Энди ёнғоқ ва майизли қийма солиб пиширилган товуққа марҳамат қилинг

Жаҳонда турли-туман халқлар бўлгани каби, уларнинг миллий ўзликларини намоён қилувчи таомларнинг тури ҳам шунга яраша. Кимдир ўзбекнинг паловига ҳеч нарса етмайди деса, бошқасининг наздида француз таомларининг олдига тушадигани йўқ. Яна таоми бўладими, бутунбошли ошхонаси, ноёбу бетакрорлигини даъво қилиб, инсоният тарихида қолишни истаганларини айтинг. Буёғи хўрандаю ошпазлари қолиб, манаман деган давлат раҳбарлари ҳам баҳсу мадорага бош қўшиб турса. Инглиз ошхонасини ерга уриб, боши балога қолган собиқ француз президенти Жак Ширакми ёки миллий таомларини кўз-кўз қилиб, мамлакати обрўйини оширмоқчи бўлган Малайзиями ва ё ҳуммусни ўзиники қилишга уриниб, Гиннеснинг китобини рекордларга бойитган Фаластину Исроил, буёғини қўяверинг. Яна чаёндан пиширган кабобими, халтадаги палови, куракда пишган гўштию, пишмаган шиллиққурти билан ҳушингизни бошингиздан учирган ошхоналарни айтмайсизми...Хуллас, биргина таомнинг ўзи сиёсату иқтисод қолиб, бир қайнови ичидаги гапларни шууунча қайнатгандан кейин, биз ҳам уларнинг ўзига хосликларига тўхталиб ўтмасак ҳеч бўлмайдигандек. Янги "Жаҳон таомлари" рукнимиз худди ана шу мақсадни кўзда тутади. Дунё халқлари ошхонасининг танқис ва ғаройиб таомлари билан танишмоқчи, осмонга кўтариб мақталган ошхоналарнинг сиру синоатларидан бохабар бўлмоқчи бўлсангиз, рукнимизни кузатиб боришни унутманг:

Рукнимизнинг илк таоми дунёнинг деярли барча қитъасида бирдек танавввул этилувчи, аммо ҳамма кўкрагига уриб, “Энг зўри фақат бизда,” деб даъво қилувчи ПАЛОВдир. Айрим маълумотларга қаралса, палов ҳали Искандар Зулқарнайн даврида бақтрияликлар дастурхонининг шоҳона таоми бўлган. Паловнинг отаси эса, тиббиёт илмининг султони Абу Али Ибн Сино, деган даъволар ҳам йўқ эмас. Пишириш услубига қараб, паловнинг турини айтмайсизми! Номи-чи, номи: “Пилаф”, “Пилафи”, “Гамопилафо”, “Челов”, “Катеҳ”, “Дами”, “Пулов”, “Пилав”, “Палов”, “Бирёний”, “Пайелла”..буёғи кетаверади. Яна миллий ўзига хосликларига қараб, масаллиқларининг бир-биридан фарқланиши-чи. Майиз, нўхат, бодом, писта мағзи, қиёмга ботирилган норинж пўчоғи, беҳи, шолғом, лимон суви,..гўшту гуручга ўзига хос таъм ва кўриниш бериб турса. Шундай экан, ҳамма ўзиники билан керилувчи ҳар бир паловнинг ўзига хосликлари нимада? Бу гал сизга ваъда қилганим озарбайжонча ёнғоқ ва майизли қийма солиб пиширилган товуққа тўхталиб ўтсак:

Ёнғоқ ва майизли қийма солиб пиширилган товуқ

Лозим бўлган масаллиқлар (4 кишига мўлжалланган)

Ўртача катталикдаги товуқ - бир дона

200 грамм суюқ қаймоқ ёки майоннез

50-75 грамм помидор соуси

Зираворлар: туз, ҳавончада янчилган қора мурч, янчилмаган зира

Қиймаси учун

Ярим стакандан сал кўпроқ майдаланган ёнғоқ бўлаклари

Ярим стакан қора майиз (кишмиш)

