шуҳрат Бобожон: Ижодкор ва гашт деган гапни қўйиб, рассомлик ҳақида гапирсам.

Рассомлик санъати таржима талаб қилмайди¸ шу боис хорижда¸ хусусан Оврўпода бошқа ердан келган рассомларга ҳам катта ҳурмат ва эҳтиром билан қарашади. Масалан, ўз тилида ëстиқдай китоб ëзган бир мўғул ë ўзбек ëзувчисининг Оврўподаги аҳволини тасаввур қилинг...

Мен таълим олган Рус совет рангтасвир мактаби аслида италян, ҳолланд ва француз илдизларига эга. Мен учун азиз бўлган рассомлар Брейгел¸ Ван Гог¸ Пикассо¸ Дали ва Магрет ҳамда Ҳундертвассер Оврўпода ошиғич қадрланади. Шу маънода бир рассом сифатида мен ўзимни Амстердам ëки Берлинда мутлақ ëт сезмайман. Балиқ сув ичида ëтлик сезмагани каби. Мен етишган СССР ҳудудларида рассомларга ароқхўр ва бекорчи сифатида қараларди. "Художник из слова худа," дейишар эди. Расм мутлақ қадрланмасди. Бир тожик хоними менга, "Эй расом, сен манави одамнинг расмини чизиб, ҳадя қил," деганида, ич-ичимдан ҳақоратланганман. Оригинал расм ўта қиммат люкс матоҳ эканлигини Марказий Осиë халқлари ҳануз билмайдилар. Тошкентда мой бўëқ билан расмдан кўра, пластмассадан бўлган палма дарахти кўпроқ қадрланади. Милиция ёки МХХ ходими ҳурмату иззатда. Оврўпода одамлар рассомга ҳурмат билан қарашади. Бу одам тиш ҳакими ëки адвокат, ë бўлмаса банкирлик касбини эмас, рассомликни ўрганибди, деб.

1994 йил мен Берлинда мой бўëқлар билан кўчани ўзида турволиб, кўча манзарасини матога чизганман. Атрофдаги одамлар менга очиқча ҳурмат билдиришган. Сенинг қиëфангдаги одам бу ерда олма, узум сотади, кабоб елпийди, сен бўлсанг худди француз импрессионистлари каби сурат чизаркансан, деб. Бу ҳурматга нойил бўлиш мен учун шарафли эди. Одамлар ҳурматини тортиш учун кишилар "Майбаҳ", "Бентли" автомобилларида ва қиммат кийимларда юришади, уларнинг қўлларида қиммат соатлар бор. Аммо одамлар бу атрибутлардан холи бир жулдурвоқи рассомни эъзозлашади ва уларнинг муносабати мутлақ самимий.

Хуллас, бир рассом сифатида Ғарб менинг уйимдир. "Рассомлар қишлоқда туғилиб, Парижда ўладилар," деган гап бор.

Би-би-си: Муҳожиратдаги ижодингизни сермаҳсул деб айта оласизми? Ўзбекистондаги потенциалингиз даражасида ижод қила олаяпсизми?

Шуҳрат Бобожон: Хориждаги ижодимнинг турли даврлари бор. Масалан, мен илк бора Reclam нашриëти таклифи билан 1988 йилда Берлинга келган эдим. Бу ташриф доирасида 16та расм чизиб, бир китоб нашр қилдик. Бундан ташқари, мен таниқли немис рассоми Антие Фогел ва керамика устаси Вилфрида Маас билан бирга ишлаб, санъатнинг янги қирраларини ўзим учун кашф қилдим. Улар қозонида қоврилдим.

Кейин княгиня Донҳофф стипендияси кўмагида 1993 йилдан 1996 йилгача Олмонияда ўндан ошиқ кўргазма қилдим. Жуда кўп асарлар ўша йиллари Берлинда яратилган. Бу йиллар анча сермаҳсул бўлди.

2001 йилда сиëсий қочқин ўлароқ Берлинга келдим. Бўш вақт кўп эди, шу боис аввалига ижод ҳам интенсив бўлди. 2002 йилда Берлиндаги Хауз де култур масканида "Нон" деган асарни намойиш қилдим. 2002 йил бошида Луиза санъат уйида Самарқанд лойиҳасини қилдим. 2003 йили Веймар шаҳрида "Правда Востока" деган инсталация қилдим. 2004 йил Прагадаги кўргазмада "Правда Востока" инсаталациясини яна бир вариантини қўйдим. Ана шундан кейин узоқ танаффус бошланди. Мен бир журналист сифатида Абдулла Искандар тахаллуси билан "Озодлик" радиосида мунтазам ишлай бошладим. Энг охирги бўлиб мартда, 2010 йилда Брюсселда "Андижон ëмғири" деган қум композициясини қилдим. Берлиндаги бир ўзбекистонлик бастакор мусиқа ëзди бу композиция учун.