Ярим стакан нордон анор доналари

3-4 ошқошиқ эритилган сариёғ

Ўртача катталикдаги яримта бош пиёз

Ўраб пишириш учун

Энига имкон қадар энлироқ бўлган зарқоғоз (фольга) керак бўлади

Пишириш услуби:

1. Ўртача катталикдаги товуғимизни эҳтиёткорлик билан оқиб турган сувнинг остида ювиб, ошхона сальфеткаси билан қуритиб оламиз. Тахтачанинг устига қўйиб, ўткир пичоқ ёрдамида товуғимизнинг тўш қисмини суякка етказмай, бир неча еридан тилимлаб оламиз. Кейин таъбга қараб, туз, мурч ва зирамизни товуқнинг ҳамма ерига айлантириб, ишқаб чиқамиз ва алоҳида идишга солиб, бир четга олиб қўямиз.

2. Кейин қиймага ўтамиз. Кичикроқ товага уч ошқошиқ эритилган сариёғни соламиз. Ва товага майда кубик шаклида тўғралган пиёзимизни солиб, олтинранг тус олгунча пастроқ оловда қовуриб оламиз. Каттароқ косага майдаланган ёнғоқ бўлаклари, қора майиз, нордон анор доналари, қовурилган пиёзимизни ёғи билан бирга солиб, озроқ туз ва ўзимиз ёқтирган зираворларни қўшиб, аралаштирамиз.

3. Шундан сўнг ўртача ҳажмдаги ошқошиқ ёрдамида товуғимизнинг "қоринча"сини ана шу қиймамиз билан тўлдирамиз. Кейин қиймамиз чиқиб кетмаслиги учун товуқнинг оёқларини тўшининг остига олиб, маҳкам қилиб боғлаймиз. Қанотчаларини ҳам орқага қайириб қўямиз.

4. Духовкамиз мурватини 200 градусга келтириб, 10 дақиқага қизитишга қўямиз. Орада духовкамиз листига ҳар тўрт тарафидан 20 сантиметрча қолдириб, зарқоғоз тўшаймиз. Товуғимизни эҳтиётлик билан листнинг ўртасига қўямиз. Битта коса олиб, 200 грамм суюқ қаймоқ (ёки майоннез) ва 75 граммча помидор соусини қошиқ билан яхшилаб, аралаштириб, товуқнинг устидан қуямиз. Ва зарқоғозимизнинг ҳамма четини буклаб, товуғимизни яхшилаб ўраймиз.

5. Кейин товуқни шу туришича духовкага солиб, 200 градус оловда 1 соат қолдирамиз. Бир соатдан сўнг листни ташқарига олиб, зарқоғозни эҳтиёт бўлиб очамиз. Пайдо бўлган соус ташқарига чиқиб кетмайдиган қилиб, зарқоғозимизнинг четларини ортга қайириб қўйиб, товуғимиз яхшилаб қизариши учун яна 20 дақиқага духовкага қайтариб соламиз.20 дақиқадан кейин қарабсизки, қип-қизариб пишган товуғимиз ҳам тайёр!

6. Тайёр товуқни алоҳида идишга солиб, устидан листда ҳосил бўлган соусдан қуясиз ва алоҳида пиширилган озарча палов билан бирга дастурхонга тортасиз. Ёқимли иштаҳа!

Агар сизда палов пиширишнинг ўзига хос йўллари бўлса, уларни биз билан ўртоқлашинг. Биз уларни "Жаҳон таомлари" рукнимиз остида чоп этиб, бошқалар билан ҳам баҳам кўрамиз.

Бундан ташқари, Сиз паловнинг асли кимники, деб ўйлайсиз? Рецептларимиз билан танишиб бориш жараёнида бизга бу борадаги фикру мулоҳазаларингизни ёзиб юборишни унутманг:

Мактубингизни bbcuzbek.com га йўлланг.

Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ё-да саҳифанинг остидаги махсус форма орқали фикрларингизни билдиришингиз мумкин.

Биз сизнинг мактубингизни кутиб қоламиз!