Кейинги беш, олти йил расм чизмадим ҳисоб.

Би-би-си: Муҳожират ижодкор сифатида сизга қандай имкониятлар берди ва сизни яна қандай имкониятлардан маҳрум этди?

Image caption Қорақумдаги кўргазма акс этган сурат

Шуҳрат Бобожон: Рассом учун муҳожират йўқ. Имконият рассомнинг ичида. Бу имконият у билан доимо бирга. Рассом чегарани тан олмайдиган маҳлуқ. Мен 2000 йилда Қорақум саҳроларида икки давлат Ўзбекистон ва Туркманистон чегарасида кўргазма қилганман. Бу кўргазма ғояси рассом чегара билмайди, деган ғоя эди.

1988 йили мен Урганчдаги рассом дўстим Даврон Йўлдошев билан биргаликда Тошкентдаги "Илҳом" театрида кўргазма қилдик. Кўргазма муҳокамасига қатнашган таниқли мунаққид Римма Варшамовна Еремян бир гап айтувди. "Бу рассомлар минора тагида яшашади. Шу боис улар минорани кўрмайди." Римма Еремян фикрини ривожлантирсак, минорани кўриш учун ундан узоқлашмоқ лозим. Мен минорадан узоқлашдим, дўстим эса минора тагида қолди. Мен бу икки ҳолатнинг катта бир фарқи йўқ, деб ўйламайман. Фил суягидан қилинган минора бу - тоза санъат ҳақидаги эски метафора. Тўғрисини айтсам, мен бу метафорага қўшилмайман. Мен бир эстет бўлиб, эл ташвишидан олисда, фил суягидан бўлган минора ичида гўзал расмлар чизиииб ўтиролмайман. Мен учун эл ва миллат ташвиши эстетикадан муҳим. Бошқа тарафдан муҳожирлик серхаражат нарса. Ғарбда яшаш қиммат. Бу қиммат ҳаëтни кечириш учун итдай ишлаш керак. Масалан, биз совет пайтида битта расмни минг сўмга сотиб, олти ой осмонга қараб ëтишимиз мумкин эди. Ҳозир мен бир расмни 5 минг долларга сотсам¸ бу пул билан узоққа бора олмайман. Бу гап ҳам аслида муҳожират билан боғлиқ эмас¸ замон ўзгарди¸ атрофдаги истеъмолчи моддачиларга уйиб яшайман десанг, расм қаламини токчага қўйиб, бошқа иш қилиш керак.

Би-би-си: Агар муҳожиротдаги ҳаётингиздан келиб чиқиб айтсак, ижодкорлик Ватан танлайдими ё ижодкор учун қаерда ижод қилишнинг фарқи йўқми?

Image caption Рассом Шуҳрат Бобожон ижодидан намуналар

Шуҳрат Бобожон: Фарқи йўқ. Мен ўқиган мактаб Рус совет мактаби эди. Айтганимдек, бу мактабнинг тагини кўрсангиз, ажриқ каби бутун Оврўпо санъат оламига илдиз отганини кўрасиз. Бошқа тарафдан мен форс¸кашмир ва турк минатюраларига қизиқдим. Мен йўқолиб кетган Совет Иттифоқининг йўқолиб кетган Рассомлар уюшмасининг собиқ аъзосиман. Ижодкорнинг ўрни қаерда - гавжум шаҳардами¸овлоқ қишлоқдами¸тоғ устидами¸ қудуқ тубидами. Бу саволни мен 2001 йилда Тошкентда Есенин музейида кўргазма қилганимда берганман ва фарқи йўқ, деган хулосага келганман. Энг муҳими - Рассом фаол бўлсин.

1989 йилда мен Урганчдаги ўз устахонамни "Бирлик" ҳаракати фаолларига бўшатиб бердим. Гўзал санъат¸инжа ва ҳарир ранглар¸пластика ва форма ҳақидаги интелектуал гурунг ўрнига устахонада миллат тақдири ҳақидаги рандаланмаган гаплар янгради...

Ўзни ифода қилиш учун устахона керак эмаслигини ўшанда тушунганман. Ўзбекистондан ташқарига чиқадиган рассом ўзи билан фақат бешта расм олиб чиқиш ҳуқуқига эга. Мен икки қўлим ва миямдаги тассавурим билан божхоналардан бемалол ўтиб, ҳоҳлаган еримда ижод қилавераман. Рассомликнинг таржимонга эҳтиëжи йўқ. Кўзи бор одамлар томоша қилаверади. Оврўполик санъатсеварнинг бу расмларни кўриш баробаридаги мушоҳада системасини биламан. Мен бу мушоҳада тилини биламан ва мен чизган сувратлар уларнинг идроклари остига хитобдир.